"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“Аfrosiyob” келар Хивага

Ўқилди: 175

Президентимизнинг шу йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишуви тафсилотлари ҳақида маълумот берувчи кўрсатувларни телеведение орқали томоша қиларканмиз мамлакатимиз тараққиёти янгиликлари ва муҳим тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлдик.

Юртимиз ижтимоий ҳаётидаги ана шундай улкан воқеалардан бири – Хива шаҳрида темир йўл вокзалининг очилишидир.
Халқимизнинг севимли шоирлари, ёзувчилари, санъаткорлар, меҳнат фахрийлари, жамоат ва давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда чет эллик сайёҳлар Тошкент – Хива йўналиши бўйича йўлга қўйилган поезднинг илк йўловчилари бўлишди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид бошчилигида бугунги кунда фаол ижод қилаётган устоз адиблар, шоирлар, ёзувчилар, публицистлар, уюшма муассислигидаги газета-журналлар бош муҳаррирларидан ташкил топган йигирма нафардан ортиқ ижодкор Тошкентдан Хивага отланган йўловчилар сафига қўшилишди.

Тошкент Жанубий вокзалининг VIP залида йиғилган ижод аҳли қалбларида ҳаяжон, юзларида табассум билан ушбу тарихий воқеа ҳақидаги дил сўзларини бир-бирларига изҳор этишарди:

– Давлатимиз раҳбари ўтган йили январь ойида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Урганчдан Хивагача темир йўл қуриш, Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, шунингдек, янги темир йўлда электропоездлар ҳамда “Аfrosiyob” тезюрар поезди қатновини амалга ошириш вазифаларини топширган эди. Ниҳоятда қисқа вақтда ушбу эзгу ишлар амалга оширилди.
Вагонларига “Тошкент – Хива” деб ёзиб қўйилган поезд биринчи йўлга қўйилди. Ушбу йўналишдаги биринчи поезд. Неча йиллардан буён қанчадан-қанча юртдошларимизнинг юракларидаги “Хивага ҳам поезд борса, қанийди” деган армонлари амалга ошди. Кўнглимиздаги катта ҳайрату ҳаяжон билан белгиланган вагонларга чиқамиз. Ўз вақтида Муҳаммад Раҳимхон Феруз каби хонларнинг армони бўлган ушбу эзгу ишни мустақил давлатимизнинг бугунги янги тараққиёти даврида Президентимиз Шавкат Мирзиёев амалга оширди.

Самимий дил суҳбатлари, ижодий ҳамкорлик борасидаги гурунглар, шеъру қўшиқлар билан шоирлару хонандалар, драматурглару актёрлар узоқ манзилни яқин қилишди. Йўлдошинг яхши бўлса, муродинга етарсан, деганларидек замонавий вагонлар карвони Тошкентдан 1130 километр масофани босиб ўтиб, эртаси куни эрталаб, пештоқига “Хива” деб ёзилган янги вокзалга кириб келди. Поезднинг дастлабки йўловчиларини Хоразм вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар тантанали кутиб олди. Меҳмонлар шарафига миллий урф-одатимизга кўра, дастурхонда нон-туз тутилди, карнай-сурнайлар янгради, Хоразмнинг лазги каби кўҳна мусиқалари, сувора каби ашулалари ижро этилди. Юрагида ўти бор оқсоқоллар гўзал раққосаларга қўшилиб рақсга тушиб кетди.

Янги қурилган темир йўл устидан Хива шаҳрига кириб келган илк йўловчи поездида ташриф буюрган азиз меҳмонларнинг қадами қутлуғ бўлсин, деган ният билан байрам тадбири ташкил этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Сирожиддин Саййид янги вокзалнинг очилиши билан Хоразм воҳаси аҳлини чин дилдан самимий муборакбод этди. Бу ерда яшаётган халқнинг узоқ йиллар давомида кўнглида сақлаб келган эзгу ниятлари давлатимиз раҳбарининг 2017 йил бошида Хоразмга қилган ташрифи шарофати бир йилга ҳам етиб-етмай рўёбга чиққани, воҳада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида гапирди. Ушбу тарихий воқеага бағишлаб ёзилган янги шеърини ўқиб берди. Самимий дил изҳорига айланган шеърий сатрлардаги “Ичон қалъа – Ишонч қалъаси, Дишон қалъа – Жаҳон қалъаси” каби янги ва теран маъноли ташбеҳлар анжуман аҳлининг кўнглига завқ бағишлади. Дарҳақиқат, халқимизнинг ризолиги йўлидаги эзгу ва хайрли ишлардан юрдошларимиз юрагидаги ёруғ келажакка ишонч туйғулари янада мустаҳкамланади, жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатимизга ҳурмат-эътибори янада ортади.

Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими, архитектура фанлари доктори Гавҳаржон Дурдиева Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган мазкур замонавий меъморчилик обидаси очиқ осмон остидаги мўъжизавий обидаларга ҳамоҳанг қурилганини эътироф этган бўлса, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов Хива вокзали меъморий мажмуаси доирасидаги янги темир йўл ва биноларни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг жаҳоний миқёсдаги ютуғи, дея баҳолади.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши қошидаги “Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази” бошлиғи Нилуфар Маткаримова сўзга чиқиб, асрларга татигулик мазкур замонавий бунёдкорлик обидасининг барпо этилгани учун хоразмлик ёшлар номидан Президентимизга чин дилдан самимий миннатдорлик билдирди ва сўнгги йилларда Хоразм вилоятининг туризм соҳасидаги имкониятларини тўлиқ ишга солиш, хорижлик сайёҳлар ва юртдошларимиз учун барча шароитларни яратишга катта эътибор қаратилаётгани, янги барпо этилган темир йўл вокзали ва унинг атрофидаги меҳмонхона, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари, миллий ҳунармандчилик устахоналари шарофати билан ёшларга янги иш ўринлари яратилаётгани тўғрисида гапирди.

Вокзал биносининг ташқи кўриниши Хоразм меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттириб, унда VIP-зал, она ва бола, тиббиёт хоналари мавжуд. Вокзалда 35 нафар ишчи бир вақтнинг ўзида 200 нафар йўловчига сифатли хизмат кўрсатади. 20 ўринли шинам меҳмонхонада эса юртдошларимиз ва чет эллик сайёҳларнинг маълум вақт дам олишлари учун барча шарт-шароит муҳайё. Ижодкор аҳлининг юрагини тўлқинлантирган янги воқеалардан бири вокзалда кутубхона очилгани, кутубхонадаги китоб жавонларига мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналари ҳамда Тошкентда нашр этилаётган “Шарқ юлдузи”, “Звезда востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг янги сонлари қўйилгани бўлди. Тўғрида, олисга йўл олган йўловчилар кутиш залида бекор ўтирганидан кўра, вокзал кутубхонасида китоблар, газета-журналларни мутолаа қилиб, маънавиятини бойитгани нур устига нур бўлади. Дунёга Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий, Бурҳониддин Рабғузий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Мунис, Комил Хоразмий каби алломалару шоирларни берган Хоразм диёрида адабиётга, китобхонликка эътибор ўзгача бўлиши табиий.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ходимлари темир йўл вокзалларида янги 2019 йилда адабиётни тарғиб этувчи адабий-бадиий газета-журналлар обунасини ташкил этиш ниятлари борлигини маълум қилишди.

Вокзалнинг тантанали очилиш маросимида санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди. Айниқса, жасорат ва мардлик тимсоли Жалолиддин Мангубердининг тимсоли жонлантирилган теартлашган саҳна кўриниши ижро этилганида анжуман аҳли кўнглида қизғин завқу ҳаяжон жўшди.

Вокзал ва “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ўртасидаги 2 километрлик масофада қатор инфратузилма объектлари қурилибди. Шу билан биргаликда барча қулайликларга эга 3 та меҳмонхона ва “Хива – Локомотив” истироҳат боғи барпо этилмоқда экан. Яқин фурсат ичида бу боғда сунъий кўл, 27 хил аттракцион, амфитеатр, замонавий савдо расталари фаолияти йўлга қўйиларкан.

2019 йилнинг январь ойидан бошлаб Тошкент – Хива йўналиши бўйича “Аfrosiyob” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади. Ана ўшанда пойтахтимиздан йўлга чиққан йўловчилар 6-6,5 соатда, эртакларда ёзилганидай бамисоли учар гиламда учгандек кўз очиб юмгунча афсонавий Хива шаҳрига етиб келишади.

Анжуман иштирокчилари вокзал зиналарига туташиб кетган йўлда шай бўлиб турган электр билан ҳаракатланувчи замонавий машиналарга ўтириб очиқ осмон остидаги музей-қўриқхонани томоша қилишга отланишди. Вокзалдан Полвон дарвозанинг қўш қанотлари, қалъанинг баланд-баланд деворлари, Исломхўжа минораси, Калта минор, мовий гумбазлар кафтдагидек ярқираб кўриниб турарди. Анжуман иштирокчилари меъморий обидаларни томоша қилиш билан бирга Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини зиёрат қилишди.

Барчанинг дилида ва тилида янги замондан розилик ва шукроналик туйғуси билан бир сўз изҳор этиларди: Хива темир йўл вокзали Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги ва янги 2019 йил олдидан халқимиз учун улкан совға бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов, Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов сўзга чиқди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Рустам МУСУРМОН

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК