"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

НИЯТИ УЛУҒ ХАЛҚНИНГ ИШИ ҲАМ УЛУҒ БЎЛУР

Ўқилди: 92

Давлатимиз Раҳбарининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида том маънода янги давру замонларнинг чинакам дастуриламал ҳужжати сифатида ўша куннинг ўзидаёқ она ватанимизда ҳам, дунё мамлакатларида ҳам ўз акс-садосини берди. Акс-садо деган ибора балки бу ўринда мазкур тарихий маърузанинг бор маҳобатию мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этолмас, бироқ ахборот каналларию ижтимоий тармоқлар, турли информацион сайтларнинг туну кун тинимсиз бериб борган шарҳ ва муносабатлари дарҳақиқат ҳайратланарли бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Президентимиз бир йил муқаддам мустақил Ўзбекистонимиз тарихида илк маротаба Мурожаатномани Олий Мажлисга тақдим этганидан буён ўтган муддат давомида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли беқиёс янгиланишлар, айниқса ватандошларимиз онгу тафаккуридаги ўзгаришларни фақатгина асрларга татигулик кунлар ва ойлар деб баҳо бериш мумкин.

Халқимиз, айтиш жоизки, юксак сиёсий заковат ва тафаккур, донишмандона ақл, бедор ва огоҳ қалб маҳсули бўлмиш Мурожаатномани катта ишонч ва интиқиш билан, элу юртимиз равнақи, тинчлик ва бахту саодатимиз, фарзандларимиз камоли йўлида зиммамизда нечоғлик улуғвор тарихий вазифалар, улкан бурч ва масъулият юки турганини юрак-юракдан ҳис этгани ҳақ гап.

Ўтган қисқа вақт давомида халқнинг сиёсий онги, ижтимоий қарашлари, умумбашарий тасаввурлари мутлақо ўзгарганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бугунги давр шиддати, замон суръатини, бир пайтлар устозларимиз ўкинч ва армон билан айтиб кетгандай,
“орзу-мақсадларга эришамиз деб лайлак ҳайдаб юрганимиз” қоғоздаги замонларнинг қолипи билан ўлчаб бўлмайди.

Мурожаатноманинг ҳар бир банди, ижтимоий ҳаётимизнинг қайси соҳаси бўлмасин, ҳар биримизга, жамиятнинг кексаю ёш, дини, миллати, касбу коридан қатъи назар ҳар бир фуқаросига дахлдорлиги, шу ватаннинг фарзандиман деган ҳар бир инсонга тақдирдош, жондош ва дилдошлиги билан алоҳида аҳамият касб этадики, буни англамоқ, амалга оширмоқ, ҳаётга тадбиқ этмоқ барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Оғир йўлга ўтаяпмиз, аммо тўғри йўлга ўтаяпмиз деган ғояни алоҳида таҳлил қилиб бераркан, Юрт эгаси яккаю ягона йўл — нечоғли қийин ва машаққатли кечмасин тараққиёт йўли ҳам, барқарорлик йўли ҳам айнан шу йўл дея қатъий хулоса қилганида ҳам, ёки буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратларидан “Мувафаққиятсизлик — лоқайдлик ва дангасаликда” дея иқтибос келтиргани замирида ҳам айнан халқ ва миллат тақдири уйғоқ юракдай гупуриб турганини ҳис қилдик.

Рақобатбардошлик ҳақида айниқса кўп таъкидланди. Меҳру оқибат, оилапарварлик, меҳнатсеварлик, хоксор ва камтаринлик борасида бизнинг халқимизга тенг келадиган рақобатбардош, танти халқ бўлмаса керак. Ҳалоллик ва мардлик бобида ҳам элимизга етадиган йўқ. Энди эса янги даврларнинг кенг ва беқиёс имкониятлари тили билан айтганда, тараққиёт ва янгиланиш, яъни оламшумул инвестициялар билан бўйлашиш замони келди! Бундай шароитда Вақт дарёсининг соҳилида қармоқ ташлабгина бемалол ўтириб бўлмайди. Рақобатбардош маҳсулотлар, рақобатбардош иморатлару рақобатбардош шеъру достонлар яратмоқ даври шу давр эканини ҳар лаҳза, ҳар соат, туну кун уйғоқ юрак билан англаб яшамоқ, меҳнат қилмоқ талаб этилади.

Президент таъкидлаганидай, ижтимоий ривожланиш, энг аввало қалблардан, онг ва тафаккурдан бошланиши керак. Ҳар биримизнинг дунёқарашимиз тубдан ўзгариши даркор. Донишманд шоиримиз “энг кичик заррадан юпитергача” дея лутф этганидай, ҳар биримиз жисму жонимиз, қалбимиз-юрагимиз билан бедорлигу дахлдорликни шиор қилиб, элу юртнинг гулгун ҳаёти ва тақдири учун бурчли эканимизни бир зум бўлса-да унутмаслигимиз керак. Шуни англаган ҳолда фахр билан меҳнат қилиб, завқу шавқ ва ифтихор билан яшамоқ замони келди. Замон эса лоқайдлик ва бефарқликни асло кечирмайди!

Нияти улуғ халқнинг иши ҳам улуғ бўлур,
Орзу ҳам умидларин рўёби қутлуғ бўлур.
Бу кунларнинг ҳар они дунёларга баробар,
Янгу давру давронинг қутлуғ бўлсин биродар!
Дилбандмисан ҳақиқий, фарзандмисан чинакам —
Фақат халқ баҳо берар, фақатгина халқ ҳакам.

 

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ