"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“Абдулла Қодирий кашфиёти” китоби тақдимоти

Ўқилди: 124

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси анжуманлар залида 2018 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Собир Мирвалиевнинг “Абдулла Қодирий кашфиёти” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёш авлодни миллий адабиётимизнинг етук намояндалари ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган тадбирда уюшма аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар иштирок этди.

Тадбирда миллий адабиётимиз тараққиётига ва маънавий улкан ҳисса қўшган, қисқа умри давомида ўз халқи ва адабиёти учун ғоят катта, салмоқли, айни чоғда муҳим маънавий-маърифий, бадиий-эстетик аҳамиятга молик ижодий мерос қолдириб кетган улуғ ёзувчи Абдулла Қодирийни ўрганиш, уни тадқиқ қилиш ва англаш бугунги кунда ҳам долзарб масалалардан бири экани таъкидланди ва Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Собир Мирвалиевнинг “Абдулла Қодирий кашфиёти” деб номланган китоби бу йўлдаги изланишларда муҳим ва дадил қадам бўлгани эътироф этилди.

Рисоланинг ўзига хослиги шундаки, унда Қодирий ижодига том маънода истиқлол руҳидан келиб чиқиб ёндошилган. Энг муҳими, шу кунгача қилинган тадқиқотлардан фарқли ўлароқ, мазкур асарда буюк адибнинг ҳаёт ва ижод йўли, адабий маҳорати, адабиётимизнинг тарихдаги роли тўла қамраб олишга ҳаракат қилинган.

Бундай тадқиқотлар келажакда янгидан-янги истеъдодли қодирийшуносларнинг майдонга келиши ва камолотга кўтарилишида мустаҳкам таянч вазифасини ўташи шубҳасиздир.

Маълумот учун: Собир Мирвалиев 1930 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1956 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг (ҳозир университет) кечки филология бўлимини битирган. 1974 йилдан Тошкент давлат маданият институтида (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти) кафедра мудири вазифасида ишлаб келган. Ўз фаолияти давомида кўплаб шогирдлар тайёрлаган. “Ҳаёт ва кураш поэзияси” (1962), “Қалблардан қалбларга” (1966), “Ўзбек романи” (1969), “70-йиллар ўзбек насри” (1972), “Тарихийлик ва замонавийлик” (1976), “Наср, давр ва қаҳрамон” (1983), “Роман ва замон” (1984), “Ўзбек адиблари” (2000, 2007, 2016), “Ўлмас Умарбеков” (1994), “Абдулла Қодирий” (2000) каби асарлар яратган. Собир Мирвалиев “Шаҳидлар хотираси” мақоласи, “Танишинг, шояд сиз ҳам шифо топсангиз” эссеси, “Экологияда маданият ва маънавият муаммолари” (ҳамкорликда) китоби, шунингдек, қатағон мавзусидаги чиқишлари ва ташвиқотлари учун Халқаро Петербург академиясининг ҳақиқий аъзоси – академик этиб сайланган (2009).

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ