"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Туғи баланд алплар диёри

Ўқилди: 95

Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан

Сурхондарё – ибтидоий одамларга бағридан жой берган, Алпомишу Барчинойларнинг бешигини тебратган, Термизий боболарга алла айтган, не-не алломаю олимларга, фозилу оқилларга, шоиру бахшиларга илму ирфон сирларидан дарс ўтган, паҳлавону алпларга, полвону ботирларга мардлик ва жасорат, ор-номус, юрт ва миллатпарварлик фанидан сабоқ бериб улғайтирган, камолга етказган, дунёга тенгсиз маданият дурдоналарига, буюк тарих ва бой меросга эга бетакрор маскан.

Мамлакатимизнинг жанубий сарҳадларида тупроғининг ҳар қаричида ҳадису ҳикмат, қатлам-қатлам хазинани асраб-авайлаганча ястаниб ётган, қадимий китобларда “туғи баланд эрлар мамлакати” дея таърифланган, жаҳон тамаддунида Бақтрия, Бохтар замин, Тоҳаристон, Чағониён сингари номлар билан аталган бу кўҳна тупроқда униб-ўсган бўлсам-да, Сурхон номини эшитишим, у томонларга йўлим тушиши билан алланечук бошқача бўлиб кетавераман. Бу сафар ҳам ҳаяжоним олдинги сафаргилардан ортиқ бўлса ортиқки, лекин асло кам эмас.

Ёшлар билан маънавий-маърифий, адабий тадбирлар ўтказиш, дилдан самимий суҳбатлашиш, орзу истакларини тинглаш, кайфияти билан қизиқиш мақсадида манзил сари йўлга отландик. Самолётимиз учқур бургут сингари қанотларини кенг ёйганча Термиз томон парвоз эта бошлади. Ҳаво очиқ, юртимиз кенгликлари, тоғу дарёлари, дала-боғлари шундоққина кўриниб турарди. Гоҳ оппоқ салла ўраган пурвиқор тоғлар, гоҳ ҳайқириб оқаётган дарёлар бизга “Йўлингиз бехатар бўлсин. Эсон-омон етиб олинглар. Оқ йўл!” дегандек туюлади.

Мана, Бойсун тоғлари ортда қолиб, олисдан мавжланиб оқаётган, суворийнинг шамшири мисол қуёш нурида товланаётган Амударё кўрина бошлади. Эҳ-ҳе, бу азим дарё қанчадан-қанча ўтмиш ҳодисаларига гувоҳ бўлган. Муқаддас заминга эҳтиёт бўлибгина қадамимни босаман. Боиси, бу заминда Термизий боболар, не-не авлиёлар ором олиб ётибди…

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Сурхондарё ҳам ўтган икки йил ичида жуда катта, айтиш мумкинки, илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетди. Чиройига чирой қўшилди. Бугун нафақат вилоят маркази, балки Жарқўрғон, Шеробод ё Денов ёки бошқа туман марказлари ва қишлоқлар бўладими – барчасининг қиёфаси тубдан ўзгариб, айниқса, “Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳар томонлама обод бўлиб бораётгани воҳа аҳолиси, униб-ўсиб келаётган ёшларга ғурур ва ишонч бағишламоқда.

Бундай хулосага ёшлар билан учрашувларда, адабий тадбирларда яна бир бора гувоҳ бўлдик. Биринчи учрашувимиз Термиз давлат университетида бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Рўзимурод Чориев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Менгнор Олломурод, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, жами беш юз нафарга яқин адабиёт мухлиси қатнашган адабий анжуманда мамлакатимизда ёшларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларда туғилиб ўсган заминга муҳаббат, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизга ҳурмат туйғусини оширишга қаратилаётган эътибор барча қаламкашларга илҳом бағишлаётгани айтилди.

Мамлакатимизда деярли ҳар куни, ҳар соатда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари барча соҳалар қаторида адабиёт аҳлига ҳам даҳлдордир. Шоир ва ёзувчилар, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, китобларини бепул чоп этиш, уй-жой ва бошқа ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, рағбатлантириш борасида Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар бунга яққол мисолдир.

Мамлакатимизда юз бераётган янгиликлар ва уларни акс эттиришда шоир-ёзувчиларнинг ўрни, бугунги адабий муҳит ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди, шеърлар ўқилди. Учрашув якунида Термиз давлат университетига 300 дан зиёд китоблар совға қилинди.

Шундан сўнг Сариосиё туманига йўл олдик. Йўл-йўлакай ушбу заминда давом этаётган бунёдкорлик ишлари вилоят қиёфасини, айни вақтда, воҳа аҳолисининг, йигит-қизларимизнинг онгу тафаккурини, ҳаётимизни тубдан ўзгартиришга хизмат қилаётганига гувоҳ бўлдик.

Қаҳрамонлик, юртга, дўстга, ёрга садоқат тимсоли бўлган “Алпомиш” достони бежиз Сурхон заминида яратилмаган. Боиси, энг кучли, энг бақувват полвонлар Сурхондарёда яшайди. Кураш беллашувларида “ҳалол” сўзи олий баҳо сифатида жаранглайди. Ҳаётий тажрибаси катта, кураги ер искамаган, ётиб юлдуз санамаган полвон боболаримиз ҳам ёшларга “Ҳалол олишинглар, ғирромлик қилманглар” деб қайта-қайта уқтиришади. Бу ибора халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Чиндан ҳам Сурхон элининг лафзи ҳалол, меҳнати ҳалол. Полвонлари кураш тугшаётганида ғирром ишлатиб, чала йиқитмагани сингари, ҳаётида ҳам, табиатида ҳам ғирромлик йўқ, бирон ишни чала қолдириб кетмаган эл бу.

Сурхон кенгликларида туғилиб, камол топган, Ватанимизни дунёга танитиб келаётган, маҳорати билан мамлакатимиз ва дунё шоҳсупаларида байроғимизни баланд кўтариб, мадҳиямизни янгратаётган, ўзбек халқининг довруғини бутун дунёга таратаётган спортчиларимиз бисёр. Абдулла Тангриев, Санжар Тўхташев, Давлат Чориев, Суҳроб Турсунов, Баҳодир Жалолов каби номларни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Баҳодир Жалоловни сурхонликлар “Алпомишнинг жияни” дейишса, бокс мухлислари ва чарм қўлқоп соҳиблари “Осиё йўлбарси” номи билан аташади. Баҳодир биз ошиқиб келаётган Сариосиёда туғилган. Унинг профессионал боксдаги натижалари юртимизга шуҳрат келтирмоқда. Ортидан минглаб ёшларни эргаштириб, уларнинг қалбида ҳам ғурур ва ҳавас, фахр-ифтихор уйғотмоқда.

Сариосиё тумани. Шундоққина катта йўлнинг ёқасида жойлашган 45-умумтаълим мактаби. Бу илм даргоҳида ўз вақтида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири устоз Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Қорақалпоғистон Республикаси шоири Баҳтиёр Генжамурод сингари шоир ёзувчилар меҳмон бўлишган. Ёшларга ватанпарварлик, миллатпарварлик илмидан дарс бериб, мутолаа маданиятини шакллантириш, ўқиш, изланиш кераклигини уқтиришган. Ўқувчи-ёшлар устоз адаибларимизни кўриб, улардек инсон бўлишга интилишган. Мактабнинг фаоллар залида бошланган адабий тадбир шеърият кечасига айланиб кетди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Менгнор Олломурод, “Сариосиё” газетаси бош муҳаррири Абдурайим Раҳмонов, “Чағониён” газетаси бош муҳаррири Сирожиддин Мамажонов, “Чағониён” номли китоб марказининг директори Ислом Худойбердиев ва бошқалар иштирок этди. Тадбир сўнгида мактаб кутубхонасига 200 тача китоб топширилди.

Денов туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида ҳам ижодий учрашув ўтказилди. Ҳарбийлар билан адабиёт, шеърият, ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш хусусидаги суҳбатлар қизғин кечди. Ҳарбий қисм кутубхонасига бир неча номдаги китоблар совға қилинди.

Шундан сўнг Денов туманида “Бир маошдан бир китоб олинг!” акциясига старт берилди. Тадбир давомида туман ҳокими Бахтиёр Ибодов, туман прокурори Алишер Тоғаймуродов, туман ИИБ бошлиғи Илҳом Юсупов, туман ДСИ бошлиғи Одил Якубов ва бошқалар “Чағониён” китоб савдо мажмуасига ташриф буюриб, бу ерда ўқувчилар учун яратилган қулайликлар билан танишдилар. Тадбир давомида байрам қатнашчиларининг ўзгача чанқоқлик билан турли китоблар харид қилаётганини кўриш, айниқса, мароқли эди.

Шунингдек, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиалидаги ижодий учрашувда шоир Болта Ёриев бошчилигидаги “Ижодкор ёшлар” тўгараги аъзоларининг Ватан, она, дўстлик, ватанпарварлик ҳақидаги шеърлари қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

Барча тадбирларни кўтаринки руҳда ўтказиб, ёшлар билан дилдан, самимий суҳбатлар қуриб, уларнинг сўзига қулоқ тутиб, келажакда уларни Ватан кутаётганини қайта-қайта таъкидлаб, Сурхон заминидан етишиб чиққан буюк аллома Ҳаким Термизий, машҳур муҳаддис Абу Исо Термизий, теран мазмунли асарлари билан Шарқда ном қозонган адиб Собир Термизий, ислом фалсафаси ривожига муносиб ҳисса қўшган Абу Бакр Варроқ Термизий, қолаверса, шу заминдан мангу қўним топган жамики авлиёлар, шоиру ёзувчилар, барча маърифатпарвар инсонлар ҳаққига дуолар қилиб, улардан куч ва руҳ олиб Тошкент томон йўлга отландик.

Шаҳарга кириб келар эканмиз, Термизда бўлиб ўтган гурунглар, адабий тадбирларда кўзлари ёниб турган йигит-қизларнинг келажагидан кўнглимиз тўқ эди. Чунки Юртбошимиз томонидан ёшларимиз учун барча шарт-шароитлар муҳайё этиб берилган.

Жўрабек ЖАҲОН,
Ўзбекистон Ёўувчилар уюшмаси аъзоси,

сурат uza.uz сайтидан олинди

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ