"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АССАЛОМ, ВАТАНИМ, БАХТИНГ МУБОРАК!

Ўқилди: 76


Гулистон МАТЁҚУБОВА,
Қорақалпоғистон халқ шоири

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифидан сўнг туғилган ўйлар.

АССАЛОМ, ВАТАНИМ,
БАХТИНГ МУБОРАК!

Ассалом, Ватаним, бахтинг муборак,
Янги давру даврон, янги кунларинг.
Янги фикрларинг, оқ умидларинг,
Жаҳонда тикланган ўрнинг муборак!

Баландроқ ҳилпира, ҳур байроғимиз,
Мовий коинотдан олиб андоза.
Яшил рангларингда сахий боғимиз,
Бугун ҳаёт янги, мақсадлар тоза.

* * *
Уфқлардан кўчган ойинг, юлдузинг,
Қирмизи чизиқлар – аждодлар қони.
Ҳар чизиқда шонли тарихнинг изи,
Ҳар рангда авлодлар руҳи равони.

Баландроқ ҳилпира, миллат шаънидан
Қувват олсин ўзга сайёралар ҳам.
Оталар хокидан, халқим жонидан
Куч олиб баландла шонли, мукаррам.

Ҳилпира жаҳоннинг аренасида –
Спортда, санъатда, илму-урфонда.
Дунёлар лол қолсин юрт маррасига,
Сен улуғлаб турган азиз Ватанда.

* * *

Қорақалпоқ юртим, ота маконим,
Устюртим, Қоратоғ маъданларга кон.
Конституциям – улуғ Ватаним,
Халқим бахти учун муқаддас девон.

Бугун яйраб яшнар ҳар тўрт ёғимиз,
Ҳар шаҳар бир жаннат, ҳар овул обод.
Қайта янгиланар ҳур Мўйноғимиз,
Халқимиз қувонар ўз бахтидан шод.

У улуғ ташрифлар Қорақалпоққа,
Улуғ келажакка қўйди пойдевор,
Қадамлар ярашиб бу кун Мўйноққа,
Янги турар жойлар қурилар қатор.

Кенг равон йўллари, сувлари сероб,
Мактаб, боғчалари муҳташам, ёруғ.
Онгида билиму қўлида китоб,
Мўйноқ ёшларининг эртаси улуғ.

«Қорақалпоғистон» янги шаҳарча,
Унга Ватан меҳри нур сочиб турар.
Равон йўллари ва темир излардан,
Янги мақсад, янги орзулар келар.

Орол инқирози чекинар энди,
Туз, қумлар бағрида яшил ўрмонлар.
Меҳнатсевар халқим боғласа белни,
Яна янгиланар қутлуғ маконлар.

Президент БМТ минбарда сўзлаб,
«Орол дарди – Олам дарди»дир деди.
Дунё юзин бурди қорақалпоққа,
Орол ўрни нурга тўлади энди.
Орол кетди, халқим мақсади кетмас,
Улуғ қалб меҳридан чўлга кирар жон.
Қорақалпоғистон ҳар ўғил-қизи,
Юртини улуғлаб қилар фаровон.

Транс жамғармалар тузилди энди,
Жаҳон ёрдам қўлин чўзар элимга,
Бутун дунё қорақалпоққа етди,
Янги кентлар бўй тиклайди элимда.

Обод овулларда бахтли уйларда,
Янгиланар қорақалпоқ ҳаёти.
Янги режалар бор, ақлу ўйларда.
Ортиб борар халқинг кучи-қудрати.

Қоратоғ бағрида ўнлаб маъданлар,
Янги корхоналар пойдеворидир.
Бугун Устюртимиз машҳур жаҳонда,
Қорақалпоқ элин ифтихоридир.

Тебин булоқ кони — фаровонликнинг,
Эшигини очган ризқ булоғидир.
Ўрмонлар яралар зумрад рангларда,
Эл бахтин ўстирар, юртим боғлари.

Булоқларда сузар «олтин» балиқлар,
Бахтдан сўзлар Бердах бобо баёзи,
Энди халқ шодлигин айтиб ёрлиқар,
Ажиниёз чалган дуторнинг сози.

Олтин боғлар, сулув чаманлар унар,
Бу ерларга янги авлод келади.
Ота юрт қадрини ёш авлод билар,
Қорақалпоғистон зўр юрт бўлади.

Бердах бобо Чимбой – ота-маконда,
Қайтадан тирилди жаннат бир боғда.
Бу ёдгорлик энди бутун дунёни,
Чорлаб турар азиз қорақалпоққа.

Ибройим оғанинг ёруғ мактаби,
Ёш истеъдодларнинг зеҳнини очди.
Достонлар тирилди, азиз боболар
Янги авлодига илм нурин сочди.

Буюк ипак йўли қорақалпоққа
Туташтириб турар бутун жаҳонни.
Дунё интилади бориб кўрсам деб,
Жаннатга айланган Ўзбекистонни.

Қорақалпоқ юртин фарзандиман деб,
Президент ўстирар бу миллат шаънин.
Элнинг мўл ризқини, тинчлик ғамин еб,
Орттирар Қорақалпоғистоннинг шонин.

Қорақалпоқ халқин қўли дуода,
Сийлаб, олқишлайди Президентини.
Бу юрт ҳали зўр бўлади дунёда,
Деб Президент суяр ҳар фарзандини.

Президент тилаги энг олий ҳикмат,
Юксал, гулла менинг ота маконим.
Ҳар дилда шижоат, ҳар дилда шиддат,
Зўр бўл, яшна, Қорақалпоғистоним.

Қадр-қимматимсан туғилган элим,
Таянч, ифтихорим, саждагоҳимсан.
Халқимнинг ғурури, кўзимиз нури,
Бизга ота мерос зар тупроғимсан.

* * *
Ассалом, Ватаним, бахтинг муборак,
Янги давру даврон, янги кунларинг.
Янги фикрларинг, оқ умидларинг,
Жаҳонда тикланган ўрнинг муборак.

 

ХАЛҚИМ

Менинг азиз халқим, Азамат халқим,
Аждодлардан мерос Матонат халқим.
Орзу мақсадларда жасорат халқим,
Қалбимдаги Мурод-Шижоат халқим.

Ота рози элдан, розидир раҳмон,
Тонгларга бахш айла илоҳий забон.
Ҳар ҳикмат хазина, ҳар ақл уммон,
Аждодлар ёдидан ҳидоят халқим.

Ўтган минг йилликлар тўлсин кўзингга,
Тарих бўй тикласин улуғ изинг-да.
Тирилсин аждодлар сўзи сўзингдан,
Ватан байроғида қасамёд халқим.

Ҳар кунинг шарафдир, ҳар кунингда шон,
Ҳар лаҳзанг эътиқод, ҳар лаҳзанг имон.
Баланд жарангласин инсон деган ном,
Тинчлик остонаси Фароғат халқим.

Тоғларнинг қудрати унинг тошидир,
Одамнинг қудрати сабр бардошидир.
Сенинг қудратинг юрт-у қуёшингдир,
Хақдан куч олгучи Саховат халқим.

Яхшилик қадрини яхшилар билар,
Ёвузлик йўлин ёп, яхшилик билан,
Тинчлик омонликка фидо жон ва тан,
Ватан Қомусида адолат халқим.

Ватан ардоқлайди ҳар бир инсонни,
Дўст кўнглидай очиқ айла осмонни.
Биз асрайлик юртга бахшида жонни,
Меҳрингдан яшарсин — Муҳаббат халқим.

 

КЕЛИНГ ДЎСТЛАР, МЎЙНОҚ ЁҚҚА

Гул очилиб саҳар вақтда,
Қушлар сайрар гул бутоқда,
Яйраб-яшнаб элнинг бахти,
Ҳумо қуши қўнган боққа,
Келинг, дўстлар, Мўйноқ, ёққа.

Мустақиллик иқбол бўлди,
Истиқболга бериб қўлни,
Эл кўзлаган ойдин йўлни,
Кулиб қуёш чиққан вақтда,
Келиб, кўринг Мўйноқ ёққа.

Устюрт янгиланган ерлар,
Дунё ҳавас билан сўзлар,
Қувончларга тўлиб кўзлар,
Ватан — иқбол чақалоққа,
Келинг, дўстлар, Мўйноқ ёққа.

Орол ўрнида ўралиб,
Қора маржонлар товланиб,
Янги умр сулувланиб,
Бойлик тошқинлаган тахтга,
Келинг, дўстлар, Мўйноқ ёққа.

Ажиниёз шоир бобом,
Туғилган Ер — ота макон,
Боболарин эслаб замон,
Созлари янграган вақтда,
Келинг, дўстлар, Мўйноқ ёққа.

Кўчалари кенг ва равон,
Қадрланар ҳар бир инсон,
Кўксин очиб Ўзбекистон,
Фаровонлик тошган боққа,
Келинг, дўстлар Муйноқ ёққа.

Сайт бўлими: Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ