"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

10 январь – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек таваллуд топган кун

Ўқилди: 103

ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрида бўзчи оиласида дунёга келди.

Олдин ўрта мактабда, 1922-1925 йилларда эса Тошкент таълим ва тарбия техникумида таҳсил олди. Сўнгра Ўрта Осиё Давлат университетининг ижтимоий фанлар факультетида ўқишини давом эттирди. 1930 йили университетни тугатиб, шу ерда сиёсий иқтисоддан дарс берди.

Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган “Туйғулар” шеърий тўплами билан кириб келади. Шоирнинг “Дилбар – давр қизи” (1931), “Ўч” (1932), “Бахтигул ва Соғиндиқ”, “Темирчи Жўра” (1933) достонлари ўз даврининг шеърий йилномаларидир. У тарихий ва замонавий мавзуларда йигирмага яқин достонлар яратади. Ойбек шеърияти ниҳоятда гўзал; ўзининг содда, равон ва ифодали тилда, бой ва ранг-баранг тасвир санъат воситаларида яратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Ойбек моҳир шоир бўлгани каби етук романнавис ҳам эди. У яратган “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Улуғ йўл”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас” каби эпик полотнолар ўзбек реалистик насри тараққиётида муҳим бир даврни ташкил этади.
Ўзбек халқининг 1916 йилги миллий озодлик қўзғолони ёзувчининг “Қутлуғ қон” (1940) романида зўр маҳорат билан реалистик ифодаланган; “Навоий” (1944) романида ўзбек адабиётида биринчи бўлиб улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий образи яратилган.

“Олтин водийдан шабадалар” (1949) асарида халқимизнинг урушдан сўнгги даврдаги яратувчилик меҳнати, “Қуёш қораймас” (1958) романида Иккинчи жаҳон уруши фожиалари ўз ифодасини топган. Адибнинг “Улуғ йўл” (1977) асари эса “Қутлуғ қон” романининг мантиқий давоми бўлиб, унда ёзувчи халқ миллий онгининг шаклланишини кўрсатилади.

Ойбек 1949 йилда Покистонга сафар қилади. Унинг “Покистон хотиралари” очерклари, қатор шеърлари, “Зафар ва Заҳро”, “Ҳақгўйлар” достонлари, “Нур қидириб” қиссаси ана шу сафар таассуротлари асосида дунёга келади. Адиб бу асарларида қардош халқ ҳаётини, кураш ва интилишларини қаламга олади. Адибнинг “Болалик хотираларим” автобиографик қиссаси 1963 йилда яратилган. Қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо, яъни Ойбекнинг ўзидир.

Ойбек истеъдодли шоир, йирик носир бўлибгина қолмай, машҳур олим, публицист, танқидчи, таржимон ва жамоат арбоби ҳамдир. Ўзбек китобхони Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини, Лермонтовнинг “Маскарад”, Мольернинг “Тартюф” драмаларини, шунингдек, антик адабиёт намуналарини Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган.

Ойбек 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланади ва 1950 йилгача академияда ижтимоий фанлар бўлимининг раиси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби бўлиб ишлайди. У юқори малакали филологлар тайёрлашда катта ҳисса қўшган устоздир.

Ёзувчи асарлари ўзбек адабиётининг оламшумул шуҳратини янада оширди. Устоз маҳорати ёш ёзувчилар учун ижод дорилфунунига айланди. Адибнинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилган. Шу маънода унинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мустаҳкам ўрин олди ва умумхалқ мулки бўлиб қолди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек 2000 йил ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Бугун ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган Ойбекнинг уй музейида адиб таваллудининг 113 йиллиги муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтади. Унда таниқли шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ва олий таълим муассасалари талабалари ва мактаб ўқувчилари иштирок этади.

Шу муносабат билан устоз адибнинг туркум шеърлари адабиёт мухлислари эътиборига ҳавола этилмоқда.

НАЪМАТАК

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида,
Нафис чайқалади бир туп наъматак…

Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун.
Сўнмайди юзида ёрқин табассум,
Яноқларни тутиб олтин бўса-чун,
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!

Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…
Шамол инжуларни сепар чашмадек
Бошида бир сават оқ юлдуз — чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!

Тоғлар ҳавосининг фирузасидан
Майин товланаци бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксақда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!

СОЗИМ

Уйғонгач умрнинг илк баҳори,
Соз бўлди кўнглим самимий ёри.
Ҳамшира каби яқин ва дилбар,
Тонг юлдузидек умидга ундар.

Соз билмади ҳеч маҳал аразни,
Нурлатди юракни жонли базми.
Ул қўрқмади дуч келса тиканзор,
Офатли бўрон, қутурса сел, қор…

Гар эгса қаддимни чўнг машаққат,
Бир онда учирди — мисли ул пат.
Қишларни баҳор айлаган ул,
Удир боғимда хилма-хил гул.

Гулларнинг туси бағир қонимдан,
Маст нози севгининг тонгидан.
Мен у билан айладим тараннум,
Ҳар сўзда қуёш қилур табассум.

Дилларда чаман очар бу сўзлар,
Соф ҳис билан яшнамасми кўзлар?
Нур, ҳаққа чақирди халқни созим,
Халқимникидир сўзим — овозим!

* * *

Ой нурининг мавжлари ёйилар майин,
Жимжитгина соялар қочар панага.
Кўқда юлдуз гуллари очилган қалин,
Ёзнинг елпуғичини тиндирмас кеча.

Уйқуси йўқ баргларнинг чучук ялласи
Қалбларимизга тегиб, ҳисларни ёқар.
Ёнар кўзларимизда ёшлик нашъаси,
Ялтирар бошимизда кумуш олмалар…

Атласдай товланади ранглар чаманда,
Олтин ёмғир ювади гуллар тожини.
Жаранглаб тин ҳавода нозли бир ханда,
Қалбга боғлайди туннинг ипак сочини.

* * *

Тун. Шамоллар кезар бетиним
Гоҳ ишкомда, гоҳ деразада.
Чўмилади бир тўп юлдуз жим
Жилдираган бир ариқчада…

Суқтой кучук изғийди танҳо –
Суяк тишлаб сакрар пахсадан.
Нурланади бир четда само:
Ой — ўртада синган зар лаган.

Ўтиради шоир айвонда,
Хаёллари тушларда сарсон.
Қайғуради ўтган ҳар онга,
Оқар дарё — оқади замон!..

ДЕНГИЗДА ОҚШОМ

Сувларда секин ўйнар,
Олтин қайиқчалардек,
Қуёш алангалари…

Ғуруб ёнғини қоплар,
Само юзи анордек,
Булутлар атлас каби…

Уфқлар қучоғига
Сиғмаган буюк денгиз
Чайқалар секингина.
Сувлар қуёш сочига
Ўралишиб тинимсиз,
Ўпар қирғоқни аста…

* * *

Шамол, бир эртак ўқи!
Ўзганда тоғ устидан.
Ичиб булоқ бошидан,
Шамол, бир эртак ўқи!

Арчалар шохидан туш!
Кўк ипакда қил жилва,
Сочларимда ғивилла,
Кел, қалбимга шивилла!

Тоғлар рўёсини айт,
Юлдуз саломини айт,
Шивилла ҳаёт куйин,
Севги мақомини айт!

* * *

Ёр кетди, кўзим булоғи қолди,
Сийнамда тирик фироқи қолди.
Ишқ хотираси каби сочимнинг
Ёшликда кўпайган оқи қолди…

Ҳар лаҳза дилу хаёл паришон,
Бир хўрсинишимда дардлар уммон.
Юлдуз каби тунда ярқирар жон.
Тундек сочи иштиёқи қолди…

ХАСТАМЕН

Хастамен… Фикрга,туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам — сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.
Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур, менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам…

ОЛТИН ҚУЁШ  

Олтин қуёш нуридан,
Япроқлар суруридан
Тўқилган хотиралар
Кетмас мангу мен билан.
Ёшлигинг машъаллари
Кўзларингда ёнарди,
Баҳор гунафшалари
Ёш кўксингни ўпарди.
Мовий узоқлик билан
Ўпишган тўғри йўлда
Кезардик: капалакдан,
Гулдан ўйинчоқ қўлда.
Ипак қанотли баҳор
Сочларингни ёзарди,
Сийнага қўлин солар
Туйғунгни қўзғатарди.
Ҳар кўкламда мен сени
Сени йўқлайман фақат.
Ай, нозик ёр! Кўнглимга
Ҳижронинг солди ҳасрат.
Олтин қуёш нуридан,
Япроқлар суруридан
Тўқилган хотиралар
Кетмас мангу мен билан.

ЮРАМЕН

Юраман, тошади севинчим,
Бу севинч қаердан, билмайман.
Кечанинг оғуши латиф, жим,
Юлдузлар чамани гуллаган.
Тошлар ҳам, қушлар ҳам ухлайди,
Шамоллар учганда эп-енгил,
Ой нури мавжланиб титрайди,
Баргларга киради ширин тил.
Коинот севгиси гул каби
Қалбимда очилар, хаёл — ҳур.
Тўладир севинчнинг қадаҳи,
Юлдузлар томчилар олтин нур…

ҚОРАХАТ

Бехосдан узилган шода дур каби,
Тўкилди умиднинг рангли барглари.
Осилди бир онда қўллар мадорсиз,
Ер қочди, қорайди қуёш зарлари…

ЙИҒИ КЕЛМАЙДИ СИРА

Йиғи келмайди сира,
Ғазабдан қақраган кўз.
Бу йўлларнинг яхидан
Лабимда қотипти сўз.
Қошлар, киприклар қиров,
Юраман ҳушсиз, ҳайрон.
Қорним оч, эсга келмас
Халтамдаги ғиштдек нон.
Куйган уйларда увлар
Қиш қуюни бетиним.
Танҳо кезаман. Йиғлар
Юрагимда Ватаним.

ТОШ ЭКАН БОШИМ

Тош экан бошим,
Ҳеч ёрилмади —
Ёғилди минг тош.
Қалам ҳамдардим,
Бир сирқимади
Кўздан қатра ёш.
Гар қолдим нонсиз
Ва бош паноҳсиз —
Дарз кетмади қалб.
Кўнглимда ҳақиқат
Бир он сўнмади,
Гўё зўр қуёш!

 

Сайт бўлими: Таваллуд кун, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ