"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

«ХАЛҚИМГА… РОСТГЎЙЛИК ТИЛАЙМАН»

Ўқилди: 112

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевни чин маънода адабиёт одами дейиш мумкин. Унинг бир неча юз саҳифадан иборат мақолаю суҳбатларини варақлаб чиқиб, умр бўйи ўй-фикрлари ягона меҳвар – Адабиёт атрофида айланганига гувоҳ бўласиз. Лекин адиб капалак қуртидек бир ғумбак ичида қолиб кетмайди, ўткир қалами билан замоннинг, халқнинг юрак уришини текшириб, тафтиш этиб туради. Мангу мавзуларга ҳам, жамиятдаги ўзгаришларга ҳам айнан ёзувчи нигоҳи билан қарайди, муносабат билдиради. Элининг иллатларидан оғринади, қайғуради. “Мен ўзимнинг халқимга ўзи истагани – жуда кўп тилаклардан ташқари яна ростгўйлик тилайман”, дейиш ёзувчига ҳам осон бўлмагандир.

***

…телевизорда – хато қилмасам – Алишер деган укамиз “АДАБИЁТ” мавзуида давра суҳбатини ўтказди. Ҳим, ўртада яна иккита йигит: бири – шартли равишда қораловчи, бири – оқловчи. Уларнинг ортида – йигит-қизлар…

Ўшанда пачоққина, сурроқ, кулимсираб турган бир йигитча бошловчининг саволига жавобан тахминан шундай деди: “Адабиёт менга керак эмас. Менинг мақсадим бор, компью­терни ўрганаман. Шу мақсадимга мос келадиган илмий қўлланмаларни ўқийман. Мақсадимга, албатта, етаман!”

Мен ўшанда ўзимча шивирладим:

– Мақсадингга етарсан-у, аттанг, барибир одам бўлолмас экансан-да, нодон. – Кейин жаҳлим чиқа бошлади. – Унинг ишшайиб туришини қара. Худди бир нарсани қойил қилиб қўйгандай… Оббо, қаердан чиқди ўзи бунақа гаплар-а: “Ҳар кимнинг ўз ФИКРи бўлиши керак!” Ҳа-ҳа-ҳа, фикри бўлиши керак!

Лекин оламда шундай ҳақиқатлар борки, жумладан, Яхшилигу ёмонлик, нодонлигу жоҳиллик, Раҳм-шафқату буларнинг акси… Бу тамойилларга нисбатан ҳар хил эма-ас, БИР хил фикр, бир хил кўзқараш бўлиши керак-ку! Акс ҳолда…

…урғочиси ғажиётган сўнгакни тишлаб тортиб олган йиртқич сиртлондан нима фарқимиз қолади?

Ҳа, бунақа – нигилист йигитчалар ўз МАҚСАДларига етиш йўлида сўнгакдан каттароқ ўлжаларниям ўмариб кетишлари мумкин… Раҳмдиллик? Нега раҳмдил бўлишлари керак? “Мақсад” йўлида олға босаётган шоввознинг бировга меҳр-шафқат кўрсатиб ўтиришга вақти йўқ, ахир! Ёхуд бир мунгли – қайғулардан ҳикоя қиладиган мумтоз мусиқа янграётир дейлик. Уни тинглашга вақти борми унинг? Вақти бўлган чоғдаям тинг-ла-майди. Ахир, бу куй уни ўйлатади… Унга эса ўйлатмайдиган, МАҚСАД сари юришига кўмак берадиган ё кайфини чоғ қиладиган енгил, ўйинқароқ ва қичимол қўшиқлар керак…

Юнусобод бозорига кираверишда ҳар гал эшитаман шундай қўшиқларни: “Оқшом кел, бир маза қилайлик…”, “До-од”, деб чинқириб қўяди мусиқа ёзилган кассеталарни сотаётган йигитча гижинглаб. Унга бошқа шериклариям қўшилади ва ўша кассетани харид қилишади… Ҳа, бизнинг ўша – МАҚСАД сари интилишга аҳд қилган пучуқ йигитчамизнинг ўзига хос маслакдошлари булар…

Й-ўўқ, бунақалар билан бир окопга тушиб қолишдан Худо асрасин. Мисол учун-да…

Унга жон керак: мақсад сари интилиши учун… Ҳимоя, дўстни ёлғиз қолдириш?

А, нима бўпти!

Даҳшат-а?

Ўша кўрсатувнинг охирида яна битта – қандайдир саволга ўша йигитча шундай жавоб берди: “А-а, “Ўтган кунлар”ми? Ўқимаганман. Отебк (Отабек эмас) деган йигитнинг фожиаси ёзилган эмиш. Телевизорда кўзим тушган… Йўқ, ўқимайман. Ахир, айтдим-ку. Менинг адабиётгаям ўз нуқтаи назарим бор. Ўз фикрим бор…”

Вассалом.

Кейин бошловчимиз ҳам, назаримда, қовун туширдилар. “Мана, маълум бўлдики, – дея палағдагина товушда хулоса ясай бошлади бошловчи укамиз, – ҳар бир масалага ҳар хил ёндашиш бўлганидек, адабиётга ҳам икки хил қараш мавжуд экан. Бу – табиий ҳол…”

Э, бекорларни айтибсиз!

Тавба.

***

Адабиётнинг ўлими – Инсоннинг ҳалокатига тўғри келади: илло, бу инсониятнинг тадрижий такомилидаги ақлий ва ҳиссий Ўсувининг ҳосиласидирки, Инсон ундан кечиб орқага – ибтидоий сезимлару фикрлаш тарзига қайтолмайди. Билъакс, олға бориб, Адабиётнинг янгидан-янги имкониятларини очадики, Адабиёт, ўз навбатида, ана шу Инсон(ият)нинг ақлий ва ҳиссий такомили даражасини ойнадагидек кўрсатиб туради: булар – узангги-йўлдошдир.

Энди бозор иқтисоди шароитида ҳар хил қораламаларнинг китоб ҳолида чиқиб кетаётганига келсак, бундай муаллифларга эргашаётган айрим ёзувчиларни ҳам ана ўша “ҳаваскорлар” сафига қўшмоқ керак. Чунки уларнинг адабий савияси ҳам, ном чиқаришга ишқибозлик даражалари ҳам бир хил.

Шу тобда раҳматли Асқад Мухторнинг бир мулоқотда айтган гаплари ёдимга тушиб кетди: айтмасам бўлмас… “Асқад ака, – деб сўраганман мен, – нимага бу одам чол-мўйсафид бўла туриб, бунчалар нодон-а?” Асқад ака жавоб берганлар: “Чунки, Шукуржон, улар ёшликларидаям нодон эдилар. Демак, нодон ёшлардан доно қариялар пайдо бўлмас экан”. Зўр гап-а?

***

Остап Бендер ролини кинода ўйнаган машҳур актёр, ҳозирда режиссёр (исми нимайди? Руревми, Гуревми – шу-да!) телевизорда мухбирга интервью берар экан, “Нима учун бемаза саҳна асарлариям кўпайиб кетди?” деган саволга анча ўйланиб қолиб, афтидан, не-не андишалар билан шундай жавоб берган эди: “Бизда цензура йўқотилди. Бу, бу жуда яхши иш бўлди. Аммо-лекин бадиий асарни ўқиб чиқиб, мулоҳаза билдирадиган, керак бўлса – уни таҳлил қиладиган, керак бўлмаса – қайтариб юборадиган зукко муҳаррирлар ҳам ғойиб бўлишди. Ёзганингни чиқаравер – қўлингдан келса, демократия замони бу!” дейилди, демак. Ана шунинг учун “Яхши асар” билан “Ёмон асар”нинг фарқига боролмай қолдик. Бу соҳада замона – зўр графоманники ё пулдорники бўлиб кетди”.

Бу теран ва аччиқ мулоҳазалар – боёқиш режиссёрнинг юрагидан ситилиб чиққан дард – бизнинг ҳам дардимиз эмасми?..

***

Бу “ўзбек” деганингиз юзлаб уруғу қабилалардан таркиб топган бўлса-да, шундай бир муштарак жиҳатга эгадирки, у ҳақда ўйлаб ўйин­гизга етолмайсиз.

Бу муштарак жиҳатнинг номи – атамаси нима? Ор-номусми (бу туйғуларнинг беҳад кучли экани ва халқ уни маҳкам тутишимикан)? Ёки ўзим кал бўлсам ҳам – кўнглим нозик деганларидек, Ғурурнинг (ор-номус ила боғлиқ, балки шу туйғулар замиридаги Ғурурнинг-да) ўта кучли эканидамикан? Ажаб, бу борада асрлар давомида ишланиб, қуйма ҳолга келган мақолу ҳикматлари ҳам сероб. Масалан, “Эр йигитнинг уялгани – ўлгани”, “Уят – ўлимдан қаттиқ”, “Уят-е, уят…” ёки “Номуссиз ҳаётдан номусли ўлим афзал”, “Номусларга ўлдим…”, “Беномусда ҳаё нима қилсин?”, “Оримни олиб келдинг, болам…” ва ҳоказолар. (Кечирасиз, “Эшак эшакдан орқада қолса, қулоғини кес!” деган гап ҳам бор).

Агар ўша биқиқ ва теран туйғунинг номини “Ор-номус” деб дангал атайдиган бўлсак, бунинг шарҳига мисоллар тўлиб-тошиб ётибдики, ҳар қадамда учратамиз ва олимона фикр қилсак: “Ҳа, ўзбек менталитетининг асл белгиси шу-ёв!” деганимизни билмай қоламиз. Мана, Сизга бир неча мисоллар келтираман. Чунончи, бир фақир оилани кўз олдингизга келтиринг. Уйига меҳмон келди. Уй хўжасию бекаси нима қилади? Шошиб, ҳаяжонга тушиб, дастурхон тузаш тараддудини бошлайди. Уйида бир кафт уни йўғ-у, қўшнидан бир жуфт бўлса-да зоғора нон олиб чиқиб, дастурхонга қўяди. Агар бир ёвғон пиёва пишираётган бўлса, ўлганнинг кунидан қозонга ярим чойдиш обжиш қуйиб юборади. Ва меҳмон беражак одатдаги саволларга: “Яхши, жуда яхши…” деб жавоб беради. Ўзининг камбағаллигини билдирмайди, аниқроғи, йўқсиллигини яширади… “Вой, бу қандай оила бўлди?” деб ҳайрон қоласан киши. Нима бир замонлар бу оила – бағоят бой, дастурхони ашир-нашир эди-ю, энди фақирликка тушиб қолибди ҳамки, отсиз чавандоздек эгардан тушмас эканми? Бу ерда уят ҳисси ҳам бор: илло, камбағаллигини… уят қилиб кетмасликларини истайди. Во, ажаб!

Яна шундай меҳмондўстлик ҳам бор: меҳмоннинг келиши маълум бўлса, бир ҳафта бурун ҳозирлик кўра бошланади: қарз-ҳавола қилиб, барча ноз-неъматлар муҳайё қилинади. Келган меҳмон бу хонадонга… қойил қолиб кетиши мумкин (айниқса, у хорижлик бўлса). Мезбонлар хурсанд бўлиб, уларни кузатиб қолишади. Кейин, кейин эса, ойлаб қарз-ҳавола тўланади. Ўша кезлар хонадонда қозон ҳам қайнамайди: қозон сувга ташлаб қўйилади.

Вей, нега бундай қилар экан-а?

***

Ёлғончилик деганда мен нимани назарда тутаман?.. Ота болага ёлғон гапиради, дейлик. Она қизига ёлғон гапиради. Ака укага ва ҳоказо. Ука – кичкина, жажжи қалби ёлғонга ўрганмайдими?!

Мен буни мисол учун айтаётирман. Шоирларимиз бор – Ватан ҳақида ёзади. Хонандаларимиз бор – Ватан ҳақида куйлайди, бастакорларимиз бор – Ватан ҳақидаги қўшиқларга куй басталайди… Бу керак, зарур, бироқ биз мавзуни суиистеъмол қилмаслигимиз керак. Бу қутлуғ мавзуга сўзимиз, куй-қўшиғимиз муносиб бўлсин. Айтар сўзимизга масъул бўлайлик.

Узоққа бормайлик, ўзимизнинг Паҳлавон Маҳмуд айтиб қўйибдилар:

Ғамда мен қувончни кўраман,

Қувончда ғамни.

Демакки, биз шундай туғилганмиз, вужудимиз ва руҳиятимиздаги икки қутб зиддиятида яшаймиз.

Шунинг учун “Ватаним, сени севаман”, “Онам, сени севаман” деган тўртта-бешта гапни ҳуда-беҳуда тўтиқушдек такрорлайвериш муборак туйғуларни камситмайдими? Бундай ҳароратсиз, номига айтиладиган гап-сўзлар Инсоннинг мураккаблиги олдида мисоли хасдай гап.

Аттангки, мукофот илинжидаги айрим ёшлар асосан икки-уч мавзу теварагида айланиб ётишади…

***

Мукофотланиш яхши. Дейлик, бир ишни ўринлатсанг-у, шу ишдан қисман бўлса-да манфаатдор шахслар ҳечқурса: “Баракалло!” демаса, кўнглинг ўксийдими? Ҳа. Ўзи, ҳар қандай ёши улуғ одамдаям унинг болалиги сақланган бўлади. Бола эса рағбатга-мақтовга муҳтож: унга “Зўр, бўшашма”, деб қўйсангиз, бас, аккумуляторга қувват берган бўласиз…

Вақти келганда, ижодкорни бир оғиз илиқ сўз билан сийлаб қўйиш ҳам унинг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин экан.

Бироқ пишмаган мевани уриб туширадиган “мерган”дек мукофотга ин-ти-лиш, ҳай-ҳай, уят! Тамагирликдан бошқа нарса эмас!

Ҳолбуки, бундай “мерган”ларнинг сони… э, жуда кўп!

Битта яхшигина шоирнинг Оқилжон Ҳусановга: “Во, акажон-е, жуда қийналиб кетдим-е шу мукофот учун”, деганини эшитганман. Шоира комсомол мукофотини олган эди. Бунинг учун ўзининг вилоятига қатнаб, анча талабномалар биттирган экан.

Каттакон бир адибимизнинг бу йўриқда айт­ган гапи ҳам эсимда: “Агар шу йил ҳам Давлат мукофотини бермаса, Яшиннинг эшиги оғзида ётиб оламан!”

Э, шу йўл билан мукофот олгандан кўра… четда турган яхши-да!

Ғурурингни поймол этмайсан. Қолаверса, бу ўткинчи дунёда адиб дегани Шахс бўлиб ҳам қолиши керак-ку!

***

Турмушимиздаги кескин ўзгаришлар, биз бир вақтлар ишонган кишилару уларнинг қилмишлари, борингки, турмушимизнинг ҳар бир жабҳасида кечаётган ҳоллар – булар бари ўйлатмай нима ўйлатсин мениям?

Кўзинг очиқ, қулоғинг кар эмас: эшитиб, кўриб турибсан. Дам ҳайрон бўласан, дам қувонасан, дам “оббо” деб ўртаниб кетсанг, дам “Ҳақиқат бор экан-ку!” деб шукрона айтасан.

Лекин ҳаётимизнинг айрим соҳаларидаги шошқалоқлик билан ёхуд эскича фикрлаш инерцияси билан қилинаётган айрим “ишлар” одамни ўйлатибгина қолмайди: хафа қилади.

***

Мен истайман, ҳамма рост гапирса. Мен истайман, нафсдан ўзини устун қўйсалар. Тамом, бошқа ниятим йўқ. Шунинг замирида маънавият ётибди.

Бу дунё шунақа эканки, олтмишга кирганингда қаритганинг ёки қариганинг билинар экан. Шунда минг бир саволдан биттаси менинг хаёлимга келади: “Қанча ёлғон гапирдим, қанча рост…”.

Мен ўзимнинг халқимга ўзи истагани – жуда кўп тилаклардан ташқари яна ростгўйлик тилайман.

 

http://21asr.uz/ сайтидан олинди
Сайт бўлими: Мақолалар, Ўзбек адиблари, Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК