"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

1 март – Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган кун

Ўқилди: 78

Зулфия (1915-1996)

Зулфия (Исроилова) 1915 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1965). Меҳнат Қаҳрамони (1984). Шоир Ҳамид Олимжоннинг рафиқаси. Хотин-қизлар педагогика билим юртини тутатган (1931-34). Дастлабки шеърий тўплами — «Ҳаёт варақалари» (1932). «Темирой» (1934), «Шеърлар», «Қизлар қўшиғи» (1939), «Уни Фарҳод дер эдилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944), «Ҳулкар» (1947), «Ўйлар» (1965), «Висол» (1972), «Йиллар… йиллар» (1975) каби шеърий тўпламлар муалли-фи. Болаларга бағишлаб туркум шеърлар хдм ёзган («Лолакизғалдок», 1975). Н. А. Некрасов, М. Ю. Лермонтов, В. Инбер, Л. Украинка, М. Дилбозий, А. Притам асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Халкаро Жавохарлаъл Неру (1968), «Нилуфар» (1971) мукофотлари ҳамда Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1970) лауреати. Шунингдек, у Болгариянинг «Кирилл ва Мефодий» (1972) орденига сазовор бўлган. 1996 йил 1 августда Тошкент шаҳрида вафот этган.

БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида
Бинафша лабида, ерларда баҳор,
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор…

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана, қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
У ҳам ёш тўқдию, чекилди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чикди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.

Топмай, сабри тугаб бўрон бўлдию,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Қирларга илк чиққан қўйчивонлардан
Қайда шоир, дея айлади сўроқ.
Барида сукунат, маъюслик кўриб,
Ҳориб-чарчаб келди, тоқатлари тоқ…

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан,
Сингиб ёш куйдирган заъфар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлдию, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:

«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан
«Бахтим борми дея, яккаш сўроқлаб».
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега,
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх нашидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қандай ишкқа тўлиб боқарди тонгта,
Камол топтирарди кенг хаёлимни.
Унинг рангдор, жозиб қўшиғида
Мудом кўрар эдим ўз жамолимни.

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол?
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?»

Қандай жавоб айтай лолдир тилларим,
Баридан тутдиму, келдим қошингта.
У ҳам ғаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этдилар чок-чок.

Гулу райҳонларнинг таралди атри
Самони қоплади майин бир қўшиқ
Бу қўшиқ нақадар ошино, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорга бурканган, сен севган элда
Овозинг янгради жўшқин, забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

МЕН ЎТГАН УМРГА

Ҳаёт китобимни бехос варақлаб,
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.
Табассум ўрнида кулдим чарақлаб.
Суйиш керак бўлса — телбача суйдим.

Кийганим ипакми, читми ё кимхоб,
Юрак бойлигидан қилмабман парво.
Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,
Янги қўшиқ талаб унда ҳар сабоқ.

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,
Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:
Суйдим,
Эркаландим,
Айрилдим,
Куйдим,
Иззат нима — билдим.
Шу-да бир яшаш!..

СОҒИНИБ

Шу кунларда баҳорга зорман,
Навжувонлик ўти танда йўқ.
Куз сингари заъфар рухсорман,
Мевалар ҳам шохлардан узуқ.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Танхасталик эзади руҳим.
Танҳо эмас, қаторда борман,
Яна нени излайди суқим?

Шу кунларда баҳорга зорман,
Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.
Яхшиямки, қаламга ёрман,
Сўзлаб турар бор дилимни ул.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Ўз баҳорим каби бемисол.
Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман,
Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.

Шу кунларда баҳорга зорман…

БАЛКИ

Кўзингда чақмоққа ўхшаш ўтли нам,
Рангинг синиқиши, лаб титраши сир.
Балки, ҳисни бўғиб, иродангга жим
Ёлворасан, куч бер, бўлмай деб асир?

Кўмиб юбормоқчи сен тул ёшлигинг,
У — фақат яшнашга қодир табиат.
Балки, бахт бекаси атаган кишинг –
Руҳи ҳам истамас хазонинг бевақт?

Билсанг, дарахтни синдирар бўрон,
Ниҳол бўлса, яна ўсар гуркираб.
Балки, йўқ таъналар, андиша, гумон,
Бахтга ҳаққинг ютар, дилинг зирқираб?

Ярим тақдир гўё синиқ кўзгумиш,
Ҳаёт тақозоси бахт бекамликдир.
Балки, тўкқиз гулинг билмасдан сўлиш,
Пок ҳиснинг амрига кирмак керакдир?

ҚАЙДА ЎЗ СЕВИНЧИМ…

Ўқилмаган мактуб,
Тақилмаган зийнат
Нодаркорлар ичра ётар кесакдай,
Узоқроқ,
Хилватроқ кунжакка иргит
Нақ жарроҳ пичоғи — кайфинг кесардай!
Шундай ҳам нобутун кўксинг қўйсин тинч!
Туҳфалардан баланд,
Синчковликка ёт,
Севинч!
Қайда ўша қайтмовчи севинч?
Қўлга тутолмагум бебаҳо бисот!

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ўзбек адиблари, Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ