"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Абдукамол РАҲМОНОВ: «Маърифат ёғдусига айланган умр»

Ўқилди: 46

Ҳар доим Маҳмуд Сатторов маърифатли, маънавиятли, адолатли инсонлар қаторида кўз ўнгимизда гавдаланади. Ана шу сифатлари билан Маҳмуд аканинг ҳаёти шу қадар мазмунли, шу қадар ҳикматли кўринади.

Маҳмуд ака 1948 йил 1 март куни Китоб туманида, гўзал бир гўша – “Паландара” қишлоғида таваллуд топган. У кишининг тупроғи айнан “Ҳазрати Башир” тоғининг кўксида, Қашқадарё дарёси бош ўзанининг икки соҳилида жойлашган, воҳадаги энг сўлим гўшалардан бири “Паландара”дан олинган.

Паландара! Маҳмуд ака учун нечоғлик кўнгилга яқин ном. Нақадар севимли маскан. Манбаларда қайд қилинишича, “Паландара” маъноси ҳам табиатга тааллуқли, яъни “паланг” ва “дара” сўзлари бирикмасидан ясалган бўлиб, “Йўлбарслар келадиган йўлак” маъносини беради. Дарҳақиқат, яқин-яқинларгача йўлбарслар кезиб юрган, ҳар томони арча-ю бодомлар, дўлана-ю шувоқлар билан ўралган қишлоқ ер ҳаракатларини осмон жисмларига мувофиқ кузатиб борадиган кенглик станцияси ҳисобланиши билан жаҳондаги бешта (Японияда битта, АҚШда иккита, Италияда битта, Ўзбекистонда битта) ер шари белбоғларидан биридир. У шунчалик баландликда жойлашганки, гўё қўл чўзсангиз, қўлингиз самодаги юлдузларга етгудек туюлади.

Шу боис бўлса керак, юлдузлар билан гоҳида сирлашадиган, гоҳида сўзлашадиган Маҳмуд Сатторов меҳрибон қишлоғига, унинг устида чарақлаб турган юлдузларга меҳр қўйган. Уларни кузатган. Улардан илҳомланган.

Болалигидан юлдуз санаб юрган Маҳмудни отаси Ғаффор бобонинг юлдузлар ҳақидаги кўплаб ҳикоялари, ривоятлари, оталик меҳри билан қилган дуолари ижодий парвозларга етаклаган.

Ҳа, Маҳмуд Сатторов улғайгани сайин юлдузлар жилосидан кўпроқ илҳомланарди. Ва бу илҳом уни “Юлдузлар ерга хизмат қилади”, “Олис юлдузлар жилоси”, “Ватан осмони”, “Тоғлар гавҳари” номли асарларни ёзишга ундади. Отанинг ва севимли устозларининг дуоси билан униб-ўсган Маҳмуд Сатторов тез орада таниқли публицист даражасига етди.

Қандай қилиб, дейсизми? Албатта, тиришқоқлик, меҳнатсеварлик, эртанги кунга ишонч ютуқлар калитига айланди. Университетни муваффақиятли битириб, меҳнат фаолиятини Китоб шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлади. Орадан кўп ўтмай, яхши ўқитувчи ва шу билан бирга изланувчан ижодкор сифатида танилди. Энг муҳими, “Ўқитувчи” нашриёти раҳбариятининг эътиборига тушди. Бу икки қобилият уни ўша сўлим гўша, она қишлоғидан яна пойтахтга қайтарди.
Нашриётда муҳаррир, катта муҳаррир, педагогика адабиётлари таҳририяти мудири вазифаларида фаолият кўрсатиш билан бир вақтда, миллий қадриятларимизнинг маънавий хазинасига алоҳида эътибор билан қарай бошлади. Унинг “Ўзбек удумлари”,

“Ўзбекнинг гапи қизиқ”, “Миркарим Осим” каби асарлари миллий урф-одат ва қадриятларимизни келажак авлодга таништирувчи манба сифатида нодир китоблар хазинасидан ўрин олди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларига келиб, Маҳмуд Сатторов кундалик фаолиятини бевосита фан билан боғлаб давом эттирди. Ўзбек филологияси йўналишида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институти ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, доценти сифатида ёшларга таълим-тарбия берди. Ҳаётга ижодий қараш билан бирга тарихимизни теранроқ ўрганишга интилган қалам соҳиби тоталитар тузумнинг риёси авж олган кунларда ҳам улуғ саркарда “Жалолиддин Мангуберди” ҳаёти ҳақида очерк ёзишдан чўчимади. Қатағон қурбонлари, юрт озодлиги йўлида шаҳид кетганлар ҳақида публицистик мақолалар ёзди.

Очиғи, ёшлигимда Маҳмуд Сатторов қаламига мансуб асарларни, публицистик мақолаларни ўқиб, ҳам ўзига, ҳам асарларига қизиқиш билан қарардим. Бу табаррук инсон билан бирга ишлаб, яхши фазилатларини яқиндан ўргандим. У кишининг оддийлиги, камтаринлиги, самимийлиги ҳар доим ўзига ярашиб турарди.

Хуллас, 2002 йил бошида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” нашриётининг аҳволини ўнглаш учун нашриёт раҳбариятини янгилади. Маҳмуд Сатторов вазирлик қошидаги “Адолат” нашриёти директори вазифасига тайинланди. Штатлар сони 25 нафар ходимдан 13 нафарга туширилди. Очиғини айтганда, Маҳмуд ака иқтисодий ўтириб қолган, қарздорлиги ошиб кетган хўжалик юритувчи субъектга раҳбар бўлиб борганди. Нашриётнинг ҳамкор ташкилотлардан ўша вақтнинг пули билан қарийб 100 миллион сўм қарздорлиги бор эди.

Катта ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини ўзида мужассам қилган Маҳмуд Сатторов раҳбарлик билан ижодни ҳамоҳанг юритди. Пировардида, нашриётнинг мавжуд рукнлари ёнига янги рукнлар қўшилди. “Ўзбекистон ҳуқуқшунослари”, “Давлат ва миллат рамзлари” туркумида ўнлаб ҳуқуқий адабиётлар чоп этилди. Нашриётда чоп этиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунлар, кодекслар, фармонлар тўпламларининг янги кўринишда, сифатли чоп этилиши муассаса раҳбарининг билим ва кўникмаларидан, тажрибасидан далолат бериб турарди.

Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси таркибида бўлган “Адолат” нашриёти Махмуд Сатторов раҳбарлигида кўп ўтмай ўзини ўнглаб олди. Қарздорликка барҳам берилиб, нашриётнинг самарадорлиги ортди, нуфузи сезиларли даражада кўтарилди.

Муассаса раҳбарининг дипломатларга хос фазилатлари нашриёт атрофига белгиланганидан ҳам ортиқ давлат ва нодавлат идораларини жипслаштира бошлади. Президент Девони, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) каби нуфузли давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорлик кучайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан алоқалар қайта тикланди. Айниқса, Ички ишлар вазирлиги катта буюртмачига айланди.

Албатта, иш ҳажми ошган сайин шунга яраша шароит ҳам бўлиши керак. Маҳмуд ака ходимларига шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Пировардида, иш ҳажми ва турига яраша мутахассис кадрлар – таҳририят мудири, муҳаррир, саҳифаловчи операторлар ишга олинди. Нашриётнинг моддий-техник базаси тикланди. Ходимларнинг меҳнат, иш ҳақи ва дам олиш шароитлари яхшиланди.

Устознинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг икки жилдлик Пленум қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг кодекслари жамланма жилдлари илк бор ўзбек ва рус тилларида чоп этилиб, мутахассислар қўлига етказилди. Маҳмуд ака нафақат ҳуқуқий адабиётлар, ижтимоий асарлар чоп этишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Нашриётнинг муаллифлар доираси кенгайтирилиб, таниқли адиблар, ҳуқуқшунослар қаламига мансуб асарларга кенг ўрин берилди. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг “Президент”, “Ҳадислар – болаларга”, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг “Адолат кўзгуси” сингари китоблари ўқувчилар қўлига етказиб берилди. Таниқли ҳуқуқшунос Бўритош Мустафоевнинг “Истиқлолнинг залворли қадамлари: ҳуқуқий демократик давлат сари” номли асари чоп этилди.

Сенаторлар Абдулла Орипов, Мамаюсуп Рустамбоев, Мавжуда Ражабоваларнинг Ўзбекистонда қонунчиликка оид долзарб мавзуларни қамраб олган қатор китоб ва рисолалари, жумладан, Акмал Саидовнинг “Халқаро ҳуқуқ назарияси асослари”, Мавжуда Ражабованинг “Давлат қурилиши ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари” каби китоблари чоп этилиб, китобхонлар ҳукмига ҳавола қилинди.
Нашриётни ҳар томонлама ривожлантиришни мақсад қилиб олган раҳбар шу тариқа турли йўналишлар бўйича китоблар чоп эта бошлади. “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатлари Ахборотномаси”нинг ўзбек ва рус тилларидаги 4 та тўплами чиқарилди. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича “Амалий қўлланма” туркуми очилди. “Ўзбекистонда нотариат ишлари”, “Кадрлар билан ишлаш” китоблари ана шу туркумда ўқувчилар қўлига тегди.
Маҳмуд ака ўзининг юқори диди ва дунёқарашларига мос равишда китобхонларга ҳуқуқий-ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-илмий-оммабоп адабиётлар чиқариш билан бирга ҳуқуқ тартибот мавзусида бадиий адабиётлар тақдим этишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бунда детектив асарлар, суд очерклари, аҳлоқ-одобга оид китоблар асосий ўрин эгаллади. Мазкур мавзуларда 100 га яқин асарлар чоп этилди.

Детектив адабиёт чоп этишда Ўзбекистонда биринчи бўлиб “Ўзбек детективи” туркуми очилди. Булар орасидан А.Жўраевнинг “Ўқ узган ким?”, Т.Маликнинг “Алвидо, болалик”, Ф.Қиличевнинг “Бургут чангалида”, “Зулматдан садолар”, Б.Носировнинг “Олтин қаср фожиаси” каби асарлар ўрин олган. Чет эл детективи туркумидан эса “Сулаймоншоҳнинг ҳукми”, инглиз ёзувчиси Х.Чейзнинг “Қиз ўғриси”, Ғ.Раҳматуллаевнинг “Нафс сиртмоғида”, А.Ибодиновнинг “Латофат” дўконидаги қотиллик” китоблари ва бошқа асарлар бор эди.

Маҳмуд ака нафақат идоравий ишлар, жамоат ишларида ҳам фаоллик кўрсатарди. Вазирлик томонидан ўтказиладиган тадбирларда жўшқинлик билан иштирок этарди. Айниқса, вазирлик ходимлари учун ҳар ҳафтанинг пайшанба кунлари ўтказиладиган маънавият соатларига таниқли давлат ва жамоат арбобларини таклиф этишда, албатта, Маҳмуд ака жонбозлик кўрсатарди.

Очиғи, вазирлик таркибига кирувчи Тошкент давлат юридик институти (ҳозирги университет), Тошкент юридик коллежи, Тошкент давлат юридик институти қошидаги академик лицей, Юристлар малакасини ошириш маркази, “Ҳуқуқ ва бурч” журнали, “Инсон ва қонун” газетасининг ҳуқуқий, маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирлари Махмуд Саттаровнинг иштирокисиз ўтмасди. Маҳмуд ака ҳуқуқий-маърифий тарғибот-ташвиқот ишларида олий ўқув юртлари, республика теле-радиоканаллари ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан яқин алоқада ишларди. Айниқса, “Оқшом тўлқинлари”, “Қилни қирқ ёриб”, “Бир жиноят изидан”, “Интеллектуал ринг”, “Иқтидор”, “Заковат” каби эшиттириш ва кўрсатувлар ижодий жамоалари билан жуда яқиндан ҳамкорлик қиларди.

Яна шуни айтиш керак-ки, нашриёт раҳбарининг иш салмоғи ҳеч кимникидан кам эмас. Ҳар бир чоп этиладиган асар раҳбарнинг назаридан бир неча бор ўтади. Шунга қарамасдан, Маҳмуд ака нафақат одамларга, ташкилот ва муассасаларга ҳам ёрдам қўлини чўзиб юрадиган саховатли инсон эди. У кишининг ташаббуси билан бир неча маҳаллаларда, мактабларда ҳуқуқий адабиётлар кутубхоналари ташкил этилганлиги ибратли ишларидан бир қисмигина холос.

Маҳмуд ака тиниб-тинчимас жамоатчи, катта бир нашриёт директори сифатида кундалик ишлар билан чекланиб қолмасдан, кейинги йилларда ҳам юзлаб мақолалари, “Инсон эрки – олий қадрият”, “Доира сеҳри”, “Кул устида чўғ” китоблари орқали юртимизнинг минглаб хонадонларига кириб борди.

Маҳмуд аканинг ажойиб фазилатларидан яна бирини устоз-шогирд муносабатларини қадрлашида кўринарди. У киши билан қачон суҳбатда бўлсангиз, доимо шогирдлари ҳақида фахрланиб гапирарди. Устозлари Озод Шарафиддинов, Бўрибой Аҳмедов, Абдулла Орипов, Лазиз Қаюмов, Наримон Ҳотамов, Азиз Тўраев, Наим Ғойибов, Маҳкам Маҳмудов, Нормурод Нарзуллаевларни ва уларнинг ўгитлари, панд-насиҳатларини тез-тез ёдга оларди. Ҳатто, нашриётнинг биринчи директори Ҳ.Пирмуҳамедовга бўлган ҳурматини кўпчиликка ибрат қилиб кўрсатса арзугилик. Ҳаётида илк бор ишга қабул қилган устози Наримон акани эса бошида кўтариб юришга тайёр эди. Устоз ва шогирд муносабатларида Наримон ака билан Маҳмуд ака ўртасидаги бу қадар қалин, юқори даражадаги самимий, меҳр-оқибатни тўғриси, бошқа устоз-шогирдлар муносабатида кўрмаганман.

Маҳмуд ака нафақат ишда, уйда, яқин ва узоқ қариндошлар ўртасидаги муносабатларда ҳам ибратли инсон эди. Бу фидойи инсон ҳар доим нафақат олис қишлоғи устида жилоланиб турган юлдузлар билан, касби-кори билан, умр йўлдоши Мунаввар опа билан ҳамнафас, ҳамфикр яшади. Оиланинг муқаддаслигини ҳар доим устувор билган ҳолда уч фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Набираларига нуроний бобо бўлиб, отаси Ғаффор бобо сингари юлдузлар ҳақида ҳикоялар айтиб, улар билан чин дилидан қувонарди.

Хуллас, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси, таниқли ёзувчи ва публицист, олим, 2005 йилда ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг ғолиби, “Халқ маорифи аълочиси”, “Мустақиликка 15 йил” кўкрак нишони соҳиби Маҳмуд Сатторов тўғриликни ҳамроҳ қилган, “роҳат фақат ҳалолликда”, деб билган, меҳнатидан обрў топиб ўз ҳаёт мактабини яратган ажойиб инсон, минглаб ёшларнинг севимли устозидир.

Ҳа, бир пайтлар орамизда бўлган мана шундай беназир ҳазрати инсон, улуғ устоз бугун боқий дунёда. У кишининг фоний дунёдаги қилган барча эзгу ишлари бизга ибрат. Маҳмуд ака ҳаётлигида қилган эзгу ишлар савобидан ҳар доим баҳраманд бўлсин! Бу дунёда ўзидан қолдирган эзгулик нурлари у дунёсини ҳам безатиб, нурафшон қилсин.

Абдукамол РАҲМОНОВ

 

Сайт бўлими: Мақолалар, Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ