"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

НАВОИЙДА НАВОИЙХОНЛИК КУНЛАРИ

Ўқилди: 77

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросига мувофиқ буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятида навоийхонлик кунлари доирасида турли танлов ва тадбирлар ўтказилиш кўзда тутилган.

Ана шундай тадбирлардан бири “Навоийлик ёш навоийхонлар” анъанавий китобхонлик танловидир.  Мазкур танловда вилоятдаги Мактаб ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ёзма иш, мушоира ҳамда Навоий ҳаёти ва ижодига оид билимларини  синовдан ўтказишмоқда.

Ўқувчилар “Алишер Навоий ижодида тинчлик, дўстлик, муҳаббат ғоялари талқини” мавзуида иншо ёзиш орқали маутафаккирнинг инсонпарварлик, маърифатпарварлик ва ватанпарварлик ҳақидаги ғояларини баён этмоқда. Шунингдек, улар танловнинг мушоира қисмида даҳо шоирнинг эзгулик тараннум этилган ғазалларини ёддан айтиш бўйича баҳс олиб бормоқда.

Адабиётшунос олимлар, таниқли ижодкорлардан иборат ҳакамлар ҳайъати танловнинг “Энг моҳир ёш ғазалхон”, “Энг фаол ёш ғазалхон”, ”Энг маҳоратли ёш ғазалхон”, ”Энг нуктадон ёш ғазалхон”, ”Энг одобли ёш ғазалхон”, ”Энг малоҳатли ёш ғазалхон”, ”Энг хушовоз ёш ғазалхон” каби номинацияларида ғолибларни аниқлаб беришади.

Мазкур танлов ғолибларини тақдирлаш Навоий шаҳрида иккинчи бор ўтказилган “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” номли халқаро конференция кунларига тўғри келади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамкорликларида ташкил этиладиган ушбу улкан анжуман қатнашчилари дунё тамаддунига ўлмас ғазаллари ва достонлари билан қарийиб олти асардан буён Алишер Навоий меросининг янги тадқиқотлари, улуғ шоирининг фаолиятига оид кўплаб илмий хулосалари тингланади.

Баҳриддин Садриддинов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наввоий вилояти бўлими раҳбари

ҲАЛИ ОРЗУЛАРИМ КЎП!

– “Навоийлик ёш навоийхонлар” танловида ғолиблик ҳар бир тенгдошимнинг орзуси бўлса керак. Мен ҳам бошқа тенгдошларим каби  ушбу танловда иштирок этдим. Танловида беллашувлар қизғин кечди. Янги дўстлар орттирдим. Уларнинг кўпчилиги менга ҳавас қилишди. Шеърларимни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида, “Муштум” журналида ўқишибди. Улар аввалдан менинг ҳам ғолиблар қаторидан жой олишимга тилакдош бўлишдилар. Танлов ғолиби сифатида менга туфҳа этилган компьютер эса менинг келжак орзуларимга қанотдир.

Фахриёр Бахтиёров,

ёш ижодкор, Навоий шаҳридаги 7-мактабнинг 9-синф ўқувчиси.

ИШОНЧНИ АЛБАТТА ОҚЛАЙМАН!

– Дадам ҳар байрамда менга китоб совға қилади. Кўпчилиги шеърий китоблар. Орасида бобомиз Алишер Навоийнинг “Хамса”си ҳам бор. Ўқитувчим ҳар гал бобомизнинг ғазаллари бугунги кунда дунё кезиб юрганини  тушунтирганда ўйлаб қоламан: ер шари бўйлаб барча одамлар бизнинг Навоий бобомиз ғазалларини севиб ўқиётганида қандай сир бор экан?! Дарҳақиқат, у киши ҳали 5-6 яшар пайтлари Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ-ут-тайр” китобини ёд олиб қўйган экан. Мен бу улуғ бобомга ҳаваси қилиб, шоир бўлишга аҳд қилганман. Тез-тез дўстларим билан Навоий ғазаллари бўйича мушоира ўтказамиз. Ҳозирча уйимизда кичик кутубхона ташкил этганмиз. Шу боис, Навоийхонлик танловининг барча синовларидан ўтиб, вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаганимда ўқитувчиларим ҳам ажабланишмади. Аммо, менга Президентимизнинг совғаси сифатида “Spark” автомашинасининг берилиши ҳеч кимнинг тушига кирмаган бўлса керак. Фарзандларини авайлаб, китоб ўқишга ундаган Президентимизга минг раҳмат. Мен албатта бу ишончни келажакда оқлайман!
                                                                             

Иброҳимжон Ғаффоров,

Кармана туманидаги 4-мактабнинг 8-синф ўқувчиси. 

 

ЮРТБОШИМИЗГА РАҲМАТ!

Мен 9 –синфда таҳсил оламан. Ҳамма фанлардан аъло баҳолар олишга ҳаракат қилаяпман. Ёшлар марказидаги ёш ижодкорлар тўгараги машғулотларига қатнашаман. Бу манзилда тенгдошларим билан таниқли шоир ва адибларнинг сабоқларини тинглаб, ижод сирларини ўрганаяпмиз.
Бўш пайтларимда бадиий асарларни мутолаа қилишни яхши кўраман. Айниқса, мутафаккир шоир Алишер Навоий ғазалларини севиб ўқийман. “Навоийлик ёш навоийхонлар” танловининг вилоят босқичида иккинчи ўринни эгаллаганимдан ғоят мамнунман. Менга мукофот тарзида берилган замонавий компьютер синфдошларимнинг хавасини келтирди. Аям билан дадамнинг ҳам бошлари осмонга етди. Юртбошимизнинг шахсан ўзлари биздек фарзандларига меҳрибонлик қилаётгани бизнинг бахтимиздир!

Эъзоза Умирзоқова,

Навоий шаҳридаги 12-мактаб 8-синф ўқувчиси.

 

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК