"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Нормурод Нарзуллаев (1934-2006)

Ўқилди: 68

Нормурод Нарзуллаев 1934 йилнинг 7 июлида Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Хўжаҳайрон қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. У етти йиллик маълумотни ўз қишлогидаги мактабда олди. 1948 йилда Охунбобоев номли Қарши педагогика билим юртига кириб ўқиди. 1956 йилда Самарқанд Давлат педагогика институтининг Тил ва адабиёт факултетини имтиёзли диплом билан битирди.

1976 йилдан 1981 йилгача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб ва котибиятнинг аъзоси вазифаларида ишлади.
Шоир ижодий фаолиятини 1954 йилдан бошлайди, вақтли матбуот саҳифаларида унинг илк шеърлари босилади. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида шоирнинг илк шеърий тўплами — «Суюнчи» (1965) босилиб чиқади. Бугунга қадар шоирнинг ўттизга яқин китоблари босилган. «Сизни Ватан эркалар» (1966), «Меҳр чашмаси» (1970), «Зарафшон зарлари» (1970), «Уфқларда кўзларим» (1973), «Ёғду» (1974), «Нигоҳлар» (1976), «Лаҳза ва ларза» (1978), «Севги сеҳри» (1981), «Оқ саманим» (1982), «Тонг элчиси», (1984), «Шамолни ушлаган бола» (1985), «Яхшилик деб яшайман» (1987), «Аниқ зақт» (1989) каби тўпламларнинг муаллифидир. Шоирнинг рус тилида «Високое солнсе» (1974), «Добрий свет» 1977), «Поёт дутар» (1977), «Мгновение» (1982), «Дихание трав» (1983), «Малчик поймавший ветер» (1990) китоблари чоп этилган. Бундан ташқари, шоирнинг «Муҳаббатдан туғилгай» китоби озарбайжон, «Қўшчинор» тўплами тожик тилида нашр этилган.

Нормурод Нарзуллаев асарлари чет эллик шеърият мухлисларига ҳам яхши таниш: унинг шеърлари инглиз, ветнам, чех, немис, поляк, турк, ҳияд, испан, франтсуз каби тилларга таржима қилинган.

Нормурод Нарзуллаев адабиётга оид бир қатор илмий, адабийтанқидий мақолалар муаллифидир. «Халқ булбули», «Дўстлик мушоираси» ҳужжатли филмлари ссенарийси, «Виждон исёни» драмаси ҳам унинг қаламига мансуб.

Кимки яхшилик деса,
Ўша чин дўст, чин инсон.
Бошга тушганда савдо,
Билинар яхши-ёмон,
Синалар дўст –ўртоқ ҳам,
Синовдан ўтар имон—
Мухаббат фарзандиман,
Яхшилик дилбандиман!

Яхши инсон ҳамиша
Савоб билан яшагай.
Муроди ҳам покиза,
Жавоб билан яшагай,
Кимки ҳаётда нокас,
Сароб билан яшагай.
Мухаббат фарзандиман,
Яхшилик дилбандиман!

Ҳаёт борки кураш бор,
Ҳам висол бор, ҳам ҳижрон.
Эзгулик ва ёвузлик,
Жанги мудом ёнма-ён,
Инсон умрига завол,
Эговдир ғийбат, бўҳтон.
Муҳаббат фарзандиман,
Яхшилик дилбандиман!

Умидим бўлди зиё,
Виждонимга таяндим.
Дунё бўлиб бу дунё,
Виждонимга таянди.
Гоҳо қилганда танҳо,
Виждонимга таяндим,
Муҳаббат фарзандиман,
Яхшилик дилбандиман!

Қўлда синмас торим бор,
Юртим куйлаб ўтарман.
Номусим бор, орим бор,
Элни ўйлаб ўтарман.
Қўшиқларим – қанотим,
Бахтдан сўйлаб ўтарман.
Муҳаббат фарзандиман,
Яхшилик дилбандиман!

АЗИЗ ВАТАНИМ

Уйғонсам, оппоқ тонг суюнчи сўрар,
Хушхабар бахтимдай элга тарқалар.
Онамдай бағрида суюб эркалар,
Онам Ўзбекистон –
Азиз Ватаним!

Шафақлари алвон, уфқлари бор,
Ҳаёт наволари – қўшиқлари бор.
Ишқида вафодор ошиқлари бор,
Онам Ўзбекистон –
Азиз Ватаним!

Бахтиёр ҳаётни меҳнатдан топдим,
Эътибор, иззатни меҳнатдан топдим,
Бу қадр-қимматни меҳнатдан топдим,
Онам Ўзбекистон –
Азиз Ватаним!

Наҳоринг қувади тун уйқусини,
Қуёш улашади зар ёғдусини,
Сенда кўрар дунё ўз келгусини,
Онам Ўзбекистон –
Азиз Ватаним!

ЎЗБЕК ТИЛИМ, ЎЗБЕК ЭЛИМ

Оқ сут билан жон-жонимга киргансан,
Ҳаёт бўлиб ол қонимга киргансан.
Қасамёдим, паймонимга киргансан,
Виждонимга, имонимга киргансан.
Ўзбек тилим, она тилим, ўз тилим,
Ўзбек элим, она элим, ўз элим!

Насибим ҳам, миллатим ҳам, ирқим ҳам,
Ғарбу Шимол, Жанубим ҳам, Шарқим ҳам,
Шодлигим ҳам, ғазабим ҳам, завқим ҳам,
Ўзлигим ҳам, ўзгалардан фарқим ҳам,
Ўзбек тилим, она тилим, ўз тилим,
Ўзбек элим, она элим, ўз элим!

Аллам менинг, яллам менинг, кўз қирим,
Боғим менинг, тоғим менинг, тандирим,
Тангрим менинг, ишонганим – руҳ, пирим,
Тириклигим, ўлмаслигим, тақдирим,
Ўзбек тилим, она тилим, ўз тилим,
Ўзбек элим, она элим, ўз элим!

Заргаримсан, гавҳаримсан, сўзимсан,
Оқ-қорани танитувчи кўзимсан,
Пок тупроғим, ризқи-рўзим, тузимсан,
Остонамсан, кошонамсан, изимсан,
Ўзбек тилим, она тилим, ўз тилим,
Ўзбек элим, она элим, ўз элим!

Қон-қардошлар даврасида ўрнинг бор,
Ўз байроғинг, мадҳиянгу туғронг бор,
Мардлигинг бор, субутинг бор, қадринг бор,
Қувон, Нарзий, қалб қўшиғинг, шеъринг бор,
Ўзбек тилим, она тилим, ўз тилим,
Ўзбек элим, она элим, ўз элим!

ЮРАГИМ, СЕВГИМ БЎЛ!

Тириклик нон билан, туз билан,
Фарзандлар – ўғилу қиз билан,
Қалбларни қамал қил сўз билан,
Юрагим, шеърим бўл, Чўлпон бўл!

Муҳаббат куйлатар дунёни,
Кўнгилга жўрлатар навони,
Асрайлик иффату ҳаёни,
Етайлик қадрига вафони,
Юрагим, севгим бўл, султон бўл!

Қулатар тахтингдан жиноят,
Ажратар бахтингдан хиёнат,
Тарк этар бор меҳр, оқибат,
Борлиғим – Ҳалоллик, Диёнат,
Юрагим, инсоф бўл, виждон бўл!

Олам ҳам вафоли келинчак,
Кўксидан тебранар беланчак,
Нур тўшаб, гул тутар келажак,
Юрагим, Нарзий бўл, Инсон бўл!

“Юрт ишқида ёнаман” (1996 йил) китобидан

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ўзбек адиблари, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ