"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти

Ўқилди: 131

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 2018 йил 14 декабрь куни ёзувчи Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3652-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёш авлодни миллий адабиётимизнинг етук намояндалари ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган тадбирда уюшма аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар иштирок этди.

Тадбирда ёзувчи Неъмат Арслон мустақил Ватанимизнинг адабиёти ва маънавий хазинасига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ижодкор экани, катта адабий тажрибага эга ёзувчининг асарлари ўзбек китобхонларига яхши таниш экани алоҳида таъкидланди. Ёзувчининг ҳаёти ва ижоди ҳақида, асарларининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Неъмат Арслон (Арслонов) 1941 йил 7 июнь куни Шаҳрисабз тумани Мираки қўрғончаси яқинидаги Такия қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган (1965). Адибнинг турли жанрдаги асарлари “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ижод олами”, “Ёшлик” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва “Китоб дунёси” газеталарида мунтазам босилиб турибди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Адибнинг «Аёл сувратига чизгилар», «Олдинда яна тун бор» ҳикоялар тўпламлари, “Бигиз” қиссалар тўплами, “Қизил шиша синиқлари”, “Маҳбуснинг иккинчи ҳаёти” новеллалар тўплами, “Адам водийси”, “Мавҳумот” романлари ва бошқа бир қатор асарлари чоп этилган.

Ёзувчининг янги “Савти сарвиноз” романи Шаҳрисабз беклигининг нуфузли шахсларидан бири мумтоз бастакор Абдираҳмонбекнинг (XIX аср) ҳаёт йўли ва санъатимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси бадиий, тарихий ва публицистик-мушоҳадавий талқин қилиб берилган. Шаҳрисабзлик бастакор Абдираҳмонбек Шашмақом билимдонларидан бири бўлиб, унинг бир неча савтлари машҳур. Ёзувчи ана шу тарихий шахс тўғрисида манбаларга таянган ҳолда бадиий асар яратган. Асарда психологик бадиий таҳлил яққол кўзга ташланиб туради ва мақсад образнинг манънавий дунёси ҳамда руҳий кечинмаларини тасвирлаш бўлган. Асар ўзбек китобхонларга манзур бўлиши шубҳасиз.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ