"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АЛИШЕР НАВОИЙ ИЖОДИДА УСТОЗ ВА ШОГИРД АНЪАНАЛАРИ

Ўқилди: 71

Маълумки, бугун юртимизда илм-фанни юксалтириш, ёшларимизни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, барча соҳаларда устоз-шогирдлик анъаналарини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мана шундай бир шароитда улуғ аждодимиз ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодида устоз ва шогирд муносабатлари қандай ўрин тутгани ҳақида сўз юритиш ўринлидир.

Алишер Навоий ижодида ушбу масала бир неча йўналишларда намоён бўлган. Улуғ шоирнинг:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила, –

ёки “Шогирд агар шайхулислом, агар қозидур, агар устод андин розидур – Тенгри розидур” каби сатрлари устозлик мақомининг нақадар улуғлиги ҳамда шогирднинг ўз устози олдидаги масъулияти қанчалик улкан эканлигидан сабоқ беради. Қолаверса, Навоий ҳазратлари устозларга эҳтиром кўрсатиш бобида ҳам беназир бўлганлар.

Мутафаккир шоир асарларида вақтида ўзига сабоқ берган Шайх Абуллайс Самарқандий, Хожа Юсуф Бурҳон, Дарвеш Мансур, Паҳлавон Муҳаммад, Саййид Ҳасан Ардашер, Абдураҳмон Жомий каби устозларининг номини юксак эҳтиром билан тилга олади. Айниқса, қатор асарларида устози ва пири ҳисобланган Абдураҳмон Жомийга алоҳида тўхталиб, “Хамса”дан ўрин олган достонларидаги махсус бобларда уни мадҳ этади. Шунингдек, “Хамсат ул-мутаҳаййирин” рисоласида Абдураҳмон Жомий ҳаёти ва фаолиятининг муҳим қирраларини акс эттиради.

Ҳар бир ишда устоз билан маслаҳатлашиш, унинг маънавий мададига суяниш, дуосини олиш, ихлос қилиш – Алишер Навоий шахсиятига хос бўлган бебаҳо фазилатлар сирасига киради. Шу боис буюк мутафаккир устозлар эътирофи ва эътиборига сазовор бўлди. Хусусан, Абдураҳмон Жомий ҳамиша ўзининг янги асарини дастлаб унинг назаридан ўтказиб, маслаҳатларига қулоқ тутар эди. Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонида бу ҳақда фахр билан шундай ёзади:

Номағаким, роқим этиб хомасин,
Кўрмади мен кўрмайин эл номасин.

Алишер Навоий меҳрибон устоз сифатида кўплаб ёш санъаткорлар, олимлар, шоиру фозилларга ҳомийлик қилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёзишича, “Аҳли фазл ва ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай…” Ўз даврининг машҳур созандалари Устод Қулмуҳаммад, Шайх Нойи, Ҳусайн Удий, тасвирий санъат усталари Камолиддин Беҳзод ва Шоҳ Музаффар, тарихчи Хондамир, назм илмининг билимдони Атоуллоҳ Ҳусайний, ўз даврининг қомусий олими Ҳусайн Воиз Кошифий ва яна кўплаб истеъдодлар ҳазрат Навоийнинг тарбиясида вояга етган эдилар.

Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин”, “Садди Искандарий” ва “Лисон ут-тайр” достонларида устоз-шогирд муносабатларини бадиий образлар орқали кўрсатиб берди. Хусусан, Фарҳоднинг ўз мақсадига эришиш учун Хизр, Суҳайло, Суқрот каби пирлардан дуо ва маънавий мадад, йўл-йўриқ олгани, ҳунармандлик бобида Моний ва Боний, Қоранга шогирд тушгани; машҳур ҳукмдор Искандар ҳамиша устози Арастунинг ўгитларига амал қилгани; “Лисон ут-тайр” достонида қушларнинг устоз мақомидаги Ҳудҳудга итоат билан эргашиб, муродга эришганлари мисолида ҳам Алишер Навоийнинг айнан устоз ва шогирд масаласидаги қарашлари ўзининг ёрқин бадиий ифодасини топган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳазрат Алишер Навоий бир неча асрлардан буён улуғ устоз сифатида бизга одамийликдан сабоқ бериб келмоқда.

Дилнавоз Юсупова,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти,

филология фанлари номзоди

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК