"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЮРАККА ЁЗИЛИШИ КЕРАК БЎЛГАН СЎЗЛАР

Ўқилди: 94

Биз телевизор орқали мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини эшитдик. Юртбошимиз гапларини бир вужудга айланиб тинглаётган депутатлар ён дафтарларига мурожаатномадан иқтибослар ёзаётганини кўриб кўнглимдан:

– Фақат қоғозларга эмас, юракка ёзилиши, тафаккурга ёзилиши керак бўлган гаплар бу! – деган фикр ўтди.

Бундан икки йил аввал ёзган бир шеъримда “Бир ўзинг минг-миллион бўлиб яшайсан, “халқим” деганларга осон бўлмайди”, деган сатрлар бор эди. Шу лаҳзада Юртбошимиз аниқ таҳлиллари, улкан мақсадлари, айниқса, меҳр-муҳаббатлари билан ўттиз тўрт миллионли халқ даражасида, Ўзбекистон аталмиш улуғ мамлакат даражасида улканлашиб кетгандек туюлди. Ҳали бу Мурожаатномани англаш, ҳис этиш, “Бунда айтилган вазифаларни адо этишда менинг ўрним қаерда?” деган саволга жавоб топиш учун бироз бўлса-да Вақт керак. Чунки бу Мурожаатноманинг қамрови ниҳоятда кенг. Юртимизга файзу барака билан кириб келаётган 2019 йилга муҳтарам Президентимиз “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея ном бердилар. “Инвестиция”, “ривожланиш” тушунчаларининг замирида фавқулодда бир қудрат, тинимсиз ҳаракат бор. Демак, келаётган 2019 йил биздан руҳий, маънавий, жисмоний безовталик, ҳаракат, янгиланишларни кутяпти. Юртбошимиз Мурожаатномаларида бир неча бор: “Кечаги кун ўтди”, “Кечагидай яшаб бўлмайди”, деган фикрни ўртага ташладилар. Кечаги кун нима дегани? Фикрий қарамлик, журъатсизлик, лоқайдлик, дангасалик… Демак, ана шу иллатлардан халос бўлиш учун куч топсаккина эртада яшаш, меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлар эканмиз.

Гарчанд мурожаатномада эътибордан четда қолган бирор соҳа бўлмаса-да, касбимиз нуқтаи назаридан оналар, аёллар ҳақида айтилган фикрларга тўхталгим келди. “Оналар учун ижтимоий ҳимоя тизимини яратамиз”… Мурожаатномада айтилган бу гап оналарнинг, айниқса, бир умр “уйда ўтирган аёл” ёрлиғи билан яшаган, бир нечта фарзандларни қойилмақом қилиб тарбиялаб қўйган, ҳатто, икки-учталаб чемпион, лауреат ўғил-қизларга парвоз учун қанот берган оналарнинг бошини осмон, кўксини тоғ этгани аниқ. Чунки бундай оналарнинг меҳнати ҳукумат даражасида қадрланди дегани оналикнинг шарафлангани. Оналикнинг мартаба даражасига кўтарилгани. Бундан ташқари, фарзандлар камолоти йўлида айтилган ҳар бир фикр оналарни ўзларига ваъда қилинган яхшиликдан ҳам кўпроқ қувонтиради.

Мурожаатномада ёш авлодга таълим-тарбия беришнинг узлуксиз тизимини яратиш ҳақидаги фикрлар оналар учун Янги йил суюнчиси ўрнида бўлди, десак хато қилмаган бўламиз. Чунки айни пайтда хусусий ва давлат, шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасалари кичкинтойларимизнинг 34 фоизинигина қамраб олар экан, Президентимиз келгуси йил бу рақамни 44 фоизга кўтариш режалаштирилаётгани ҳақида гапирганда залдаги қарсакларга “Зангори экран” олдидаги қанча ёш оналар қўшилди экан? Ахир, қайси она боласини ишончли қўлларга топшириб, хотиржам ишлагиси келмайди?

“Ёшлар – келажагимиз” дастурини давом эттириш учун Янги йилда 2 триллион сўм миқдорда маблағ йўналтириш назарда тутилаётгани билагида кучи, юрагида ғайрати тошиб турган ўғил-қизларимизнинг ботиний қувватини аниқ мақсадларга йўналтириб юборгани ота-она кўнглини “Болам қаерда экан?” деган хавотирдан халос этгани билан қимматлидир.

Дарвоқе, ёшлар…

Янги йилда битирувчиларнинг 20 фоизининг олий ўқув юртларига кириши назарда тутилаётгани тараққиёт учун ишонч, фаровонлик учун кафолат берадиган жамиятга кириб бораётганимизни далиллайди.

2019 йилда ночор аҳволда яшаётган 1600 нафар кишиларнинг арзон уй-жой билан таъминланиши, 13 минг нафар аёлларни иш билан таъминлаш назарда тутилаётгани, онкологик касалликларни эрта аниқлаб, даволаш учун дастур яратишга эътибор қаратилгани… Хонадонларга тоза ичимлик суви келтиришиши, мамлакатимизни жиноятсиз ҳудудга айлантиришининг аниқ чора-тадбирлари… Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг бугунги Мурожаатномаси – юраклар юрадиган йўлнинг харитасидир.
“Ҳар ким ўз ишига ўз жавоб берсин”, “Ҳокимлар халққа кўмакчи, тадбиркорга бизнес ҳамкор бўлмоғи шарт” … Биз бундай ундовларни фақат пештоқларимизга эмас, қалб деворларимизга ёзмоғимиз керакки, улар кўзимизда эмас, кўнглимиздан овоз бериб турсинлар, бизни силкитиб, ҳушёр торттириб, ҳаракатга келтириб турсинлар!

Вазифалар шу қадар кўламли, ишонч, умид шу қадар улканки, бир лаҳзада ўзимни улар олдида заррадек ҳис қилдим. “Шу ожизгина қаламим билан нимага кучим етади, нимани қойиллатаман?” деган хавотир оралади кўнглимни. Сўнг… “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон Президенти”, “Президент Мурожаатномаси” деган залворли сўзларни хаёлдан ўтказдим, ўзимни ўша қудратнинг бир парчасидай сездим. Энди шу сезги билан яшай бошлайман. Яна шеърим эсимга келди:

Яшай бошлаганинг муборак бўлсин!

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Сайт бўлими: Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ