"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Фарғонада Эркин Воҳидов кунлари

Ўқилди: 73

Фарғонада Эркин Воҳидов кунлари

Фарғонада бўлиб ўтган адабиёт байрами “Эркин Воҳидов кунлари” доирасидаги тадбирлар билан янада катта шодиёнага айланди. Унда пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда адабий меросимизни кенгроқ ўрганиш ва тарғиб этиш, миллий адабиётимизни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз жорий йилнинг 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳридаги ижодкорлар боғида бўлиб, Эркин Воҳидов ижодини ўрганиш ва ёшларга ўргатиш, шеърлари асосида қўшиқлар яратиш зарурлигини таъкидлаган эди. Мазкур адабиёт байрами ва Эркин Воҳидов кунлари ҳам шу мақсадда ташкил этилди.
Атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган. Юртимизда инсон қалбидаги нозик туйғуларни, халқимизга хос орият ва ғурурни, озодлик ҳамда истиқлолни ўзининг гўзал шеър ва достонларида юксак маҳорат билан ифодалаган севимли шоирнинг китоблари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак.
Э.Воҳидов ”Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” рисоласи, жаҳон адабиётининг мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратган.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган адиб ижодий меросини ўрганиш ва уни ёшларга етказиш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғи ташкил этилиб, Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилди ва мемориал музейи бунёд этилди. Шунингдек, Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилди.
Марғилон шаҳридаги ижодкорлар боғида дастлаб иштирокчилар Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гул қўйди, мемориал музей билан танишди.
Шоир ижодига бағишланган адабий кечада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар Эркин Воҳидов Ватан, инсон эрки, муқаддас заминимизни улуғлаб битган шеър ва ғазаллари, достонлари, драмалари билан ўқувчилар қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган етук ижодкор эканини таъкидлади.
Шоир ижодига бағишлаб ўтказилган танлов ғолиблари тақдирланди. Шоирнинг самимият, меҳр ва муҳаббатга йўғрилган шеърларидан намуналар ўқилди.
– Суюкли адибимизнинг ибратли ҳаёти, бетакрор ижоди миллий адабиётимиз, маданиятимиз ривожи ва халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон. – Марғилон шаҳридаги ижодкорлар боғига қадам қўйишингиз билан шоирнинг ижод намуналари янграб, қалбингизни чулғаб олади. Эркин Воҳидов кунларининг ўтказилиши ҳам халқимизнинг адабиётга, шеъриятга, ижодкорга бўлган эҳтиромининг амалий ифодасидир.
Қўқон шаҳридаги драма театрида ва Олтиариқ туманида бўлиб ўтган тадбирлар ҳам барчада катта таассурот қолдирди. Фарғона давлат университетида шоир адабий меросига бағишланган илмий-анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

 

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА
Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ