"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ҲАЗРАТ НАВОИЙ ҲАЙКАЛИ ПОЙИДА

Ўқилди: 111

Мен бу жойга минглаб келдим, юзлаб келдим,
Кўнгил куйин тинглаб келдим, бўзлаб келдим,
Ҳазратдан сўз қарз олиб, сўнг, сўзлаб келдим,
Қақраб келдим, ёниб келдим, музлаб келдим,
Бу даргоҳга мен ўзимни излаб келдим,
Нигоҳингиз сел қилди-ку оҳ, Навоий,
Сўз мулкида султон бобом — шоҳ Навоий.

Бобо, дейман, вужудларим титроқ тортиб,
Тўзғиб ётган дунёларга берган тартиб,
Кафтидадир сайёралар, Машриқ, Мағриб,
Ҳазрат сабаб шу тупроққа меҳрим ортиб,
Бахтиёрман пойларини кўзга суртиб,
Ким ул зотга талпинса гар — ёр Навоий,
Иймондир ҳам, номусдир ҳам ор Навоий.

Баъзан хурсанд, баъзан эса нолиб келдим,
Баъзан нафсга мағлуб, баъзан ғолиб келдим,
Ғазал тинглаб, дилга меҳр солиб келдим,
Энг покиза туйғуларим олиб келдим,
Ул кишига шогирд тушиб — толиб келдим,
Шогирдларин ҳар дам қўллар — боғ Навоий,
Забт этилмас юксак чўққи, тоғ Навоий.

Одам десам, ёлғон бўлгай, фариштадир,
Еру кўкни боғлаб турган оқ риштадир,
Ҳазрат мисол пок яшаб, пок қаришни бил,
Муборак тут ёдларини — ҳар ишда бил,
Пок номларин пок тутгай ҳар қарични бил,
Қабоҳатга қарши турган — дов Навоий,
Разолатнинг йўлин тўсар — ғов Навоий.

Кел набирам, деса, бир бор боқиб қўйса,
Ғайрат қилгин, деб, елкамга қоқиб қўйса,
Назар ташлаб қалбимга ўт ёқиб қўйса,
Ёшим дарё, қани унда оқиб бўлса,
Авлиё зот ҳар онимдан воқиф бўлса,
Мадад бўлинг ё, Ҳазратим — ё, Навоий,
Олам бутун — бор эканки то Навоий.

Этагидан маҳкам тутиб ўтингайман,
Назаридан қолмай дея ютингайман,
Ул сиймога содиқ навкар тутингайман,
Бир қарасам, тўзғиб ётган тутундайман,
Исмин айтсам, бошдан оёқ бутундайман,
Қуёш янғлиқ зиё сочар — нур Навоий,
Икки дунё баҳоси йўқ — дур Навоий.

Бахтимиз шу — ўзбек бўлиб туғилганмиз,
Юлдузларга нарвон қўйиб, туғ илганмиз,
Душман келса кўкрагига тиғ илганмиз,
Бутун миллат бир мушт бўлиб тугилганмиз,
Бор оламда Навоий деб ўқилганмиз —
Эл дегандан, халқ дегандан шод Навоий,
Қайтиб жаҳон кўрмас шундай зот — Навоий!

                                                                                          Жўрабек ЖАҲОН

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК