"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЗИЛОЛА ХЎЖАНИЁЗОВА. ШЕЪРЛАР

Ўқилди: 422

Зилола Хўжаниёзова – 1973 йилда туғилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (2002 й).
“Юрагимда бир гул ўсади”, “Дил шеваси”, “Кўнгилга йўл” номли шеърий тўпламлари ҳамда “Публицистика ва ёшлар сиёсий идеали”, “Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати”, “Оила-тарих ва тараққиёт силсиласида” номли илмий, публицистик рисолалар муаллифи. «Улуғбек» жамғармаси мукофоти совриндори, Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари қатнашчиси ва “Ватан учун яшайлик!” республика танловлари ғолиби. Ижод намуналари ва илмий мақолалари билан республика матбуотида мунтазам иштирок этиб келади.

Сиз…

Ям-яшил юртларда бахтлимушсиз Сиз..
Тонгда кабутарлар келтирди хабар.
Менинг муштоқ дилим кезади ҳиссиз,
Ҳижрон боғларида телба, дарбадар.

Бедорман, ўйларим ғамбода, дардман,
Яшайман ишониб аҳдларингизга.
Ҳижрон гирдобида хазонман, хасман,
Тўкилгим келяпти… кафтларингизга.

Юрагимга сиғмас тонгнинг кулгуси,
Гарчи бунда апрель, мен суйган баҳор.
Сиз ила шодлигим, сизсиз умидим,
Оппоқ туйғуларим бўлгуси нисор.

Ёмғир эзиб ёғар, сиз кетган кундан,
Менга ҳамдард бўлди, бир он тинмади.
Хавотир изғиган фироқ тунида,
Шивирлашдик… кўзга уйқу инмади.

Яна кипригимда янги тонг отди,
Илҳақ кутаяпман ёруғ бир хабар.
Келмайсиз… наздимда минг бир йил ўтди,
Ахир, уч кун ўтиб қарийди сафар…

Ям-яшил юртларда бахтлимисиз сиз,
Менсиз кунларингиз ўтарми шодон?
Кўксимда бир қучоқ соғинч гуллари,
Сўлиб қолмасидан қайтинг, бегижон.

Ям-яшил юртларда бахтлимисиз Сиз?..

****

Тамуқнинг бўғзида ҳиққиллайди жон,
Қалбим дард саҳроси – саҳрои Кабир,
Гуноҳу савобни шопирар тўзон,
Ёнаётган қумда доғланар Сабр.
Бу зада юрагим қовурмоч, қовурмоч…
Кўланка излайди руҳим тизгинсиз,
Жодуга чўлғанар ташна бир нафас.
Ҳуввиллаган дунё – азоб исмсиз.
Шип-шийдам далада ёлғиз бир оғоч –
Ялонғоч қайрағоч, қалбинг оч, қалбинг оч…
Маҳкуммиз, ҳукмимиз ўқир сукунат,
Унда сен ёлғизсан, бунда мен яккаш.
Дил-да умид ҳайдалган ер, ишқ – омоч,
Хаста хотиралар уйғонар дардкаш.
Эй омоч тилим оч, бўл тилмоч, бўл тилмоч…
Кўзим – ўппонлаган сув чиқмас қудуқ,
Эрк учун иллоҳ кам эрур тириклик.
Мадорим қуриган, қароғим қуруқ.
Фиғону ғамларим куйдир минг йиллик,
Аё, руҳ нолакор сандувоч, сандувоч…

Ҳаёт чизгилари

Ёмғир… менинг улкан кўнглимнинг
Синиб тушаётган бурда-бурда бўлакларидир.
Сориқ япроқ…
Дарахт – ғариб синглимнинг ушалмаган, узоқ кутган,
ташлаб кетган тилакларидир.

Хазон бўлган тилакларини
Тўда-тўда қилиб ёқдилар…
Ҳамон тутаб ётар тутуни.
Кўзларни ёшлатар, ёшлар юракни…

Кимдир ўзни панага олар, мўлтирашар дарчаларидан.
Намиқиб, хасталаниб қолмайин дея.
Менинг кўнгил парчаларимдан…

Она замин, фақат сен мени,
Тушунасан худди онамдай.
Сингиб бораяпман бағрингга сим-сим..
Энди дардларингни аритмоқ учун,
ғамларингни қаритмоқ учун,
орзуларинг тўлитмоқ учун,
Сингиб бораяпман томрингга, синглим…

 

Қизим Нодирабегимга

Шеър ёзмоқчи бўлдим, ҳайратим баланд,
Бир қўлимда қоғоз, бирида қалам.
Энди бошлагандим, ёзиб бир тизим,
Бешикдан қийқириб қолди-я қизим.

Қўлларимни чўзсам, талпинди бирам,
Кўзлари кўзмунчоқ куларди эркам.
Бағримга ўзини отиб ўйнади,
Ўзининг тилида шеърлар сўйлади.

Полапондай тиним билмади сира,
Илҳом париси ҳам унга асира.
Шўхлигу шодлиги оламни олди,
Қоғоз, қалам, шеърим… столда қолди.

Кулди, ҳар нарсани ҳар ёнга отиб,
Иккита тишчасини кўрсатиб, қотиб.
Бидир-бидир қилди, ором билмади,
“Шеърим ёзай” десам, писанд қилмади.

Сўнгра кўзларини юмиб беозор,
Маликам уйқуни этди ихтиёр.
Қалбим тўлқинланар ширин туйғудан,
Энг гўзал “шеър”гинам қўйнимда ухлар.

Шеърият

Кеч кузак, дилдаги ўйларим нотинч,
Илиниб ойнинг бир тутам нурига.
Кечиб ҳаловатнинг баҳридан соғинч,
Талпинар дил тилсим — оташ қўрига.

Қўйинг энди мени майда ташвишлар,
Майдаланиб кетдим зарра ҳисоби.
Гар изтироб бўлса бори яшамоқ,
Майлига қийнасин шеърнинг азоби.

Юлдузлардан юлдузларга кўчар хаёл,
Коинотнинг қучоғида не сир-асрор.
Шеъриятнинг кўзларига боқсанг аён,
Ишқдан ўзга бари ўткинч, бари бекор.

Бу маҳзун умримнинг шодлиги шеърим!
Довулларни уйғотади қалбда ҳайрат.
Қанотида мен ўзимни топгум, замин,
Қўйиб юбор, самоларга учгум албат!..

 

Сенсизлик…

Қўйгил, этагимга илашмагил бахт,
Ўртаниб айтилган у сўзлар ёлғон.
Туннинг кўргулиги қаролик фақат.
Сенинг кетмоғинг чин, қайтмоғинг гумон.

Кўнгил… қисматингга начора кўнгил,
Ҳар тун ором олислайди кўзларимдан.
Қасдланаман, унутай деб сени буткул!..
Қарорларим кетиб қолар сўзларимдан…

Шодликларга алишмаган қайғугинам,
Тўлғонаман ҳижронларни қучоқлаб.
Қалбимдаги энг бокира туйғугинам,
Тонгим отар сенинг номинг сўроқлаб.

Сўлисалар муҳаббатнинг ғунчалари,
Тирилсалар кўзларимнинг ёшларидан.
Бир умрга ёмғир бўлиб ўтар эдим,
Юрак ясаб қорли тоғлар тошларидан.

 

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК