"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон 72 ёшда!

Ўқилди: 95

Бугун Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллуд топган кун.

Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1998). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1979). Қисса ва ҳикоялари — «Уста Гулмат ғазаллари» (1974), «Энг ёруғ кун» (1983), «Аканг карағай Гулмат» (1987) ва бошқа. «Масхарабоз бола» (1986), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Ерликлар» (1990), «Аламазон ва Гулмат хангомаси» (1992), «Ажойибхона» (1993, шеърий тақвим), «Танланган шеърлар» (2006), «Ўғирланган паҳлавон» (2006), «Баҳромнинг ҳикояси» (2007) каби достон, қиссалар, шеърлар, пьесалар ва ҳажвий асарлардан иборат тўпламлар муаллифи. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1997). 2018 йили “Адиб ва жамият” рукнида Анвар Обиджоннинг “Фарғоналиклар” эссесафарномаси нашр этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси шоиримизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, ижод ва меҳнат фаолиятида муваффақиятлар тилайди.

Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин!

Анвар ОБИДЖОН.

Илҳом пойтахти

Қандай нафис сеҳргар оқшом,
Боқсанг, қолмас кўнглингда ҳеч ғаш.
Энди билсам, Беҳзод экан хом,
Табиат – энг уста сураткаш.

Кўрмоқдаман гўё ширин туш,
Бўш кулбадек сокин майсазор.
Фақат четда чирқирар бир қуш,
Балки эри бергандир озор.

Алла айтар эпкинлар майин,
Ухламайман мен ўжар эса.
Печакгул бош эгиб атайин,
Юзларимдан олади бўса.

Ўтшолчада ётибман ўйчан,
Юлдузларга қисгим келар кўз.
Итлигига беролмасдан тан,
Завқи жўшиб ирғишлар Тўрткўз.

Ҳар галгидек шаршара бедор,
Сувни кутиб ғўзаой хаста.
Машраб руҳин шод этиб такрор,
Сувчи қўшиқ бошлар олисда.

Яна ўша девона туйғу
Менга қалам ва қоғоз берар.
Яна қочиб кўзимдан уйқу,
Олди-қочди шеър ёзгим келар.

Шаҳар асли талотўп овлоқ,
Қишлоқ азал илҳомга пойтахт.
Гулфурушдек шоир ҳам, бироқ,
Излар нуқул шаҳарлардан бахт.

Яссавийча

Турмуш таъмин одамлар
Бир-бир ялаб ўтгайлар.
Насиб этса не дамлар
Бир-бир йўлаб ўтгайлар.

Чархнинг шўри – ёмонлар,
Экар фитна, гумонлар,
Қалбин кирга нодонлар
Бир-бир булаб ўтгайлар.

Этик ямлар пошнасин,
Ошна алдар ошнасин,
Адлу имон ғазнасин
Бир-бир талаб ўтгайлар.

Топса текин имконин,
Гаров қўйгай виждонин,
Шайтон очса ҳамёнин,
Бир-бир тилаб ўтгайлар.

Ўхшаб чўлнинг зоғига,
Боқмай ҳаром-соғига,
Оч нафсининг чоҳига
Бир-бир қулаб ўтгайлар.

Поклар учун нафс – тутун,
Ютсам демас бус-бутун,
Не ризқ берса кунма-кун
Бир-бир улаб ўтгайлар.

Олиб бўлгач дарсини,
Ким тинглар кас арзини,
Ноилож жон қарзини
Бир-бир тўлаб ўтгайлар.

Илинжли дунё

Қақроқ ариқ бўйида
Қуриб битди қайрағоч.
Кўркам эди бир пайтлар,
Энди – шохли симёғоч.

Чеҳрасида – сўлғинлик,
Вужудида – ажинлар.
Кирар ҳар кун тушига
Ўчоқдаги саржинлар.

Ўйлар: келиб бирон қуш,
Шохимга ин қурмади.
Шунда, зора кесмаслар
Палапонлар ҳурмати.

Бироқ, митти қушчалар
Туғилганди ўта зоғ.
Умри қисқа дарахтдан
Ўтишарди узоқроқ.

Жараён

Соғинч деган ваҳший бир кана
Юрагимни чақар беомон.
Бугун сизни эсладим яна,
Сувдан оқиб ўтганда хазон.

Сувда оққан хазондек ўтар
Айрилиқда кечган умримиз.
Охир тошга айланиб кетар
Момиқ-момиқ орзуларимиз.

Хушлашув

Кеч пайқадим мен галварс
Ичингиз муз-музлигин.
Сиздан хафа эмасман,
Хайр, кулча юзлигим.

Мантиқ илмин ҳеч қачон
Қилмаганман ҳақорат.
Нечун муздан ўксинай,
Бермади деб ҳарорат?

Кекса кўнгил

Куйса ногоҳ бир ёмоннинг дастидан,
Кекса кўнглим эмчи ёронлар тилар.
Қаровдан мўрт дарахт қайтар аслига,
Борлиғим – боғ, асл боғбонлар тилар.

Ширин эпкин чўлга бахш этгай сурур,
Ширин даъват қиличдан кўприк қурур,
Ширин сўз ҳам балки қурбонлиқ эрур,
Ширин тилдан руҳим эҳсонлар тилар.

Ҳар саҳарда кўкка қилгум илтижо –
Чархдаги бор алам топсин интиҳо,
Бу дам кўнглим, учраса гар ҳурлиқо,
Лабидан бол эмас, хандонлар тилар.

Тиним излар танам ёш ўтган сайин,
Меҳрли дўст қирқадир ғамлар пайин,
Эй ғаним, сен ҳам ёнимда бўл майин,
Дилим сендан тотли ёлғонлар тилар.

Ёш эдим, эл пандидан юз ўгирдим,
Хаёл тахтин айш ғорига кўчирдим,
Ёнса бағрим, бода пуркаб ўчирдим,
Энди қалбим дардли вулқонлар тилар.

Сайт бўлими: Таваллуд кун, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ