"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Жуманиёз Жабборов (1930-2010)

Ўқилди: 81

Жуманиёз Жабборов 1930 йил 25 октябрда Косон туманида туғилган. — Ўзбекистон халқ шоири (1997). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1980).

ТошДУ филология факултетини тугатган (1952). «Шарқ юлдузи» журналида бўлим мудири, масъул котиб (1953—62), «Гулхан» журнали бош муҳаррири (1962—64), Республика газетаси («Совет Ўзбекистони»)да бўлим мудири (1964—67), бош муҳаррир ўринбосари (1967—76), маъмурий ташкилотда шўъба мудири (1976—81), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида директор (1981—85), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таржима кенгашининг маслаҳатчиси (1985—90), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасида Ўзбекистон Давлат мукофотлари қўмитасида масъул котиб (1990 йилдан) бўлиб ишлаган.

«Баҳор нафаси» (1956), «Гулшан» (1957), «Тоғлар садоси» (1961), «Она-ер қўшиғи» (1962), «20 кун дафтари» (1967 ва «Йўлдаги ўйлар» (1968), «Мақсад йўлида» (1958), «Субҳидам хаёллари» (1964), «Саҳро санами» (1967), «Лирика» (1970), «Илҳом дақиқалари» (1971), «Достонлар» (1974), «Эътиқод» (1978), «Хаёлимда ўзинг» (1985), «Кўнглим гўзали» (1991) ва бошқа тўпламларига кирган шеър ва достонларида, «Соҳиллар ҳикояси» (1974), «Таллимаржон достони» (1976), «Ўжарлар» (1973), «Йиллар ўтиб…» (1977), «Тўйдан олдин томоша» (1979), «Менинг оппоқ кабутарларим» (1991), «Нексия» (2007) насрий ва драматик асарларида юртга муҳаббат, инсон қалби ва маънавий оламини теранроқ акс эттиришга интилиш, ҳаёт севарлик ғоялари бадий ифодаланган.«Ажаб дунё — севги дунёси» (1996) тўпламидан 100 дан ортиқ ғазаллар ўрин олган. Унинг шеърлари фалсафийлиги, воқеликка фаол муносабат билан ажралиб турса, ғазаллари образларнинг тиниқлиги, ўйноқилиги билан ўзига хосдир.

АЖДОДЛАР

Не улуғ кошона аждодлар иморат этдилар,
Ул бино ҳар ғиштини ишқдан иборат этдилар.

Ҳар китобким, биз учун ёзмиш боболар меҳр ила,
Бахт-саодатли замонлардан ишорат этдилар.

Ўйлаб истиқболу истиқлолу авлод эртасин,
Бахш этиб борлиқларин орзу ифодат этдилар.

Биз уларнинг ҳар сўзин айлаб тумор, ундик букун,
Чунки ҳар сўз қаърида қутлуғ ибодат этдилар.

Юртни севгил, элни севгил, эркни севгил оятин
Кўп ҳадислар мағзида бир-бир иродат этдилар.

Камтарин, доно мураббийлар, беҳиштий зотлар
Халқимиз қалбинда мангулик иқомат этдилар.

НАВРЎЗ КЕЛИБОН

Наврўз келибон, жумла жаҳон нозланажакдир,
Офтоб қизитиб, аста-секин ёзланажакдир.

Яшнар табиат, дашту адир лола ичинда,
Юртим—чаманим ўзгача пардозланажакдир.

Ирмоқ куладир, елга ўпич берса бинафша,
Майса қуёш тафтида таннозланажакдир.

Бир лаҳза эшит қумрию булбулни навосин,
Шўх-шўх таралиб, ялаю шаҳнозланажакдир.

Қайнар сумалак, варрак учар, тўю томоша,
Диллар қувониб, соз ила парвозланажакдир.

Жавлон уришар давра тузиб неча йигитлар,
Қизлар безаниб, ҳусн ила мумтозланажакдир.

Дунёда одам қадри баланд, севса Ватанни,
Юрт ичра яна ҳурмат-у эъзозланажакдир

***
Меҳрингиздан истадим бир имтиёз,
Ҳажр аёз этган кўнгилга ўтли ёз.

Қахрингиз-ку қилча бўлса, шунча кўп,
Меҳрингиз офтобча бўлса, шунча оз.

Кеча кўрдим, солмадингиз бир назар,
Во ажаб, бунча таманно, бунча ноз.

Неча ҳофиз ҳуснингиз мадҳ айлади,
Таърифингиз айтди дилда мингта соз.

Севги бу дунёда-энг олий ҳакам,
Эътироф бир ёнда, бир ён-эътироз.

То кутиб бир яхшилик умр ўтказур,
Неча шайдолар аро танҳо Ниёз

***
Эй Ватан, сенг меҳримиз сарчашмаси
Биз-сенинг кўрку жамолинг ташнаси.

Яшнагаймиз бағринг ичра эрта-кеч,
Барқ уриб дилларда парвоз нашъаси.

Ишқу ижоддан агар дил баҳраманд,
Бўлғай ул доим гўзаллик ошнаси.

Осмонни кифтда тутмиш тоғлари,
Сойларида офтоб ўйнашмаси.

Бул гўзал водийга айланг бир назар,
Ул- бетакрор она юртнинг каштаси.

Ушбу юртнинг кўркига пайванд Ниёз,
Жону жисмининг узилмас риштаси.

***
Тонг ҳижолатдан қизарди ол ёноғингни кўриб,
Тун уятдин парда тортди кўз-қароғингни кўриб.

Этдилар қаддинг томошо сарвлар саф-саф бўлиб,
Таъзим айлаб дилрабо бошдин-оёғингни кўриб.

Тун шивирлар, тонг жимирлар хайрат ичра мубтало
Қош-қовоғинг бирла ул сиймин сақоғингни кўриб.

Яйрагай буткул табиат фахр ила жондан севиб,
Ҳусну одоб бобида тенгсиз сабоғингни кўриб.

Таҳсин айтдим мен Диёрга, Дилрабо ойдан санам.
Она-юртга маҳлиё ошуфта чоғингни кўриб.

Мен Ниёз-аҳли сенинг шайдоларинг шаҳзодаси,
Интилиб парвонадек ҳусни чароғингни кўриб.

АҚЛ ВА ЮРАК

Қайнаб ётар буюк коинот,
Ич-ичию ташқарилари.
Минг шаклли ҳаракат, ҳаёт
Ақл билан бошқарилади.

Одамзод ҳам сўнгсиз бир карвон,
Ҳаракатда ёш-қарилари.
Иқбол, умид, интилиш армон
Ақл билан бошқарилади.

Фақат севги бепоён нақл,
Замонларга сиғмас машқлари.
Изҳорига етмагай ақл
Юрак билан бошқарилади.

“Кўнглим китоби” (2010) китобидан

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ўзбек адиблари, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ