"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси чуқур таъзия изҳор этади

Ўқилди: 249

Инсон умри – бир лаҳзада кечиб ўтиладиган йўл. Қандай ўтиш эса бу йўлга отланган мусофирнинг иродасига боғлиқ. Муҳими, йўлнинг адоғи. Адабиёт осмонида порлаётган ёш ижодкор Бахтинисо Маҳмудова қисқа умри давомида ўзидан меҳр-муҳаббатга тўла Қалб, гоҳида бахтиёр, гоҳида ҳазин туйғулари эврилган Сўз — ёрқин хотира қолдириб кетди.

Бахтинисо Маҳмудова 1993 йил 31 октябрда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Шаҳрисабз шаҳридаги 16-махсус мактаб-интернатида таҳсил олган. “Юрт келажаги — 2015” иқтидорли ёшлар танлови ғолибаси бўлган. 2018 йил Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинарида қатнашиб, устозлар эътиборига тушган эди. Унинг китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этишга тавсия этилди.

Таниқли шоир Эшқобил Шукур Бахтинисо ҳақидаги бир мақоласида шундай ёзади: “Бахтинисонинг бир туркум шеърларини ўқидим. Очиғи, бу шеърлардан сўнг бирдан бошқача бўлиб қолдим. Кўнглимда аллақандай ўзгариш сездим. Мен чин маънодаги шеърлар билан учрашиб қолган эдим. Улар менинг кунлик ўйларимдан ғолиб келган эди. Бу шеърларда Самимият билан бошқатдан танишасиз, ёруғ Изтироб билан, Меҳр ва Муҳаббат билан Бахтинисонинг қалби тавсиясида учрашасиз”.

Бироқ Бахтинисо бир неча йил дард билан олишди. 2010-2011 йилларда орқа мияда қисилиш борлиги сабабли 4 марта мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказди. Республика Нейрохирургия институтида сўнгги кўрикдан ўтганида, орқа миядаги ўсимта катталашаётгани туфайли шошилинч тарзда жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлиги, бу амалиёт Ўзбекистонда амалга оширилмаслиги боис, хориждаги махсус клиникаларга бориши зарурлиги маълум қилинди. Шундан сўнг, у Турикияга бориб нозик жарроҳлик амалиётини ўтказди ва бу амалиёт муваффақиятли ўтганини ижтимоий тармоқларда маълум қилган эди. Бу хушхабардан Бахтинисони таниган барча шеърият мухлислари хурсанд бўлган эди. Минг афсуски, 2019 йил 6 январь куни унинг соғлиғи кескин ёмонлашди ва у жонлантириш бўлимида вафот этди.

Унинг руҳи, қалби жисмидаги оғриқларга бўйсунмади. “Энди шеър ёзиш жараёним умуман ўзгариб кетди. Ҳуув ўша ичимга кирган қалтироқлар ташқарига шеър бўлиб чиқар эди. Кўзларимдан чиқар эди. Мен ловуллаб ёздим, девонадай йиғлаб ёздим, мажнун шамолларга соврилиб ёздим, гоҳо тупроқдайин хокисор, гоҳида осмондан-да юксалиб ёздим. Шу шеърларни ўқиётсам, қалтироқлар овозимга ҳам қалқиб чиқадиган бўлди. Маст бўлдим, кўнглимнинг ичида сарсон бўлдим. Ёздиму, нима деб ёзаётганимни билмай ёздим” дейди у “Тушларим” номли эссесида.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Бахтинисо МАҲМУДОВА.

ВАТАН

Мен шеърдай ўқидим дарахтларингни,
Ёдладим баргининг холларигача.
Заминин баҳор деб, дунёни куз деб,
Қучдим ёзлари-ю, қорларигача.

Кўзимни нимадир авайлаб ўпди-
Шамол бўсасида ёнди киприклар.
Икки жаҳонларни туташтиргудай,
Юрагимга ундан бунёд кўприклар.

Бобомни кўраман тоғига қараб,
Момомнинг кафтига ўхшар ҳаёти.
Уйқумга кўчгани сира тушлармас-
Даладан дил терган қушлари ёди.

Бошоққа бойланиб ўсар умрлар,
Юлғундай шохланиб, ростланар деҳқон.
Хоҳласа, тандирдай гуллайди тупроқ,
Хоҳласа, ёмғирдай тўкилар осмон.

Бу афсунни кимдан ўрганди экан?
Нурлар тўшаб борар қуёш изига.
Қанийди, кўнглимдан ўтган Ватаннинг
Ватан бўла олсам битта ҳисига!

Қанийди!

МАКТУБ

Меҳр тўла кўзингизга боқиб шундоқ,
Бардошлари ҳориб кетди опангизнинг.
Опа бўлиб нима бердим, деган сўроқ
Ҳаловатин олиб кетди опангизнинг.

Мафтун этди осмоннинг нур расталари,
Бекитди кўз гулнинг бахт йўқ дасталари.
Сизга атаб ёзиб қўйган мисралари
Тушларида қолиб кетди опангизнинг.

Ёнда туриб етолмади отасига,
Бир ширин сўз айтолмади онасига.
Деворида шеър гуллаган хонасидан
Дунёлари нолиб кетди опангизнинг.

Инсон тақдир назарида ўйин экан,
Ютар экан бу ўйинда бўйин эккан.
Сиртда кулиб, ичда йиғлаш қийин экан,
Ҳоли ёмон бўлиб кетди опангизнинг.

Ёки ҳаво юрагига ботиб-ботмай,
Гоҳи омад орқасидан чопиб-чопмай.
Уни мендек тушунувчи дарддош топмай,
Дард қадаҳи тўлиб кетди опангизнинг.

Куюк кўксин бекитмади барг-хазонлар,
Музларини эритмади саратонлар.
Аламларин кўриб-билиб қаҳратонлар
Аҳволига кулиб кетди опангизнинг.

Айб санаманг, боролмаса ёнингизга,
Мудом шерик, чеккан ҳар бир ғамингизга.
Гина қилманг!
Азизларим, арзи сизга-
Қанотлари куйиб кетган деманг фақат,
Орзулари қанот бўлар опангизга.

***
Узоқ яқин қирлар ортидан
Менга қўлин кўтаради куз.
Сезаяпман, тағин афтидан,
Дарахтларнинг шохлари маъюс.

Шундоққина ариқ ёқалаб,
Ўриб келар бир совуқ ҳаво.
Ҳеч бир нима этмайин талаб,
Радиодан таралар наво.

Мен-чи, секин қўлга оламан,
Ёпинаман иссиқ рўмолни.
Не қайтарар? ўйлаб қоламан,
Қалбимдаги совуқ шамолни.

Хаёлимнинг жони минг ҳалак,
Сўроғимга тополмай жавоб.
Ёнимда-чи парвойи фалак,
Радиодан таралар наво.

Деразамга ногоҳ урилар,
Қайлардандир келиб бир япроқ.
Мендан нажот кутиб термулар,
Мен кўзимни юмаман бефарқ.

Тушларимда кўраман сени,
Соғинчимга топмайман даво.
Яна бўзлаб дил ноласини
Радиодан таралар наво.

Менга таниш бу куз хазони,
Мастман, армон куртакларидан.
Эшитилар гоҳо овозинг,
Иссиқ рўмол бурчакларидан.

Лек шунда ҳам сира ўзимга
Дийдорингни кўрмайман раво.
Ҳамон яна боқмай кўзимга,
Радиодан таралар наво.

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ