"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Боғинг Ватан деган ном олсин

Ўқилди: 103

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси анжуманлар залида 2018 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодига бағишланган “Боғинг Ватан деган ном олсин” деб номланган адабий кеча ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3652-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда уюшма аъзолари – ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, шоирнинг оила аъзолари, эл суйган санъаткорлар, ёш ижодкорлар иштирок этди.

Тадбирда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида катта аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида туғилди. 1960 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлади.

У ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини ёшлар нашриётида кичик муҳаррир сифатида бошлади. Кейинчалик мамлакатимизнинг нуфузли нашриётларида муҳаррир, бош муҳаррир, шунингдек, “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти директори каби вазифаларда самарали меҳнат қилди.

Эркин Воҳидов ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

Мустақиллик йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган бир қанча янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари, бунёдкор замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, юртимиздаги улкан ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақидаги публицистик мақолалари кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

Эркин Воҳидов 1990-1995 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши қўмитаси раиси, 1995-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, 2005-2009 йилларда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди.
У тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди.

Эркин Воҳидовнинг ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвонлари, “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига кўра атоқли шоиримизнинг 80 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Унинг ўзбек тилида “Сайланма” асарлари, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламлари нашр этилди, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Эркин Воҳидов ижодининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти” мавзуида илмий конференция ўтказилди, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил қилинди. Улуғ шоир хотирасини абадийлаштириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилди. Шоир ҳайкали яратилиб, “Адиблар хиёбони”га ўрнатилди. Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Фарғонада шоир номи билан аталувчи ижод мактаби фаолияти йўлга қўйилди.

Тадбирда ёш ижодкорлар шоир шеърларидан ўқиб берди. Санъаткорлар томонидан шоир шеърлари билан айтиладиган куй-қўшиқлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ