"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ватан деганингда…

Ўқилди: 96

Ватан деганингда... Оппоқ саҳарларга саломлар айтгин
Ўзбек яралибдики, садоқат ва вафо оғушида яшайди. Гўдаклигидаёқ меҳру шафқат ўзбек боласининг парвонаси, самимият ва иззат унга гирду капалак.
Оилада чақалоқ туғилиши билан бутун маҳалла эшитади. “Суюнчи!”, “Хуш хабар!”, “Умри билан берган бўлсин!”, дейилади. Пиру бадавлат отахонлар мурғак қулоғига азон айтади. Исм қўяди. “Илоё, умри узун, ризқи бутун бўлсин!“, “Она юртига содиқ посбон, ота-онасига муносиб ўғлон бўлсин!”, дея яхши тилаклар, дуолар қилинади.
Шу тариқа Ватанга муҳаббат ҳисси инсон вужудига сингиб боради. Мана шу гўзал боғлар, азим дарёлар, муқаддас булоқлар бизники, муҳташам шаҳарлар, мафтункор қишлоқлар, бошидан қор аримайдиган тоғлар, бўталоқларини эргаштирган туялар, тойчоқларини эмизаётган биялар, бўзтўрғайжонлар наво қилаётган саҳролар бизники! Кўзимизга тўтиё қилаётган илмий, маънавий, диний-маърифий мерослар бизники – ўзбекники.
Буларнинг бари улкан хазина. Хазинага эса кўз тикканлар кўп бўлади. Уни асраш керак. Уни қўриқлаш керак. Уни билиш, қадр-қимматини тушуниш керак. Авайламоқ, асрамоқ, юракка жойламоқ, севмоқ керак. Ўзни қарздор сезмоқ керак. Зеро, Ватани севмоқ иймондандир.
Мард йигитлар хизмат қилаётган ҳарбий қисмларга, шерюрак чегарачилар ҳузурига борганда юртимиз осмонини ишончли қўриқлайдиган қудратли армиямиз борлигидан фахр-ифтихорга тўласан киши. Ҳа, Ўзбекистон азалдан олов юраклар, бир сўзли мардлар элидир. Дунёда давлатлар кўп. Ҳар бирининг байроғи ўзи учун азиз. Аммо кўзларимизга иссиғи Ўзбекистон байроғи. Дунёдаги энг чиройли, энг мазмунли, жон қадар яқин, юракларда қад ростлаган байроқ – Ўзбекистон байроғи. Кўзларга суртсак равшан тортар чашми қароғимиз, тасвиридаги ой-юлдузлар тунларимизнида ёритган талъату чироғимиз.
Ватан тинчлигини қўриқлаётган арслонларимиз шундай ҳушёр турибдилар-ки, чегара симларига тегиб ўтаётган шамолларнинг-да нафасини эшитади. Қиш фасли чегара симларига қўнган оппоқ қорларнинг-да жарангини сезади улар. Чунки бу чегара ортида муқаддас Ватан турибди. Келинлар фарзандига бахтиёр алла айтмоқда. Юртимиз тинч бўлсин, дея саждага бош қўйган оналар, чегараларда турган посбонларимизнинг олтин бошлари омон бўлсин, дея тасбеҳ ўгираётган оталар бор. Чегара ортида сен ўқиган мактаб, митти қўлчаларингдан авайлаб ушлаб ҳарф ўргатган устоз бор. Елкасида кўтариб катта қилган тоғанг, аканг, сени тоғ билиб суянган опа-синглинг, сени кўрганида лоладек лов-лов ёниб, секин салом бериб ўтадиган қўшни қиз бор. Чегара ортида ғурур бор, ор-номус бор.
Юрт сарҳадларини қўриқлаётган мард ўғлонларнинг қалбида яшаётган, яшилланаётган Ватанга буюк муҳаббат, ҳар бир ижодкорга илҳом бағишлайди. Чегараларда туриб, кечаю кундуз Ватан олдида фарзандлик бурчини оқлаётган, бир сўзли, ўктам, ёвқур, Амир Темур авлодлари бўлган посбонларимизга байрам муборак бўлсин!
ВАТАН БАЙРОҒИНИ ЎПГАН ЙИГИТЛАР
 
Шукур, сиз урушга кетганингиз йўқ,
 
Шукур, сиз тинчликнинг аскарларисиз.
 
Дуо қилаётган юртга бир қаранг,
 
Сиз унинг тожисиз, гавҳарларисиз.
 
Талотўп вокзалнинг бир чеккасида
 
Сизга қарайвериб ўйлайвердим жим,
 
Юрт сенга ишонар, алпкелбат укам,
 
Юрт сенга ишонар, шарткесар иним.
 
Вокзал. Кулгу, ҳазил, севинч ёшлари,
 
Кезар нон ҳидидек азиз хаёллар.
 
Энди сиз кетгандан келгунингизча
 
Тиканлар устида ётмас аёллар.
 
Энди ғурур билан боқар оталар,
 
Юрак гулханидан кўздаги ўтлар.
 
Энди фарқ қилади оддий йигитдан,
 
Ватан байроғини ўпган йигитлар.
 
Нон тишлатар одат, энг қадимий урф,
 
Умид уй тўрида порлаб туради.
 
Тишлам нон – момолар сақлаган ирим,
 
Сени уйғоқликка чорлаб туради.
 
Уйғоқлик пойингга дон излаб келган,
 
Митти қушчаларни синглим, деб сийлаш.
 
Уйғоқлик ҳар тошнинг ёнида ўсган,
 
Ҳар битта гиёҳни укам, деб ўйлаш.
 
Ватан деганингда дилингда отган
 
Оппоқ саҳарларга саломлар айтгин.
 
Ишонч осмонига учирма бўлган,
 
Оққушим, соғ қайтгин, саломат қайтгин.
 
Илоё, соғ қайт!
 
Келинчак кирмаган йўлинг соғ қайтсин,
 
Куёв белбоғ боғлар белинг соғ қайтсин.
 
Беғубор дилингда ҳарбийда ўсган,
 
Ватан меҳри, деган гулинг соғ қайтсин.
 
Илоё соғ қайтсин қора кўзларда
 
Ғурур гулханидан чақнаган ўтлар,
 
Ахир фарқ қилади оддий йигитдан,
 
Ватан байроғини ўпган йигитлар.
 
Зулфия Мўминова, шоира.​
ЎзА
Сайт бўлими: Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ