"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Осмони йўқ одамлар…

Ўқилди: 382

Дунёда нима сабабдан ҳар куни юзлаб ҳали ҳаёт нималигини англаб улгурмаган беғубор гўдаклар, навниҳол йигит-қизлар, тирикчилик ташвишидан ўзга нарсани хаёлига ҳам келтирмайдиган одамлар нобуд бўляпти? Табиий офатлар, бахтсиз ҳодисалар, очлик, сувсизлик, муҳтожлик каби сабабу воситаларни қўя туринг, инсон қўли билан инсонни ҳаётдан маҳрум қилиш жазаваси нега ҳар лаҳза ўзини намоён қиляпти?
Дунёда нима сабабдан ҳар куни минглаб гўдаклар етимга айланяпти, юзлаб ота-оналар мурувват уйларида рўйхатдан ўтяпти? Ота-онаси бирор фалокатга учраган болалар, фарзанд неъматидан бебаҳралик туфайли ёлғизланиб қолган кексаларни қўя туринг, тўрт мучаси бут, топиш-тутиши яхши бўла туриб, полапонларини тирик етим қилишдан, ота-онасини ўзгалар қўлига қаратиб қўйишдан уялмайдиганлар сафи нега тобора кенгайиб боряпти?
Дунёда нима сабабдан ҳар куни минглаб одамлар қочқин сифатида жонини гаровга қўйиб, мамлакатдан мамлакатга ўтишга уриняпти, ҳатто бу йўлда бор будидан кечишга рози бўляпти? Бирор жиноят содир этиб, жазо муқаррарлигидан ваҳима тушган кимсаларни қўя туринг, биз ҳар лаҳза ижтимоий тармоқ ёхуд матбуот саҳифалари орқали кўраётган минглаб одамлар ўзи туғилиб-ўсган, ота-онасининг хоки ётган, умрининг энг гўзал дамлари кечган гўшалардан не сабаб қочиб қутулиш пайида бўлишяпти?
Дунёда нима сабабдан ҳали-ҳануз уруш-талашлар, мулку майдон, мансабу мартаба, кибру ҳаво талвасасида ёқа бўғишишлар давом этяпти? Илдизи аллақайси даврларга бориб тақалувчи сохта иддаолар туфайли келиб чиқаётган низоларни қўя туринг, нега бу йўлда бундай иддаоларга буткул алоқаси бўлмаган минг-минглаб оддий одамлар ҳаётини ўйинчоққа айлантиришдек номуносиб рафтор ҳар лаҳза бўй кўрсатяпти?
Дунёда нима сабабдан ҳали-ҳануз ўғил отага, қиз онага, ака укага, қариндош қариндошга ёвлашиб, бир-бирини умр шарбатидан бебаҳра қилишдек тубан фожиа ўз мудҳиш ҳукмини суришдан тўхтамаяпти? Бир-бирига жабр қилиб, зулм кўрган, зулм ўтказган аллакимларнинг тарзу равишини қўя туринг, нега кимлардир меҳр бериб, муҳаббат улашиб ҳам, ана шундай оғир қисматга дучор бўляпти?
Дунёда нима сабабдан ҳар куни табиатнинг зийнати бўлган, борлиқ мувозанатини сақлаб турган минглаб жониворлар ҳаёт деган ширин неъматдан маҳрум қилиняпти? Турли ижтимоий-маиший мақсадларни қўя туринг, нега инсоният баъзан шунчаки кўнгилхушлик, баъзан мўмай даромад таъмаида бундай ишга қўл уришдан тўхтамаяпти?
Дунёда нима сабабдан энг муқаддас қадриятларга ҳар лаҳзада хилоф иш тутиш, бундай қадриятларни очиқ-ошкор топташ ёхуд улар устидан кулиш урфга айланиб боряпти? Ахлоқи ношоиста кимсаларнинг таъбни хира қиладиган қилиқларини қўя туринг, нега аслида кўпчиликка ибрат бўлиши керак бўлган одамлар Яратган ўзларига ато этган иқтидорни ана шундай тубан иллатлар қурбонига айлантиришдан андиша қилмаяпти?
Чунки улар китоб ўқишмаяпти. Тўғри-да, ҳамма нарсани биладиган, дунёнинг исталган бурчагига қўли етадиган кишиларга китоб ўқишга не ҳожат. “Дунёни кафтингда ўйнатиб қўйиб, сўнг томоша қилиб ўтириш қайдай яхши?”
Чунки улар китоб ўқишмаяпти. “Бели тўла бола” бўлган, ота-онаси улар учун “бир мириям сарфламаган” кимсаларга китобнинг нима кераги бор. “Яйраб қолишсин”, “тўйиб-тўйиб нафас олишсин”.
Чунки улар китоб ўқишмаяпти. “Ака ука, қариндош-уруғ, дўст-биродарга меҳр-оқибат қорин тўйдирармиди?” Бас келиб кўрсин-чи, биров уларга.
Чунки улар китоб ўқишмаяпти. Қадриятга не ҳожат. Муҳими, замондан орқада қолмаслик, муҳими, яшашга улгуриб қолиш. “Қадрият дейдими? Поезд кетиб бўлди-ю…”
Чунки улар китоб ўқишмаяпти. Чунки китобга ишонишмаяпти. Китобда тасвирланган ҳаётни ёлғон деб ҳисоблашяпти. Аслида ана шу “ёлғон” ҳаёт ҳақиқатларини англаб етишнинг калити эканлигини тан олишмаяпти.
Чунки улар китоб ўқишмаяпти. “Формадан чиқиб қолишдан” чўчишяпти. Чунки улар китобга ишонишмаяпти. Китобни қўя туринг, уларни баъзан осмон борлигига, унда нур сочаётган Қуёш бизни яхши кўришига, қушлар бизни соғиниб узоқ ўлкалардан учиб келишига, наботот биз учун гул очиб, биз учун мева тугишига ишонтириб бўлмаяпти.
Муҳтарам Президентимиз давлат раҳбари сифатида ваколат берилган илк кунлардаёқ бекорга китоб ўқиш ҳақида куюниб гапиргани йўқ. Жойларда сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар чоғида бу масала бекорга такрор-такрор кун тартибига қўйилгани йўқ. Китобхонлик маданиятини ошириш, китоб мутолаасини рағбатлантиришга йўналтирилган Президент фармойиши ва қарори, ўтган қисқа муддат давомида бу қадриятни улуғлашга қаратилган мамлакат миқёсидаги тадбирлар, танловлар ташкил этилганлиги, бу ишларнинг маънавият байрамлари ўлароқ ихлос ва эътибор билан давом эттирилаётганлиги ҳам айни шу эзгу мақсадни ўзида мужассам этган.
Эндиликда Президентимиз дунё миқёсида кўплаб муаммоларнинг ечими айнан китобга, илм-маърифатга дахлдор эканлигини, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан курашиш мумкинлигини жаҳон минбарларида туриб дадил айтмоқда. Дунё афкор оммаси диққатини “оёғимиз остидаги хазина”га, биз назарга илмаётган китоблар бағрида жо бўлган минг йиллик ҳақиқатлар, оқилона ечимларга такрор-такрор қаратмоқда. Юртбошимизнинг мамлакатимиз пойтахтида Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида ўтказилган халқаро конференциядаги нутқи моҳиятида ҳам ана шу инсонпарвар ғоя мужассам эканлиги анжуман ишида қатнашган олий мартабали меҳмонлар, халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Мақсад эса ягона. Инсониятни илмсизлик, маърифатсизлик зулматидан қутқариш. Президентимизнинг ўз таъбири билан айтганда, одамларни ишонтириш, инонтириш. Жумладан, китоблар бизнинг чинакам дўстимиз эканлигига, уларсиз ҳаётимиз зулматга юз тутиши муқаррарлигига ҳам. Зеро, дунёдаги афғон халқи каби кўплаб жафокаш халқлар қисмати бунга ёрқин мисол.
Ҳа, зулматда қолмаслик учун китоб ўқиш керак, яхши яшаш учун китоб ўқиш керак. Қуёш бизни яхши кўришини, қушлар бизни соғинишини, ёмғир томчиси юзимизга томишни орзу қилишини ҳис қилиш учун китоб ўқиш керак. Осмони йўқ одамларга айланиб қолмаслик учун китоб ўқиш керак!

 

Шодмон СУЛАЙМОН

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ