"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БУЮК МУТАФАККИР ИЖОДИ ДУНЁ ОЛИМЛАРИ НИГОҲИДА

Ўқилди: 78

Буюк мутаффакир ижоди дунё олимлари нигоҳида​

…Оддий тасаввурда қуёш Шарқдан чиқиб Ғарбда ботса, унинг нурлари Токио ё Тошкент, Москва ё Нью-Йорк шаҳарларида бўладими, буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратларининг муҳташам ҳайкалига албатта бир бор тушиб ўтиши тайин. 
Бу Навоий вилоятида ўтказилган “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги III анъанавий халқаро илмий-амалий конференциясида навоийшунос олимлар, тарихчи ва профессорлар томонидан алоҳида таъкидланган фикрлар. Демак, Алишер Навоийнинг меросидан, муаззам ҳайкалидан куч олган офтоб мажозий маънода бутун оламни маънавият ёғдуси билан мунаввар этади. Шундан бўлса керак, бутун дунё уни севиб ўқийди, ўганади.
Навоий шаҳридаги муҳташам Ёшлар марказида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар Академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилоят бўлими, Навоий давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилган анъанавий халқаро анжуманда Озарбайжон, Туркия, Мўғулистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Россия, Венгрия, Швеция каби 15 га яқин давлатдан 50 дан ортиқ навоийшунос олимлар, академиклар, шунингдек, юртимизнинг барча вилоятларидан ижодкор зиёлилар, маънавият соҳаси мутахассислари, фаоллар, талабалар иштирок этди.
3.jpg
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Навоий вилоятида анъанавий тарзда ўтказилаётган халқаро конференция миллий ўзлигимизни англаш, буюк аждодлар номини тиклаш, уларнинг нодир маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор ифодасидир.
– Ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз, турк, озарбайжон азалдан бир оиладек яшаб келаётган иноқ халқлардир, – дейди Озарбайжон миллий академияси Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институти профессори, филология фанлари доктори Алмаз Улви хоним. – Бу Алишер Навоийнинг эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби гўзал фазилатлар, маънавий-ахлоқий қадриятлар тўғрисидаги қимматли ғоялари билан узвий боғлиқдир. Шоир номи билан аталувчи вилоятда бундай йирик анжуманнинг ўтказилиши буюк сўз санъаткорига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром намунасидир.
Дарҳақиқат, шоир бутун умр халққа хизмат қилди, асарларида эзгу ғояларни тарғиб этди. Мутафаккир ҳаётини ўрганар эканмиз, умри давомида бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида шахсий ибрат кўрсатганига амин бўламиз.
– Алишер Навоий асарларида таълим ва тарбияга алоҳида ўрин ажратилган, – дейди Бобур жамғармасининг Афғонистондаги вакили, ёзувчи Абдуллоҳ Роэн. – Мен “Навоийшуносликнинг бошланиш оқими Афғонистонда” номли маърузамда ҳам туркийда, ҳам форсийда баробар ижод қилган буюк мутафаккир ижодининг афғон заминидан бошлангани, бу диёрда илм-маърифат нақадар ривожлангани, дунё тамаддунида аждодларимизнинг тутган ўрни хусусида алоҳида тўхталиб ўтдим. Туркий халқларнинг беназир шоири Алишер Навоийни ўрганиш ва унинг ижодини тадқиқ қилиш адабиёт шайдолари, умуман, маърифатли авлоднинг муқаддас бурчи, десам асло муболаға бўлмайди.
6.jpg
14.jpg
Мамлакатимизда Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси таъсис этилган 2009 йилдан буён Навоий вилоятидан 34 иқтидорли талаба мазкур стипендия соҳиби бўлган. Вилоят миқёсида ўтказиладиган «Навоийлик ёш навоийхонлар” кўрик-танловининг ўтган йилги якуний босқичида Кармана туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Иброҳим Ғаффоров буюк аждодимиз ғазалларини ёд олиш, ифодали ўқиш, матннинг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни ярата олиш каби шартлар бўйича билим ва маҳоратини намойиш этиб, ғолибликни қўлга киритган ва унга Президент совғаси – “Spark” автомобили берилган.
Мазкур танловнинг жорий йилги ғолиби Кармана туманидаги 28-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Комила Ҳамроевага ҳам «Spark» автомобили совға қилинди.
18.jpg
Навоийни ўрганиш ва уни тарғиб этиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Буюк мутафаккир асарлари турли тилларга мукаммал таржима қилинаётир.
Анжуман давомида навоийшунослар шўъбаларга бўлиниб, шоир ва мутафаккир ижодини ўрганишда эришилган ютуқлар ва ечимини кутаётган масалалар хусусида сўз юритди. Буюк мутафаккир асарларини дунё тилларига таржима қилиш, ўқувчиларга тушунарли, равон тилда баён этиш хусусидаги изланишлар самараси таҳлил қилинди. Шоир ижодига мурожаат этиб, фалакиёт, педагогика, тилшунослик борасидаги бой тажрибасидан унумли фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифаси экани таъкидланди.
19.jpg
Конференция доирасида Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига оид кўргазма ташкил этилди. “Фарҳод” маданият саройида таниқли санъаткорлар ижросида саҳна кўринишлари намойиш этилди, шоир ғазаллари билан айтиладиган дилбар наволар янгради.
Анжуманда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.
Нуриддин РАҲИМОВ, Сирож АСЛОНОВ олган суратлар, ЎзА
Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК