"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Майкл Жеймс ЭРДМАН: БРИТАНИЯ КУТУБХОНАСИ АЛИШЕР НАВОИЙ ШЕЪРИЯТИНИ ЎЗ ИЧИГА ОЛГАН 30 ДАН ЗИЁД ҚЎЛЁЗМАЛАРГА ЭГА

Ўқилди: 77

Алишер Навоий — Шарқ Ренессансининг йирик намояндаси сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида, айниқса, туркийзабон халқлар маданий ва маънавий ҳаётининг ривожида алоҳида ўрин тутадиган ёрқин шахсдир. Бунга қуйидагилар далилдир.

Биринчидан, у ўзининг гуманистик ғоялари, бадиий-фалсафий қарашлари, ўлмас шеърий асарлари билан инсоният тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир. Унинг адабий мероси ниҳоятда улкан ва серқирра.

Иккинчидан, Алишер Навоий бутун дунё қаршисида туркий (ўзбек) тилининг бой имкониятларини кўрсатиб бера олган ва араб ҳамда форс тилларидан ҳеч қайси жиҳатдан кам бўлмаган гўзал тил эканлигини исботлаб берган буюк тилшунос олимдир.

Учинчидан, Навоий — буюк адабиётшунос олим. У Шарқ шеъриятининг муаммо, қасида каби XV асрга келиб деярли унутилаёзган жанрларини тиклшга алоҳида эътибор бериб, нафақат туркий адабиёт, балки форсий адабиёт ривожига ҳам катта ҳисса қўшди.

Тўртинчидан, Навоий бутун онгли ҳаётини туркий халқларнинг нуфузини, миллий ғурур ва миллий ўзига хослигини қайта тиклашга сарфлаган буюк ватанпарвардир. Навоий туфайли дунё халқлари туркона маданият ва маънавиятга алоҳида эҳтиром кўрсата бошлганлар. Ҳазрат Навоий ўзининг ҳаётини халқимиз илм-фани ва санъатини ривожлантиришга, мамлакат равнақи, халқ ва миллатнинг тинч-тотув яшаши ҳамда давлат қудратини мустҳкамлашга бағишлади. Султон Ҳусайн Бойқаро ул зотни “мамлакат устуни, давлат таянчи” деб бежиз номламаган.

Навоийдаги бағрикенглик, адолатлилик, донолик, сиёсатдонлик ва фуқароларга ғамхўрлик фазилатлари Султонга давлатни адолатли бошқаришда яқиндан ёрдам берган. Шунинг учун ҳам Султон Навоийни дўст сифатида бениҳоя улуғлади ва қадрлади. Ҳар қандай шароитда ҳам уни ёнидан узоқлаштирмасликка ҳаракат қилди. Уларнинг бирга бўлиши давлатни мустаҳкамлаш, адолат ўрнатиш, ҳар соҳада, тил, маданият, санъат, илм-фан соҳаларини ривожлантириш билан бирга давлатнинг мудофаа қудрати, халқаро обрў-эътиборини оширишга хизмат қилди.

Ҳазрат Навоий гарчи ҳаётининг мазмунини ижод қилишда деб билса ҳам, давлат ва халқ манфатини ўйлаб, халқ осудалиги йўлида Султон ёнида туриб муҳим давлат ишларини бажарди. Навоий амири кабир — бош вазир сифатида узоқ йиллар давлат бошқарувининг энг муҳим ва нозик бўғинларида, суд-адлия, ички ишлар, солиқ тизими, ташқи дипломатик алоқалар, ички низолар, чегара муаммолари, умумхалқ йиғинлари ва тадбирларида давлат ва халқ манфаатларини уйғунлаштирди ва ҳимоя қилди. Ҳазрат Навоий давлат хизматини мансаб ва обрў учун эмас, балки миллат қадриятларини тиклаш ва бутун дунёга тан олдиришдек улкан вазифани амалга ошириш учун бир имконият ва восита деб билди.

Навоий фақат туркий халқларга эмас, балки бутун башариятга тегишли мутафаккир шоир. Унинг асарлари бир миллат учун ёзилган эмас. Уларда тилга олинган ҳар бир муаммо ва уни бартараф этиш ғоялари бутун инсониятга даҳлдордир.

Британия кутубхонаси Алишер Навоий шеъриятини ўз ичига олган 30 дан зиёд қўлёзмаларга эга. Ушбу конференция, шунингдек, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ўрнатилган ҳамкорлик биз учун шерикчилик дастуридаги дастлабки муҳим қадамдир. Биз биргаликда Нвоийнинг бой поетик мероси ҳамда Марказий Осиёнинг ранг-баранг қўлёзмаларини тўплаш анъанасидан бутун дунёни баҳраманд эта оламиз.

Охир-оқибат, Навоий мисолида биз бу хайрли ишга йўл очдик. Донишмандлик ҳамда нафосатга йўғрилган шеърияти ва ҳаётий фаолиятида у бизга, умуман, бутун инсониятга ўрнак бўлувчи раҳнамо, адолатли кишилик жамиятига интилувчилар учун машъал бўлувчи ақл-заковат соҳибидир.

Майкл Жеймс Эрдман,

Британия кутубхонасининг турк ва туркий тўпламлар бўлими раҳбари

Сайт бўлими: Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК