"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БАХТ ЁҒИЛАР БОШИНГИЗДАН КУЛИБ УЙГА КИРСАНГИЗ…

Ўқилди: 87

Жуда қўрс, аёли телефон қилса икки оғиз сўзни ҳам раво кўрмай жеркиб ташлайдиган танишим бор эди, у тўрт ўғил бир қизнинг отаси эди. “Аёлингга сал одамга ўхшаб гапирсангчи?”, десам, “Э, унга шуям бўлаверади” деб қўл силтарди. Қизини бошқача яхши кўрарди. Вақти келиб қизини узатди. Ҳар куни у билан телефонда гаплашади “яхши овқатланаяпсанми, сени ҳеч ким хафа қилмаяптими, чарчаб қолмаяпсанми, кўникиб қолдингми, уйни соғинмаяпсанми, егинг келаётган нарсани айт бериб юбораман…” Бир хафтада умуман бошқа одамга айланди, қолди. Бир куни менга “Эй дўстим, ўзим қиз узатганимдан кейин хотинимга қанчалар қийин бўлганини биляпман, уни одам ўрнида кўрмай юраверган эканман-да” деб қолди. Биласизми, шу сўзларни айтаётганда кўзларида ёш ялтиради. Унинг феълидан келиб чиқсак, бу энди тошнинг эриши билан баробар эди.
Сўзларимнинг давоми қуйидаги шеърда…

АЁЛИНГИЗ БАХТЛИ ҚИЛИНГ

Эркакларга

Аёл асли яралгандир,
Фақат севги, бахт учун.
Эркак бурчли ҳам садоқат,
Ҳам муҳаббат, ахд учун.

Аёлингиз бахтли қилинг,
Қалбин аёз урмасин.
Қон ёшлари ювмасин ҳеч,
Кўзидаги сурмасин.

Мунис қалби ҳиёнатдан,
Эримасин мисли шам.
Қайрилманг, ҳеч беор гуллар,
Йўлингиздан чиқса ҳам.

Остонангиз хатлаб келган
Шу гўзалда бахтингиз.
Ўзга гулзор оралаган,
Диллар уйга қайтингиз!

Ёдда тутинг, сизга умрин,
Жонин қилгувчи фидо.
Бебахт қилса ким аёлин,
Дерлар, кечирмас худо.

Бахтсиз аёл қайғусига
Тоғлар беролмас бардош.
Дунёни ғарқ этмоқ мумкин,
Ғамдан тўкилган кўз ёш.

Хино қўйган қўлларини
Арзир кўзга сурсангиз.
Бахт ёғилар бошингиздан
Кулиб уйга кирсангиз!

Хиёнатнинг кўчасида
Бахтин йўқотган қанча.
Садоқату, вафосини,
Ахдин йўқотган қанча?

Кўзларига боқиб айтинг,
Чин бахтим сен онаси,
Сочларини силаб айтинг,
Сен кўнглим ягонаси!

Кафтингизда кўтарсангиз,
Сизни кўтаргай бошга.
Шукр қилинг, худо берган
Бахтга, умр йўлдошга.

Тақдиридан ўксиб, нолон,
Йиғлаб ўтмасин туни.
У кўтарар, ер кўтармас
Бахтсизликнинг юкини.

Сен қалбимнинг эгаси, деб
Гуллар сочинг пойига.
Тўйиб яшанг, бу дунёга
Сиз бахтнинг жамолига.

Дард чексангиз тун-кун бедор,
Бошингизда парвона.
Минг жонини фидо қилган,
Ахир, у-ку ягона.

Бир бор боқинг кўзларига,
Кўринг жаннат зиёни.
Шу меҳр-ку асраб турган
Бу омонат дунёни.

Ёш қалқмасин кўзларига
Титрамасин асло ер.
Бахт сўзига эгиз турар
Аёл учун ахир эр!

Бешик узра кечалари
Алла айтган онларда.
Қояларнинг қудрати бор,
Шу маъсума жонларда.

Эркаласа эркалигин,
Кўтаришга куч топинг.
Сен деган у хунук сўзни
Тилингиздан йўқотинг.

Жоним денг, сиз бекам, денг сиз
Фарзандларим онаси.
Кўзларимнинг қувончи денг,
Кўзларимнинг қораси!

Ҳеч ўқрайманг, ахир дўстим
Гулга бундай қаралмас.
Кўзларидан балқиб турган,
Нурга бундай қаралмас.

Кулиб боқинг, ёниб боқинг,
Қониб боқинг кўзига.
Қўпол сўзни қайтарворинг,
Тилингиздан изига.

Қўша қаринг, асло кечмас
Шундай қадам ташлашга.
Бир уриниб кўринг дўстлар,
Сиз ҳам шундай яшашга.

Уйингизга нур ёғилар,
Шунда йўлолмас ҳеч дард.
Ҳаётингиз гўзал қилинг,
Юқмасин ҳеч унга гард.

Бахт ва шодлик, меҳру вафо
Бари бир-бирга туташ.
Насиб этсин барчангизга
Севиб, севилиб яшаш!

Меҳру вафо бўлган жойда,
Авж олгай, шодлик базм.
Аёлин бахтли этганга,
Бахт ҳам қилажак таъзим!

Минҳожиддин МИРЗО

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ