"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЁШ ИЖОДКОРЛАР ОЙБЕК УЙ-МУЗЕЙИДА…

Ўқилди: 161

Истеъдод куртак очаётганда ижодга рағбат уйғотадиган омиллар жуда кўп. Адабий тўгараклар бу омиллар ичида энг таъсирчани десак тўғри бўлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида фаолият кўрсатаётган “Онажоним шеърият” адабий тўгарагига аъзо бўлган ёшларимиз бугун айни ўрганиш, қайноқ ижодга дадил қадам қўйиш палласида. Ҳаяжонли мушоиралар, қизғин савол-жавоблар уларга ижод дарсини ўтабгина қолмай, келажакда яхши шоир, зўр ёзувчи бўлишдек юксак умидларни ҳам бахш этмоқда.

Ёш ижодкорлар ижод қилиш билан бирга юксак бадиий қимматга эга, залвори билан ҳар қандай китобхоннинг адабий тафаккурини бойитувчи асарларни мутолаа қилишади. Бу асарлар муаллифларининг ҳаёти, ижоди ёш ижодкорларни қизиқтирмай қолмайди, албатта. Ёш ижодкорларнинг таниқли адибларнинг уй-музейларига саёҳати йўлга қўйилгани уларнинг билимларини янада оширишга хизмат қилмоқда. Ахир, биз севиб тилга оладиган шоиру ёзувчилар ҳам умрининг навқирон даврида ана шундай тўгараклардан илҳом олган ва устозлари эътибори билан камол топган-да.

«Онажоним шеърият» тўгараги аъзолари ХХ аср ўзбек адабиётининг энг йирик сиймоларидан бири Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг уй-музейига ижодий сафар уюштирди.

Уйга биринчи марта қадам қўйган ёшлар дастлаб Ойбекнинг хаёлчан нигоҳини ўзида акс эттирган ҳайкалига юзма-юз келдилар. Бу нигоҳлар гўё ёшларга синчков назар солгандек, “хуш келибсизлар, хонадонимга” дегандек туюлган бўлса не ажаб. Ҳаётнинг ҳам, ижоднинг ҳам гоҳида жўшқин, гоҳида сирли, машаққатли йўлларини босиб ўтган Ойбек домла балки бу сатрларни ўйлаб тургандир эҳтимол:

Сирли йўллар босиб, кезамен осмон.
Ўйлаймен, ўйлаймен, сира билмаймен…
Осмонга сепилган олтиндан сомон,
Ҳақиқат нимадир ўйлаймен ҳамон…

Тўгарак аъзолари дастлаб Ойбекнинг болалик даври экспонатлари билан танишишди. Дастлабки ижоди, таълими уларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, муҳаббатга ошно қалбнинг қайноқ ижодга уйғунлашган даври – аёли Зарифа Саидносирова билан кечган илк танишуви, бирга кечирган ҳаёти ёшларда эсда қоларли таассурот қолдирди.

Афсуски, ҳаёт доимо бир зайлда давом этмайди. Ойбекнинг мусибатли дамларида фақатгина ижодкорнинг аёли Зарифа ая, уч-тўртта яқин дўстларигина унга далда бўлишади. Ўша пайтдаги марказий газеталардан бирида Ойбекка уюштириб ёзилган туҳматли мақола унинг юрагига оғир ботди. Бу туҳмат ўз кучини кўрсатмасдан қолмади – Ойбекни тилдан қолдирди. Бу туҳмат мақола муаллифининг кейинчалик виждон азобида Ойбек домлага ёзган мактуби чин маънодаги афвга, илтижога тўла эди…

Хастамен…фикрга, туйғуга тўлиб,
Ой менга ҳамқадам, сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.

Ўзбек китобхони Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи, Лермонтовнинг «Маскарад», Мольернинг «Тартюф» драмалари, шунингдек, антик адабиёт намуналарини Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган. Музейда истеъдодли шоир, йирик носир, машҳур олим, публицист, танқидчи ва таржимон, давлат ва жамоат арбоби Ойбек ҳақида Абдулла Қаҳҳорнинг ушбу сўзлари эътиборимизни тортади:

“Ёзувчи умри йил билан ўлчанмайди – ижодий фаолиятнинг самараси билан ўлчанади. Ойбек 400 йилга тенг келадиган 40 йиллик фаолиятининг бир лаҳзасини ҳам самарасиз ўтказгани йўқ. Ойбек бу жиҳатдан ҳам ҳозирги ва келажак адабий авлод қаршисида устод бўлиб гавдаланади”.
Музейда сақланаётган тарихий қўлёзмалар ва ХХ жилдга жам бўлган адабий дурдоналар бу фикрларни яна бир карра исботлайди.
Тўгарак аъзолари фақат томоша билан чеклангани йўқ. Улар ўртасида ўтказилган қизғин мушоира Ойбекнинг руҳини яна бир шод қилганига имонимиз комил. Мушоирада алоҳида фаоллик кўрсатган ижодкорларга китоблар совға қилинди.

Маънавий хазинамиздан умумхалқ мулки сифатида мустаҳкам ўрин олган Ойбекнинг ўлмас асарлари, нурли ижод йўли, муҳаббатга тўлуғ умр варақлари ҳам ёш ижодкорлар шуурида адибимизга улкан ҳавасни муҳрлаганига шубҳа йўқ. Ойбек билан руҳан яқинлашув бу улкан адиб асарларини мутолаа қилишга, тушунишга кўмак бермасдан қолмайди, албатта.

Шоди ОТАМУРОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ўқув-методика ва

ҳарбий ватанпарварлик бўлими етакчи мутахассиси

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК