"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Асрор МЎМИН

Ўқилди: 49

Асрор Мўмин (Асрорбек Мўминов) 1954 йил 14 январда Ғаллаорол туманидаги Қўйтош қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил олган(1979). Турли йилларда Ўзбекистон агросаноат давлат қўмитасининг редакция-нашриёт бўлимида таржимон, Ёзувчилар уюшмаси Тарғибот марказида ташкилотчи-мухбир, бош мухбир, “Спорт” газетасида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари, бош муҳаррир вазифасини бажарувчи, “Кўзгу” газетасида бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир вазифасини бажарувчи, “Жаҳон адабиёти” журналида бош муҳаррир ўринбосари, Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриётида 1-тоифали муҳаррир, етакчи мутахассис, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида бўлим мудири, “Ўзбекистон овози” газетасида бўлим мудири, “DAVR PRESS” нашриёт-матбаа уйида бош муҳаррир бўлиб ишлаган.

У “Дил рози”(1991), “Таваллуд”(2002), “Юрак”(2002), “Севдим, севилдим”(2004), “Қалбингда Алпомиш яшасин”(2004), “Севги тумори”(2005), “Умид ва Орзу”(2006), “Саккизинчи мўъжиза”(2007), “Сиздан миннатдорман”(2009) ва “Ширин олма”(2011, 2013), “Мунир ишқ”(2015), “Умрим фасллари”(2018) номли шеърий китоблар муаллифи.

Асрор Мўмин Поль Брэггнинг “Парҳез мўъжизаси”(2001), Ог Мандинонинг “Акабар умидномаси”(2002), “ХХ аср шеърияти”(2004), Виктор Васильевнинг “Таль тилсимоти”(2014), Давид Қуғултиновнинг “Ноёб истеъдод”(2014), Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним”(2008, 2011, 2015, 2018), “Оналарни асранг”(2012), “Мен юз қизга шайдоман”(2014), “Аёллар кўп, Она ягона”(2016), Қайсин Қулиевнинг “Менинг мукофотим”(2017), “Севимли сатрлар”(2018) китобларини таржима қилган.

Унинг “Президент. Спорт. Ғалаба!”(2001), “Сенинг юлдузларинг, Ватан!”(2002), “Чемпионлик сирлари”(2007), “Ёлғиз сенга юкундим, юртим!”(2009), “Дунё мўъжизалари”(2012) ва “Бу дунёга келиб топган хазинам”(2017) публицистик тўпламлари нашр этилган. “Юнусобод теннис клуби”(1999) ва “Ўзбегимнинг баҳодири”(2001) китоблари ҳаммуаллифи.

Шунингдек, унинг кўплаб шеър, таржима ва мақолалари “Ғаллаорол наволари”(1999), Қ.Қулиевнинг “Ҳайрат”(2013), Р.Ҳамзатовнинг “Умр карвони”(2013), “Ўзбекистон ифтихорлари”(1999), “XXI аср: истиқболимиз тимсоллари”(2001), “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”(1–12-жилдлар, 2000–2006), “Тошкент энциклопедияси” (2009), “Қуёшли шаҳар–Солнечный город–The sunshine city”(2010) каби китобларга киритилган.

Асрор Мўмин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” Фахрий унвони(2011), “Шуҳрат” медали(1999) билан мукофотланган.

ЎЗБЕКИСТОН ФАРЗАНДИМАН
Буюк аждодлар дилрозиман,
Озод замондош овозиман,
Ворис авлодлар ҳамрозиман,
Мен – азим шажар бир бандиман,
Мен – Ўзбекистон фарзандиман!

Ҳар қарич ерим зар, тиллодир,
Оқар сувларим Сирдарёдир,
Жаннат боғларим хушҳаводир,
Мен – Самарқанд, Шош, Ҳўқандиман,
Мен – Ўзбекистон фарзандиман!

Имом Бухорий хитобиман,
Пешво Хоразмий ҳисобиман,
Ҳазрат Навоий китобиман,
Мен – илм-маърифат махзаниман,
Мен – Ўзбекистон фарзандиман!

Бизга муаллим донишманд Шарқ,
Эй, чумолидай меҳнаткаш халқ,
Ҳур замон келди, оёққа қалқ,
Мен – асаларим бол-қандиман,
Мен – Ўзбекистон фарзандиман!

Энди қадримдай баланд бўйим,
“Лазги”, “Дилхирож” тинглар куйим,
Карнай-сурнайсиз ўтмас тўйим,
Мен – ширин ишқнинг дардмандиман,
Мен – Ўзбекистон фарзандиман!

Мен – Темур бобом сарбозиман,
Мен – мустақиллик шаҳбозиман!
Мен – бахтиёрлар парвозиман,
Мен – ўзбек, мардга мард, тантиман,
Мен – Ўзбекистон фарзандиман!

 

ЖИЗЗАХИМ

1
Жиззахимга манзума ёзсам,
Тарихини мунчоқдай тизсам.
Сангзорининг қирғоқларида,
Зоминининг қир-тоғларида,
Яшагандир меҳнаткаш аждод,
Ва ўлкада қайнаган ҳаёт.
Бунга гувоҳ қуёш соати,
Тошлардаги жонзот сурати.
Яшнаб борган жаннатий макон,
Номи бўлган тилларда достон.
Бу қадимий Сўғдиёнадир,
Донг таратган Уструшонадир.
Фарзандлари ўрганган ҳунар,
Ҳунарлилар бор ўлка унар.
Улар юртни айлаган обод,
Бунжикатни этишган бунёд.
Ошган сари элинг севинчи,
Ғанимларнинг бузилган тинчи.
Искандар ҳам гердайиб келган,
Мардларингдан тарсаки еган.
Бир ёндан Чин, бир ёндан араб,
От солишган Бунжикат тараф.
Ёв йўлига ботирлар қалқон,
Сарҳадларинг сақлаган омон.
Аммо тиним билмас чархфалак,
Элинг қурган мустаҳкам Дизак.
Шундай теран тарихинг сенинг,
Жондан азиз Жиззахим менинг.

2
Ипак йўлнинг авж жойи бўлган,
Савдогарга бозори тўлган.
Шиблийлари куйлаган шонин,
Зоминийлар таратган донғин.
Йўлларидан ўтган шоҳ, сайёҳ,
Тоғ-тошлари баридан огоҳ.
Бунда Темур бобом изи бор,
Улуғбекнинг ҳикмат сўзи бор.
Бобур ором олиб бир нафас,
Узумига қилгандир ҳавас.
Ундан кейин ўтган қанча хон,
Боғларингни этишди пайҳон.
Шимол ёқдан бошланди юриш,
Сўнг бошингдан кетмади ташвиш.
Кўтарсанг ҳам катта қўзғолон,
Ҳолинг бўлди ёмондан ёмон.
Синовлардан ўтди бардошинг,
Ташламадинг бировга лошинг.
Кеча-кундуз ишлаб далада,
Иззат кўрмай, қолдинг жалада.
Адибларга бўлса ҳам сарбон,
Яёв кезди устоз Олимжон.
Сутдай ҳалол тишлаган нони,
Лекин айбдор ҳатто деҳқони.
Туҳмат сели этолмади ғарқ,
Шарафини сақлай олди халқ.
Умид бўлди йўлдошинг сенинг,
Жондан азиз Жиззахим менинг.

3
Кўкка етди ниҳоят ёҳу,
Ширин тушдай ушалди орзу.
Ўзбекистон бўлди ҳур давлат,
Жиззах эса унга вилоят.
Андижондан Нукусга қадар,
Ўн уч бирлик бўлди биродар.
Азим Тошкент уларга пойтахт,
Топди доно эгасини тахт.
Форишидан то Янгиобод
Хушхабардан яйрадилар шод.
Энди гуллаб яшнар боғ-роғи,
Қайнар барча Маржонбулоғи.
Қайтди юртим тоза ҳавоси,
Гул ифори, булбул навоси.
Қишлоқларга етди истиқлол,
Шаҳар каби очмоқда жамол.
Кўркам ҳар бир таълим биноси,
Таралмоқда билим зиёси.
Бахтни куйлар янги Олимжон,
Жўр бўлади янги Орифхон.
Шундай водий доим бор бўлсин,
Унга зафар доим ёр бўлсин.
Доим бўлсин йўллари равон,
Шавкатидан лол қолсин жаҳон.
Ойдай ёруғ пешонанг сенинг,
Жондан азиз Жиззахим менинг.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Парипайкар ойнадаги аксингдур,
Ёким асли парипайкар аслингдур.
Ипак сочинг иси бунча сариндур,
Лаълинг оё не ажаб рангиндур,
Сўзи анинг не бало шириндур.

Ҳама ошиғингдан мен ошиқ шайдо,
Ҳушимдан батамом айлабсан жудо.
Тавалло онлари бўласан пайдо,
Ҳам қошинг тақвову тоатга бало,
Ҳам кўзунг офати ақлу диндур.

Кўз олдимда ватанингким кўринур,
Гуллаётган чаманингким кўрунур,
Момиқдайин суманингким кўринур,
Ҳулла ичра баданингким кўрунур,
Гўё гулбарг аро насриндур.

Ўзингсан бекаси ишқ саройининг,
Ўхшаши топилмас гулчиройининг,
Баҳоси бормикин хокипойининг,
Қатлу тиргузмак эрур ойининг,
Оллоҳ-Оллоҳ санга на ойиндур!

Васлига еткурса бирон амал саъй,
Билингиз ман ўшал имтиҳонга шай.
Ёким қўйилмасми ишқ савдода бай,
Соқиё, ҳажрида тутқил манга май,
Ким, бу судин ўтума таскиндур.

Нетай, фироқ этди иқболим хира,
Қаро кун ёдимдан ўчмайди сира.
Токай дилим эзар аччиқ хотира,
Маю васл аҳлики бу давр ичра,
Бизга хуноби жигар таъйиндур.

Рабнинг ажридин Асрорий синмас,
Инграсин, кўзига томчи ёш инмас.
Энди ғоз юрса-да, бағри бутунмас,
Ҳажринг айёми Навоий тинмас,
Бир кўруниб анга кўнглин тиндур.

САРЖИН

Бу ғўлалар бир замон,
Энг серҳосил, энг серсув жойда,
Беўхшов шохлаган,
кўланкаси майдон дарахтлар эди.
Куз келиб, сарин шамолда,
Зарбоф либосидан тўкилди хазон.
Бари бир, тарки одат,
Қуп-қуруқ шохларини чўзиб ҳар томон
Ўтган-кетганларга ўқталди.
Ҳаммасини жой-жойига қўйди вақт.
Тубидан қирқилди, ғўла қилинди,
Ёқиш учун терилди қатор.
Энди улар айбларига иқрор,
Сўрар истиғфор,
Ва лекин оловда кул бўлмоғи бор.

АЗИЗДИР АЁЛ

Сиз онамсиз – энг муқаддас зот,
Сиз ёримсиз – малак-паризот,
Сиз қиз, опа-синглимдай қанот,
Сиз шу қадар азизсиз Аёл!

Сиз Ҳавосиз – момои жаҳон,
Сиз Тўмарис – оқила ҳоқон,
Сиз Зулфия – шоири даврон,
Сиз шу қадар азизсиз Аёл!

Сиз бор – гулга тўлар қир-адир,
Уфуради ифор, хуш атир,
Кокилингиз ювар Аму-Сир,
Сиз шу қадар азизсиз Аёл!

Тонгдан сизни Қуёш пойлайди,
Бир кўрай деб тоғлар бўйлайди,
Соғинчини булбул куйлайди,
Сиз шу қадар азизсиз Аёл!

Ҳумо учун макон бошингиз,
Қалдирғочга ибрат қошингиз,
Доим ҳалол еган ошингиз,
Сиз шу қадар азизсиз Аёл!

Сизни кўрса ювош бўлар шер,
Сизни куйлар Ҳазрат Алишер,
Амрингизга ҳар эр лаббай дер,
Сиз шу қадар азизсиз Аёл!

Сиз бор – аждод авлодга пайванд,
Сиз бор – ҳаёт жаннатга монанд,
Сиз бор – Инсон номи сарбаланд,
Сиз шу қадар азизсиз Аёл!

ГЎЗАЛ

Сизнинг ташрифингиз тонгнинг ҳавоси,
Ширин овозингиз булбул навоси,
Назар-нафасингиз дардим давоси,
Васфингизга ожиз шеър, достон, ғазал,
Сиз шеърий сўзлардан юз бора гўзал.

Мўъжиза ўзича бўлмайди пайдо,
Ўзимча мен сизга бўлмадим шайдо,
Ҳижронда Мажнундай изламай байдо,
Бизга юзлашмоқлик ёзилган азал,
Сиз шеърий сўзлардан юз бора гўзал.

Сиз юрак тўримда асраган орзу,
Сиз Тур тоғида бир кўринган оҳу,
Сиз дилимда такрор энг эзгу ёҳу,
Исмингиз тилимдан тушмас бол масал,
Сиз шеърий сўзлардан юз бора гўзал.

Сиз мовий осмонда порлаган офтоб,
Сиз қаро тунларим ёритган моҳтоб,
Сиз ҳеч зот кўрмаган муқаддас китоб,
Сиз мен учун пари, малакдан афзал,
Сиз шеърий сўзлардан юз бора гўзал.

Яккаю ягонам, танҳо жононим,
Сизга бахшидадир омонат жоним,
Ўзингизга садқа икки жаҳоним,
Маҳрингизга етмас олмос, ёқут, лаъл,
Сиз шеърий сўзлардан юз бора гўзал.

ТОШЛАР

Эсимда, ҳажрдан сўнг ёниб кезардим.
Ўшанда тугаса қалбимда бардош,
Тоғларга кетардим, бўлардик сирдош,
Исмини тошларга ўйиб ёзардим.

Тоғ – гунг, тошлар – беҳис,
дердим у чоғлар.
Бугун тоғ сайрида юрибман ҳайрон.
Зоримни бир бошдан шивирлар тоғлар,
Исмини сақлабди тошлар бенуқсон.

Нафақат тоғ-тошга айтганман зорим.
Дардимни биларди баъзи бир дўстлар.
Бугун ўша дўстлар на билар корим,
На ёрим, на мени, на зорим эслар.

Оддий ҳақиқатни билдим жуда кеч,
Тоғларда тошларга дуч келмабман ҳеч.

***
Азроил келганда пайғамбар Довуд
Бир оз ранжиб деди: – Эй қодир Оллоҳ,
Сўнгги йўлга кўрар эдим тараддуд,
Мени сал эртароқ этсайдинг огоҳ.

Кўкдан садо келди: – Этганман огоҳ,
Кўзингдан нур кетди, белингдан қувват…
Пайғамбар Довуд дер: – Кечиргин Оллоҳ,
Жонимни ол, ростдан келибди навбат.

Оллоҳим, тингла зор ошиқ кўнглини:
– Мен Довуд эмасман, бандангман холос,
Ширин висолига етиш йўлини,
Менга содда қилиб айтгин рўйирост.

* * *
Эркак учун учта азиз аёл бор:
Биринчиси бешак ёлғизинг онанг!
Иккинчиси эса қалбингдаги ёр,
Учинчиси қизинг – доим парвонанг.

Аждоддан авлодга ўтар шу ҳикмат:
Эркак учун учта азиз аёл бор.
Умр бўйи уларга қилса ҳам хизмат,
Эркаклар улардан ҳамиша қарздор.

***
Чумоли тинмайин қилса ҳам меҳнат,
Ҳали берилмаган унга мукофот.
Асалари қанча чекса ҳам заҳмат,
Унга этилмаган ёдгорлик бунёд.

Эй зот, чумолидай ҳалол қил меҳнат,
Асалари каби чеккин машаққат.
Ҳаётда йўқ бундан яхшироқ ҳикмат,
Шундагина қарор топар ҳақиқат.

***
Бевақт ҳалок бўлар ошиқ парвона,
Ўзини оловга урсин, урмасин.
Ва лекин у ҳалок бўлар мардона,
Яшашни қанчалар яхши кўрмасин.

Қуёшдай гўзалим соғиндим сизни,
Шу митти парвона мен учун ибрат.
Истасангиз, сочинг иссиғингизни,
Сизнинг пойингизда ҳалок бўлмоқ бахт.

* * *
Мутлақ тилсимли қулф борлиги бекор,
Ҳар қандайин қулфнинг ўз калити бор.
Фақат қулфга калит ахтариш қолиб,
Калитга қулф излаб юрмагин зинҳор.

* * *
Оҳуни изласам эмасман сайёд,
Ахир, оҳу билан гўзалдир ҳаёт.
Агарда кўрмасам оҳу кўзлини,
Ярадор оҳудай чекаман фарёд.

* * *
Агар гулим айлансангиз ҳудҳудга,
Булбуллигим адо, қушча бўлурман.
Парвонаман, учинг қайси ҳудудга,
Панжангизда шараф топиб ўлурман.

Т А Р Ж И М А Л А Р

Қайсин ҚУЛИЕВ,
болқор шоири

* * *
Ҳаёт, ўтинчим бор, меҳри олам бўл,
Сабрли бўл унга, соҳиб карам бўл,
Ўзинг асра уни, ўзинг мадад бер,
Кетмас саодат бер, завқу лаззат бер,
Юракдан суйганим ўшал аёлга.

Ёқтирган ишидан уни кеткизма,
Нозик мизожига озор еткизма,
Бевақт манглайига туширма ажин,
Билдир, қайдадир дўст, қайдадир ғаним,
Юракдан суйганим ўшал аёлга.

Оққуш билаклигим, қадди шамшодим,
Ёмон назарлардан сақлагил доим.
Унга йўлиқтирма хасталикни ҳам,
Узоқ йўлдан бошла кексаликни ҳам,
Юракдан суйганим ўшал аёлга.

Дунёда ёнма-ён қувонч ва кулфат,
Яхшини ёндоштир, ёмонни четлат.
Эзгу ният билан ишласин шодон,
Чексиз, чегарасиз инъом эт имкон,
Юракдан суйганим ўшал аёлга.

Яқинлашган чоғда борар манзилим,
Орзу-армонларим эзмасин дилим.
Сендан сўровим шу: сўнгги дам қадар,
Ишқим оташини сўндирма магар,
Юракдан суйганим ўшал аёлга.

Ҳаёт, қартайганда бизга панд берма,
Фарзанди доғида уни куйдирма.
Ўлим ҳақ! Қазони ўзимга жўнат,
Мендан ўтиб ажал бормасин фақат,
Юракдан суйганим ўшал аёлга.

Расул ҲАМЗАТОВ,
авар шоири

ТУРНАЛАР

Менинг билишимча, қонли жанггоҳдан
Юртига қайтмаган шаҳид ёвқурлар,
Ҳали юмшоқ ўрин топмай тупроқдан,
Оппоқ турналарга айланган улар.

Зеро, улар узоқ йиллардан буён,
Учишар ва бизга беришар овоз.
Шу боис самога термилган замон,
Кўз узмай оҳиста сўзлаймиз дилроз.

Бугун ҳам туманлар сийрак тарафда,
Шом чоғи уларни кузатдим бир оз.
Қачондир ер узра юргандай сафда,
Турналар галаси этарди парвоз.

Учиб борар экан ўз манзилига,
Кимларнидир йўқлар, таниш товушлар.
Ахир, жуда ўхшар авар тилига
Турналар таратган ўтинч, нолишлар.

Улар кўкда учар, учар гирён-зор,
Ўтган аждодларим, дўстларим, ёрим.
Кўряпман, қаторда битта бўшлиқ бор,
Ўша бўшлиқ менинг боражак жойим.

Қазо ҳақдир! Мен ҳам яшаб умримни
Турналар сафида парвоз этаман.
Ва ерда қолган сиз азизларимни,
Самодан номма-ном йўқлаб ўтаман.

Роберт РОЖДЕСТВЕНСКИЙ,
рус шоири

ВАТАН

Сен бўй чўздинг — олам бўлди бир чаман.
Дунё сенинг номинг эслади шу зум.
Умр ўтар, фақат
сен боқийсан Ватан!
Ҳаётдай азизим,
жондай азизим.
Қуёшни кафтимда тутаман ҳозир,
Ҳар бир қадамимда ўзаман вақтдан.
Ҳар ишга қодирман,
ҳар ишга қодир,
Агарда бағрингда яшасам, Ватан!
Яшаб бўлар куйсиз,
уйдан йироқда,
Чўлдан ўтса бўлар
машъал ёқмасдан.
Сенсиз яшаб бўлмас қадим тупроқда,
Мени улғайтирган,
эй азиз Ватан!
Қуёшни кафтимда тутаман ҳозир,
Ҳар бир қадамимда ўзаман вақтдан.
Ҳар ишга қодирман,
ҳар ишга қодир,
Агарда бағрингда яшасам, Ватан!

Давид ҚУҒУЛТИНОВ,
қалмоқ шоири

* * *
Ким она тилини суймаса жондан,
Ифтихор этмаса она тилидан
(Аслида бу туйғу ўтади қондан),
У кимса адашиб кетган йўлидан.
Бундайларга лаънат ёғилар абад,
Чунки онасига бермаган мадад.

Кимки ўз исмининг жарангига маст,
Кибр-ҳаво отидан ҳеч тушмаса паст.
Кимки ўз тилига бўлиб маҳлиё,
Менсимаса ўзга тилларни асло.
Бундайлар сўқирлар ичида сўқир,
Бурнидан нарини кўрмайди ахир.

Унга қайта-қайта уқтир, тушунтир:
Барча тиллар билан дунё бутундир.
Тиллар ака-ука, ўзаро якдил,
Ўзига хос гўзал, бойдир ҳар бир тил.
Тафаккурнинг олий ихтироси тил,
Толе йўлларининг нур-зиёси тил.

Кимки ўйламасдан аччиқма-аччиқ,
Ўзгалар тилига чапласа балчиқ.
Деса: менинг тилим баридан устун,
Қолган тиллар турсин олдида забун.
Бундай иғволарга солмасмиз қулоқ,
Уни даврамиздан ҳайдаймиз шу чоқ.

Миллатлар суяшиб бири-бирини,
Улғайтирди замин тафаккурини.
Қўйганлари учун тилларга ихлос,
Бизга қолди шундай ҳамкорлик мерос.
Пок ниятда учди фазога одам,
Чароғон келажак унда мужассам.

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ