"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ХАЛҚНИНГ ҚАЛБ ХАРИТАСИ

Ўқилди: 82

Замин ўз-ўзидан обод бўлиб қолмайди, ер юзидаги ҳеч бир халқ ўз-ўзидан буюк яртатувчига айланавермайди, ҳеч бир давлат ўз-ўзидан қудратли бўлмайди, ҳеч бир Ватан жаҳон майдонида ўз-ўзидан эътироф ва эҳтиромга сазовор бўлмайди, деган сўзларни яна бир карра юракдан ўтказдим. Беихтиёр Соҳибқирон Амир Темурнинг “Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир, адолат ва озодлик-дастурингиз бўлсин” сўзлари тилимга келди.

Шоирлар севинса халқ бахти, фаровонлигидан севинади, ўкинса, халқнинг дарди, изтиробидан ўкинади. Бугун нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун дунё Ўзбекистоннинг Ватан, халқ бахти саодати, юрт тинчлиги деб уриб турган юрак садосини эшитди. Азму шижоатга тўлиб турган бу улкан қалб соҳибини тик туриб олқишлади, шукрона айтди, улуғвор ишларга бел боғлади,  кимлардир бу юрак дукурини  ҳавас билан тинглади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, унда айтилган ҳар бир фикр, ҳар бир ғоя, ҳар бир ташаббус, оғриқли муаммолар, долзарб вазифалар миллионлаб юракларга кўчди. Ҳақ сўз ҳамиша уйғотувчи кучга эга бўлади. Президент ҳар соҳани ҳаққоний таҳлил қилиб, умрини ўтаб бўлган, бугун яроқсиз, самарсиз ҳолга келиб қолган тизимларни янгилаш, биринчи навбатда халққа хизмат қилувчи тизимга айлантириш бўйича муҳим масалаларни ўртага қўйди. Мурожаатномада қилинган ишлар билан бирга қилинажак ишларнинг тоғдек залворли ва кўламини ҳис қилдик.

Ўтган йиллар давомида қандай мураккаб, таҳликали, енгил бўлмаган йўллардан ўтдик. Ҳар қандай йўл юракдан бошланади, ҳар қандай минора ҳам ердан тикланади. Халқ дарди, ташвиши, муаммолари, орзу-умидларига ҳамоҳанг сиёсат одамларни ҳам қудратли тўлқинга, яратувчи кучга айланатиради.

Бугун юртдошларимиз чин маънодаги халқчил сиёсатни қўллаб-қувватламоқда. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази  ўтказган  тадқиқотда 87,4 фоиз респондентларнинг Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик сифати ўсишининг янги даври бошланган деб ҳисоблаши, 95,6 фоизи олиб борилаётган сиёсатни маъқуллаётгани беъжиз эмас.

Бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир юрак уриши, қалб ҳароратини, оташин нафасини дунё аҳли ҳис қилиб, кузатиб турибди. Бу халқчил сиёсатни жаҳон жамоатчилиги эътироф этмоқда, намуна ва ибрат қилиб кўрсатмоқда. Штаб квартираси Сеулда жойлашган Осиё журналистлари ассоциацияси  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни “Йил одами” деб эълон қилиши, Туркиядаги нуфузли “Turcomoney” нашрининг йиллик  рейтингида  мамлакатимиз раҳбари ушбу давлатда “Йилнинг хорижий давлат арбоби” деб тан олиниши, Испаниянинг машҳур “ Diario arbat”  нашрида чоп қилинган мақолада Ўзбекистон Президенти “Тинч инқилоб” сиёсатига амал қилиб аниқ бир мақсад йўлида олға интилаётгани таъкидланди. Бу инқилоб меҳр ва эътиборга ташна кўнгилларни обод қилишдан, розилигига эришишдан бошланди. Зеро, ҳар қандай инқилоб аввало қалбнинг янгиланиши, қалбдаги ўзгаришлар демакдир. Қалбдаги ўзгаришлар ижтимоий муҳитни тозартириб, жамиятни ўзгартиради.

Жаҳоннинг етакчи ва нуфузли нашрлари давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, нафақат Ўзбекистонга, балки бутун минтақага улуғвор ижобий янгиланишлар олиб кирганлиги,  мамлакатимизда фуқаролик жамияти фаоллашгани, сиёсий рақобат ва фикрлар хилма-хиллиги қўллаб-қувватланаётгани, аҳолининг йиллар давомида фойдаланилмаган имкониятларини юзага чиқаришга катта эътибор берилаётгани, Ўзбекистон фаол ва очиқ иқтисодиётга ўтилаётгани, халқнинг яратувчанлиги, турмуш тарзи, фаровонлиги ўзгараётгани, муаммолар яширилмай очиқ-ойдин гапирилиб, уларга ечим топилаётгани,  ташқи ва ички сиёсатида ҳеч қачон кузатилмаган ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон дунёга ўз очиқлигини намоён этаётгани,  барча соҳалардаги ислоҳотлар  тизимли ва самарали хусусияти билан ажралиб тураётгани ёзилмоқда. Энг муҳими, бу сиёсат баландпарвоз ғоя ва назарий даъватлардан, эртанги кунни, эртанги фаровон ҳаётни эмас, бугунги ҳаётни ўзгартиришга, биринчи навбатда халқнинг оғирини енгил қилиш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга қаратилгани алоҳида қайд этилмоқда.

Мурожаатномани тинглар эканман, ўтган йилдаги муҳим ўзгаришлар бир-бир кўз ўнгимдан ўтди. Янги иш ўринлари яратиш, халқнинг энг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш, уларни тезроқ ҳаётда ўз ўринларини топишга кўмаклашиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олишга янгича ёндошишлар, ёшларга қаратилган алоҳида эътибор  қарангки ўз самарасини берди.  Биргина мисол, мамлакатимиздаги мавжуд 9015 та фуқаролар йиғинининг 3205 тасида бирорта жиноят содир этилмагани, Тошкент шаҳрининг ўзида жиноятлар 48 фоизга камайгани булар шунчаки рақамлар эмас.

Кўнгиллардан бошланган ободлик қишлоқларимизга, шаҳарларимизга кўчмоқда, ички кўчалар таъмирланмоқда. Мурожаатномага айтилганидек, Янги йилда ҳам “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилишини халқимиз жуда катта мамнунлик билан кутиб олди.

Бир умр суяги меҳнатда қотган, эл-юрт ободлиги йўлида соч-соқоли оқарган оталаримиз, оналаримиз ҳақиқий эҳтиром ва эъзозга лойиқ. Улар жамғарган билим, катта тажрибаларнинг ўзи бир мактабдир. Бугун мамлакатимиз 60-70-80 ёш ёшараётган бир пайтда уларнинг  сафимизда бўлиши ҳар жиҳатдан самаралидир. Ана шу маънода  Президент фармони билан 2019 йил 1 январдан бошлаб ишлайдиган барча пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши белгилангани, мурожаатномада энг кам ойлик иш ҳақи миқдори, пенсия тизими қайта кўриб чиқилиши тўғрисидаги хушхабарлар чин маънода фахрийларимизни янада ёшартирди.

Ўз халқини севган буюк қалбли инсонлар дунёдаги бошқа халқларни ҳам ана шундай муҳаббат билан севади. Қарангки, қатъий  ирода бўлса, азми шижоат, очиқлик, дўстона муносабат билан ҳар қандай қалтис масаларни ҳам ечиш мумкин экан.

Ўзбек халқи ҳеч қачон қўшнисиникидаги нотинчликка бепарво қараб ўтирадиган халқ эмас. Ана шу маънода жафокаш афғон халқига тинчлик соғиниш баробарида давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари жаҳон жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон нафақат ички, балки ташқи сиёсатда ҳам  маънавиятга, адабиётга, илм-фан ривожига катта эътибор қаратмоқда. Янги сиёсат маҳсули бўлган улкан бунёдкорлик ишлари, қурилиш майдонларига таниқли ёзувчи ва шоирларимизнинг бориши, янги асарлар яратаётгани, халқимиз кайфиятига ҳам ўзгача руҳ бағишламоқда, одамлар тафаккури ўзгаряпти, яратувчанлик  қуввати ошяпти.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари кутганимиздек, маданият ва истироҳат боғларида спорт майдончалари, амфитеатрлар қурилиши ҳамда китобхонликка ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.  Маданият ва истироҳат боғларини ташкил этиш, уларни ҳақиқий замонавий маърифий-маънавий масканларга айлантириш, кутубхона, “Китоб кафелари” бўлиши лозимлиги таъкидлади.

Ўзбекистон дунё тамаддуни бешикларидан биридир. Ота-боболаримиз яртган илм-фан, улкан маънавий мерос оид улкан мерос, бетакрор тарихий обидаларни кўриш соғинчи билан яшаётган дунёда қанчадан қанча одам бор.  Мурожаатномада 2019-2025 йилларда “Туризмни ривожлантириш миллий концепцияси”ни ишлаб чиқиш бўйича муҳим топшириқ берилиши, шу асосда 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллион нафарга етишига, туризм экспортидан келадиган даромадни эса 2 миллиард доллардан зиёд бўлишига эришиш лозимлиги таъкидланди.

Бир пайтлар Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири устоз Абдулла Орипов бошчилигида Амир Темур мақбараси, Шоҳи-зинда мажмуаси, Регистон майдонида сайр қилиб юрган ўзбек ёшларига қарат айтган сўзлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Ўшанда устоз ёшларга қарата: “Бу ерларга мунғайиб кирсанг, гердайиб чиқасан!”- дегандилар. Бу кимлигингни англаб, қаддингни кўтариб, қадамингни ҳам буюк аждодларингни мос қилиб ташлайсан, дегани эди.

Президентимизнинг Ўзбекистоннинг шонли тарихини янгитдан, мукаммал ўрганиш учун оммавий ахборот воситалари, интернет ресурсларидан кенг фойдаланиш, МТРК таркибида “Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш, “Ватанимиз тарихидан лавҳалар” туркумида мунтазам равишда илмий ва илмий-оммабоп китоблар нашр этиб бориш борасидаги таклифлари барчамизни қувонтирди.

2018 йилда бошланган ишларининг мантиқий давоми сифатида Президентимиз таклифига асосан янги – 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинди.   2019 йилда барча манбалар ҳисобидан қарийб 138 триллион сўмлик ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда. Бу борада эса таъкидланганидек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдорини жорий йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар ошириб, 4,2 миллиард долларга етказилади. 142 та замонавий корхона ишга туширилади.

Ҳеч шубҳасиз янги йилда мамлакатимизда Тараққиёт ва юксалиш сари муҳим қадамлар қўйилади. Мурожаатномадаги ҳар бир ғоя, таклиф, ташаббус Ватанимизни янада обод, халқимизни фаровон бўлишига хизмат қилади. Фуқароларимизни фаолликка, ташаббускорликка, азму шижоатга ундайди.

Ёшлар таълим ва тарбияси ҳақида гап кетганда,  бу келажакка қўйилган инвестиция деган ибора қўлланилди. Таъбир жоиз бўлса, бу улуғ ишларга бор куч-қувватимизин сарф этишимиз, фидойилигимиз, юртга садоқат ва меҳримиз ҳар биримизнинг Ватан тараққиётига қўшажак энг катта инвестициямиз бўлажак. Янги йилга янги орзулар билан, янги мақсадлар билан қадам қўяйлик!

Ҳеч шубҳасиз  давлатимиз раҳбарининг мурожаатномаси Ўзбекистон учун 2019 йилдаги муҳим вазифалар акс этган ўзига хос Йўл харитасидир. Бу чинакам маънода ўттиз уч миллионли халқимизнинг қалбига бориб туташадиган халқ харитаси, Ватан истиқболини ёритувчи қалблар   харитасидир.

Минҳожиддин МИРЗО,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
раисининг биринчи ўринбосари

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ