"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БОРИ ЭЛГА ЯХШИЛИҒ ҚИЛҒИЛ…

Ўқилди: 71

Юртимизда февраль ойи адабиёт байрамлари ойлиги тарзида ўтади. Чунки бу ойда халқимизнинг чинакам ифтихори саналган икки улуғ ижодкор – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган.

Шоҳ ва шоир Бобур Мирзонинг таваллуд куни унинг киндик қони тўкилган юрт – Андижонда ҳар йили халқаро анжуман тарзида кенг нишонланади. Бобур Мирзонинг жаҳон маданияти тараққиётига қўшган ҳиссаси беқиёс. Унинг дилбар ва бетакрор лирик меросидан ташқари тилшунослик, адабиётшунослик, мусиқа илми, ҳарб ишига доир асарлари, жаҳонга машҳур “Бобурнома”си, бунёдкорлик, инсонпарварлик фазилатлари юксак эътирофга лойиқ. Шунинг учун ҳам у тарих саҳифаларидан ёрқин сиймо сифатида муносиб ўрин олган.

Тириклигидаёқ ихтиёрий равишда тахтни ворисга топширган, ўз ҳаётидан кўра мамлакат тақдирини устун қўйган адолатпарвар ҳукмдор Бобур Мирзо нафақат фарзандларига, балки укаларига, қариндошларига ҳам меҳр-оқибат намуналарини кўрсатган. Ўзга халқларнинг урф-одатларини, диний эътиқодини ҳурмат қилиб, кечиримли ва бағрикенглик билан мамлакатни бошқарганлиги уни бетакрор тарихий шахс сифатида намоён қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ёшлари қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, улуғ аждодларимизнинг оламшумул ишлари, улардаги юртпарварлик, мардлик, матонат, шижоат каби юксак инсоний фазилатлар авлодларга ўрнак бўлиши учун улар қолдирган бой илмий-адабий, маънавий меросни чуқур ўрганиш лозимлиги тўғрисидаги кўрсатмалари негизида айнан Бобур Мирзо каби сиймолар назарда тутилган.

Бобур Мирзо яшаган давр ғоятда зиддиятли, талатўпларга тўла эди. У ўз юртида амалга ошира олмаган бунёдкорлик, яратувчилик ишларини ўзга юртларда амалга оширган бўлса-да, бутун бир инсониятга хизмат қилди, дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшди. Ҳамиша Она Ватанига юксак меҳр, соғинч билан интилиб, элу юрт фироғида яшади. Ана шу юксак муҳаббат ва соғинч туйғуси уни янада эзгу ишлар қилишга, инсонлар қалбини авайлашга, адолат мезонларига асосан ҳукм чиқаришга ундаб турган бўлса не ажаб. Бобур Мирзонинг ўз таржимаи ҳолини акс эттирувчи маснавий ва рубоийлари, дилбар ғазаллари, “Бобурнома” – йирик мемуар асари шунинг учун ҳам асрлар давомида ўз таъсир кучини, аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Биргина “Бобурнома” асари уттиздан зиёд тилларга таржима этилгани, жаҳоннинг етмишдан зиёд музейларида сақланаётгани, дунё олимлари ушбу қимматли манбаага қайта ва қайта мурожаат қилаётгани фикримиз исботидир.

Андижондаги Бобур қадамжолари доимо чет элдан ва юртимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонларнинг диққат марказида бўлган. Кейинги йилларда Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасидаги “Боғи Бобур” ёдгорлик мажмуасида қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Боғ ҳудудидаги эски бинолар ўрнини замонавий, миллий архитектура намуналари эгаллади. Ёдгорлик мажмуаси янада кенгайтирилиб, янги музей биноси қад ростлади. Бобур қадамжоси ҳисобланган Андижон шаҳрининг эски шаҳар қисмидаги ҳунармандлар шаҳарчаси (халқ тилида темирчилик)да миллий услубдаги ҳунармандлик дўконлари қурилди, ҳамиша тирбанд кўчалар кенг ва ёруғ, обод кўчаларга айлантирилди, тарихий обидалар қайта таъмирланди, замонавий турар жойлар, йирик савдо мажмуалари барпо этилди. Ушбу ҳудуд шаҳарнинг энг кўркам, энг мафтункор гўшаси сифатида меҳмонларни ўзига чорламоқда.

Президентимиз Андижонга ташрифи чоғида Бобур Мирзо меросига муносиб эътибор, энг аввало андижонликлардан бошланиши лозимлигини таъкидлаган эди. Барча ташкилот ва муассасаларда, ўқув юртларида мавжуд кутубхоналар улуғ шоирнинг асарлари билан бойитилиб, унинг бюсти қўйилган бурчаклар ташкил этилди. Шоир номида Андижон давлат университети, вилоят ахборот-кутубхона маркази фаолият юритади, Андижон шаҳрининг шоҳ кўчаларидан бири шоир номида. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Бобур издошлари” адабий тўгараги шаҳар ва туманларда яшовчи кўплаб истеъдодларни жамлаган. Шу кунгача тўгарак аъзоларидан олти нафари Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди, «Биринчи китобим» лойиҳасида ва турли баёзларда бир неча истеъдодли ёшларнинг ижод намуналари нашр этилди.

Мустақиллик йилларида Бобур халқаро фонд томонидан амалга оширилган эзгу ишлар, фонд қошидаги халқаро илмий экспедиция қўлга киритган муваффақиятлар, бобуршуносликдаги изланишлар ва ютуқлар юксак эътирофга лойиқ. Кейинги йилларда Бобур энциклопедияси, библиография яратилди, фонд жаҳон бобуршуносларини бирлаштирувчи илмий-маънавий марказ сифатида қатор амалий ишларни рўёбга чиқариб келаётир.

Андижон шаҳрида жойлашган Бобур номидаги хиёбонда вилоятнинг жуда кўп тантанали анжуманлари ўтказилади. Меҳмонлар, юртдошларимиз, айниқса ёшлар учун ушбу хиёбон зиёратгоҳ гўша сифатида қадрли.

Бу йил ҳам улуғ шоир таваллуд кунига алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Чет мамлакатлардан, қўшни Республикалардан, юртимизнинг турли ҳудудларидан мухлислар шоир таваллуд куни — 14 февралда Андижонга келиш ихтиёрини билдирмоқдалар.
Бобур Мирзо ўзи ёзганидек, яхши инсонларнинг инсоният, эл-улус олдидаги улуғвор хизматлари, эзгу ишлари ҳеч қачон унутилмайди. Ҳамиша қадрланади, ёдланади:

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ,
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Хуршида Ваҳобжон қизи,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК