"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

МУШТАРАК ОРЗУ-НИЯТЛАР

Ўқилди: 340

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳар доимгидек ҳаққоний сўзларга, конструктив фикр, ечим ва ғояларга бой бўлди. Барча бу мурожаатномани бошидан-охиригача ҳаяжонланиб эшитди десак муболаға бўлмас. Халқимиз ҳаётини, турмушимизнинг барча соҳаларни аниқ ташхислаб, камчилигу нуқсонларимизни очиқ-ойдин тилга олиб, уларни тузатганимиздагина, давлатга, халққа, жамиятимизга ва бир-биримизга муносабатимизни ўзгартирганимиздагина эзгу ва ёруғ кунларга биргаликда етиб борамиз, мазмунидаги ёниқ сўзлари барчани тўлқинлантирди.
Саноатдан қишлоқ хўжалигигача, тиббиётдан таълимгача, тарихдан бугунгача, етти ёшдан етмиш ёшгача барча кишиларимизнинг турмуш тарзини тўла қамраб олган бу мурожаатнома мамлакатимиз тарихида жуда катта бурилиш ясалишидан, улкан юксалишлардан дарак бўлиб жаранглади. Кишилар дам-бадам оёққа туриб кетиб олқишлашларининг сабаби эса инсонлар дилидаги гапларнинг Президент мурожаатномасида жаранглагани бўлди. Кишиларимиз бугунги кунимизнинг ҳақиқатларини, муаммоларнинг сабаблари, асоратлари ҳамда аниқ ечимларини мамлакат раҳбарининг ўзидан тинглашди. Нега олқишлашмасин, ахир, бундай ёниқ, ҳаққоний, элим-халқим деб чин юракдан айтилган сўзлар кишилар орзу-умидларини, эзгу мақсадларини яққол ифодалаб турибди.
Адолат чорлови бўлиб, юртимизнинг энг олий минбаридан янграган бу мурожаатнома энг аввало, мамлакатда барча орзу қилган улкан зафарларнинг энг бирламчи шарти бугунги кун учун ярамай қолган эски тушунчалардан, бошқариш ва иш усулларидан воз кечиб, жаҳон мамлакатлари тараққиётида муваффақият қозонган ҳамда энг янги, самарали ҳисобланган муносабатларни жорий қилиш эканини таъкидлади. Давлат билан халқ жипслашар экан, энг сўнгги технологияларни, фан ютуқларини, самарали тизимларни англаш, тушуниб етиш ҳамда улардан фойдаланиш учун, эртанги кунга шон шараф билан юзланиш учун кишиларимиз тафаккури ўзгариши шарт деган шиор ушбу мурожаатноманинг энг муҳим қирраларидан бири бўлди. Жуда оғир, ғоят кенг миқёсдаги турли жараёнлар ичидамиз ва биз буларни адо этамиз, бунинг учун халқимиз камарбаста бўлиб туриши лозим. Чунки ушбу жонбозликларнинг барчаси севимли, заҳматкаш халқимиз учун йўналтирилган. Йўқотилган ҳамда бой берилган йиллар ўрнини энди шиддат билан, ойлар мобайнида тўлдиришимизга тўғри келади. Лекин мақсад жуда юксак ҳамда бу куйиб-ёнишларга, фидокорликларга арзийди. У азиз шу ватанимиз кишиларининг ўзидан, давлатидан, келажагидан рози бўлиб фаровон умр кечиришидир. Шундай мазмунларни ўзида жамлаган мурожаатнома кишилар қалбига етиб борди, руҳлантирди, барча соҳаларда туб бурилиш ясайдиган ишларни амалга ошириш ҳар қанча қийин бўлса бўлаверсин, шу эзгу мақсадлар йўлида барчамиз бирлашиб, элимиз-давлатимиз билан елкама-елка турамиз, деган эзгу ниятларни ҳосил қилди.
Янги 2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланиши шу каби ўнлаб-юзлаб мазмунларни ўзида мужассам этди. Президент мурожаатномада инвестиция сўзининг турли маъноларини ҳам тушунтириб ўтди, мисол учун, нафақат иқтисодиётга йўналтирилган маблағлар ва технологиялар, балки фарзандларимизга берадиган таълимимиз, улуғларимиз, ота-оналаримиз ва фарзандларимизга кўрсатадиган жонкуярлигимиз каби бир қатор қамровли жараёнлар ҳам инвестиция эканини таъкидлади. Шу сабабли, олий ўқув юртлари ўз қабул квотасини ўзи белгилашидан тортиб то бир талаба бир қанча олий ўқув юртида таълим олишигача, кўпни кўрган тажрибали ёши улуғларимизни эъзозлашдан тортиб уларнинг билимларидан фойдаланишгача, илм-фанимиз ривожидан то тиббий хизмат сифатининг юксалишигача бўлган жуда муҳим қирралар бирма-бир тушунтириб, изоҳлаб ўтилди. “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг барпо этилиши эса жуда кўпчиликни севинтириб юборди, ахир, шу улкан мамлакатнинг турли ҳудудларида жуда қадимий, ранг-баранг ўтмиш яширин қолмоқда, эл эса ўз илдизларига, ўз шон-шарафли тарихига муҳтож. Не-не илм кишиларининг кўп йиллик меҳнатлари биргина шу сўз билан рўёбга чиқадиган, кенг халқ оммасига етиб борадиган ҳамда узоқ йиллар мобайнида тарихидан айри яшаб келган эл-юрт учун қувончли бўлди.
Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, бутун Ўзбекистон, у билан бирга хориж ўлкалардаги шу юрт тақдирига бефарқ бўлмаган минглаб кишилар ушбу мурожаатномани тинглашди. Фермердан муҳандисгача, тадбиркордан учувчигача, ўқитувчидан шифокоргача, нафақадаги ёши улуғлардан талаба-ўқувчиларгача, ҳарбийлардан олимларгача бўлган барча кишиларнинг дилидаги ўйларга муштарак, неча йиллардан бери жавоб топилмай келаётган саволларига жавоб ва ечим бўлиб янгради. Солиқ, божхона, туризм, қишлоқ хўжалиги, саноат, таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш, хизмат соҳалари – барча-барчасида юксалиш тамаллари ва тамойиллари аниқ-равшан белгилаб берилди. Вилоятларда урбанизация даражасини олтмиш фоизга етказиш эса, ҳаммани шошириб қўйган бўлса, ахир, олтмиш фоиз урбанизация дегани – шаҳар саноатининг, хўжалик юритиш тизими, ижтимоий хизматлару таълимдан соғлиқни сақлашгача тизимларининг қишлоққа жорий қилиниши демакдир. Озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақидаги юракдан чиққан сўзлари эса кишилар меҳру муҳаббатини, эҳтиромини ошириб юборди.
Ҳеч иккиланмай айта оламанки, кишиларимиз бундай кунларни фақат орзу қилар, дилидаги муаммо ва норозиликларини айта олмай, қачон адолат қарор топар экан деб баҳоли қудрат яшаб юрарди. Ҳеч шубҳа йўқки, юртимизга кириб келаётган инвестициялар оқими жаҳоннинг энг сўнгги технологиялари билан биргаликда шиддатланиб ортаверади, улуғларимиз, ҳимояга муҳтож ватандошларимиз ардоқланади, анъаналаримиз, тарихимиз, урф-одатларимиз эъзозланади, фарзандларимиз эса давлатимиз соясида энг сўнгги илм-фан ютуқларини ўз юртимизда ва хорижда мукаммал эгаллашади. “Ернинг умри бекорга кетмасин” дейилганидай, кишилар умри, салоҳияти, истеъдоди ҳам бекорга кетмайди, балки шу эл-юрт равнақи учун, эзгуликлар ҳамда яхшиликлар учун йўналади.
Президентнинг ҳаққоний, аччиқ ҳақиқатларга бой, бироқ ҳаётбахш сўзлари бир менда эмас, шу мурожаатномани биргаликда тинглаган барча кишиларда шундай ёруғ ўйларни пайдо қилиб, илҳом ва жўшқинлик бағишлади. Чунки, таъкидланганидай, давлатнинг ҳам, халқнинг ҳам орзу-ниятлари муштарак. У бугунимизнинг ҳамда истиқболимизнинг ёруғ-равшан бўлиши, барчамиз шу ғоялар атрофида жипслашишимиз ҳамда шу азиз она ватанимизнинг беқиёс гуллаб-яшнашидан иборат. У жўшқинлик эса кишиларимизнинг юракларида тилаклару дуоларга айланиб кетди: сира кўз тегмасин! Парвардигорнинг ўзи қўллаб-қувватласин, шу эзгу мақсадларга зиёдаси билан эришишни насиб айласин!

 

Исажон Султон,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ