"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

МУВАФФАҚИЯТ — ҲАРАКАТДА

Ўқилди: 104

Мурожаатномани тинглар эканман, мен бир она сифатида, йиллар давомида барча Ўзбекистон хотин – қизларини қийнаб келаётган муаммоларни ечишда муҳтарам Президентимизнинг ғамхўрликларидан чексиз таъсирландим. Ўз фарзандини элу юртга садоқатли фарзанд, улуғ аждодлар шону шавкатига муносиб ворис қилиб тарбиялаётган ўзбек аёлига ҳурмат мурожаатномада ўз аксини топган. Айниқса, умрини ногирон фарзандини тарбиялашга бағишлаётган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа жорий этилишини алоҳида қайд этиб ўтишни истар эдим.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан тез-тез хизмат сафарларида бўлиб тураман. Ва ҳар сафар оналар, хотин-қизлар билан кўпроқ мулоқотда бўлишга интиламан. Шу жараёнда неча марталаб ногирон фарзандларини тарбиялаётган оналар билан учрашишимга тўғри келган.
Соғлом чақалоқни катта қилиш нақадар нозик ва маъсулиятли ишлигини барча билади. Энди бемор ёки ногирон бола парваришини тасаввур қилиб кўринг. Муштипар она уззу кун ногирон бола билан азоб тортади. Унинг инжиқликларини кўтаради, дориларини ичиради, алоҳида овқат тайёрлайди. Кийимларини тез-тез алмаштиради, ювади, дазмоллайди, гўдакнинг аҳволи оғирлашса дўхтирма-дўхтир чопади. Дорихонама-дорихона югуради. Бундай она, бир лаҳза бўлса-да, бу дунёда ўзи учун яшамайди. Ўзига ачинмайди, ўзининг нозик жинсга таалуқлигини унитади. Дунёнинг жами шодлигини ногирон боласининг битта табассумига алмашади. Агар бирор шифокор унга “Жонингни берсанг боланг тузалади”, — деса сира иккиланмай жонини беради. Чунки у ОНА.
Ҳар гал шундай аёллар, яъни ногирон гўдагини, гулни бағрига босгандек бағрига босиб тарбиялаётган аёлларни кўрганимда “Сизга минг раҳмат, сизга минг таъзим. Сиз бу оламдаги энг гўзал аёлсиз. Сиз каби аёллар борки, одамзод она зотига бош эгади”, — деб таскин берар эдим. Мана энди муҳтарам Президентимизнинг ғамхўрликлари туфайли улар ҳам ижтимоий нафақа оладиган бўлади.
Мурожаатномада 13 мингдан зиёд хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, 1 минг 600 хотин-қизларнинг эса бандлигини таъминлаш ва уларга арзон уй-жойлар бериш масаласини ҳал қилиш бўйича қилинадиган вазифаларга муфассал тўхталиб ўтилди. Бу борада тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.
Муҳтарам Президентимиз мурожаатномада улуғ бобомиз Нажмиддин Кубронинг ”Муваффақият саъй – ҳаракатда, муваффаққиятсизлак лоқайдлик ва дангасаликдадир”, – деган ҳикматларини келтирдилар. Ана шу маънода ушбу мурожаатнома барчамизни Ватанимиз ободлиги йўлида янада катта ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.

Зулфия Мўминова,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ