"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Рустам МУСУРМОН: «Умримга нур сочиб, дилдор бўлиб кел…»

Ўқилди: 65

Рустам МУСУРМОН

Мўътабар оналаримиз, азиз опа-сингилларимиз, севимли аёлларимиз ва меҳрибон қизларимизни баҳор байрами билан муборакбод этаман!

ЁМҒИР

Эшик очсам, дарҳол қучоқлаб олар,
Қўлларин елкамга ташлар – жиққа ҳўл.
Бўйнимга осилар, дилга дард солар –
Кўз ёшлари бўлар тома-тома кўл.

Қайга борсам асло мендан айрилмас,
Кун бўйи эргашиб юрар изимдан.
Ўз йўлига кетмас, ортга қайрилмас,
Безор қилар тинмай ўпиб юзимдан.

Уйга қочиб кирсам, эшикда йиғлар,
Деразамни тинмай чертар: “Тиқ-тиқ-тиқ”…
Телбадек тўлғониб юракни тиғлар,
Сел бўлиб ёлворар: “Жоним, чиқ-чиқ-чиқ”…

Дарахтда бўзлайди, томда бўзлайди,
Тонггача чорбоғда тентирар бедор.
Шивирлаб сўзлайди, сим-сим сўзлайди,
Севгисида содиқ, ишқда вафодор.

Ишқдан жинни бўлиб кўчада қувар,
Устимдан челаклаб жала қуяди.
Сувга пишиб-пишиб уст-бошим ювар,
Қизғаниб суяди, ёниб суяди.

КЕЛ

Сарғаймоқда дарахтимнинг япроғи,
Кузги боғимга сен баҳор бўлиб кел.
Титратади ҳижрон, совуқ фироғи,
Умримга нур сочиб, дилдор бўлиб кел.
Қуёшим, кел!

Оққушим, боғимда мезон шамоли,
Иссиқ ўлкаларга учиб кетма, кел!
Бошидан сирғалиб тушди рўмоли,
Кузги боғларимдан кўчиб кетма, кел!
Оққушим, кел!

Сени кутиб олар дарахтлар суюб,
Оёғингга тўшар юрагин ял-ял.
Кўчалар пойингга бошини қўйиб,
Оёғингни ўпар сен келган маҳал.
Эс-ҳушим, кел!

Келмасанг, юрагим тинчимас ҳечам,
Соғинчим довулдек тўлғонар ҳувв-ҳувв…
Сени кўриб йиғлаб юборар кечам,
Бошингга юлдузлар тўкилар дувв-дувв…
Оҳ, тушим, кел!

Бу дамлар ғанимат, кутмайди фурсат,
Гўзалим, боғимга меҳмон бўлиб кел!
Интизорман, ҳусни жамолинг кўрсат,
Менга энг севимли инсон бўлиб кел!
Оққушим, кел!

КЎНГИЛ СОВУМАСИН

Одамлар жовдираб қушдек боқади,
Куз фаслида бирдан совуса олам.
Гулхан тайёрлайди, олов ёқади,
Уйини амаллаб иситар одам.
Кўнгил совумаса бўлгани, кўнгил.

Агар баданига ўтса сал совуқ,
Одам кийиб олар иссиқ кийим-бош.
Қаҳратон аёздан одам қўрқмас, йўқ,
Қорларга, музларга беради бардош.
Кўнгил совумаса бўлгани, кўнгил.

Совуқдан асрайман жону дилингни,
Оташин меҳримдан ёпаман сарпой.
Аёздан авайлаб қизил гулингни,
Мен сенга бераман юрагимдан жой.
Кўнгил совумаса бўлгани, кўнгил.

ОВОЗИНГ

Баланд чўққиларда эригандек қор
Ҳароратдан эрир мағрур овозинг.
Оламни гуллатиб келгандек баҳор
Булбулдек сайрайди масрур овозинг.

Юрак ишқ атридан сармаст елади,
Сезгидан ҳам нозик юракнинг диди.
Овозингдан гулнинг ҳиди келади,
Овозингдан келар қовуннинг ҳиди.

Овозинг – тоғдаги эрка шалола,
Овозинг – шовуллаб куйлаган булоқ.
Овозинг – чўғ каби қип-қизил лола,
Овозинг – қоракўз қўралай улоқ.

Сенинг овозингда нур бор, сеҳр бор,
Боларини болга чорлаган ғунча.
Овозингда севги, вафо, меҳр бор,
Муҳаббат йўқ эди сен туғилгунча.

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ