"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Наманганга катта карвонда бебаҳо хазина келди

Ўқилди: 57

Наманган вилоятига бебаҳо туҳфа – 25 минг дона бадиий китоб, шунингдек, мусиқий чолғу асбоблари ҳамда спорт анжомлари юкланган автокарвон кириб келди.

Президентимизнинг жорий йил 1 март куни вилоят фаоллари билан ўтказган кенгайтирилган йиғилишидаги “Наманганни энг китобхон вилоятга айлантирайлик!” деган чақириғи, бу борада қисқа вақт ичида белгиланган вазифалар доирасида ташкил этилган мазкур маънавият карвони вилоят марказида ҳокимлик ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан карнай-сурнай садолари остида катта шодиёна билан кутиб олинди.

Наманган шаҳридаги “Адиблар хиёбони”да ташкил этилган тантанали маросимда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, кутубхона муассасалари жамоалари, фаол ёшлар ва китобхонлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Маҳмудов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид ва бошқалар Президентимиз томонидан халқимиз, хусусан, ёшларнинг китобхонлик, мутолаа маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борадаги ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

Шуни алоҳида эътироф этиш керак, Наманган вилоятига 1 миллион дона бадиий китоб совға қилинган бўлиб, дастлабки карвонда 25 минг донаси ҳудудга келтирилди. Бу вилоят аҳли, айниқса, ёшлар келажаги йўлидаги чексиз ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Маросимдан сўнг бебаҳо хазина юкланган карвон китобларни маҳалла кутубхоналарига тарқатиш учун вилоятнинг барча шаҳар ва туманларига йўл олди.

“Наманган вилоятига маънавият карвони” акцияси доирасида кун давомида Наманган шаҳридаги 11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига мусиқа асбоблари, вилоятдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига спорт анжомларини топшириш, Наманган туманидаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар мактабининг янги ёпиқ сув спорти иншоотини очилиши, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун бир қатор марказий нашрларга бепул обуна қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, акция доирасида “Ўзбектелеком” АК Наманган шаҳар телекоммуникация боғламасида рақамли технологиялар марказининг очилиши, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида таниқли ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашув каби кўплаб ижтимоий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

 

 

 

 

ЎзА

Аҳмад Тўра олган суратлар.

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ