"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

УЛУҒ БУРИЛИШЛАР ВА РИВОЖЛАНИШЛАР ДАВРИ

Ўқилди: 54

Осмони қуёш нурларига, тупроғи билан дарёлари, тоғлари билан чўллари файзу баракага, фарзандларининг юраклари меҳрга тўла Ватанимизда тараққиёт чорраҳаларида халқимиз муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида улуғ бурилишлар сари ўзининг донғли қадамларини ташлади. Ўзбекистон сўнгги икки йилнинг, ҳа… икки йилнинг ичида ўз номини дунё тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйди.

Улуғ бурилишлар улуғ ривожланишларни дунёга келтирди.

Мамлакатимиз иқтисодиёти, маданияти ва адабиётида қўшни давлатлар ва чет эллар билан дўстлик алоқаларида, халқимиз ҳаётининг турли соҳаларида ривожланишлар, ўзгаришлар ва жонланишлар рўй бермоқда.

Улуғ бурилишлар ва улуғ ривожланишларни улуғ сиймолар амалга оширади.

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев турли-туман воқеалар борган сари авж олиб, дунёдаги халқаро муносабатлар кескинлашиб, ҳар хил сиёсий кучлар орасидаги низолар шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги глобаллашув жараёнида Ўзбекистон халқининг ободлиги, фаровонлиги ва тинч ҳаётини таъминлашда улуғ бурилишлар ва ривожланишлар имкониятларини очиб берди. Иш ва ўқув ўринларида, йўллар ва самолёт парвозларида, маданият ва истироҳат масканларида – барчанинг тилида ва юрагида Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, туб ислоҳотлар, ҳар бир инсонни ўз ҳаётидан рози қилишга қаратилган чора-тадбирлар, халқнинг фаровон турмушини таъминлашдаги аниқ мақсадлар ва вазифаларни ўз ичига қамраган Фамонлар, Қарорлар, Фармойишларнинг аҳамияти тўғрисидаги фикрлари, шукроналик туйғулари ва эзгу ниятлари изҳор этилаётир. Энг муҳими одамларнинг кўнглида келажакка ишонч туйғуси, орзуларининг рўёбга чиқиши муқаррарлигига умидворлик барқарорлашди.

Қорақалпоқ халқида “Давлат раҳбари меҳр берган эл гулларга бурканади” деган мақол бор. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташриф буюрганда: “Орол фожеасидан энг кўп жафо кўрган халқ бу – Мўйноқ халқи, уларнинг сабр-тоқати, ватанпарварлиги ва меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак”, – деган эди. Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган ўзгача меҳри ва ғамхўрлиги, улкан эътибори халқимиз қалбида умид нурларини янада яшнатиб юборди.

Президентимиз Бирлашгани Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессияси минбарида нутқ сўзлаб, Орол муаммосига дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратди. Ушбу нутқ фақатгина Ўзбекистоннинг эмас, бутун Марказий Осиё халқларининг келажакдаги ҳаётини яхшилашга қаратилган тарихий воқеалардан бири бўлди. Ўтган йилнинг 27 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилди. ЕвроОсиё материги халқларининг ўтмишдаги шажарасига диққат қаратсак, бундай воқеа ҳеч қайси даврда бўлмаган экан…

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Орол дегизининг сувсиз қолган ўзанлари, яъни Оролқумда яшил ўрмонзорлар барпо этиш борасида дастлабки қадамлар ташланганини айтиб ўтди. Ўзбекистон бўйича умумий 1 миллион 220 минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шунинг 400 минг гектари, яъни 35 фойизи Орол минтақасида барпо этилди. Президентимизнинг кўрсатмаси бўйича Орол денгизининг қуриган ерларида 2019 йил 500 минг гектар ўрмон хўжалиги ўз фаолиятини бошлайди. Ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилиб, она сайёрамизга экологик хавф туғдириб келган бўлса, энди бу қўрқинчли офатнинг панжалари ва қанотлари “Яшил қалқонлар” – саксовул ва юлғунлар, туронғиллар ва қайрағочлар, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликнинг фойдали ўсимликлар билан занжирланади. Қорақалпоғистоннинг иқтисодиёти ва экологиясида, халқнинг ижтимоий ҳаётида улкан ривожланишлар рўёбга чиқади. Фаол инвестициялар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўз қудратини кўрсатади. Оролқум саҳросида Оролўрмон туғилади. Миллион-миллион йилқилар қулинлаб, сигирлар бузоқлайди, туялар бўталаб, қўйлар қўзилайди, эчкилар улоқлайди… Кўлларнинг тўлқинли ойдинларида олтин сазанлар ва кумуш сувинлар, султон бақаралар ва хонбалиқлар сузгич қанотларини қоқади… Оққулар ва ғоз-ўрдаклар, қашқалдоқ ва қорабайлар, бирқозонлар “балиқ бозорлари”да яйраб ўйнашади. Оролўрмонимиз кийиклар ва оқбўканларнинг, қирғовуллар ва какликларнинг – ёввойи ҳайвонлар ва қушларнинг қутлуғ маконига айланади…

Сабаби ҳар бир ватандошимизнинг юрагида улуғ бурилишлар ва ривожланишларнинг байроғи қатъий ишонч руҳида ҳилпирамоқда.

Бахтиёр ГЕНЖАМУРОД,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир

(Қорақалпоқ тилидан Р. Мусурмон таржимаси)

Сурат Kruz.uz сайтидан олинди
Сайт бўлими: Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ