"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

«САЛОМ, ЖАЙҲУН ШАМОЛЛАРИ»

Ўқилди: 88

Қачон йўлим қорақалпоқ диёри сари тушса, Ибройим оғанинг Отажон Худойшукуровга бағишлаб ёзган сатрлари ёдимга келаверади:

Эл меҳри сўнмас юзингдан,

Улуғ дарёи азимдан,

Қорақалпоқ, Хоразмдан,

Эсар Жайҳун шамоллари.

Ибройим дер: эл нафаси,

Амунинг сирли шарпаси,

Умримнинг боқий сабоси,

Салом, Жайҳун шамоллари!

Жайҳун шамоли, Аму сувларидан баҳра олиб яшаёт­ган катта эл бу – ўзбегу қорақалпоқ. Камолот ва тараққиёт йўлига бирга чиққан мард, танти, ишбилармон, маънавия­ти юксак, имони мус­таҳкам, ҳалол ва пок қалбли миллатдир – ўзбегу қорақалпоқ. Ибройим Юсупов эса ана шу икки миллатнинг ардоқли фарзанди, катта шои­ридир. Ибройим оға билан тенгдош, сафдош, елкадош адиб Тўлеп­берген Қайипбергенов ҳам худди шундай: ҳар икки халқ учун ҳам бирдай суюклидир. Уларнинг издошлари – Улмамбет Хўжаназаров, Тўлепберген Матмуродов, Кенгесбай Раҳмонов, Ўрозбой Абдураҳмонов, Кенесбай Каримов, Мурадбай Низанов, Бахтиёр Генжамурод кабиларнинг асарлари ҳам қорқалпоқ учун қанчалик қадрли бўлса, ўзбек учун ҳам ана шундай қадр-қимматга эга. Аслида бу адабиёт ўзбек ва жаҳон адабиётининг тоза булоқларидан баҳраманд бўлиш билан бир қаторда Ажиниёз, Бердақ, Кунхўжа сингари буюк оқинлар меросидан сув ичган, насибадор бўлган…

Бу галги сафарим давомида миллат, халқ, Ватан учун холис хизмат қилган, ҳаётини шу хайрли йўлга сарф этган адабиёт намояндаларини зиёрат этиш ва яна бир карра ёдга олиш, шунингдек, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби билан яқиндан танишиш, қаламкаш ёшлар ва уларнинг устозлари билан дилдан суҳбатлашишни мақсад қилдим.

Қорақалпоғистон халқ шоири Кенесбай Каримов ҳамроҳлигида дастлаб Ибройим оға мангу қўним топган масканни зиёрат қилдик. Кейин Чимбойга – оға таваллуд топган овул сари йўл олдик. Атрофда кенг пахта далалари, кузги боғлар, бири-биридан кўркам овуллар кўзга ташланади.

– Ўтмишга қайтиб иш кўриш хайрлидир, деган гап бор халқимизда. Тарихни билиш, уни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш эса ҳаммамизнинг бурчимиз, – дейди Кенесбай оға. – Улуғларимиздан Бердақ ва Кунхўжанинг рамзий мақбараси, уларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган музей қад ростлаши, ажойиб боғ яратилиб, коммуникация тармоқларининг олиб келинаётгани ҳаммамизни қувонтирди.

Дарҳақиқат, бу хайрли ишлар замирида аждодларга юксак эҳтиром, авлодлар қалбида Ватан тарихига, ўтган буюк боболарга нисбатан меҳр-муҳаббат, дахлдорлик туйғусини шакллантириш, уларда фахру ғурур ҳисларини уйғотишдек эзгу мақсад мужассам. Шу маънода бундай зиёратгоҳлар маънавиятимизга хизмат қилаётгани билан қадрли ва азиздир…

Йўлимизни Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалига қарашли академик лицей томон бурдик. Лицей раҳбари Эсназар Мадримов бизни мўъжазгина музейга бошлаб кирди. Бу ердаги экспонатлар – китоблар, ёзув машинкаси, суратлар, соатлар, қаламу ручкалар, қўлёзмалар – ҳамма-ҳаммаси Ибройим оға ҳақида ҳикоя қилади. Музейдаги бу буюмлар бир пайтлар Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповга хизмат қилган. Улар шоирнинг сўз устида чеккан заҳматларига, ҳаётининг бахтли ва маҳзун паллаларига тилсиз гувоҳ бўлишган. Бироқ қалб нигоҳи ила теран назар ташлаган одам буюмларнинг сокин сўзларини, албатта, эшитади. Ибройим Юсупов отлиғ етук сўз салафининг ижод ва ҳаёти билан яқиндан танишади.

– Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Чимбой туманига, хусусан, бизнинг лицейга келгандилар, – дейди лицей директори Э. Мадримов. – Президентимиз ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ташаббуси, Ибройим оғанинг оила аҳли ва дўстлари кўмаги билан ташкил этилган музей билан танишди ва бу хайрли ишдан мамнун бўлди…

Ибройим Юсупов яшаган уй. Ўз соҳиби каби одми, ортиқча ҳашамдан холи хонадон. Инсонни жой эмас, жойни инсон улуғлайди, деган гап бор халқимизда. Бу хонадонда, бу овулда Ибройим Юсупов яшаб ўтганлиги туфайли ҳам бугун у азиз масканга айланган. Элнинг каттадан кичигигача Ибро­йим оға билан фахр этишларини ҳис қилдим.

Хабарингиз бор, Президентимиз 2017 йил 21 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига сафари чоғида Нукус шаҳрида Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат очиш, мактаб олдида шоир ҳайкалини ўрнатиш бўйича топшириқ берганди. Қисқа фурсатда уч қаватли зиё маскани барпо этилди. Ҳозир мазкур ижод мактабида асл истеъдод эгалари таълим-тарбия оляпти.

Мактабга кираверишда Ибройим Юсупов сиймоси: “Менинг издошларим таълим олмоқда, эртага бу ёшлар миллати, халқи, юртининг корига ярайдиган ўғил-қизлар бўлиб улғайишади”, деяётгандек таассурот қолдиради.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида мактаб-интернатда бўлиб, ўқувчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Ўқитувчи ва ўқувчилар, қорақалпоғис­тонлик адиблар билан учрашди. Учрашув чоғида Президентимиз бу ерни маънавият масканига айлантириш, атоқли шоир ва ёзувчиларимиз ижодини халқимизга ва бутун дунёга тараннум этиш, улар ўртасида ижодий танловлар ўтказиш, жамиятда китобсеварлик муҳитини шакллантириш, айниқса, ёшларни китобга қайтариш зарурлигини айтиб ўтди. Мактаб ўқувчиларига махсус автобус совға қилди. Мамлакат раҳбари билан бўлган учрашув бир умр ёшларнинг қалбида тотли хотира сифатида қолиши, уларни янада чуқур билим олишга, ижод сирларини ўзлаштиришга даъват этиши шубҳасиз.

– Президентимиз билан учрашув менда ва тенгдошларимда жуда катта таассурот қолдирди, – дейди мактаб ўқувчиси Бердибек Айтмуратов. – Мен бу учрашувда Ибройим Юсупов хотирасига бағишланган шеъримни ўқиб бердим. Озгина ҳадик йўқ эмас эди, Худога шукур, маъқул келди. Президентимиз мени янада ўқиб-изланишга даъват этдилар. Ҳа, айни дамларда мен дунёдаги энг бахтиёр ўқувчиман. Шундай юрт фарзанди эканимдан ғурурланаман.

Қорақалпоқ тили ва адабиётини ўрганишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати 216 ўринга мўлжалланган бўлиб, синф хоналари проектор ва компьютерлар билан жиҳозланган. Кимё, биология, физика фанлари учун ўқув-лаборатория хоналари ҳам мавжуд. Шунинг­дек, юз ўринга мўлжалланган фаоллар зали, таржима маркази ва кичик босмахона, юз ўринли ётоқхона, эллик ўринли ошхона ўқувчилар ихтиёрида.

Уларга 34 нафар юқори малакали ўқитувчилар дарс беришади. Мактабда “Ифодали ўқиш”, “Нотиқлик санъати” каби қўшимча дарслар ҳамда “Биз – Аёзий издош­лари” (Ибройим Юсупов Аёзий тахаллуси билан ҳам ижод қилган), “Ёш адабиётшунослар”, “Пуб­лицистик асар сирлари” тўгараклари йўлга қўйилган. Бироқ бу кам. Назаримда ижод мактабларининг бошқа таълим даргоҳларидан фарқ қиладиган жиҳатлари хусусида ўйлаш керак. Бу борада катта илмий-ижодий тажрибага эга педагог олимлар, шоиру адибларнинг маслаҳатларига суянилса, таълим сифати янада ошади.

Бугун мактаб кутубхонасида 1500 номдаги бадиий китоб бор. Ушбу китобларнинг минг донаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан совға қилинди. Албатта, бу жуда оз. Бундай хайрли ишларни бошқа ташкилотлар ҳам йўлга қўйса, мактаб кутубхонаси янада бойийди.

Яна бир мулоҳаза. Ибройим Юсупов мактабида ўзбек ва қорақалпоқ адабиётига бағиш­ланган музейга эҳтиёж бордек, назаримда. Сабаби, ёшлар адабиёт билан боғлиқ тасаввур ва фикрларини юксалтириб боришлари керак. Албатта, бунда музейнинг хизмати катта бўлади.

– Президентимиз Ибройим Юсупов мактабига келганларида, ижодкор ўқувчиларнинг ҳар ўн нафарига битта таниқли шоир ёки ёзувчини бириктириш таклифини берган эдилар, – дейди Кенесбай оға. – Биз аллақачон бу таклифни амалга оширишга киришганмиз. Элнинг суюкли ижодкорлари билан бўлиб ўтаётган мулоқотлар ёшларнинг ижодига ижобий таъсир қилаётгани барчани бирдек қувонтирмоқда. Шунингдек, уюшма ва ижод мактаби ҳамкорлигида ижодий учрашувлар, китоб тақдимотлари, адабий кечалар ўтказишни йўлга қўйганмиз.

Мактабнинг қишки ва ёзги спорт майдонлари фарзандларимизнинг жисмонан тетик, соғлом бўлишларига хизмат қилади. Шогирдларнинг ютуқлари ҳар доим устозларни қувонтириб келган.

– Ўқувчиларимнинг барчаси иқтидорли. Уларга яратилган шарт-шароитларни кўриб кишининг ёшликка қайтгиси ва шу мактабда таҳсил олгиси келади. Мактабимизда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, катта ютуқларни қўлга киритаётган ўқувчилар кўп, – дейди мактаб-интернатининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Мамбетмурод Реймов. – Истеъдодли ижодкор Абдурашид Смайлов Ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ўтказилган “Аёзий издошлари” танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллади. Гулпаршин Жолдасбоев эса шу йилнинг 1-7 июль кунлари Японияда ўтказилган “Sakura Sience Exchange program in Japan” номли анжуманга иштирок этиб келди. 10-синфда таҳсил олаётган ўқувчимиз Давлатёр Шарибоев спортнинг “Қўл жанги” тури бўйича Ўзбекистон Республикаси чемпионатида иштирок этиб, 3-ўрин соҳиби бўлди. Шу маънода биз ўқувчиларимизнинг келажагига катта умид билан қарашга ҳақлимиз.

Улуғлардан эшитганим бор: дунёда истеъдодсиз одамнинг ўзи йўқ. Ҳамманинг у ёхуд бу касбу ҳунарга иқтидори бўлади. Фақат у вақтида илғаниб ривожлантирилса, кифоя. Шубҳасиз, ниҳолга ҳам ўзини тутиб олгунга қадар парвариш зарур. Бу ижодкор ёшлар бамисоли бир ниҳол. Ижод мактаблари эса уларни баркамол бўлиб улғайиш­ларига кўмак беради. Шу чоғ негадир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ушбу мисраси ёдимга келмоқда: “Йўлчи йўлни на билсун, то раҳнамо кўрсатмагай”.

Муҳтарам Президентимиз катта ғояни амалга оширдилар. Энди унинг натижалари устида ҳалол меҳнат қилиш зарур. Ана шундагина бу илм масканларидаги толиби илмлар эртага мамлакат хизматига ярайдиган чинакам ватанпарвар, элпарвар кишилар бўлиб камол топишади.

Ғайрат МАЖИД

1976 йили туғилган.

Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Гулсанам”, “Ҳеч кимга ўхшамайсан”, “Кўзларингни соғинаман”, “Ишққа борар йўл” каби китоблари нашр этилган.

 

Манба: yoshlikjurnali.uz сайти

Сайт бўлими: Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК