"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИНИНГ ИККИ ЧИНОРИ

Ўқилди: 73

Ўзбек  мумтоз шеърияти гулшанида кенг қулоч ёзган икки чинор – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мардонавор ҳаёти, ўлмас асарлари  туфайли адабиётимиз дунёга танилди, уларнинг бетимсол ижодий мероси асрлар оша кўплаб авлодларни Ватанни севишга, адолат ва маърифатга, муҳаббат ва садоқатга, энг яхши фазилатларни ўзида мужассам этган комил инсон бўлишга даъват қилиб келмоқда.

Айниқса, истиқлол йилларида бу тафаккур даҳоларининг маънавий мероси янада юксак кадр топиб, кўнгил ободлигини юрт ободлиги билан уйғунлаштириб, мислсиз  бунёдкорликларни амалга ошираётган замондошларимизни тараққиётнинг нурли уфқлари сари чорламоқда. Бу икки улуғ шоир таваллуд топган саналар – 9 февраль ва 14 февраль мамлакатимизда улкан адабиёт байрами сифатида нишонланиб келаётганининг боиси ҳам шунда.

9 февраль куни Бухоро маданият марказидаги вилоят мусиқали драма театрининг муҳташам зали олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, адабиёт мухлислари, жамоатчилик вакиллари билан лиқ тўлди.

Санъат даргоҳида вилоят ҳокимлиги, республика Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят маданият бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ташаббуси билан буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги ҳамда  шоҳ ва шоир,  давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллиги муносабати билан “Асрларга тенгдош, авлодларга ибрат” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир аввалида сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир Шодмон Сулаймонов бу икки адиб халқимиз маънавий дунёси  шаклланишига  ғоят кучли ва самарали  таъсир кўрсатган зотлар эканини, уларнинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегаралари билмаслигини алоҳида таъкидлади.

Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, 50 минг мисрадан иборат “Хамса” шунингдек, “Листон ут-тайр”, “Муҳокат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Мажолис ун-нафоис” сингари ўнлаб асарлари билан миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган  ўлмас сўз санъаткоридир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса инсон ва шоир, маданият арбоби ва ботир саркарда, эътиқоди бутун тақводор ва элга қайишган шоҳ, ростгўй адабиётшунос мақомида ғоят қисқа умр кўрган тақдир соҳиби эди. Бобурдан улкан маънавий мерос қолган. Афғонистону Ҳиндистонда тартиб берилган шеърий девонлар, “Бобурнома”, “Рисолаи аруз”, “Хатти Бобурий”, “Волидия”, “Мубаййин” сингари асарлари, мусиқа ва ҳарб илмига доир рисолалари умрини давлат ва тахт ташвишлари билан ўтказган инсон мўъжизавий қаламининг туҳфаларидир. Бу даҳоларнинг маънавий меросини эъзозлаш, тадқиқ этиш, уларни навқирон авлод қалби ва онгига етказиш бурчимиздир, деди нотиқ пировардида.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари эътиборига санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан сана муносабати билан тайёрланган театрлаштирилган бадиий композиция намойиши қилинди. Дастур Бухоро маданият коллежининг ҳофиз ва педагог Эшпўлат Ортиқов раҳбарлигидаги мақом ансамблининг Алишер Навоий ғазаллари билан айтиладиган наволари билан бошланди. Бухоро давлат университети талабалари шоир ижодидан намуналарни ифодали ўқиб, Алишер Навоий шеъриятининг ўзига хос  жозибасини намойиш этдилар.

Вилоят мусиқали драма театри актёри Илҳом Тоҳиров Алишер Навоий қиёфасида, вилоят кўғирчоқ театри раҳбари Пирназар Имомназаров эса Заҳириддин Муҳаммад Бобур образида саҳнага чиқиб, буюк шоирлар ҳаётининг изтиробли саҳифаларини гавдалантирдилар. Истеъдодли актёр Анвар Мавлонов “Фарҳод ва Ширин” ҳамда “Лайли ва Мажнун” достонлари қаҳрамонлари тимсолида Ошиқ монологини маҳорат билан ижро этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. “Бухоро мавжлари”, “Бухорча”, “Бухоро гўзаллари” ансамблари раққосалари дастур давомидаги чиқишларида шоирлар ғазалларида тараннум этилган ҳурлиқолар образларини яратиб, бадиий кечага ўзгача нафосат бағишладилар.

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ва беназир шоир, адолатли ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд саналарига бағишланган адабий тадбирлар вилоят шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

 

Абдужалил ХАЛИЛОВ,

журналист

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК