"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Ўқилди: 71

Юртимизда азал-азалдан шахсий ибрат ва устоз-шогирдлик муносабатларига асосланган меҳр-оқибат анъаналари бетимсол маънавий қадрият сифатида эъзозланиб келинмоқда.

Айни шу анъана туфайли катта авлодга хос кўп йиллик тажриба ва хулосалар, малака ва кўникмалар, энг муҳими, эътиқод ва собитлик туйғулари ёш авлод онгу шуурига сингиб, ўз меваларини бермоқда. Бу жиҳатдан, жойларда анъанавий йўсинда ташкил этиб келинаётган уч авлод учрашувлари ўзгача аҳамият касб этмоқда.

Шундай учрашувлардан бири Шофиркон туманидаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида бўлиб ўтди. Унда туманда фаолият кўрсататётган “Наъматак”, “Мингчинор” ва “Ёш ижодкор” адабий тўгараклари ўқувчи-ёшлари, уларга таълим бераётган ўқитувчи-мураббийлар ҳамда тўгарак раҳбарлари иштирок этишди.

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд саналари арафасида улар руҳига эҳтиром кўрсатиш, шунинг баробарида, бугун бадиий сўз майдонида ўз имкониятларини синовдан ўтказаётган замондош шоирлар билан юзма-юз мулоқот қилиш мақсадида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоирлар Дилшод Ражаб ҳамда Шодмон Сулаймон, ўз навбатида, уларга шеър машқида устозлик қилган Омон Абдулла ва Бобоқул Усмонов каби кекса ижодкорлар иштироки туфайли ўзгача шукуҳ ва мазмун касб этди.

Самимий мулоқот асносида Алишер Навоий ва Бобур бадиий маҳорати, гўзал шахсияти ҳақидаги ибратли фикрлар, сўз машаққати ва завқи, ижодкор масъулияти ва бурчи хусусидаги кузатиш ҳамда хулосалар баён этилди. Айниқса, мутолаа маданиятининг инсон камолотидаги ўрнига такрор-такрор урғу берилди. Кекса авлод вакиллари бошлаб берган мушоира ўрта авлод томонидан давом эттирилиб, сўнгра ёш қаламкашларга навбат берилди. Шеър – шеърга, муҳокама – муҳокамага, савол – саволга уланди.

Ижодкорлар иштирокидаги ўзига хос очиқ дарсга айланган мулоқот якунида устозлар – шогирдларга, ўз навбатида, шогирдлар – устозларга энг азиз совға сифатида китоблар тақдим этдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими

Сайт бўлими: Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК