"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

УЛУҒ МУТАФАККИР АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 578 ЙИЛЛИГИ КЕНГ НИШОНЛАНМОҚДА

Ўқилди: 118

Буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келмоқда. Мамлакатимизда улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш, уни дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.

9 февраль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 578 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат арбоблари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, талаба ва ўқувчи ёшлар, ижодий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди ва мамлакатимизда улуғ мутафаккир Алишер Навоий хотираси абадийлаштирилгани унинг жаҳон адабиёти хазинасига қўшган буюк ҳиссаси ҳамда чексиз истеъдодига бўлган юксак ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади.

Жаҳоннинг етакчи сиёсий арбоблари томонидан “Марказий Осиёнинг юраги” деб эътироф этилаётган она Ўзбекистонимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида бунёдга келган янги давру замон биноси ўз-ўзидан барпо бўлмаётганини барчамиз яхши биламиз ва дилдан ҳис қиламиз. Давлатимиз раҳбари “Ватанни севиш керак! Маърифат, маърифат, яна бир карра – маърифат!” дея такрор-такрор таъкидлар экан, буюк ва беназир аждодларимиз қаторида Алишер Навоий бобомизнинг бетимсол ва ўлмас меросини кенг ва мунтазам ўрганишни, айниқса, ёш авлод қалбига сингдириб боришни ҳам назарда тутганлари, албатта, бежиз эмас.

Юксак инсоний ғояларни олиймақом даражада куйлаган ҳазрат Навоий ижодида давр ва замон, эл-юрт ободлиги, адлу диёнат мавзулари алоҳида ўрин тутади:

Ганжинг аро нақд фаровон эди,
Лек боридин ғараз инсон эди.

Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий дунё адабиёти тарихида тенги топилмас бир сиймо ҳисобланади. Истеъдодининг улуғворлигию теранлиги жиҳатидан ҳам, халқпарвар давлат арбоби сифатида жамиятда тутган юксак мавқеи юзасидан ҳам, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт аҳлига кўрсатган ҳомийлиги жиҳатидан ҳам ўхшаши йўқ сиймо.
Бугун жаҳон ҳамжамияти Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига, асарларига катта қизиқиш ва эҳтиром билан қарамоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг ўтган йили 5 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида Алишер Навоий асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш, уларни кенг миқёсда интернет сайтларига жойлаштириш тўғрисида бир қатор вазифалар қўйилган. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ушбу вазифалар ижроси бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов “Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига оид янги топилган тарихий манбаларни ўрганиш истиқболлари”, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари номзоди Дилнавоз Юсупова “Алишер Навоий ва устоз-шогирдлик анъаналари”, Британия музейи қўлёзмалар фонди раҳбари, профессор Майкл Эрдман “Алишер Навоийнинг Британия музейида сақланаётган қўлёзма асарлари ва уларни ўрганиш масалалари” мавзуларида маърузалар қилди.

Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Имоми Содиқ Ашурбойзода Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатлари ўртасида ривожланиб бораётган маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик ва бу борада икки улуғ сиймо Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ижодий меросининг ўрни ва аҳамияти хусусида гапирди.

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабалари Асадулло Азизий ва Раъно Шерзод буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ижодининг бугунги ёш авлод маънавий ҳаётидаги тутган ўрни хусусида сўзлаб, улуғ шоир ғазалларидан ўқиб берди.

– Ҳазрат Алишер Навоийни нафақат сўз мулкининг султони, балки улуғ донишманд, мутафаккир десак арзийди. Чунки у бебаҳо асарлари билан бирга ўзининг тутумлари, фаолияти билан ҳам бугунги авлодга ўрнак бўлиб келган, – дейди Асадулло Азизий. – Биргина мисол, ҳозирги Афғонистоннинг Сарпул вилояти ҳудудида Ҳазрат Навоий ўша замонларда уч ой қолиб, катта бир кўприкни таъмирлаб кетган. Шунинг учун ул зотдан фақат яхши ном, улкан маънавий мерос қолган. Мен бугун Ҳазрат Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган тантанали маросимда қатнашаётганимдан мамнунман. Шу имкониятни бергани учун ва биз афғонистонлик ёшларнинг Ўзбекистонда таълим олишимиз учун шароит яратиб берган икки давлат раҳбарларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоир Жўрабек Жаҳон Ҳазрат Навоийга бағишлаб ёзган шеърини ўқиб берди. “Ниҳол” мукофоти совриндори Шарофиддин Муродов ижросида Алишер Навоий ғазалларига басталанган қўшиқлар янгради.
Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

* * *

Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида ҳам буюк бобокалонимиз таваллудига бағишланган мушоира бўлиб ўтди. Унда ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба ва ўқувчи-ёшлар қатнашди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ва бошқалар Алишер Навоийни ўқиш ва уқиш, ўрганиш, тарғиб қилиш, айниқса, ёшларимизга ўзлигини англатиш, маънавиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида, умуминсоний ғоялар асосида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида белгиланган ниҳоятда муҳим вазифаларни амалга ошириш учун барчамиз якдил ва бирдам бўлиб бел боғлар эканмиз, беихтиёр Алишер Навоий асарларидаги бадиий-ижтимоий тимсоллар ёдимизга тушади. Бу олижаноб ғоялар барчамизни Ватан учун, халқ ва миллат учун фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди.

Барча ижтимой масалалар, чунончи кексалар ва ногиронларга ғамхўрлик қилиш, оналар ва болаларни ҳимоя қилиш, миллат генафонини такомиллаштириш, таълим, соғликни сақлаш, маънавият, Ватан ҳимояси, миллатлар аро муносабатлар, ўзаро ҳамдўстлик, тинчлик ва тотувлик дейсизми, хуллас мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги ва инсон манфаатлари учун қандай эзгу мақсадлар бўлса, Мир Алишер Навоийнинг асарларидан буларнинг барчасига жавоб топилади.

Бугунги глобаллашув даврида инсоннинг ўзлигини, эзгу ва олижаноб туйғуларни сақлаб қолиш, шунингдек Она сайёрамизни асраб-авайлаш каби масалаларни ҳал этишда Алишер Навоий асарларининг аҳамияти ниҳоятда беқиёс.

Алишер Навоий асарларидан намуналар ўқилди.

Буюк шоир таваллудига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК