"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Янги китоблар: “МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ”, “СЕВИМЛИ САТРЛАР”, “УМРИМ ФАСЛЛАРИ”

Ўқилди: 55

Янги китоблар

“МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ”, “СЕВИМЛИ САТРЛАР”,
“УМРИМ ФАСЛЛАРИ”,

Шоир ва таржимон Асрор Мўминнинг шу номлардаги китоблари
босмадан чиқди.

“Агар менинг китобимни битта одам ўқиса ҳам шунга хурсанд бўламан”, – деб ёзганди машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов “Менинг Доғистоним” асарининг иккинчи китоби сўзбошисида. Ҳолбуки, бу вақтда ушбу асарнинг биринчи китоби миллиёнлаб нусхада чоп этилганига қарамай савдо расталарида топилмайдиган анқонинг уруғига айланганди. Бу китобни сотиб олиш бахтига муяссар бўлганлар эса, қўлдан қўймай севиб ўқишарди.
Ушбу китобнинг мазмун-моҳиятини белгилаб берадиган Расул оғанинг қуйидаги фикри барча ижодкорлар учун ибратдир: “Йиллар ўтган сайин ўзингга нисбатан талабчанлигинг ва китобхон олдидаги масъулият ҳиссинг ошиб бораверар экан, тўғри келган сабаб учун қўлингга қалам олишга журъат қилавермайсан. Ахир, туғилган юртинг ҳақида китоб ёзиш энг асосийси ва энг масъулиятлиси ҳисобланади”.
Расул Ҳамзатовнинг энг асосий умр китоби бўлган “Менинг Доғистоним” асарини юртимиз китобхонлари ҳам севиб ўқишмоқда. Энди уларнинг сони камида ўн мингтага кўпаядиган бўлди. Чунки “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти ўқувчиларнинг таклиф-истакларини инобатга олган ҳолда “Менинг Доғистоним” асарининг биринчи ва иккинчи китобларини яхлит ҳолда 10000 нусхада чоп эттирди. Унда таржимон Асрор Мўминнинг шоир фаолиятига бағишланган мақоласи ҳам берилган бўлиб, бу ёш китобхонларни Расул Ҳамзатов ҳаёти ва ижоди билан таништиради.
Муаллиф таъкидлангандай, ушбу асарнинг бош мавзуси – Ватан! Шоир асарида дунёдаги барча ҳодисаларни ўз уйи, ўз овули, ўз Доғистони мисолида ҳис қилиш билан кифояланмайди, аксинча, дунёдаги барча ҳодисаларни Ватанга бўлган меҳрига йўғириб ифода қилади. Ҳар бир киши учун эса яшаш жойи, миллати, дини, эътиқоди, ёшидан қатъи назар Ватан азиз, мўътабардир. Мазкур асарнинг умрбоқийлиги ҳам шунда.

Кекса ва ўрта авлодга мансуб адибларимиз таниқли шоирлар – болқор Қайсин Қулиев, авар Расул Ҳамзатов, рус Роберт Рождественский ва қалмоқ Давид Қуғултинов асарларини севиб ўқишарди ҳамда уларнинг шеър-достонларини меҳр билан она тилимизга ўгиришарди. Уларнинг таржима китоблари чиқиши билан шеърхонларимиз севиб мутолаа қилишарди.
Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи шоирларнинг асарларини ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида ҳам кенг тарғиб қилиш мақсадида, уларнинг туркум асарлари янги таржималарини жамлаган ҳолда “Севимли сатрлар” номли тўпламда нашр қилди. Ушбу китобда ҳар бир шоирнинг қисқача таржимаи ҳоли, тилга тушган шеърлари ва битта достони алоҳида сарлавҳа остида берилган. Жумладан, китобхонлар бу шоирларнинг “Чўмилади аёл дарёда”, “Турналар”, “Севги садоси”, “Огоҳлик” сингари маълум ва машҳур шеърларини, “Чегемда Лайлога сўйлаганларим”, “Шомилнинг муҳаббати”, “Шаҳидлар ёди”, “Шоҳмотчи” каби достонларини ўқишлари мумкин.

 

Табиат фаслларининг феъли маълум: гуллайди, яшнайди, хазонрезгилик ва қор. Бироқ, шоир умр фаслларининг барчасида шеър, достон ва таржима яралишини “Taфаккур” нашриётида чоп этилган Асрор Мўминнинг “Умрим фасллари” китобини қўлга олганингизда яна бир карра амин бўласиз.
Шоирнинг ушбу китобига ёшлик ҳайратлари ва ғайратларини ифодалаган “Ғайратим ичимга сиғмасди бир вақт, тоғларни тоғларга уриштирардим, заминда юришда қилмай қаноат, юлдузлар йўлини суриштирардим” каби жозибали мисраларга бой, умрининг сийрати ва зийнатига айланган энг сара шеърлари жамланган. “Севги баҳори”, “Тошкентнома”, “Ҳаёт–Ширин”, “Ўзбекистоннома”, “Висол сурури” достонларида эса, устоз Расул Ҳамзатов таъкидлаганларидай, Ватан меҳри, давр руҳи ва севги сеҳри тараннум этилган.
Шоир ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда ушбу китобига ҳам дунёга машҳур шоирлар Қайсин Қулиев, Расул Ҳамзатов, Роберт Рождественский ва Давид Қуғултиновнинг дилбар шеърларидан қилган янги таржималарини киритган.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Жаҳон шеърияти, Ўзбек адиблари, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ