"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

МАКТАБДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК ТАДБИРИ

Ўқилди: 67

Юнусобод туманидаги 260-умумтаълим мактабида 2019 йил 12 февраль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги ҳамда беназир шоир ва шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллиги муносабати билан адабий кеча ташкил этилди.

Ўзбек мумтоз адабиётининг икки азим чинори — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур халқимиз маънавий дунёси шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган зотлар экани, уларнинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегаралари билмаслиги, мамлакатимизда улуғ мутафаккир Алишер Навоий ва шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг хотираси абадийлаштирилгани уларнинг жаҳон адабиёти хазинасига қўшган буюк ҳиссаси ҳамда чексиз истеъдодига бўлган юксак ҳурмат ифодаси экани алоҳида таъкидланди.

Навоий ижоди ихлосмандлари унинг шеърларини йиғиб, “Илк девон” (1464-65) тузган эдилар, сўнгра “Бадойиул-бидоя” (“Гўзалликнинг бошланиши”), “Наводирун-ниҳоя” (“Нодирликлар ниҳояси”) номли девонлар (1470-йиллар) тартиб берилган. Лирик мероси умумий ҳажми 50000 мисрадан ортиқ “Хазойинул-маоний” номли тўрт девон (1491 — 1498)га жамланган. Навоий шеъриятининг мавзулар доираси кенг, жанрлар кўлами хилма-хил. Ғазалларида инсоний муҳаббат, илоҳий ишқ билан уйғун ҳолда улуғланиб, “мажоз — ҳақиқат кўприги” ақидасига амал қилинган. Алишер Навоий шеъриятидаги зоҳирий маъно янгиликлари билан бирга ботиний сифатларни ҳам ўргангандагина уларни идрок этишга эришиш мумкин.

“Назмул-жавоҳир” (1485) Ҳазрат Алининг “Насрул-лаолий” асарининг туркий назмга солингани бўлиб, 266 рубоийдан иборат бу асарда ахлоқий-таълимий қарашлар ўз аксини топган.

Алишер Навоий ижодининг юксак чўққиси “Хамса” асари (1483-85)дир, шоир биринчилардан бўлиб, туркий тилда тўлиқ “Хамса” яратди ва туркий тилда шундай кўламдор асар ёзиш мумкинлигини исботлаб берди. “Хамса” таркибига “Ҳайратул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” каби достонлар киради.

Навоийнинг тасаввуфий қарашлари деярли барча асарларининг руҳига сингган бўлса-да, махсус “Лисонут-тайр” достони(1499)да, “Насойимул-муҳаббат” манқабаси (1495-96)да, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”(1485-88), “Арбаин”, “Муножот” сингари асарларида акс этган.

Бобурийлар салтанати асосчиси, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг лирик мероси “Қобул девони” (1519)га, 1528-29 йилларда “Ҳинд девони”га жамланган. Шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортади. Шундан 119 ғазал, 231 рубоий ва туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрларда асарлар яратган. Бобур шеърияти интеллектуал қалб изҳори сифатида ардоқлидир. Унинг асарлари самимий, равон, услубан тугал ва мушаккалдир. Бобур рубоий жанрини турк адабиётида дунёга олиб чиққан шоирдир. Бобурнинг улуғ асари “Бобурнома” бўлиб, уни “Вақое” деб ҳам номлайдилар. Буюк мемориал асарда 1494-1529 йиллари Марказий ва Кичик Осиёда, Яқин ва Ўрта шарқ мамлакатларида кечган воқеалар баён этилган. “Бобурнома”нинг ўндан ортиқ қўлёзма нусхалари бор.

Мактаб ўқувчиларининг икки улуғ зот ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Фаол иштирокчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташаккурнома ва китоблар совға қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

 

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ МАКТАБДА ҒАЗАЛХОНЛИК КЕЧАСИ
ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ ИККИ УЛУҒ ИЖОДКОРГА ЭҲТИРОМ
УШАЛГАН ОРЗУ УШАЛГАН ОРЗУ
«ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК «ДОВОН ЖИЛҒАЛАРИ»ДА НАВОИЙХОНЛИК ВА БОБУРХОНЛИК