"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Оқибат ёхуд телефон можароси

Ўқилди: 336

Ҳаммаси иш жойим ўзгарганидан кейин бошланди. Шу пайтга қадар телефоним билан иши бўлмаган аёлим хархашани одат қилди: “Кўп жойга кириб-чиқасиз. Кўпчилик билан ўтириб-турасиз. Тузукроқ телефон олинг…”
“Телефонимга нима бўлибди, – дейман гапни ҳазилга буриб, – “Айфон-28, бунақасини заводдагилар ҳали яратмаган. – Сўнгра суҳбатга нуқта қўйган каби тўнғиллайман: – Телефоннинг катта-кичиги, янги-эскиси бўладими, мақсад салом-алик, ҳол-аҳвол сўраш бўлганидан кейин?”
Биламан, хотин зоти бир нарсани билмаса гапирмайди. Одамга ранги- рўйи, либосу жиҳозига қараб баҳо берадиганлар кўп. Аммо барибир ён бергим келмайди. Бир тарафдан, болаликда орттирган одатим: эски нарсаларимни, бўшаган ручка бўладими, тўлган дафтар бўладими, ташлаб юбормай олиб қўйишим (бир ой бўлса ҳам, хизматимни қилди-ку, ахир), иккинчи тарафдан, ялтироқ нарсаларга ўч эмаслигим бунга йўл қўймайди.
Буларнинг ҳаммасини қўяверинг. Менинг айнан шу телефон аппарати билан боғлиқ жуда кўп қадрдон хотираларим бор: мен у орқали ҳозирда орамизда бўлмаган кўплаб устозлар, сиймоси юрак қатига муҳрланган ардоқли инсонлар билан мулоқотда бўлганман: Абдулла Орипов, Аҳад Ҳасан, Омон Мухтор, Охунжон Сафаров, Музаффар Турсунов, Раҳим Воҳидов, Самандар Воҳидов, Садриддин Салим Бухорий, Самаджон Азимов, Усмон Қўчқор, Ғулом Каримий каби дилга яқин зотлардан дуолар олганман…
Уларнинг рақамларини ҳали-ҳануз телефон аппаратидан ўчириб ташлаганим йўқ. Бунга қўлим бормайди. Худди улар қўнғироқ қилиб қолишса-ю, жавобсиз қолдирсам, уялиб қоладигандек… Буни шоирона хаёл дерсиз. Аслида ҳақиқий сабаб – бу рақамларни ўчириб юбориш уларнинг руҳига хиёнат қилиш билан баробар, дея ўйлаганим бўлса керак. Афсуски, телефонимдаги бундай рақамлар сони тобора кўпайиб, омонату ғаниматларим сафи тобора сийраклашиб боряпти…
Аммо ҳаммани ҳам шундай кўнгилга яқин олиб, ҳаммани ҳам шундай қадрдон тутавермайсан-ку. Мен фақат бир қисмининггина исму шарифларини санаган инсонларнинг ҳар бири менга ўхшаган қанчадан-қанча ёшларнинг бошини силаган, яхши сўзу меҳр-оқибати билан сийлаган зотлар эди-да. Энди уларга оқибат қилмаслик, уларни яхши сўзу чин ихлос билан ёд этмаслик мумкинми?!
Аҳад Ҳасан устоз телефонда ҳам латифаю аския қўшиб гапирардилар. Устоз Омон Мухтор билан телефонда охирги марта гаплашганимизда, “Туғилган кун” китобингизни ўқидим, нималардир бор, ёзаверинг”, дея далда бўлганларини энтикиш билан эслайман. Охунжон Сафаров устоз телефонда узоқ гаплашишни хуш кўрардилар. Раҳим Воҳидов домла билан суҳбатимиз қисқа, аммо мутойибага уйғун йўсинда кечарди. Самандар устоз янги шеър илиниб, фикр сўрасалар, Садриддин устоз: “Тақсиржон, қандай янгиликлар бор?” дея адабий ҳаётдаги ўзгаришу силжишлар хусусида сўрардилар. Исомиддин Жумаев домла: “Мен ҳам сафда борман, укажон, давраларга чорланг”, дея тантанавор лутф қилсалар, Шамсиддин Йўллиев устоз билан суҳбатимиз саҳна ва ҳаёт ўртасида кечарди…
Уларнинг ҳар бирлари билан боғлиқ ана шундай тотли хотираларим бор. Телефондаги ўзаро мулоқотлардан ташқари, ҳаётдаги, илмий-адабий изланишлар доирасидаги ҳамкорликлар ҳам ҳали-ҳануз қалбга ҳаяжон солади, инсон қадр-қиммати ҳақидаги ўйларимга қанот бағишлайди.
Унутиб бўладими: Самандар устознинг умр шомида битган хотира лавҳаларини бир муқова остига жамлаб олиб келганлиги-ю, китобга сўзбоши ёзиб улгурмасимдан, устознинг ўзи ҳам сафимизни тарк этиб, хотирага айланганини?! Усмон Қўчқор устознинг байрам табрикларимга жавоб ёзолмай (телефонга ишқи йўқ эди-да), салом ва табрикларини Бухородан борганлар орқали омонат етказиб турганларини?!
Домла Охунжон Сафаровнинг диссертациям учун биргина китоб сўраганимда, пойи-пиёда қатнаб ишлашларига қарамасдан (Самарқанд дарвозадан университетгача – эски шаҳар оралаб, бу – домланинг доимий одати эди), бир портфель китоб кўтариб келганлигини унутиш мумкинми?
Устоз Раҳим Воҳидовга, бир мақола зарурати туфайли, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Парим бўлса, учиб қочсам улустин, то қанотим бор…” сатрини тўғри қўллаган-қўлламаганим тўғрисида маслаҳат солганимда, эртасига домланинг ғазални ўз дастхати билан тўлиқ кўчириб, “Хазойин ул-маоний”нинг қайси девонидан олинганлигию девондаги рақамигача ёзиб келганлигини унутиб бўладими?!
Ҳали-ҳануз луғатларда кам учрайдиган бирор сўзнинг маъносини англаш мушкулоти туғилганда, ёхуд бирор нарса-ҳодиса, олим ёхуд ижодкор ҳақида маълумот олиш зарурати пайдо бўлганда, беихтиёр телефонга қўл чўзаман-у, дафъатан тўхтаб қоламан. Бу икки залворли қанотдан мосиво бўлганлигимни эътироф этароқ қалбимга оғир юк чўкади…
Аёлим бўлса, хархаша қилгани-қилган: “Кўп жойга кириб-чиқасиз. Кўпчилик билан ўтириб-турасиз. Тузукроқ телефон олинг. Рақамларни бошқа аппаратга кўчириб олса бўлади-ку…”
“Кўчира туриб, рақамлар йўқолиб қолса, нима бўлади?! – дейман. – Тегмаларинг, вақти-соати келиб, ўзим амаллаб оларман!” – дейман. Телефонимни панароққа, стол устидаги китоблар орасига суриб қўяман…

Шодмон СУЛАЙМОН

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ