"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Дўстларинг кўтарган бир тобутда ёт…

Ўқилди: 157

Дўстларинг кўтарган бир тобутда ёт...

Ўзингни аяма,

Бешафқат бўлгин.

Жонингга солиб тур гоҳида буров.

Шунда топилади хоин бўлагинг –

Унга раҳм қилма,

Қатл эт дарров.

Очуннинг исталган нуқтасига элтувчи жуғрофий хариталар борлигига шубҳа қилмасман. Аммо инсонийликка, виждонга олиб борадиган жаридалар анқонинг уруғи экани рост. Балки бу йўл ўз соҳибини ҳар лаҳза хатар ичида қолдирар, азоблар, аммо бани одам мақомига шундан ўзга йўл олиб бормасдек…

Йўл бўйи хаёлчан кетдим. Уловимиз “зувиллаб” кўҳна Марғилон кўчалари узра мени қаҳрамон ҳузурига бошлаб борарди. Биринчи келишимиз эмасми, ҳайдовчи бошини машина ойнасидан чиқариб, уч-тўрт қўйни хивичлаб кетаётган боладан йўл сўрайди.

Бола ютоқиб тушунтиради. Манзилни осон топганимиздан ёришиб кетдим. Кўп қаватли уйнинг кираверишида – пештахта қаршисида тек туриб қолдим:

Бу хонадонда Ватанимизнинг қаҳрамон фарзанди Ғаниев Бобуржон Абдулҳамидович яшаган”.

***

Меҳмон дарагини эшитиб, шоша-пиша тадорикланиб қолган аёлнинг истиқболига чиқдим. Ранг кўриб, ҳол сўрдик.

Мунаввархон Ғаниева 1940 йилда Ўш шаҳрида туғилган. Ҳаётининг эллик уч йилини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган.

Фидокорона меҳнатлари учун халқ таълими аълочиси, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирланган.

Ая бизни ўғлининг уй-музейига бошлади. Ичкариладик. Сўрашни аянинг ўзидан бошладим:

–Ёш эдим. Уйимизда ҳамма эркаклар ҳарбий эди, – деб эслайди ая. – Дадам Низомжон ака офицер бўлиб, Иккинчи жаҳон урушида танк дивизиясида хизмат қилган. Ленинград блокадасида ичкарида қолиб кетиб, 43-йиллар суронида ҳалок бўлган.

Онам Тожихон ая 91 ёшга кириб ўтдилар. Гўзал аёл эди. Ана суратлари. Кўнгилли бўлиб, уруш вақтида чегара қўшинлари сафида хизмат қилган.

Хўжайиним Абдулҳамид Ғаниев ҳам ҳарбий эди. Афғонистондаги жангларда 887-сакрашда умуртқасидан жароҳат олиб, кейинроқ 46 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Бобуржоннинг акалари Бахтиёр ва Баҳодиржон ҳарбий хизматчи, Баҳромжон шифокор, опаси Гавҳарой – ҳуқуқшунос.

Қаҳрамон ҳаёти

Бобуржон Ғаниев 1977 йил 14 октябрда Марғилон шаҳрида туғилган. Отаси вафот этганида у 9 яшар бола эди. Аввал Марғилон шаҳридаги рус тилига ихтисослашган 13-ўрта мактабда таҳсил олди. Кейинчалик Марғилон тижорат техникуми, 2000 йилда эса Тошкент электротехника алоқа институтининг махсус факультетини тамомлади.

Бобуржон ёшлигидан бир сўзли, айтганини қиладиган бўлиб ўсди. Доим ўзидан каттанинг оғирини олар, айниқса, қўшниларимизнинг беминнат қўли эди. Кўпинча ҳамсоялар бизникидан сув ташир, икки пақир сувни элтиб беришдан сира эринмасди.

Талабалигида ҳам стипендиясини йиғиб, китоб, совғалар билан тўлиб-тошиб кириб келарди. Шу кезлар кимдир ер чопаётган ёки бирор юмуш қилиб турган бўлса, жамадонини бир четга қўйиб, ёрдамга шошарди.

Ўқишни битириб, пул топиб, онасини ҳажга олиб бориш ниятида юрарди. Тақдир экан, бу улуғ ишни унинг акалари адо этди.

***

Ўзингни аяма,

Бешафқат бўлгин.

Жанг қил била туриб мағлубиятни.

Шунда чекинади

Сотқин бўлагинг –

Маҳв эт шармандани,

Маҳв эт уятни.

2000 йил август ойида бир гуруҳ террорчилар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари тоғли қишлоқларига бостириб киришди. Тиш-тирноғигача қуролланган тўдалар ҳеч кимга шафқат қилмас эди. Ватан ҳимоясига отланган мард ўғлонларимиз қисқа вақт ичида тартибли жанговар ҳаракатларни бошлаб юбордилар. Улар орасида лейтенант Бобур Ғаниев ҳам бор эди.

Ҳарбий вертолётлардан берилган шиддатли зарбалар душманни саросимага солиб қўйди. Ҳудудни тозалаш жараёнида гуруҳ командирининг ўринбосари, лейтенант Бобуржон Ғаниев берилган вазифани ўта ҳушёрлик билан бажарарди. Террорчилар пистирмасини сезган Бобуржон тезкор қарор қабул қилиб, қулай позицияни эгаллади ва сафдошлари билан жангга кириб, бир нечта жангарини яксон қилди.

…Тушдан сўнг ҳарбийларимиз Киштут дараларидан бирини ўз назоратига олди. Тоғларда қош қорайган бўлса-да, қуюқ оқшом чўкмасидан аввал дарани синчков кўздан кечириш ҳақида буйруқ олинди. Лейтенант Бобур Ғаниев қўл остидаги гуруҳ билан ҳар бир қоя, ўнгирни диққат билан кўздан кечира бошлади.

Тун шундай сокин эдики, ногоҳ бу осойишталик юракни ғашлар эди. Қоялар орасига пистирма қўйган душман тўсатдан ўт оча бошлади. Ҳавони кетма-кет шарақлаган автомат овози ва порох ҳиди тутди. Ўқ йўлига ғов бўлган лейтенант оғир ярадор бўлишига қарамай, қуролдошлари хавфсиз жойга ўтгунига қадар бор кучи билан жангариларга қаршилик кўрсатди.

Жангданда кучли дўстлик…

Майда-майда бўлма,

Мудом бутун бўл,

Ўзингни ўзингга қилмагин талош.

Бир тан бўл,

Бир сўз бўл,

Битта тугун бўл –

Фақат битта юрак,

Фақат битта бош.

Бобуржон олдинга олға борди. Орқада Маъруфжон исмли самарқандлик йигит йўлдош эди. Иккиси ҳам сон суягидан яраланган, оғриқ кучайиб борарди. Бобуржон командирига рация орқали мурожаат қилиб, тиббий ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Қаҳрамон исмли фельдшер воқеа жойига етиб келиб, бир аҳволда ётган Маъруфжонга ёрдам кўрсатмоқчи бўлди, аммо у унамади.

– Сен аввал Бобуржонга ёрдам бер, у жангарилар билан ҳамон жанг қиляпти, мен бир амаллайман, – деди.

Фельдшер паналаб Бобуржон томон кетди. Уни текисроқ ерга ётқизиш учун тизза чўкиб, озгина судраб борди. Муолажани бошлар чоғи эса душман снайперда уни аниқ нишонга олди. Қаҳрамон шундоққина ярадор пойида жон берди. Ҳам жисмоний, ҳам руҳий зарбага учраган йигит ўша заҳоти рация орқали командири билан боғланиб, ахборот берди: – Ўртоқ командир, бошқа бизга ёрдамчи куч юборманг, улар кўпчилик, йигитлар беҳуда ўлиб кетмасин… менинг ҳам қўл остимдаги одамларни дарҳол олиб кетинг…

– Бу воқеани ўғлимнинг гуруҳ командири айтиб берган эди, – дейди-ю, ая йиғлаб юборади. Уни ўзимча юпатаман.

– Барака топсин ўша командири, ҳалиям ўзини айбдор сезар экан. Унгаям осон бўлмаган…

Командирнинг айтганлари кўз олдимдан ўтди:

– Ўша воқеадан кейин ҳар тонгда юз-қўлимни ювиш учун кўзгуга яқинлашар эканман, Бобуржон кўзимга кўринади. Биз ўша ерда туриб унга ёрдам беролмадик. Ичим эзилади. У тунги 2 гача жанг олиб борди. Тунги 2 гача унинг қуроли “тилга кирди”. Унинг тириклигини, бор мадорича душманга қарши жанг қилаётганини сезиб турдик. Автомат овози ўчди, юракка дунёни бузгудек титроқ кирди.

***

2000 йил. Лейтенант Бобуржон Ғаниевнинг хонадони. Одам гавжум. Бир чеккада хомуш ўтирган басавлат киши Мунаввара аянинг эътиборини тортди. Ўғлидан унинг кимлигини сўради: – Мудофаа вазиримиз, она – деди ўғил. Ая унга яқинлашди. Ҳол-аҳвол сўрашди…

…Кейинчалик Тошкентга қайтган вазир Баҳодиржонга шундай деган экан: – Сизлардаги мардлик, тантилик кимдан ўтган десам, онангиздан экан. Шундай оғир вазиятда ҳам аянгиз мен билан келиб сўрашди. Очиғи, пагонимни юлиб, қўлимга берса керак, деб ўйловдим. Чунки фарзанд доғи аччиқ. Уларга қойил қолдим.

Мунаввара ая узоқ йиллик педагог. Инсон қачондир бу дунёдан кўз юмишини, омонатини эгасига топширишини яхши тушунади. У гоҳида ўғлининг тоғу тошда яшриниб ўтирмаганидан ғурурга тўлади. Берган тарбиясидан шодланади.

– Ҳа, террорчилар билан жангга бежиз уни олиб боришмаган. Чунки ўғлим душманларни юртимиздан ҳайдаб чиқармагунча тинчимасди. Ахир ўйланг, тоғлар ораси, жон сақлайман, деса жой кўп. Аммо у саккиз жойидан ўқ еди. Нима бўлса ҳам болам ўз вазифасини бажарди. Ватанига, оиласига, ўз номига хиёнат қилмади.

Аянинг ҳар сўзини ёзишга уринаман:

–Ўғлим Баҳодиржон ҳам ўша гуруҳда эди, – дейди. – Унга ярадорларни олиб чиқиш юклатилган. Унинг айтишича, уч кунгача ўша дарага кириб бўлмаган. Террорчилар қаттиқ туришган. Шундан кейин ўғлим офицерлик формасини ечиб, аскар кийимида автомат билан тоққа чиқиб кетган. У 4 минг метр баландликдаги Киштут арчазорлари, ўт-ўланлар, тоғ-тошлардан эмаклаб, бешта офицерни олиб чиқишни уддалади.

Аммо у ҳануз Бобуржон учун ўзини айбдордек ҳис қилади. Аслида бу тақдир эканини айтиб, уни юпатаман.

Муҳаббат

Оила катталарининг ризоли билан 23 ёшли Бобуржон унаштирилиб, ўзи кўнгил берган бир қизга расм-русумга кўра “оқ кийди” қилинган эди. Ҳатто тўй куни ҳам аниқ…

Аянинг айтишича, Бобуржон у қиз билан учрашиб, гаплашиб юрмаган. Ўқиш жойида аввалдан таниб-билиб юрса-да, иш бўйича бир-икки “справка” сўрашдан нарига ўтмаган.

– Ўғил бола деган ҳеч бўлмаса қизнинг расмини олиб юрмайдими, – деганим таъсир қилган чоғи, ўзининг журъати етмай, бир ўртоғига узоқдан бўлса ҳам қизнинг суратини олиб беришни илтимос қилган экан. Ўша суратни менга кўрсатган эди. Буни эслаш оғир…

Қаҳрамон чўнтагидаги буюмлар

Бобуржоннинг чўнтагидан чиққан нарсаларни шундайлигича сақлаб келаман. Мана, ўзингиз кўринг.

Ичимда алланечук титроқ билан унинг буюмларига қўл теккизаман. Турли чизмалар, ҳарбийликка оид кундалик қайдлар…

Жангдан сўнг ён чўнтагидан дадасининг ва ўша қизнинг сурати чиққан экан. Уларни қўлга оламан, суратларнинг ён-атрофини қон излари ивитган, аммо недир ўй билан хаёлчан атрофга боқаётган кўзойнакли қиз нигоҳи яққол кўринади. Бўйнидаги житон осилган занжирда ҳам қон изи бор. Столда у жанг қилган қурол… яна гугурт, галстук, поезд билетлари ва москвалик дўсти берган 10 сўмлик қоғоз пул.

Бир ҳол дилимни баттар ўртади. Марҳумнинг чап чўнтагидан чиққан, уч-тўрт букилганидан униқиб кетган қоғозни оҳиста очар эканман, ундаги хира ёзувларга кўз югуртираман.

Ажабо,қоғозчада муқаддас “Қуръони Карим”дан “Оятул курси” ояти ёзилган. “Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм…”

Хат сўнгида онанинг шундай эслатмаси бор:

“Бобуржон, бу оятни ёдлаб олгин, мана шу ёзилганларни доимо белдан юқоридаги чўнтагингда олиб юргин. Салом билан аяжонинг. Имзо”.

Ташқари чиқаман. Чуқур-чуқур нафас оламан. Ҳамма нарса У бўлиб кўринади.

Чиндан ҳам бугун қаҳрамон йигитни ҳамма танийди. Ҳарбий хизматга илк қадам қўйган аскар Бобуржон ва унинг сафдошлари суратлари қаршисида ҳурмат бажо келтиради. Улардек ботир, ватанпарвар бўлишга аҳд қилишади. Бугун бу ўғлон номи билан аталувчи стипендия, ўзи таълим олган олий ўқув юртида рамзий ётоқхона ҳам бор.

Унинг онасини ҳарбий хизматчилар тез-тез йўқлаб туришади. Улар учун қаҳрамон сафдошини ёд этиш доимо шараф.

–Музейни ташкил қилишда ҳам ҳарбий қисм ва ҳарбий хизматчиларнинг ёрдами катта бўлди, – дейди ая. – Музей қоронғу эди, иккита дераза қўйиб кетишди. Йўғимда ҳам ҳарбий болаларим киради, чиқади, нималарнидир тўғрилаб юришади. Яқинда равот эскириб кетган экан, янгилаб беришди, барака топкурлар…

Қаҳрамоннинг ички дунёси

Музейда У билан боғлиқ барча нарсаларни кўздан кечирдим. Ҳатто унинг ўз қўли билан ёзган таржимаи ҳоли, гўзал ҳуснихати, хориж тилларини ўрганишга бўлган қизиқиши ҳам ҳаётга бўлган муҳаббатидан сўзлар эди.

– У ўзи бошқача бола эди-да, – дейди хўрсиниб Мунаввара ая. – Озгина еримиз бўларди, райҳон экиб қўярдим. Узоқда бўлса ҳам келиб, ерни чопиб, эгат олиб бериб кетарди. Эсимда, ер чопаётганда бир ўртоғининг отаси ўтиб қолгани хабарини эшитди. “Эҳ” деди-да, кетмонни жаҳл билан улоқтирди.

– Ҳа, Бобуржон, нима бўлди?

– Ўртоғимнинг дадаси Алижон тоғам ўтиб қолибди…

У дўсти ёнида бўлди. Марҳумни тупроққа қўйиб, эл билан қайтди. Шундай оқибатли эди ўғлим…

Президентга мактуб

2000 йилнинг сентябри. Олий Мажлиснинг IX сессиясида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов сессия минбаридан туриб уларга йўллаган мактубимдан парча ўқиб бердилар. Унда шундай ёзган эдим:

–Менинг болам кўча-кўйда безорилик қилиб, муштлашиб, бировнинг молига тажовуз қилиб ўлгани йўқ! Менинг фарзандим Ватан ҳимояси учун жон фидо қилди. Мен ундан мингдан-минг розиман, берган оқ сутимга розиман. Яна икки ўғлим ҳам ҳарбий. Уларни ҳам юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиш учун чегарага юборишга тайёрман..!

Мен шундоққина уларнинг ёнларида эдим. Президентнинг кўзлари ёшланди, чўнтагидан дастрўмол олиб, кўз ёшларини артар экан: “Мен бундай Она олдида таъзим қиламан”, дедилар.

Дарвоқе, Бобуржон яшаган хонадонда уй-музейи ташкил этилиб, ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган. Кўчага Бобуржон Ғаниев номи берилган.

У Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2000 йил 25 августдаги фармонига мувофиқ, II даражали “Шон-шараф” ордени билан мукофотланган.

***

Қаҳрамон йигитни сўнгги йўлга кузатиш учун бутун шаҳар йиғилди, вилоят ва Республикадан одамлар келди. Уни яқиндан билгувчи, танигувчи дўстлари жам бўлди. Қабристонгача ҳамма пичирлаб уни хотирлади, ҳақига дуо қилди.

Қуролдошларининг гувоҳлик беришича, Бобуржон оғир яраланган бўлса-да, сўнгги нафасигача босқинчилар билан курашди. У чин маънода ҳарбий хизматчилар, ёшлар олдида ҳақиқий мардлик намунасини кўрсата олди.

Кўз олдимда сўнгги манзилдаги манзаралар гавдаланар экан, Қаҳрамон йигит ўз халқи қўлида қалқиб-қалқиб борарди. Унинг қайноқ вужуди, меҳри, туйғулари шу тупроқда мангу қўним топди. Руҳи шу озод Ватанни кезиб юргандай кўринди.

Ва ниҳоят тилимда айланаётган шеърнинг сўнгги банди ҳам тўлалигича унинг ҳаёти ифодасига айланди:

…Аммо курашларда қурбонлик расм,

Сени ташлаб кетса,

Сен севган ҳаёт,

Минг битта тобутда танинг ётмасин,

Дўстларинг кўтарган

Бир тобутда ёт.

 

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

Тошкент-Фарғона-Тошкент.

ЎзА
Сайт бўлими: Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК