"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Сирожиддин САЙЙИД. Ўтинчларим, ўкинчларим

Ўқилди: 185

 Шоирлик менга онамдан ўтган.

Албатта, “Худо юқтирмаса…” деган ҳукм-ҳикматлар ҳам бекорга айтилмаган.

Улғайгандан  кейин  болалигим  ҳақида ёзганим “Шоир бўлиб кетсам гар / бунда шу дашту қирлар / осмонларнинг қўли бор” деган  сатрларда  ҳам  жон  бор.  Бироқ  мен  шу онанинг фарзанди бўлмаганимда, менга бундайин саодат икки дунёда ҳам насиб этмас эди! Буни комил ишонч билан айтаман.

Мен  шоирликни  онамнинг  ўчоғидаги  ўтдан,  тандирига  ёққан  олов,  улардаги  чўғу қўрлардан  юқтирдим,  десам,  асло  ҳайрон бўлманг.

“Бу  нонингизни  емайман!”  деганимда, қаҳат,  қабоҳат  замонларнинг  тахир  зоғора нонларини  уриб-уриб  едирганлари  кўзимга ёш, кўнглимга сўз берган бўлса ажабмас.

Беш ёшларда бўлсам керак – опам, акам ва мен ўчоқ атрофида ғуж бўлишиб, чўғнинг остидан чиқадиган мўъжизани кутяпмиз. “Ҳозир  пишиб  қолади”,  дея  онам  ниҳоят  ярми куйиб қорайган газит-қоғозга ўралган бир нимани қўр тагидан кавлаб оладилар. Тозалаб, пуфлаб, катта толтовоққа соладилар-да, бир бўлакдан  кесиб  ҳаммамизга  тақсимлайдилар.  Болаликдаги  қанча  маталлару  эртаклар эсимдан чиқиб кетди, аммо “кўмоч” деб аталмиш у сеҳру синоатнинг таъмию тафти, қувончию изтироби ҳамон мен билан. Бу менинг шоирлик қисматимдаги онамнинг меҳри билан муҳтожликлари қўрида пишган, гўдак чоғимдаёқ  маънисига  етганим,  фаҳмига  бориб, онг ва қалбимга жойлаганим илк ёмби сўзим эди, деб ўйлайман.

Онамнинг печкагами, ўчоқ ё тандиргами ўтин қалаб, ўт ёқишларини яхши кўрардим. Бунинг  боиси,  биринчидан,  совуқни,  совқотишни  ёмон  кўрганимдан  бўлса,  иккинчи сабаби болалигимизнинг энг тансиқ неъмати – имкони бўлди дегунча онам бизга пишириб берадиган кўмма қўркабоб эди. Тандир ва  ўчоқ  қўрида  тотли-мазали  кабобларни Ойбиби  момом  билан  онамдан  бошқа  ҳеч ким  бундай  пиширолмасди.  Гўштни  тузлай бошлаганлари  баробарида  сўлакларимиз ёппасига ишга тушар, бетларимиз чўғ рангида, ўчоқ ичи лола рангида қизиб товлангани сайин биз ҳам жонсарак тамшаниб, типирчи-лаб турардик.

Ҳақиқий  томоша  гўшт  қўр  тагига  кўмилгандан кейин бошланарди. Чирс-чирс чўғлар орасидан  чиқаётган  кабоб  иси  билан  “жиз-жиз”,  “биз-биз”  товушлар  –  дам-бадам  жизиллашлару  биззиллашлар  иштаҳамизни карнай  қилиб  юборарди.  Онам  аҳволимизни  тушунгандек  “Ай  болаларим-ай!..”  дейдилар-да,  қўрни  кавлаб,  кабобни  бир-икки ағдаргандан  сўнг  товоққа  оладилар.  Бу  болалигимизнинг зумда тугайдиган, биз тўйиб-тўймай қоладиган катта байрамларидан энг тансиғи  ва  тотлиси  эди.  “Тўймадингларми? –  дердилар  онам  бирпасда  бўшаб  қолган лаганни кўриб ва нима учундир менга қараб –  Парво  қилма,  болам,  отанг  яқинда  қора қўчқорни сўяди, насиб бўлса, ҳамманг маза қилиб тўясан”, дея қўшиб қўядилар. Ичимда  ўзи  бадқаҳр,  сузонғич,  лекин кўзлари нимагадир доим мунгли боқадиган қора қўчқорга раҳмим келарди.

Болаликнинг “давлат мадҳияси”

Қишнинг совуқ-рутубатли узун тунларида тонгги  уйқумизга  ором бағишлаб  аввалига “чирс-чирс”  товушлар  келар,  бу  товушлар аста-аста,  чирсиллаб-чирсиллаб  бирданига  гуриллаб  кетганида,  саҳарларнинг  ажиб мўъжизаси –  печка  устидаги  қора  қумғон жўшиб-тошиб  биқир-биқир  тилга  кирарди. Ота  уйимизда  кеч  куздан  то  кўкламга  қадар,  тонгда  ҳам,  шомда  ҳам  бир  вақтда, бир алфозда янграйдиган бу тарона – болалигимизнинг  давлат  мадҳияси  эди  гўё.  Биз оловнинг  илк  чирсиллаб  аланга  олганидан тортиб то вариллаб ёнгунигача, ундан сўнг қумғоннинг “жонли ижроси”га қадар кечадиган  бу  “тонгги  концерт”ни  ширин  тушларимизга  ўраниб,  интиқ-илҳақлик  билан  кутар, уйқу  аралаш  жон-жонимиз  ила  тинглаб, роҳатланиб ётар эдик.

Оловнинг  зўридан  қумғон  жуда  тез  қайнар, сувнинг вақирлашларию вишиллашлари уйқумизни бузмасин деб, онам унинг қопқоғини очиб қўярдилар…

Ақлимни таниб дастёр бўлганимдан бошлаб то мактабни битиргунимга қадар мен шу ҳовли, шу қадрдон уйга ўт-алаф ташиб, ғўзапоя ғамлаб, ўтин тахлаб улғайдим.

Ҳовлимизда  –  ўчоқ,  тандир,  ёғоч  сўри, ўтинхона ва оғилхона оралиғида, томорқамиз билан  ошхонамиз  ўртасида  эрта  тонгдан  то кечга қадар, йил-ўн икки ой катта бир рўзғор – мамлакатнинг қизғин ҳаёти давом этар, унинг тинчи,  ош-нони,  иссиқ-совуғини  таъминлаб туриш  отамнинг  зиммасида,  саранжом-саришталигига эса онам кайвони эдилар.

Ўт-ўтин,  ўчоқ-олов,  тандир-нон,  яна  ўт, яна ўтин – болалигим мана шу азиз ва қадрдон сўзлар қуршовида ўтди.

Ўтиним,  ўтинларим  –  болалик  ўтинчларим, ўсмирлик ўкинчларим…

Менинг  тилларим  чучук,  унинг  тиллари олов эди.

Ёғочнинг ҳам тиллари бор экан. Ўтиннинг ҳам ланғиллаб ёнгувчи ёлқин забонлари бор экан, жўралар.

Болаликнинг  юракни  эзадиган  сермашаққат  ва  дилгир  кунлари  ғўзапоя  ташиш мавсуми эди. Ота-онам, опам, акам ва мен – ғўзапоя  то  ғарам  бўлиб, деворимиз  ортида тахланмагунча  уйда  ҳеч  биримизга  кун  йўқ эди. Қўлларимиз қабариб, тирналиб-ёрилиб кетгани  эвазига,  кейин  онам  йил  бўйи  тандирдан  узиб  берадиган  иссиқ  нон,  ширин кулча тансиқ мукофот бўлиб туюларди.

Тириклик  алифбосининг  илк  ҳарфларини мен шу заҳматкаш азиз инсонлардан ўргандим.

У  дашту  далалардан  ҳарф  териб  катта бўлдим.

Дийдираган пайкалларда дийдираган ғўзапоялар мендан сўз, юпанч тиланди.

Кузнинг,  сўзнинг  жунжикканини  кўрдим мен. Сўз ҳам одам боласидай совқотаркан, ёронлар.  Сўзга  ҳам  таскин-тасалли,  одамзоддай  меҳр  керак  экан,  сўзни  ҳам  иситиш керак экан, дўстлар.

Кейин умрим  давомида  ҳаёт  ва  кўнгил кўчаларида  катта-кичик  хатолиғларга  йўл қўйганимда бот-бот ўйладим: шу тандир, шу қўрларчалик  хизмат  қилолдимми  онамга?! Тандир  ёнида,  ёнгиналарида  куйиб-тутаб ётган  косовчалик  бўлолдимми?  Тилим  лол, дилим ғаш-хижил – гоҳида бир сўз деёлмай қоламан.

“Йиғлама, болам, ҳозир етиб борамиз…”

Ҳовлимиздаги ўригу олча қийғос гуллаган баҳор кунларининг бирида кутилмаганда ҳамма бирданига менга меҳрибон бўлиб қолди.

Ойбиби  момом  бир  сиқимида  қоғозига  мушукчанинг  малла  сурати  туширилган ирис конфетлар, бир қўлида мен яхши кўрадиган қуюлтирилган какао банкаси билан  каминани  сийлаган,  онам  саҳар  пайти сўйилган  қора  қўчқорнинг  гўштидан  қўркабоб қилиб, “Ол, балам, тўйиб-тўйиб еб олгин”, дея қўллари билан едирган, отамнинг менга  уч  ғилдиракли  велосипедча  келтирганию  Исломиддин  тоғамнинг  олча  тагидаги тупроқ супамизда иштиёқ ва ҳафсала билан  гўшт  майдалашидан  тортиб,  опам, Жонбиби холамларнинг ошхонамизга ўтин, ғўзапоя ташиб, ҳовлиқиб елиб-югуришлари мени дафъатан хавотирга солиб қўйган эди. Виқир-виқир  қайнаб  ётган  офтобаю  қозон, идиш-товоқнинг  кўпайиб  қолгани,  ошхонадан  чиқаётган  қуюқ  тутуну  қариндошлар, уларнинг бола-бақралари билан ҳар кунгидан кўра гавжум ва ғала-ғовур бўлиб қолган ҳовлимиздаги  тадорик  ва  бесаранжомликдан  билдимки,  жуда  муҳим  бир  мавридга ҳозирлик кўрилаётир. Бу мавриднинг айнан менга, менгагина тааллуқли муҳим ва нозик бир иш билан боғлиқлигини ич-ичимдан сезиб, қўрқиб-ҳадиксираб ўтирардим.

Онам  ҳар  қанча  меҳрибонлик  кўрсатмасин,  кабоблари  баданимга  ош  бўлмаётган эди.

– Мана бу қўчқорни нима учун сўйдик? – дейди бир маҳал пичоғини тошқайроққа “шиғ-шиғ” қайраётган маталчи Исломиддин тоғам олча  тагида  ўтириб  олганча,  худди  менинг ичимда  нималар  кечаётганини  кўриб-билиб тургандай.  –  Сиз  қўчқордай  бўлиб  юринг деб-да,  Тўқлибой!  Қарасак,  бўйингиз  ҳам, оёқларингиз ҳам жўраларингизникидан ўсиб кетяпти.  “Ҳўй-дўй,  ҳўй-дўй!”  қилмасак  бўлмайди энди, жўра.

–  Ана  энди  ўлдинг,  каллажоста  Тўқлибой!  –  дейди  мен  билан  доим  ғижиллашиб юрадиган  Ниёзбиби  опам  онамнинг  кўзини шамғалат қилиб биқинимга туртиб ўтаркан.

Кейин бирин-кетин Гулмамат бобо, Саидумар  ва  Мастурали  амакилар,  Мамалатиф язна,  Сафар  Касиров  бобо  келади.  Ибодат ва  Хумор  аммаларим  ёғоч  сўримизда  ўтириб дуога қўл очаркан, ўтган бобо-момоларни эслаб кўзёш қилиб олишади. Меҳмонлар келади, меҳмонлар кетади. Гўштлар ейилиб, иликлар қоқилади. Яна кафтлар очилиб, дуо қилинади.

Мен нима бўлса ҳам қочишни ўйлаб ўтирардим. Бундай “қочиб қолиш”ларимни яхши билган отам Нарзиқул тоғамнинг ўғли Сайфи билан бир йил олдин “қўчқорлар сафига қўшилган”  Абдусаттор  жўрамни  менга  қўриқчи-қоровул қилиб қўйган, уларнинг кўз-қулоқ бўлиб  ёнимда  туриши  озроқ  далда  бераётган бўлса-да, барибир ниятим бузуқ эди.

Бир  маҳал  кўча  эрганагимиз  томондан отамнинг  “Усто  келинг,  усто  келинг”  деган овозлари  эшитилдию  бесаранжом  бўлиб қолдим.  Сергакланиб  ўша  томонга  қараганимиз ҳамоно, қора лас чопон кийган, оёғида  калиш-маҳси,  калта  соқолли,  қошлари қоп-қора,  кўзлари  олайиб  қарайдиган,  қўлтиғига  букланган  чарм  сумкасини  қистириб олган  хушрўй-хушқомат  киши  отам  билан ҳовлига кириб келганини кўрамиз…

…Шунча кун, кеча, бугун ҳам порлаб-чарақлаб  турган  ҳавонинг  авзойи  чошгоҳга келиб  бузилади.  Осмон  қоп-қора  тусга  кириб,  қалдироқлар  гумбурлай  бошлайди. Чақинлар осмону фалакда, оламнинг у бетидан бу бетига қадар қилич сермайди. Бу қиличларни  олисдаги  тоғ-чўққиларга  қайраб-қайраб  олади.  Ётган  жойимда  буларнинг  ҳаммаси  менга  деразадан  кўриниб, эшитилиб турарди.

Баҳайбат-баҳайбат  харсангтошлар  ортилгандай  қалдироқларнинг  улкан  аравалари  худди  уйимизнинг  устидан  юриб  ўтаётгандек  тому  шифтлар  титраб  кетади,  деразанинг  ром-ойналари  гуриллаб-зириллаган товуш чиқаради. Кейин қаттиқ шамол ва дўл аралаш  шохавр[1] ёмғир  бошланади… “Осмоннинг бир жойи тешилди”, дейди бошимда ўтирган Ойбиби момом.

Кечга томон ҳаммаси қандай бошланган бўлса, худди шундай бирданига тиниб қолади.  Охирги  аравалари  узоқдаги  тоғлардан ошиб  ўтиб  кетаётган  янглиғ  қалдироқлар ҳам  йироқ-олис  уфқларда  ўқтин-ўқтин  бир гулдираб  қўяди-да,  ниҳоят  тўхтаб  қолади. Чироқлар  ўчган,  олам  зим-зиё  кўклам  чоғи бу  зимистон  рутубат  аро  хира  фонус  зўрға ёритиб турган уйда бошим, манглайим аралаш момомнинг илиқ кафтларини сезиб-сезмай, гоҳ иситмалаб, гоҳ алаҳсираб ётибман. Уёғини  эслолмайман.  Бу  томони  –  қоронғилик, айқаш-уйқаш тушга ўхшаш, гоҳи оқ-қора, гоҳи ғира-шира, узуқ-юлуқ лавҳалар…

Эсимда  қолгани: оғриқнинг  зўридан  уйғониб  кетаман. Уйғоқману,  худди  уйқуда  ётгандек, ухлаб ётгандекману, лекин онам, момом, холам, опам ва  акам  –  ҳаммамиз  бир қўрқинч-таҳлика  билан  қаёққадир  шошилиб кетаётирмиз. Момом, холам ва опамнинг қўлларида биттадан тугун. Мен – онамнинг елкаларида, мени нимтаналарига[2] ўраб, опичлаб олганлар,  икки  ёнларидан  икки узун  оёғим осилиб  қолган,  онамнинг  шошиб-ҳовлиқиб юришларидан  аъзои  баданим  зирқираб,  оғриқнинг зўридан чинқириб йиғлаб боряпман. Бошим, оёқларим силкиниб борар, юзим тепага қараб қолган, осмон – ўчоғимизнинг ичи мисол қоп-қора, ваҳимали ва қўрқинчли…

“Йиғлама, балам, ҳозир етиб борамиз…”

Онамнинг қоронғи тун қўйнида, бош-адоғи йўқ  қоп-қора  осмон,  тийра  ва  тубсиз  фалак остида, зимистон ва рутубатли олам аро худди зорлангандай йиғлаб-такрорлаб бораётган бу сўзлари кейин бир умр ёдимда қолади.

Ҳаётимнинг қийин паллаларида, қисматнинг аёвсиз оғир зарбаларидан гандираклаб қолган  тушкун,  умидсиз  чоғларимда  бу  сўзларни кейин кўп маротаба эслайман. Эслаш ҳам гапми, йигитлик кўчаларида қилган такрор-такрор  хатолиғларим,  дўсту  ошноларнинг  нокаслигу  номардликлари,  кўнглимни онамнинг сандиқлари мисол беминнат очиб берганим  беор-беоқибат  санамлар  олдида беқадр  бўлганлариму  бир  сатр  шеър  устида  ўтказган  бедор  тунларим,  сўз  ва  қофия сўнгакларини ит янглиғ ғажиб-кемириб чиққан кечаларим  аро,  неча-неча  ойлар-фасллар, неча дилгир йиллар давомида бу умидбахш сўзлар, қадрдон ва туғишган бу меҳрибон каломлар қулоғим остида, кўнглимнинг туб-тубидан,  ҳаёту  тириклигим  қаъридан  бот-бот янграб  келаверади,  чорлайверади:  “Йиғлама, балам, ҳозир етиб борамиз…”

Улғайганимдан  кейин  онамнинг  ҳикоясидан  билганим  –  олам  селу  ёмғирга  ғарқ бўлган  ўша  кеча  қишлоқни  сел  босади  деб бизни  кўчиришган  экан. Аксинча,  ўша  туни биз ҳаммамиз вақтинча бошпана топган Сафар  Касиров  бобонинг  уйи-ҳовлисини  сел босган  экан.  Тахтадан  ясалган,  усти  шипир билан мустаҳкам ёпилган кенг, баланд шийпонда тиғиз тиқилишиб ўтирган хотин-халаж, шийпоннинг  икки  ёни,  тагларидан  тўлиб-тошиб,  шарқираб  оқаётган  лойқа-бўтана  сел, онамнинг “Ё Баҳоваддини балогардон!..” дея тинмай калима қайтаришларию тоғ келбатли раис Касиров бобонинг шими почасини қайириб олганча, оёқяланг ҳолда сел оралаб ҳовлисининг у ёғидан-бу ёғига гулдираб, бақир-чақир қилиб юриши, у кишининг жиккаккина кампири  Ибодат  аммамнинг  менга  новвот чой қилиб берганигача – ҳозирга қадар жонли кино лавҳаларидай кўз олдимда турибди.

Мана,  ўшандан  буён  эллик  йил  ўтибди. “Йиғлама, балам, ҳозир етиб борамиз…”

Мен йигирма беш ёшга кирганимда етиб бордик деб ўйловдим – рўзғорим бузилди. У ҳаётимдан  ўкинч  ва  изтироблар,  онамнинг юз-кўзларида шашқатор  ёшлару  бемаҳал тушган ажинлар ёдгор бўлиб қолди.

“Йиғлама, балам, ҳозир етиб борамиз…”

Тақдир экан-да, роппа-роса қирқ ёшимда етиб келдикми десам, ҳаёт яна бир жиддий синовга  дучор  қилди.  Чопонимни  елкамга ташлаб  чиқиб  кетарканман,  “Муҳаббат  солган  иморат  вайрона  бўлди,  найлайин”  де-гандек  бу  бино,  бу  иморатни  қайта  бошдан тикламоққа киришдим.

Қирқ  йилдан  кейин  ҳам  саратон  чилласи куни, қуёш ўт пуркаб турган маҳал, айни тўйимиз чоғида бирданига ёмғир қуйиб берганида онам ёқаларини ушлаганлар: “Ё Художон,  Поко  Парвардигоро,  бу  нима  кароматингким, рўйи заминда пайдо бўлганидан буён  шу  балагинамнинг  нимаики  мавриди бўлса, нуқул ёмғир ёғдирасан? Илоё, ёмғирларинг бахайр бўлсин, хосиятли келсин. Шу балагинамнинг бахти-толеини бергин, Худо-жон! Поко Парвардигоро!..”

“Қирққа кирган йигитнинг икки қўлтиғидан олар икки ўғли бўлсин” деган нақл бор. Қирқ ёшимда  ўзимнинг  қўлтиғимдан  ўзим  олиб, яна қайтадан янги ҳаёт бошладим.

Мен отам қирқ ёшга кирганда дунёга келганман.  Гирмон  урушида  етти  маротаба  ярадор  бўлган,  етти  жароҳатнинг  бор  асорати-оғриғини  тортиб  келаётган  дардкаш,  заҳматкаш  отам  учун  Иккинчи  жаҳон  уруши  бир томон бўлдию менинг бузилган рўзғорим бир томон  бўлди.  Саккизинчи  ўқни  отамнинг  қоқ юрагига мен отган эдим. Қирчиллама йигитлик вақтимда уйимни куйдирган, мени бехонумон этган чигал қисматим қадаган эди бу ўқни!

Қирғинбарот урушлардан соғ-омон чиқиб келган тоғдай отам бу сўнгги ўққа дош беролмай қуладилар. Фарзанд бўлиб қўлтиқларидан  ололмадим,  бир  яхшилигиму  яхши  кунимни кўролмай кетдилар.

Момолар ҳақ: севги – эртак,

Ким муродга суйиб етди.

Сен уйингга бор, келинчак,

Менинг уйим куйиб кетди,

деб  ёзади  кейинчалик  “Тошкент  оқшоми”да ишлаб  юрганимизда  дўстим  Муҳаммаджон  – Муҳаммад  Юсуф.  Уйи  кўп  бора  куйган,  уч-тўрт  марта  уйланиб,  хотинлари  дастидан мушкул  савдоларга  дучор  бўлган  Исломиддин  тоғамга  шу  шеърни  ўқиб  берсам,  кўзи бир  чақнаб,  юз-бети  пирпираб  титрагандай бўлди-да:  “Ў  баччағар,  келиштирибди-да! Зўр айтибди-да!” дея тан бериб, кейин “Ҳаммаси бир гўр экан-да!..” деганча оғир хўрсиниб қўйган эди.

Онам, онам… Қирққа кирганимда ҳам қўлтиғимдан олиб, мадорим-мададкорим бўлган мушфиқ-меҳрибоним, менинг метин қалъам, мустаҳкам қўрғоним онам, онаизорим!..

“Қирқ  йил  бўлди  уйдан  кетганига,  қирқ йил  бўлдики,  мен  йўл  қарайман.  Кўзимнинг ришталари узилиб кетди. Мана шу болишларим тил чиқарса, айтиб беради…”

Оламнинг селу тошқинлари тинди, лекин онамнинг  кўзёши,  кўзларидан  оққан  селлар тўхтамади.  Рўйи  заминни  ғарқ  этган  ёмғирлар  ниҳоя  топди,  бироқ  онамнинг  юзларидан  оққан  селу  себор  адо  бўлмади.  Бунинг бош  айбдори  –  мен,  менинг  китоб-дафтарларимдай  зору  паришон,  пала-партиш рўзғорим,  чигал  ва  нотўкис  тақдириму  ўнгланмаган ҳаётим…

Қирқ йилда бир йигит келар дунёга, дейишади. Қирқ йилда бир йигит дунёдан кетиши  ҳам  мумкин  экан.  “Биз  нечун  учрашдик қирқдан ошганда” деган жозиб ва дардли қўшиқ бор. Қўшиқ эмас, ўкинч ва армон ноласи, кетган кўкламлар, бой берилаётган ёшлик  ва  йигитлик  йилларининг  зори,  бир томони  сарғиш,  бир  томони  сарғиш-яшил хазон  фаслига  юз  тутаётган  умр  айёмининг, ишқ ва муҳаббат, кўнгил ва қисматнинг мунгли видолашув таронасидир бу.

“Йиғлама, балам, ҳозир етиб борамиз…”

Йиллар ва эгатлар

Кетмонлар, онамнинг кетмонлари.

Дунёда  меҳнати  қаттиқ,  бераҳм  ва  бемеҳр  сўзлар  бор  экан.  “Кетмон”,  “чопиқ”, “кўсак”,  “ғўзапоя”  деган  серташвиш  калималар бизнинг болалик идрокимизга бутунлай сингиб кетган эди.

Тупроқ  кўчамиздан  елкаларида  кетмон, юзини ранги униққан гарди рўмол билан чирмаб  ўраб  олган  чопиқчи  аёлларнинг  ҳорғин юриб  боришлари,  уларнинг  маҳзун-сўлғин қиёфаси  бир  умр  ёдимда  сақланиб  қолган. Улар оқшом кезлари янада ҳорғин қайтарди. Шу аҳволда яна сигир соғишлари, нон ёпишлари, қозон қайнатишлари керак эди. Ҳусну таровати эгатларга ем бўлган, аёллик нафосати, орзу-умидини саратон қуёши қовжиратиб  юборган  гулдай  қиз-жувонлар,  юзлари чанг-ғубор, киприклари ойга тегиб турган менинг мунис, меҳнаткаш ойбарчинларим!

Эртакларим эгатларга эврилди.

Эгатлар.  Пахта.  Яна  эгатлар,  яна  пахта. Дунёдаги энг тошбағир, тошдан ҳам қаттиқ, момиқ  сўз.  Томимиз  устида  баҳорда  очиладиган  биттагина  лолақизғалдоққа  жой  қолган, холос!

Мактабга, биринчи синфга боришим керак эди. Кийишга кийимим йўқ, оёғимда резинка этик, онам чўпонлар желак ва чолвор қилиб киядиган дағал йўл-йўл тик матодан “бурук”,  китоб-дафтарим,  отамнинг  носқовоғича келадиган сиёҳдонимга ҳам ана шу матодан жилдқопчиқ тикиб бердилар. “Бормайман!” дедим. Дод солдим. “Патинка, бурук  оббермасанглар,  мактабларингга  бормайман!” деб туриб олдим. Онам аввалига толхивич  билан  роса  саваладилар.  Кейин, барибир, муродимга етдим – мактабга янги ботинка,  шим  ва  кўйлакда  бордим.  Бутун мактаб,  ҳамма  менга  қараётгандек  ўзимда йўқ шод эдим. Бу – менинг олти ёшга кириб, илк  маротаба кийган  расмона  сарпом  эди. Ҳаммаёқ  пахта  билан  тўлиб-тошиб  ётибдию,  мен,  озғингина  болакай,  ота-онам  ун билан  гуручга  деб  тишларининг  кавагида асраб келган пулга сотиб олинган янги либосларда,  завқу  шавқим  ичимга  сиғмай, оламдаги  энг  бахтиёр  ўқувчи  бўлиб  синфхонага кириб бораман.

Ярми тўқ-сариқ, ярми қорага бўялган парталарнинг  ёқимсиз  бўёқ  ҳидини  тез  орада дала  ғубори  кўмиши,  янги  дафтар  ва  сиёҳ иси эса кейин умр бўйи орзиқтириб димоғимдан кетмаслигини мен ҳали билмайман.

Қадрдон инларидан мажбуран кўчирилиб, янги нотаниш ошёнга келиб қолган қушчалардай бир-биридан бегонасираб ўтирган синфдошларимга мен ҳам ётсираб қарайман.

Кейин, чамаси икки ойлардан сўнг бизга “Алифбони ўргатган, тўғри йўлни кўрсатган” синф  раҳбаримиз  Озода  опа  синфдош  қизчаларни  бир  қаторга  тизиб,  шундай  ашула ўргатади:

Осмондаги юлдузни санаб етоман дема,

Юракларни куйдириб ташлаб кетоман дема,

Ҳо-о-о,

Ташлаб кетоман дема.

Пахта экомиз бирга, терлар тўкомиз бирга.

Олтин териб Ватанга совға этомиз бирга,

Ҳо-о-о,

Совға этомиз бирга!

Озода  опа  –  лўмбиллаган  навжувон  келинчак, ўзи оғзаки куй чалиб, бармоқларини қарсиллатганча ўйинга  тушиб  кетар,  парталарда мусичадай жавдираб ўтирган биз ўғил болалар ҳайрон, синфхонанинг очиқ саҳнида сочлари пилтажамалак қилиб майда ўрилган синфдош қизлар опанинг нағмасини такрорлаб, жўр овозда давом эттиради:

Ёрим етган ерларга мен ҳам бормай қолмийман,

Йўлларига кўз тутиб, соғинчидан толмийман,

Ҳо-о-о,

Соғинчидан толмийман.

Пахта экомиз бирга, терлар тўкомиз бирга…

Биз ўзимизни мактабда эмас, гўёки пахтазор  далада  –  эгатлар  орасида  ўтиргандек  ҳис  қилардик.  Сатҳи  тупроқ  зах  синфхонада,  эндигина  қатқалоқни  ёриб  чиққан нозик-нимжон  ғўзабарглардай  дийдираб турган,  тизилишиб  ашула  айтаётган  майсадеккина синфдош қизлар. Ашула айттиргани  ҳам  майли,  Озода  опа  ўзи  гурсиллаб рақс тушаркан, қизларни ҳам ўйинга тушишга  мажбур  этди.  Бошларида  чаман  дўппи-чалари,  майда  пилтажамалак  кокилчалари чарх  уришлари  баробарида  гир  айланаркан, айвонимизда ин қурган, ёзда кўрганим қалдирғоч полапонларининг  ёйилган  қора қанотчаларига  ўхшаб  кетарди.  Бу  дардли манзара, соғинчли-армонли бу саҳна кейин умр бўйи мени таъқиб этади, кўз олдимдан кетмайин, оромимни ўғирлаб, йиллар ўтгани  сайин  болалигимнинг  маҳзун,  мунглуғ хотирасига айланиб қолади.

Эгатлар.  Эгатлар.  Умр  бир  пайкал  эса, йиллар эгатларга ўхшаркан. Азиз синфдошларим – Гулнор, Гуландом, Давлатой билан Асилаю маъюсгина Ҳурматой, Ойниёз билан Тўхтахол, Хурсанойлару Чиннигуллар – синфимизнинг  оқиш-қорача,  қизғиш  ва  пуштиранг капалакчалари, қайдасиз, қайлардасиз?

Оналаримиз,  опа-акаларимиз  ёнида биз ҳам пахта терамиз. Онам чаққон, ғайратчан теримчилардан  эди.  Бир  этак  пахтаси  15-20  килогача  чиқарди.  Баъзан  чарчагандай бўлиб  онамнинг  ўқариқ  бошига  қўйилган тўп-тўп этаги устида чалқанча ётган кўйи мовий осмонга қараб ўйга чўмаман. Паға-паға, хирмон-хирмон оқ булутлар бекор тургандан кўра ерга – далага тушса бўлмайдими? Оппа-осонгина  этакларга  жойлаб,  топширардик-қўярдик.  Ёки  ер  –  осмонга,  осмон  эса далага айланса, нима бўларди? “Осмондаги юлдузлар” ҳам синфдош қизларга ўхшаб бир пахта териб кўрсин-чи!..

“Ҳўв  бала!..”  Меликбобо  табелчининг  қўпол, баджаҳл овозидан бирпасда осмону фалакдан ерга тушиб, ўзимни эгат ичига ураман…

Улғайгандан  кейин  ўқиганимиз  устоз  Абдулла  Ориповнинг  “Ушоқ  чигитни  ҳам  этмай деб увол / Миллион эгатларга эгилган халқим”, “Менинг нигоҳимни тортади такрор / Миллион эгатларга сочилган ўзбек” сатрлари аро, ўша сўнгсиз-туганмас пайкаллару адоқсиз эгатлар ичида  ҳануз  йиртиқ-ямоқ  чопон-желакчада бизнинг юпун-юпқа болалигимиз ҳам титраб-дийдираб кўсак чувиб юрибди..

Биринчи маош

Саккизинчи  синфда  ҳали  ўн  тўрт  ёшга етар-етмай  барча  ўқувчилар  каби  олисдаги чўлга пахта теримига мен ҳам отланиб қолдим.  Онам  “Борма,  отангга  айтаман,  олиб қоладилар”,  десалар  ҳам,  орим  тутиб,  мактабдошларимга  қўшилиб,  жўнаб  кетдим.  Бу меҳнат,  унинг  азоби  нималигини  ўшанда Туркманистонга  чегарадош  Болдир  деган жойда, дашту далада билганман.

Саккизинчи кун деганда терим пулини беришди.  Ҳеч  эсимдан  чиқмайди:  сарғиш  бир сўмлик, кўк-яшил уч сўмлик ва қизғиш ўн сўмлик – жами ўн тўрт сўм пул, ўн тўрт ёшга кириб, шу пайтгача ҳалол ишлаб олган илк иш

ҳақим,  биринчи  маошим!  Уйимиздаги  рўзғор бутлиги,  ейиш-ичишимиз,  кийим-кечагимиздан  тортиб  қалам-дафтаримизгача  қандай заҳмату  қийинчиликлар  эвазига  келаётганини, пул топиш осон эмаслигини мен илк маротаба  ўшанда  англаб  етганман.  Ўсмирлик чоғимдаги бу илк ҳаётий синов, қадрдон уйимиздан  узоқда  кечган  илк  мусофирлигу  биринчи  меҳнат  имтиҳони,  ўзим  ишлаб  топган ўн тўрт сўм пул менинг бола тасаввурим, онг ва тафаккуримни ўзгартириб юборди. Ўн кун деганда ҳашарчиларга озиқ-овқат олиб келган колхознинг  шофири  Исломиддин  тоғамнинг кўмагида  ярим  кечаси  вагонлари  биқинига “Тошкент  –  Душанбе”  деб  ёзилган  поездга чиқиб,  эрта  тонгда  бир  аҳволда  уйга  кириб келдим.  Онам  аввалига  роса  уришдилар. “Мана, сизга пул олиб келдим, терган пахтамнинг пули”, дея ўн тўрт сўмни узатганимда, аввалига пулни кўзларига суртиб, кейин йиғлаб юбордилар:  “Қўлларингга  қара,  балам,  ғўза-пояга ўхшаб қолибди… Бормагин девдим-а…”

Будапешт, Будапешт!..

1964  йили  кундалик  ҳаётимизга,  ҳамишаги  гурунгларимиз  билан  юмушларимизга кумуш  тангадай  ярқираб  бир  ғаройиб  сўз оралаб  қолди.  Уруш  кўрган  отамдан  бошқа етти  пуштимиз  эшитмаган  еттиёт  бегона  бу сўз, сеҳрли бу ном бир кунда пайдо бўлдию бирданига  ҳаммамизнинг  туғишган  қадрдонимизга айланди: Будапешт, Будапешт!

Болалик  соғинчларим,  “соғинчли  салом хатларим” Будапешт. Ойбиби момомнинг осмонга  тарвақайлаб  кетган  қари  тути,  унинг тагидаги  тупроқ  супа  кечалари  “Будапешт” деб  шовуллаб,  шивирлаб  чиқади.  Гир-гир айлангувчи  урчуқларининг  ғир-ғир  товуши-да,  аллалари  ноласида  шу  интизорлик.  Тобора  кичрайиб-тугаб  бораётган  калаванинг ипларида  кунлар,  ойлар  айланиб-камайиб бораётгандек.  Тандиридаги  лаққа  чўғ,  унда қизараётган нонлар “Будапешт” дейди. Чорбоғдаги  тезпишар  олмалар  “Будапешт”  дебон  гулга  киради,  зардолилар  ғўралигидан ғўлинг  бўлгунга  қадар  “Будапешт”  дейди. Момомнинг  “Олакўзим  говмишим,  ҳеш-ҳеш, туёқлари  кумушим,  ҳеш-ҳеш!”  дея  сигир соғишлари  ҳам  қулоғимга  “будапушим”дай эшитилади.  Тут  шохига  осиғлиқ  қатор  сузма-халталар  шу  соғинч,  шу  орзиқиш  билан “чак-чак”  ёш  тўкаётгандай.  Момом  қурбонлиққа сўйдирган қўйлар, серкаларнинг қотиб қолган  очиқ  жонсиз  кўзларига  қараб  йиғлагим келади. Нон ейилса ҳам, сув ичилса ҳам, роппа-роса уч йил – бир минг тўқсон беш кун муттасил кечаси ҳам кундузи ҳам шу гурунг, шу қўмсов: Будапешт, Будапешт!

“Камолиддин  худди  Вингирга,  Будапуш деган  шаҳарга  тушибди”,  дея  хабар  бердилар  онам  ҳарбийга  кетган  тоғамдан  ниҳоят икки  ой  деганда  илк  мактуб  келганда.  Онам “Будапешт”ни ўзимиздаги Бўйрапўш қишлоғига  менгзаб  гапирганларига  отамнинг  жаҳли чиқади: “Бу сенинг Бўйрапўшинг эмас, Будапешт бу, немисдан жанг қилиб олганмиз!”

Ўша  кунлар  тоғамга  хат  ёзиш  менинг энг  севимли  машғулотимга  айланиб  қолди: “Соғинчли салом хат. Қайсиким ул гўзал Будапешт  шаҳрида  гулдай  очилиб,  булбулдай  сайраб  хизмат  қилиб  юрган  Камолиддин  тоғамга  Ойбиби  момомдан,  Холбиби онамдан соғинчли саломлар бўлсин…”

Хатнинг  бошланиши  андозасини  опамнинг  мактубидан  сездирмайгина  кўчириб олган  эдим,  буёғига  нима  ёзишни  билмай анча қийналдим. Бирдан оғилхонамизда рўй берган  қувончли  воқеа,  энг  катта  янгилик эсимга тушиб, давомига шуни қўшиб қўйдим: “Тарғил сигиримиз иккита бузоқ, қартанг сигиримиз битта бузоқ туғди”. Ундан сўнг “мен биринчи синфда ўқияпман” деган хабар билан саломномамни якунига еткизаман.

Будапешт, Будапешт…

Ойбиби момомнинг ғўзапояcини ғарамлаётганимизда ичимда ўз-ўзидан савол туғилади: “Будапештда ҳам ғўзапоя ўсармикан?..”

Онамнинг холаси

“Юр, балам, Соро момонгни кўриб келамиз”, дедилар бир куни онам.

Соро момо кимлигини мен ҳали билмайман, бироқ онам у кишини кўргани мени ҳам олиб боряптиларми, демак, бир яқин хешлиги бўлса керак-да.

Ости  ҳам,  усти  ҳам  бўйро,  нимқоронғи бир  уй.  Лойшувоқ  деворларида  сомонлар сарғиш игналардай хира ялтирайди. Уйдаги намат, эски-туски  кўрпачаларни  ҳам  элас-элас  эслайман.  Бироқ,  аниқроғи,  энг  қизиғи – бўйро, четлари кўрпачалардан чиқиб кўриниб  турган  бўйро,  ёғоч  синчларнинг устидан шифт қилиб тайланган бўйро, таги ҳам, шифти ҳам бўйро бир уй. Қамиш-бўйро ҳиди, лойшувоқ ҳиди менга жудаям таниш.

“Хола,  яхшимисиз,  соғ-саломат  келдингизми?” дея сўрашадилар онам.

Шундагина қоронғи уйнинг ғира-шира бурчагида  бош  томони  оқишроқ,  қолган  қисми қизғиш-жигарранг, муштдайгина бир кўланка аста  ғимирлаб  товуш  берганини  илғайман. Соро  момо  онамнинг  холаси,  Абдукарим амакимизнинг онаси экан. Жавзойи узумнинг майизидай бужмайибгина қолган, қовжираб, кичрайиб кетган момо кўзимга жуда ҳам қари ва нимжон бўлиб кўринади.

“Бу  қайси  баланг,  Холиви?..  деб  менга қанд, майиз узатганида момонинг тери ва қоқ суякдангина иборат титроқ-қалтироқ панжаларидан ғалати аҳволга тушаман. Улар қўлдан  кўра  томорқамизда  тупроқнинг  ичидан чиқиб турган қуруқ томирларни эслатарди.

Момонинг  юзи  шудгор  қилингандай чўтир-чўтир  ва  ажинзор,  қошу  қабоғи  қўшилишиб-уйқашиб  кетган,  чуқур  ботган кўзлари  опамнинг  эски  қора  камзулидаги қора  хира тугмачалардай  зўрға  кўринади. Ўшанда мен беш яшар болакай, Соро момо эса  бир  юз  беш  ёшда  экан.  Шу  аҳволда “Холиви, шошма, мен бир нос чекиб олай”, деб  нос  чекканию  кўзларини  юмиб  олиб, шу  кўйи  узоқ  сукутга  чўмгани,  сўнгра  бир фаслми,  бир  асрми  гўё  шундай  ўтиргану бирданига  умрининг  қолган  давомини  ҳам яшаши  лозимлиги  эсига  келгандай  ҳушёр тортиб,  онам  билан  менга  ажабсиниб  қараганигача, кейин эса бўйронинг бир четини кўтариб,  носини  тупурганию  оғзини  чой билан  чайганига  қадар  кечган  вақт  –  мен учун энг азобли, назаримда, юз йиллардан ҳам  узунроқ  ва  дилгирроқ  бўлиб  туюлади. Диққинафас  бўлиб  билдирмайгина  онамни турта бошлайман. Момо шуни ҳам сезибди: “Майли, Холиви, баланг зерикиб кетди, Худонинг панойига…” Онам “Бизнинг уйларга ҳам  боринг-да,  хола”,  дегунларича  ўзимни ташқарига – ҳовлига отаман.

Ўша гурунгдан кейин Соро момо яна бир йил умр кўриб, бир юзу олти ёшда бу бўйрапўш дунёни тарк этди. Онамнинг айтишларича, момонинг тўнғич ўғли Абдукарим амакимиз, Шарипов бобо жанозада “Хазон бўлган энам-а!”  дея  ёқасини  вайрон  қилиб,  роса фарёд солган экан.

Тоғ бошидаги туман

Бир кун  онамнинг  юзидаги  ажинларга боқиб, кўнглим нохос зирқираб кетади.

Юз-бетлари харитага ўхшаб қолибди.

Менинг минг сатр шеърим ёрилган, қадоқ кафтларининг бир чизиғига арзирмикан?..

Ҳар  бир  ажин,  ҳар  тола  оқарган  сочларининг  ўз  тарихи,  таржимаи  ҳоли  бор.  Қай бири қачон, нима учун пайдо бўлганини, қай бирига  менинг  қандай  “ҳиссам”  қўшилганини ёддан айтиб беришим мумкин. Уларнинг баъзиси суви қуриган ариқни эслатади. Кўзларининг  икки  ёнидан  пастга  қараб  тортилган  иккитаси  жуда  чуқур  кетган.  “Кўзёшларининг  излари”,  деб  ўйлайман  ичимда. Умрий  изтироблар,  болалик  чоғлариданоқ етим-сағирликда кўрган хору зорликлари, айрилиғу жудолиғлар, бизни одам бўлсин деб, тортган ранжу аламлари билан заҳматларга тўла ҳаёт йўлидаги йўқотишу армонларининг битиклари. Ўзанларга ҳам ўхшаб кетади. Ҳаётни, тирикликни яшнатаман деб, фарзандларим хорлик кўрмай кўкарсин, одам бўлсин деб  умр  бўйи  беминнат  сарфлангану  энди қуриб  қолган  ҳаётбахш  дарёларнинг  ўзанлари.  Ўн  саккиз  йил  бурун  мухбир  укамизнинг саволига “Мен Тошкентда еттита китоб чиқарган бўлсам, онамнинг юзларига етмиш еттита ажин тушган бўлса не ажаб”, деб жавоб берган эканман. Ҳозир бу ажинлар бир юз етмиш еттитага етгандир. Ўн саккиз йил… айтишга осон!

“Ҳой Холбиби, ўртанча баланг шоир бўп кетибдими?  Ё  Худо,  қонида  бор-да,  қонига тортибди-да…”

Отам  биринчи  китобимни  кўрмай  кетдилар. Қўлимдан иш келадиганда бир яхшилик қилишга улгуролмай армонда қолдим. Китобга  берилган  қалам  ҳақидан  маъракаларини ўтказишни ният қилиб қишлоққа бордим.

Ўтган асрнинг саксон бешинчи йили эди. Маврид  ниҳоялаб  қолганда,  дуои  хайр  қилингандан  сўнг,  маъракага  келган  кўпчилик қариндош-уруғ ичида оппоқ булутдай бўлиб ўтирган  Қодир  бобо  –  Ваҳоб  шоирнинг  “Қодир манинг кўрар кўзим, қўйимдан айрилган қўзим, сафарим бор Тошкангача” дея шеърлар  бағишлаган  ўғли  Абдуқодир  бобонинг гуриллаган  товуши  эшитилади:  “Холбиби, қани, шоир балангни чақир энди. Бизам энди тоғ  бошидаги  тумандайин  гап,  эртанми-индинми  кўчамиз-да  кетамиз.  Бир  дуо  берай, мамлакатнинг  катта  шоири  бўп  кетсин!.. Омин!..  Ё  Сайф,  ё  Зулфиқор,  Худо  ҳамиша панойида асрасин!..”

“Эллик йилда эл янги…”

Отам солган уйлар.

Бу  уйларнинг  қурилганига  эллик  йиллар бўлди. Ҳовлидаги ёғоч сўримиз олтмиш йилдан  буён  турибди.  “Қанча  одамзоддан  шу ёғоч авло экан”, дейдилар онам. Яна қўшиб қўядилар: “Эллик йилда эл янги, қирқ йилда қозон янги”.

Ҳовлимиздаги ёғоч сўри олтмиш йилдан буён турибди.

Не-не  зотлар  ҳамнишин  бўлиб  кетмади бу  сўрида.  Тоғдай-тоғдай  раислар,  булутлардай-булутлардай чоллар, оқсоқоллар – тоғдай-тоғдай бўлиб келдилару булутдай-булутдай кўчиб кетдилар. Достонлари туганмас маталгўй тоғалар, нақлу ривояти дунёнинг охиригача етгувчи авлиёсифат амакилар, мушфиқ аммалару жонсўз холалар – неча насл, неча авлодни бошдан ўтказди бу сўри. Эл аро донғи кетган булбулзабон  ҳофизлар  бунда  хониш  қилди. Элнинг  улуғ, устоз шоирлари  келди.  Полвонлар, чопағонлар гурунг сурди. Ёру ошно, дўсту биродар, қариндошу бегона – бари келган, бари  кетганга,  онам  шу  сўри  устида  қиблага қараб  неча-неча  дуоларга  қўл  очди:  “Ай  болаларим-ай, мандан нима ҳам олардинглар, фақат дуо оласилар-да… Илоё, давлатларинг зиёда, душманларинг пиёда бўлсин. Худо шу дамларни ҳаргиз паришон қилмасин!..”

“Ёзсанг, буғдойни ёз…”

…Соро момонинг ўша “Худонинг панойига…” деб берган дуосидан кейин орадан эллик йил ўтибди.

“Эллик  йилда  эл  янги,  қирқ  йилда  қозон янги”.

“Минг  шеъру  ғазал  берган  бу  давру  замон янги”, дея онамнинг ҳикматли гапларини  шеърий  сатрларга  тизаман.  Кейин  “Буғдойбўй  Ватан”  деган  китобим  чиқади.  Бир вақтлар  онамнинг  калишларига  бағишлаб шеър  битган  эдим.  “Буғдойбўй  Ватан”  шеъримни телевизорда ўқиганимни кўрган онам: “Ёзсанг, ана шундай буғдойни ёз, нонни ёз, балам, менинг калишларимни нима қиласан ёзиб?!” дея китобимни кўзларига суртиб дуо қилдилар: “Йўлингни поклаб юр, сўзингни ўйлаб гапир, балам…”

Булбул яшай олмас чамансиз, она,

Инсон хор бўлгайдир Ватансиз, она.

Ватан барчамизга буюк онадир,

Сиз буюк Ватансиз, Ватансиз, она.

 

—————————————————————————————————————-

 “Тафаккур”  тахламларини варақлаганда  шоир  Сирожиддин  Саййидни энг фаол муаллифлар сафидан осонгина топса бўлади. У бир муддат журнал таҳририятида ишлаб ҳам кетган. Лекин асарлари тез-тез босилиши шунинг учун ёки одатдаги ошна-оғайнигарчилик жўнидан эмас, асло! (Худога шукр, ошна-оғайни  етарли,  истеъдодлисига  қолганда  эса  ҳамон  муҳтожлик  сезилади.) Гап шундаки, шоир кўтариб келган асарлар таҳририятга деярли ташвиш туғдирмайди. Озодагина қўлёзмани завқ билан бир қур кўздан кечириб, шеърларни саралаб чиқасиз, вассалом. Бундай номдор муаллиф, бундай саришта қўлёзмага таҳририятлар ҳар қачон муштоқ!

Сирожиддин Саййидни истеъдодли шоир демоқ камдек, етарли эмасдек. Истеъдодлиларимизнинг бир қанчаси Худо ато этган ана шу неъматлари билан мағрур, шу билангина андармон, сўзга ҳам, қўлёзманинг аҳволига ҳам панжа орасидан қарайди:  менинг  бўлган-турганим  шу,  чунки  талантим  зўр!  Дадил  айтиш  мумкин, сўз танлашда, сўз қўллашда, уни санъаткорона ўйнатишда, оҳангдорликда ҳозир Сирожиддин Саййиднинг олдига тушадигани бўлса ҳам, бармоқ билан санарлидир. Моҳир деймизми, топқир деймизми, йўқ, тилга бошқа сўз келаверади: м а с т е р!

Бирор гапдан завқланиб кетганида Сирожиддин Саййиднинг болаларча беғубор  қиқирлаб  кулишини  кўпчилик  билса  керак.  Шу  самимий  кулги  шоирни  таниган илк чоғларимиздан бери бор, мана, қутлуғ ёшларга етиб, юксак унвону мартабаларга эришибдики, ҳамон ўзгармаган. Бугун ардоқли шоиримизни журнал жамоаси ва шеърхон мухлислар номидан муборакбод этар эканмиз, ижодий сарбаландлик тиламоқ баробари, ана шу инсоний самимиятни қўлдан бермаслигига умид қиламиз.

Таҳририят

———————————————————————————————————

[1] Шохавр (шева) – сел ёмғири

[2] Нимтана – аёлларнинг қалин олача матодан тикиладиган ёпинчиғи.

 

Мақола “Тафаккур” журналининг 2018 йил 4-сонидан олинди

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ