"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Баҳодир Қобул: Боғдагул (Ҳикоя)

Ўқилди: 69

Боғдагул

(Ҳикоя)

Дераза ортидаги аёл

Ер энди кўклаётганди…

Янги келинчак ҳам битта туққандан кейин шу уй маники экан деб ишонаркан. Унгача егани поримай, кўнгли алағда юрармиш…

Тонгниям, тоғниям тумшуғи уюлгандай. Ойқорнинг ой суратлиғ қорининг қовоғидан ҳам қор ёғади. Ҳовлидаги дарахтлар ҳам ширдайишиб серрайганча бир-бирига қош чимиргандай. Эт бўлиб этдай, ёт бўлиб ётдай эмас. Бирови бировига гап қўшишдан тийилгандай. Гап қўшса кимдандир гап эшитиб қоладигандай. Бойқадам ҳам не бир кундан бери ялоғини ҳиштаровлаганча, шоша-пиша ялаб-юлқайди-да, думни чотга қисиб инига уриб кетади. Кўрингиси келмайди, чоғи. Бойқадам Олапарнинг кучукликдаги оти. Ғовдан кириб чиқаётганларнинг бирови бировига тузук-қуруқ гап қўшмасаям, қулоқлар гапдан безор бўлгандай. Етти ётдай бегона қарашлар, қўл учида кўришишлар, тил учида сўрашишлар қиларини қилиб бўлгандай. Уй ичидан, деразадан ташқарига, тоққа қараб тик оёқда турган келинчакнинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Биров унга қаттиқ гапирмаган, бу ерга ўтир, бу ерда турма деган бўлмаса. Қозонга  солар мойини ўлчаб берган бўлмаса. Оловни катта ёқдинг деган бўлмаса. Олқинди тугагандан кейин янги совунга тегинасан деб кир ювганда тоғорани бошида турган бўлмаса. Ота эшиги томонларда эркаклар аёлларини сизлаши, бу ерда эса куёв келинни сизлаши эришдан эриш туюлиши, хотинини сизлаган эркакни овозини эшитган одам “нўхта қаттиқ урилибди-ку” демасаям, дегандек қилиб оғзини бир қийшайтириб қўйишини айтишган, илғаган. Тўйдан олдин келин бўлмиш куёв бўлмишнинг сан дейишигада кўнганди, келишишганди. Ҳар жойни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу деган матал ўзининг тошини турмуш тарозиси посангисига тенг қўйиб кетганди. Тавба, нимагадир сўнгги вақтларда қайнанаси отини айтишга ор қилиб “пушти куйган”, “пешонаси ўйиқ”, “уйи бузилган” деб атайдиган аёллар олдига келадиган бўлганми, ё авваллари кирди-чиқдига сер солмаганмиди?

Хаёлини хўрознинг бақ-бақлаши-ю, товуқларнинг қақағлаши бузди. Аламини дераза токчасига тўшалган газетанинг бир чеккасини шариллатиб йиртишдан олади. Ғижимлаб хонанинг бир бурчагига отмоқчи бўлди-ю, отишга чоғланган қўл калта қайтиб  индамайгина калтачасининг чўнтагига солди. Товуқларни қақақлаши олдинлари парвойигаям келмасди, энди ёқмай қолган. Катта хотиндай юришиям, ўзини ақллидай кўрсатиб каллани бир томонга қийшайтириб туришиям, кўзи қизариб қарашиям.  Бир қултум сувни оғзига олиб бўйнини чўзиб, тумшуқни ярим соат осмонга кўтариб ҳаммага кўрсатиб, кўз-кўз қилиб ичишиям.

 

Очиқ деразалар орзуси

Отам одатдагидек ой оралатиб қўй сўйдирадилар. Қўй сўйилган кун, қассоб ишини қилиб бўлиб, кетарида қайта хабар олгани кўриниб, Энам ўтирган уйнинг эшигидан ташқарида турганча хайр-хушлаган бўлади. Икки кўзи дастурхондаги қассобга Энам дастурхоннинг бир учи билан ёпиб қўйган, бир тишламини ўзлари еган нон бўлаги  устини очадилар. Олиб чиқиб беришим билан қассоб аввал нонни ўпиб, кейин кўзига суртиб, қўйнига солганидан, димоғи чоғ бўлиб ғовимиздан ҳатлаши билан Энам келинлари – опамни чақиртирадилар. Келишлари билан ўнг қўлларини кўрпача устига қўйиб ёнларидан жой кўрсатадилар. Бу жойга опамдан бошқа ҳеч ким ўтирмаган. Ўтирмайдиям. Уй тўла хотин бўлгандаям. Секингина тайинлаган бўладилар: -Ўғилтуғарини алоҳида олиб қўйинг, тутилмаган идишга солинг, балажон. Тутилмаган идиш деб ҳали бирон мартаям ишлатилмаганига айтилади.

Айтганлари айтганларидан зиёд қилиб тайёрланиб, идишга солиниб, идиш тоза матога ўралиб Энамнинг ёнига қўйилганидан кейин опам уйдаги ҳаммани акаларим, опачаларим, укам, синглимни, кўзи бир бошқа, мўйловлари орасидаги оғзи бир бошқа кулиб турдиган пишаккача қўймай кўчага ҳайдайдилар. Иши борни ишига, иши йўққа  йўқ ердаги ишни топиб ўша ёққа жўнатадилар. Уйда Энам ва мен қоламиз. Қишлоқда бир бесаромжомлик бўлганини опамни ҳаммага ёлғондакам ғазовот қилганларидан билса бўлади. Отам қассобни ҳақини олдиндан ўтказиб қўйганлар.

Хўроз нималигини билмай тухум қиладиган товуқлар на дунёга жар солиб қақағлашни,  на қақағламасликни билмай, қулоч ёзолмай, наридан-бери этак силкаган бўлиб ғуртиллашиб қўядилар. Хўрозли катакларнинг товуқлари тухум қилиши билан аввал худди бир жойи оғриб ўзи туққандек хўроз дунёни бузади. Дунёни ишини дўндириб, менгариб қўйгандек, етти маҳаллага жар солади. Кейин товуқлар қўшилишади. Қайси бири туққанини ажратиб бўлмайди. Энамдан товуқлар тухум туққанда  нима деб қақағлашади деб сўраганимда  айтиб берганлар:

Бола туғдим боши йўқ,

Моховлардек қоши йўқ,

Эрга энди не дейман,

Кундош туққан, кундош ҳу-в,

Кундош қани?

Кундош қочган,

Кундош йўқ.

Кейин кулганлар. Энам ҳам эналаридан сўраганларида шундай деган эканлар. Қақағлашдан боши оғриганиданми, бошқаданми ҳарқалай уй эгасининг “бўлди энди билдик” дегандай биронта чўпними, таёқними отиши билан барининг овози ўчади. Хўроз чиқиб олган жойидан қўшнини деворими, томданми ирғиб тушиб товуқларни бирма-бир  тирқиратиб қувади. Хўроз остидан чиққан, тегишини олган товуқлар ўзларига қараган бўлиб  қанотларини таннозланиблар кериб патлари ораларини битта-битта оролаган бўладилар. Бошни эгганча хўроз ортидан эргашадилар. Хўроз деганиям бир донагина топган қўнғизми, қуртигами йигирма жонни бақ-бақлаганча чақириб, лўкиллатиб, етиб келишлари билан топганини тумшуғига олиб, бир кўрсатган бўлиб паққос туширади. Кейин тирноқлари қайрилиб кетган чангали билан ерни тирнайди, титади. Ғазаблар сочади.

Хўроз ўз оти билан хўроз. Хўроз дамма-дам устига чиққан товуқларнинг юриши салобатли бўлади. Ўзи томон шитоб билан келаётган хўрозни кўрган товуқ зоти борки номига бўлсада бир қочган, югуруклаган бўлади-ю, кейин фойдаси йўқлидан, қочса фойдасидан зарари кўплигини англаганиданми таппа ерга бағрини ташлаб кўзларини юмиб хўрозни устига чиқишини кутади, тайёрланади. Хўроз хуморидан чиққунча, бир тугургина қолган тожини чўқиб, тортиб қонини оқизмагунча, устидан тушиб, атрофида бир қанотини парпарак қилиб ёзиб, оёқлари остига тўшаб, атрофида икки-уч қур бақ-бақлаб айланмуганча кўзни очиш ҳам йўқ. Тек ётади. Мен мактабимиздаги ўқитувчи опалардан биридан “хўроз товуқни устига чиқиб нима қилади” деб сўраганимда, “дам солиб қўяди” деганлар. Ўша-ўша “дам солиш” деган гапни эшитганимда кўз олдимга катта хўрознинг кичкина товуқни қувалаб кетаётгани келаверади.

Очиқ деразаларнинг икки қулоғи кечаю-кундуз кўчада. Болалар бир бирини қувалаб токчасига, юзига, бетига тупроққа ботган яланг оёғини қўйганидан хурсанд. Оғзи бурни тупроққа тўлганидан димоғи чоғ. Эрка болаларнинг токчада ўтириб, қўлида мойнонни, устига сарёғ суртилган нонни оёқларини осилтиргача, силкиллатганча  кўнглига келган хиргойисини айтиши жон-жонига ёқиб кетади. Фақат одам боласининг қўлма-қўл қилиб кўтариб деразадан аввал оёғини чиқармасалар бўлди, шундай кунларни кўрмаса бўлди. Ошиқ-мошиқлари мой кўрмай ўтсаям рози. Хўроз товуқни қувалаб келиб ҳамма жойни булғаб, оёқ ости қилсаям майли, кўрмасликка олади, гўрга.

 

Деразасиз деворгаям осон эмас

Эскини одамлари содда бўлганми сотарида оларман сўраса-сўрамаса тухумни хўрози бор йўқлигини айтиб  сотарди. Хўрозсиз туққан товуқларни қадам босиши вақтида гапга кирмаган эрсакларнинг юришига ўхшайди. Номига қиз, номига келинчак, номига аёл, йўқдан кўра бор сондагиларгаям осон тутма, Жаркўчадан ичи тўкилиб ўтади. Қаерда қандай хато қилганини ўзгиналари яхшигина биладилар. Гап қувган гўрга йўлиқади деган гапларни энди уларга айтиб ўтиришни ҳожати йўқ. Билмаганга олганлари  йўлига, политика, дейди Мардон ярим кечаси арқонни қозиғи билан суғуриб, қозиқ чизган издан бориб, паст кўчадаги тегирмончининг мочасига кўз олайтирган, кечаси билан билганидан қайтмаган, қилғилигини орқасидан мочанинг қўштепкиларидан оғзи бурни бир аҳволга тушган ҳангисини бир бало қилиб ажратиб оларкан. Сиз ҳам келинни эна-бала қилиб олиб келасиз чоғи деганча, кенайдиям. Кеча бозордан қайтарда йўлда йўлиқишганда кўз уриштиришган эканлар-да, баччағар. Бари бир одам бўлмас экансан, садқайи таёқ кет.

Гап сўзларни деворнинг орқасидан эшитган, Мардонни овозини танимаган, билмаган тўғрироқ одам катта олиб сотар бозорчи, газетчилар тили билан айтганда чайқовчи товуқфабриканинг етти тийинлик бехўроз тухумини қандай қилиб хонаки тухум деб қиммат сотиш савдосини, яна келин танлашни ўргатаяпти деб ўйлайди. Билган Мардонники қўзибди, дейди. Мардонники қўзимаган кун йўқ. Деразасиз деворларгаям осон тутмайдилар. Деразасиз деворларнинг қулоғи кўп бўлармиш. Бу гаплар Мардондан чиққанини ҳамма билади. Тушинганиям, тушунмаганиям биров-бировидан сўрашга ботинолмайди. Йўқ ердан лап этиб чиқиб қолишидан оғизлари куйган.

Тентакнинг тили билан айтганда Жаркўчанинг ўртасига йигирма чоғли хушторини эргаштириб тушган хўрознинг жар лабида зир югуриб, юрак ютиб тўдага қўшилган жўжа хўрозни тўдага сиғдирмай қувгани, Тентакка тегиб кетади. Хўрознинг важоҳатидан, кучидан, қудратидан ҳаймиққанча дир-дир титраётган, узундан узун оёқ остида, оёғичаям келмайдиган вужудини ушлашга ҳаракат қилганча қалтирасада жўжахўрозлигидан қайтмаётган жонга ичи ачийди. Сўкатдай бўлиб муштдай нарсани кўролмай чўқиганига кўзи тушгач оғзига келганини тўхтатмайди. — Бир хўроз, яримта жўжахўроз минг-минг одам сиққан кўчага сиғишмасанг санларгаям қийин экан. Одамзотгаям раҳмат-э, дейди худди ўзи бошқа турлик соядек.

– Бир қўтан хотин маъқул-у, битта кундош номаъқул эканда. Кўргилигинг ҳам куйгулик. Ҳа демай бировингни мазангни қозон кўраркан-да бу туришда. Юқоридан топширилган ишни қилмай мокиён ўрнига бир-бирингни қувиб юрсанг пичоқ эртароқ пенсияга чиқаради, оғайни деб хўрозгаям жўжахўрозгаям дарс берган бўлади.

Сани баланг, мани балам, мани эрим, сани эринг демаган яхши кундошларниям, эр худди тунука чойнакни қопқоғи-ю бекитиб қўйса бўладигандек, чўнтакка солиб юрса ярашадигандек, якондоз кўрпача-ю устига чиқиб ўтирган хотин унга эгадек мани эримлаб кўчани ўртасида эр талашиб бир-бири билан партлашган ёмон кундошларниям кўпини кўрган Жаркўча ўз ишидан қолмайди.. кўчалигини унутмайди. Партлаш деб икки хўроз бир-бири билан урушиши, урганнинг чангалига рақибининг патими, бир парча терисими бирор нарсаси илиниб, юлиб олишга айтилади. Эрсак деб бу эрни қўйиб унисига, унисини қўйиб бунисига тегиб чиқадиган хотинлар айтилади.

 

Шамол етаклаган аёл

Ўзи қишлоғимизда иккита Боғдагул отлиқ аёл бор. Бири эскидан шу ерда туғилган. Патирни  зўр қилади. Патир нони билан оти чиққан. Катталар Боғда келин, кичиклар Боғда янга, Боғда чеча дейишади. Қишлоқда ўзи шунақа. Бир одамни бир неча оти бўлади. Отини ўзи чиқаради. Иккинчисининг ҳали оти чиқмаган. Янги келин. Андижонлик. Жалойирдан. Туғли-тугли. Қишлоқ зоту будини билмаганни келин қилмайди. Қилгандаям келин ҳисобламайди.

Қишлоқда у билан олдинма кейин тушган келинларнинг шошиб қўйгани учта, олди иккита, кўпи биттадан бўлсаям йўргак ўраган, бешик белаганидан бери уйидан ғурт-ғуртлаган ғурбат аримай қолган келинчак чамасида ота уйига етар пул йиққанидан Жаркўчага қандай чиққаниниям, қачон бу фикрга келганиниям, кимнинг гапига кирганиниям билмайди. Яна уй кийимида. Бўлмаса Ўсмат қаерда-ю, Андижон  қаерда. Энамни олдига қандай келиб қолганиниям.

Энам ҳамиша урчуқ йигирганлари учун йигирган юнгни қилқони чиққанидан олдиларига эски дастурхон тўшалган бўлади. Дастурхон, устига егуликлар қўйилган дастурхон сал чеккароқда. Чой ичарда эски дастурхон олиниб, опам Энамни уст-бошларини қилқонлардан тозалаган бўладилар. Дастурхон Энамни олдига тортилади. Энамнинг олдида қўйниларига қўшилиб тўшалган эски  бўш дастурхон, сал четроқда егуликлар қўйилган ва усти ёпиқлик бошқа дастурхонни кўрган келинчакнинг бу ҳолни аввал кўрмаганидан хаёли бир шошади. Энам урчуққа ҳазил қилгилари келганда “энди дастурхонингизни йиғиштирсак майлими Қўлантоқ Мирзо” дейдилар. Қўлантоқ  дегани яланғоч дегани.  Этикни  пайтавасиз, туфлини пайпоқсиз кийилганда қўлантоқ кийибди дейилади. Келинчак салом бериб кириб, келиб, эски дастурхон четига ётсирабгина, омонатгина ўтирган, ҳол-аҳвол сўрашиб нафасини ўнглаб бир кўнгилда гапирадиган гапи тугагандай, гап тополмай талмовсираб, бир кўнгилда гапни нимадан бошлашини билмай иккиланиб турганда Энам гап қўшадилар.

– Ёқмаса ухлаб ётганда қорнига пичоқни тиқиб ол, санам қутилсан, уям. Кейин ҳеч нарса кўрмагандай юрасан, дейдилар бетигаям қарамай, келинниям ҳуррасини учириб. Биров зўрлаб эрга берган, олсанг ҳам оласан, олмасанг ҳам оласан деб уйлантирган бўлмаса…

Кейин орага Жаркўчадан энишдаги ўнг қўлдаги жарнинг чуқуридек охири кўринмас бир нарса Энам билан келиннинг ўртасида осилиб қолади. Соат ҳам бир жойда тўхтаб қолгандек тиқ-тиқ, тиқ-тиқлайди. Энам оғир ва катта дамсар уриб худди яхшилик қилмоқчи бўлган одамларини яхши кўриб уришганда ишлатадиган товушларида гапирадилар. Биламан. Энам насиҳат қилмоқчилар. Гап  юқмайдиган ё, ёқмаган одамига “ўзинг яхши биласанг, ўзингдан қолар гап йўқ” деб қисқа қиладилар.

Ўртадаги жарга кўприкни Энам ташлайдилар.

– Ўзларинг топишган бўлсанг. Неча йил ўқишда бирга ўқидинг. Синашта бўлдинг. Ниманг кам? Ниманг етмайди? Нимани бўлолмай тортишасанлар? Буни бари синови. Сабр берсин. Сабр сўра. Сабр қил. Худони эслаганни худо эслайди. Ўқимишли бўлиб санлар шундай қилсаларинг бошқалардан нима умид… Кейин урчуқ неча минг марта боши айланиб келганча ўртада жимлик чўқкади. Вақти соати келганидан кейин  Энам яна давом этадилар. Аёл зотики эркак билан тенг бўламан деб тирлашдими, бир гапдан қолмадими, Худони ургани шу бўлади. Эркакни Худо ўзи хоҳлаб, ўзи яхши кўриб, бировдан сўрамай, бировни кўнглига қарамай, истганидай, бекаму кўст яратган, дейдилар худди мактабда ўқитувчи районодан комиссия келиб, комиссиянинг олдида ўқувчиларга диктант айтаётгандек, секин ва ҳар бир ҳарфини дона-дона қилиб. Аёл зотини Одам атонинг кўнглига қараб, кўнгли ярим бўлмасин, умиди ноумид қолмасин, деб кўнглига қараган. Заифа ўз оти билан заифа. Ожиза ўз оти билан ожиза. Эрнинг кўнглига қарамаган аёлнинг икки бети қора. Эр ҳамки эрдай бўлса, дейдилар Энам куёви билан экаришиб келган келинчакка урчуқларини бошини айлантиришдан бир нафас ҳам тиндирмай. Ортиқча гап ҳаммага юк. Энди борда рўзғорингга эгалик қил. Қозон-тавоғингга  санқи пишаклар эга чиқиб кетмасин. Ҳидлаб қўйса, қатрон қилиш керак. Саксовулдан совун тайёрлаб кир ювсанг совунни қадрини биласан.

Уй кийимидаги, қулоғи ғиппа буғилгандай, кўзига нима кўринаётганини ўзиям билмаган, билмаётгандай, эшитаётганлариниям фахмламаётган келинчак Энамнинг олдида юзма-юз ўтирганини, бетма-бет турганини илкис англар, илғар экан босинқираган уйқудан қўрқиб ўйғонган одамдай сесканиб кетади.

Энам келинчакни турли йўллар турланиб-тусланиб имлаётган, кўринган қорани гапига эргашиб бораётган хаёлини бир жойга келтирмоқчи, хаёлини тозаламоқчилар, чоғи. Ҳар доим шундай бўлган. Аразлашиб келганларга биринчи мана шунақа чаппа-чуппа гапларни айтадилар. Энамни тушуниш учун тинчлик керак. Ҳар тарафлама тинчлик. Худди Ойқортоғнинг овозини эшитиш учун, чиройини кўриш учун, у билан жўра-жўра бўлиш учун тинч жойга чиқиб томоша қилгандек, тинч жой топиб гапини эшитгандек. Албатта, одамлардан  тинч жойни айтаяпман. Китоб тилида сокинлик дейди-ку, ана шу тинчлик керак. Товуқни катагига адашган итми, итдан қочган пишакми кириб қолгандай вағур-вуғур эмас.

 

Дераза ортидаги мусичалар

– Янги жойга келган кўчат ҳам ўлдим деганда уч йилда ернинг суву ҳавосига ўрганади. Одам ҳам кўчатдай гап. Худо хоҳласа ҳам демай икки бешикни ўртасида чарчаганингдан икки маманг икки чақалоқни оғзида қолиб, таррайдай ухлаб қолмасанг, келиб бетимга туф дейсан, дейдилар худди болаликдан сирдош дугоналарига гапиргандай. Дугоналарига гапирадиган оҳанг, маром ва товушда. Дугоналари билан гаплашганларини кўп эшитганман. Ҳозир  биттасиям қолмаган. Дугоналарига гапирадиган, гапирган товушларини билганимдан шундай ёзаяпман. Кейин, яна Энам дугонани катта-кичиги бўлмайди деганлар. Кўнгли кўнглини таниган, кўнгли кўнглига ўтирган, кўнгли кўнглини кўтарганни дугона дейдилар деганлар. Билиб қўйиш учун бир марта дугона дегани нима деб сўраганимда.

– Отинг нима эди?

– Боғдагул.

Чиройли отинг бор экан. Чиройлигини қара. Китоб кўрган одам қўйган. Ўқимишли китоблардан олинган. Ҳидидан маълум. Ўғил туғаман десанг махсини ечма.  Душман оёққа қарайди. Одамни иккита душмани бўлса биттаси совуқ. Совуқ оёққа ёпишади. Оёғдан олган совуқ йиқитмай қўймайди. Махсиям келинликнинг давлати. Кийишга етган, етмаган бор. Кийиш буюрилган, буюрилмаган бор. Ўзингни ерга урма. Лозими динкайиб, жиягсиз липаси билан кавушини ораси бир қарич бўлиб очилиб, на товуғу на хўроз, бўрваги ширдайиб кўрингандан беўхшови йўқ. Сочи кўкрагини ўртасига тушгандан жаннатни иси келади. Бомдоддан қолма. Бомдодни қўйма. Бомдодда кўрин. Хат-саводинг бор. Кунни бекорига кеч қилмай китоб ўқи. Кунни томошага чиқармаган. Ўқигандан зиёди йўқ. Саҳар турганга нима етсин, балажон. Художонни ўзи ҳар тонг саҳар олди осмондан тушиб тонггача “тавба қилувчи борми-тавбасини қабул қиламан; истиғфор айтувчи борми мағфират қиламан, гуноҳини кечираман; сўровчи борми-сўраганини бераман” деб турса. Бандаси ношукурлик қилмасин. Худони олдидаям уят. Ҳар куни эрталаб вахтли туриб, бет-қўлини ювгандан кейин хўжайини билан икки қўллаб кўришган аёлнинг гуноҳи қўллар орасида қум тўкилгандай тўкилиб кетади, деган машойихлар. Ман бир кўрсаводман. Раҳматли катта отангиз китоблардан ўқиб ўргатган гапларни эсимда қолганини айтаяпман… кунниям бетини қаро қилма. Одамга қўшилиб кўрган куниям сўроқ беради. Эр-хотин иноқ, апоқ-чапоқ рўзғорнинг итини ҳам кўзи ёнади… Бесаҳат одам билан бешохнинг фарқи йўқ…

Бесаҳат дегани қулоғига гап кирмайдиган, тўғри гапни тушунмайдиган дегани, буни ўзимдан қўшаяпман. Тушунмай қолманг деб. Ўрнига китобча гапларни қўшсам Энам гапирмагандай бўлиб қолади, шунга. Энам, қани балажон ёзиқларимизни бир ўқиб берингчи деганларида, ўқиб берсам, Энамнинг гапи эмаслиги билиниб қолади, шунга.

Ўсмат ота ҳамманиям келин қилавермайди. Тақдирда нима бўлишини эгасининг ўзи ёзган. Андижондай жойдан келин бўлиб тушган бўлсанг, юрагингда вужур, ўт борки бир йигитни этагини ушлаб келибсан. Ҳамма аёл ҳам узоққа тушолмайди. Отангни уйи қаерда, гап қаерда. Итинг адашмаган бўлса керак. Андижондан ёмон одам чиқмаган. Одамни оти бир ёмонга чиқмасин, бузуққа чиқмасин. Эрдан чиққан аёлникига ҳар иккисиниям кўзи жизиллаб қараб туради. Эрдан чиққан аёлни бошига Пухордаги қарғаям келиб тезаклаб кетармиш деган эскилар. Элни яхшисидан ямони кўп кунларда эҳтиёт бўл, ямонга қўшилма. Қайнатанг, қайнананг бор демаган тўйларга борма. Борсам майлими деб сўрамаям. Ўзлари, ўз билгича бор деганда бор. Дунёни аёли бир ерга йиғилгандаям бир пал шолини сувдан чиқаролмаган. Чиқара олмайдиям. Ювуқсиз оғизларнинг гапларига эргашма. Ўсмат отани келини деган отинг бор. Тортишгандан ямони йўқ. Тортишганга дунё ҳамиша тор. Тортишган ҳамиша ютқазади. Тортишув гуноҳдан бошқасига тортмайди. Пайғамбаримиз ҳам  тортишган одамни қиёмат куни шафоат қилмайман деганлар. Художоннинг одамлар ичида энг ямон кўрган одамлари  тортишган одам. Худонинг кунини Бисмилло билан бошламаган, кеч бўганда бошини ёстиққа Биру-Борсан деб топширмаганни бешох дейдилар. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин ювуқсизнинг кўзи тушган жойдан барака кўтарилмаса палакатнинг кўнгли жойига тушмасмиш. Эрта тур, ишларингни эрта кунда саранжомла. Биров қилиб бергандай бўлади. Зериксанг Энамни олдига борсам майлими деб уйдагиларингдан сўраб, олдимга кел. Одам одамга бегона эмас. Сан ҳам мани болам. Эрингга айт урчуқ олиб берсин, ўзим сенга  йигиришни ўргатаман. Кўз кўзга меҳмон.

Энамнинг келинчакка айтган гаплари ҳангини — юкини кўтара олмаган урчуқ ипи чирт этиб узилиб кетади. Ғириллаб айланиб турган урчуғ олача устига тап этиб тушади. Осилган нарсани оғирлигини кўтаролмай узилган арқондай. Думалаб эшик олдига боради.  Ирғиб туриб олиб келиб бераман. Энам кўнгилларига келганча узунликдаги ипни шарт узиб келинчакнинг олдига ташлайдилар.

– Махсини кийишингдан олдин ўнг оёғингни шиллагига (тўпиғ усти) бойлаб қўй. Ётганигдаям ечма. Қўшилганингдаям. Бегона кўзга кўрсатма. Хўжайининг сўраса Энам берган дегин. Кейин ўнг қўл кўрсатгич бармоқларини тилларига бир теккизиб намлаб, урчуқдан чуваланган ипга теккизиб намлаб, ҳанжаладан тушган ипнинг учини бошма-бош қилиб бош ва кўрсатгич бармоқлари ўртасига олиб товлаган, улаган бўладилар. Ипнинг улатқисини одам зоти тополмайди. Яна ўзини Энамни қўлида кўрган урчуқ ўпкаси тўлиб, кўкси тўлишиб, ҳишмаланиб яна қайта бошдан айланишни бошлайди. Қани энди уни хурсанд бўлаётганини жонзотлар, жонлиқлар кўрса, билса. Гувиллагандан гувуллайди, гуриллагандан гуриллайди, гуврангандан гувранади. Урчуқ айланиши билан баробар Энамнинг бошида айланган гап-сўзлар тилларига чиқади.

— Илонниям ини бузилмасин, қушни қўноғидан айирмасин. Ерда бузилган бир ватаннинг юки етти осмонни фаришталарига қўшиб бесаранжом қиларкан. Бу гаплар катта машойихларнинг гапи. Бизага ўхшаган мурри кимпирлардан нимаям гап чиқарди. Этагинг болага тўлсин. Қишлоқни юзини ерга қаратма. Эшитган қулоққа ёмон. Фалон қишлоққа фалон жойдан келин тушган экан сиғдиришмапти деган сассиқ гап ҳаммагаям уят, дейдилар-да ёнларида, бир четда ўроғлиқ турган идишни ўнг қўллари билан келин томон суриб қўядилар. Ҳанжаладан чиқиб келаётган ипни товлаш учун урчуқни кўтарган чап қўллари баландда бўлади. Товланишдаги ипнинг маромга келганидан чиқарган овози эшитилгач, нафаси билингач ипни урчуғ белига ўраб бўлиб, дов-даскаларини этакларига олиб, эски дастурхонга ўраб бўлиб келинчакни ўзларига яқин келишини имлайдилар. Хонада ўзи уччовимиз. Мен энг яхши кўрган жойим Энамнинг  елкаларига ташланган отамнинг эски чопонлари остида ўйнаб ўтирган бўламан.

– Тугунда ўғилтуғар. Ҳеч кимга кўрсатмай уйинга олиб бориб е, дейдилар деразани ташқари томонидаги токчасига келиб Энамни томоша қилиб, гапини эшитай деб калласини бир томонга қийшайтирганча қулоғини ўнглаб қараётган мусича ҳам эшитмасин дегандек шивирлабгина. Худо хоҳласа ўғилчали бўлганингда идишни чочаласи (сочала) билан қайтарасан. Унгача идишни санга бердим, деганча аввал икки кўзларини бир вақтни ўзида чирт юмиб, лаблариниям  жиппа ёпганча бошлариниям хиёл эккан бўладилар.  Кичкина қизлар ҳам бир бекитиқчи иш қилсалар шундай қиладилар, агар билсангиз.

– Анавуни бу ёққа торт, деганча четда турган дастурхонни кўрсатган бўладилар. Қутлик уйдан қуриқ чиқма. Нонга қара…

Келинчакнинг кўзларидан ёш тирқираб жўнайди. Тили калимага келмайди. Силкиниб-силкиниб, ўксиниб-ўксиниб, буғилиб-буғилиб, ҳуққуллаб-ҳуққуллаб, титраниб-титраниб, яйраб-яйраб йиғлайди. Овоз чиқариб юборай-юборай  дейди-ю, уялади, чоғи.

Бисмилло деб эшик ҳатла-да сўрамасларидан олдин, Энамни кўргим келувди, бориб келдим дегин. Мендан ўтганни кечиринглар деда, индамай ишингни қилиб кетавер. Жаркўча болаларинг қучоғини тўлдириб чангитишини кутиб ётибди, агар билсанг. Тур энди, жўна.. сен яхши одамни боласисан. Сендан яхши хотин чиқади. Нафас олишингдан белгили. Ўзингни ўтга-чўққа урма. Биров сал хафа қилса Энамга айтаман де, мен рухсат бердим. Қишлоқни уятга қўйма. Уйига қайтиб бориб бирорта барака топган келин бўлса мана, ман эшитган бўлардим. Ана сой ҳам, дейдилар деразадан Каттасойни  кўз қирлари билан кўрсатганча. Энамнинг хаёли Каттасойга энганда қушлар ҳам жим турадилар. Тек турадилар. Каттасой хаёли Энасойгача кетади. Эдил билан диллашиб, Ёйиққача ёйилади, ёзилади. Энасой бошланадиган Тангри тоғ қорларидан айланиб тушиб Ойқорнинг ой суратлиғ қорларига келиб дамсар уриб ўзига келмагунча ҳеч ким гап қўшмайди. Қуш ҳам қузғун ҳам. Хаёлларнинг икки чеккаси, ундай десам тушунмайсиз, хаёллари юрган, юриб  бораётган йўлнинг икки чеккасини узун-узун, баланд бўйли, оппоқ, худди Жаркўчанинг икки чеккасида тик ўсган тераклардек қадим ва таниш хаёллар кутиб олган -кузатган бўлади. Худди меҳмон кутгандек, кузатгандек. Меҳмон хаёллар бўлак, эскидан эски, қадимдан қадим, қариндош, отдош, отадош хаёллар ўз ўринларини билади.

 

“Деразадан қараб тураман”

Уйимизнинг илони, оқ илон тўққиз балорли уй шифтининг ўртасидагига ўралиб хурракни отаётган бўлади. Оти, зоти, ини йўқланганидан бир билтанглаб қўяди. Ҳар замон, ҳар замон бир ўнг, бир чап кўзини очиб, орада тилиниям бир чиқариб, тишларига чархлаб, оғзи бурнини, хаёлларига берилиб кетиб оғзини икки чеккасидан чиқиб кетган сўлакларини артган бўлади. Энам рухсат берганларида биз итолиш кураш тушамиз. Хаёлда бўлсаям. Мазза қиламиз. Неччи марта йиқитган бўлсам ҳам бошидаги қўндирилгандек пўпили, тожи жойидан қимирламайди. Энам хаёлга эҳтиёт бўлинг, балажон деганлар. Одамни одамга, жонлиқни жонлиққа дўст қиладиган ҳам, душман қиладиган ҳам хаёл. Эс-ҳушини йиғиб олган хаёлга нима етсин…

Мен яхши кўрган жойимда — Энамнинг елкаларига ташланган отамнинг эски чопонлари остида ухлаб қолсам ҳам Энам кимга нима деганлари калламга ўтиб қолаверади. Келинчак уялмасин деб мен чопонни ичига кириб кетаман. Ухлаяпти, эшитмаяпти деб ўйласин, уялмасин дейман.

Бу ёзиқларни ёзишим мумкин-у, ўқишга беришим мумкин эмас. Энам кўнгилларида айтганлар. Худо хоҳласа, вақти келганда ўқишга бераман. Энамни тилидан, одамлардан эшитиб, ўзимдан ҳам қўшиб  ёзиб тўлдирганларим ҳозирча қирқ дафтарга яқинлашган. Онда-сонда Энам ёзиғимиз неча дафтар бўпти, балажон, деб сўраб қоладилар. Мен саноғини айтаман. Кейин Энам, — ҳа-а, дейдилар “а”ни чўзиброқ, шу вақт орасида хаёлларини тартибга келтириб олган бўладилар-да таволлага тушадилар: Худога шукур, ўзидан бегона қилмасин, дейдилар. Дафтар, ёзиқ тўлиқ дафтар сони маълум бир сонга, саноққа етганда, етса бир нарса бўлишдан Энам туюнганлару, дафтар сони ўша сонга етиш кунидан нимагадир қўрқаман. Шунинг учун дафтарларнинг ҳар бирини икки-уч варағини очиқ қолдираман. Тўлган ҳисобланмаслиги учун. Лекин, Энамга ёлғон гапириш мумкин эмас. Бошқаларгаям. Дафтарларни нимага охиригача тўлиқ тўлдирмаслигимни бир кун сўраганларида, тўлдиргим келмаслигини айтгандим, қучоқларига олиб бошимни ҳидлаб узоқ вақт йиғлаганлар. “Қўрқманг, балажон, қўрқманг, мен ҳамиша деразадан, орқангиздан қараб тураман, балажонимдан айланай, ишдан қочманг,  қандай хоҳласангиз шундай тўлдиринг”, деганлар.

Энам шеър эшитгилари келганда “Отажон, бир ота-боволани шеъридан айтиб беринг” дейдилар. Бу сафар мен Энамнинг шеър эшитгилари келганини, тусаганларини илғаб қоламан. Энамнинг кўзларига қарайман. Кўзлар аллақачон менга қараб турган бўлади. Хаёлимда “Гулдаста”ними дейман. Энамнинг оғизлари икки ёнга ёйилиб, кўзлари қуёшга қарагандагидек қисилиблар, ёшланиблар кетади. Икки томчи ёш ияклари остига келиб бир бирига қараганча тўхтайди. Ялт-ялт. Гулдаста  бу Алишер Навоий бовони шеърларидан тузилган шеър. Гулдаста отини Энам икковимиз ўйлаб топганмиз.

Турк  назмида  чу  тортиб  алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам.

Кимгаким қилдим вафо, ваҳ ким, жафо подош эди,

Олам аҳлида вафо мавжуд эмас беиштибоҳ.

Орзу қилдим вафо аҳлин кўрай деб, топмадим,

Хоҳ зоҳид, хоҳ фосиқ, хоҳ сайид, хоҳ шоҳ.

Кимки бу давронда қилур ростлик,

Йўқтур иш ғайру каму костлик.

Агарчи мен ямон, сен яхшидурсен, муътарифдурмен,

Ўзин яхши тасаввур айлаган мендин ямон эрмас.

Эй Навоий, махлас истар бўлсанг  эл  тил-оғзидин,

Назмидин ҳам тилни тийғил, насридин ҳам юм оғиз.

Мазлумга бахшойиш кўргузки, золимдан осойиш кўргайсен.

Гулдастани ўқиб бўлишим билан хаёлимга кўчада болалар айтиб юрадиган шеър лап этиб келди.

Мир Алишер Навоий,

Кампирларнинг бовойи.

Энам ярқ этиб менга қарайдилар, мен хаёлимдан ўтган гапдан уялиб ўзимни Энамни қучоғига отаман. Биз бирдек уяламиз. Биз ачом-ачом ўйнаймиз. Кейин “Аламо-аламо” ўйнаймиз. У ўйинни бошқа сафар айтиб берарман. Эсимдан чиқай депти: алам – байроқ, туғ; тортиб алам- байроқ тикмоқ, байроқ кўтармоқ; подош – йўлдош, эваз, мукофот, бадал; беиштибоҳ – шубҳасиз, шаксиз; махлас – холис бўлиш дегани. Мардон ўргатган.  Кейин ўзиммам тўғрими йўқми деб катта китобларга солиштириб кўрганман. Муътарифни маъносини топганимча йўқ. Топсам ёзиб қўяман.

Эсимга ярим кечаси бир нарса келиб қолиб туриб ёзиб қўйишимдан олдин бет қўллимни ювиб келганимга Энам қараб ётганлар чоғи, эртаси куни икковимиз қолганимизда “Балажон, ярим кечаси ёзгингиз келганда бет-қўлни ювмай ёзаверинг, кўнгилдан чиққан нарса ҳамиша таҳоратлик” деганлар.    Гаплари аввалари айтган гапларига сал ўхшамаганлигидан нима дейишни билмай, хаёлимдан ўтганни айтсам уят бўлишидан уялиб юзларига қараб қолганимдан Энам ҳам ҳижолат бўладилар. — Катта отангиз айтганлар, дейдилар ҳар бир нарсани айтар вақти бўлишини гапларини товушидан билдирганча, кўзлари ёшловланиб. — Катта отангизнинг омонат гапини эгасига етказдим, балажон. Кейин қўлларини дуога очганча: Художонга шукур, балажонимни қоғоз-қаламга жўра қилган… қаватига ўзингни деган, ўзинг назар қилган, ўзингдан тонмайдиган, арқон ушлаган, исо нафасли, султон кўнгилли, бек феълли йўлдошлар бер… ўзинг якка-ю ягонасан…

 

 Энамнинг “политика”си

Келинчак катта гуноҳ қилиб қўйган ва гуноҳини ишонган одамига бир мартага айтмаса бўлмайдиган оҳангда калтачасининг киссасидан майда пуллар ва тангаларни чиқариб қўллари қалтираб дастурхон четига қўйган бўлади

– Йўлга деб йиққан эдим, уйдагилар кўриб қолса хафа бўлишади… энди менга керакмас… мен ҳеч ёққа кетмайман…

– Мен бундан безорман, дейдилар, пул зотини назарда тутиб. Хафа бўлмасин деб келиннинг бетига бир қарарканлар. Ана, пўстакни тагига таша…

Келинчак пўстакни кўтарганда бели боғлиқли пуллар хотиржам ётган, боғланмаган пуллар пўстакни кўрсатилгандаги ҳавосига қўшилиб  сочилишган бўладилар. Келинчакнинг хаёли баттар қочади. Уларни Энамни кўргани келган одамлар бекитиқча ташлаб кетишган. Райком  дейсизми, партком, прокурор, мелисани шапкаси каттаси-ю, колхозни раиси, атоқли ўғрилардан, учига чиққан киссавурлардан дейсизми баридан бор. Энамдан хабар олиб, хайрлашиб чиқиб кетишаётганда туфлиларини кийган киши бўлиб билдирмайгина оёқ учидаги пўстакни кўтариб остига ташлаб қўйишади. Пулларга фақат қишлоқнинг тентаги отлиқ Мардон тегина олади. Уям ўзига эмас. Ўшандаям бирон шўрни шўр қисган кунида,  мустарга ёрдам қилмаса бўлмайдиган бўлиб қолганда. Мардонни Энам яхши кўриб кетганларида: Ҳа, Девонателпак, қийналмай юрибсанми ҳасу-хус, шоху-бешох, қуш-қузғунни ичида нима қиларингни билмай дейдилар. Девонателпакнинг телпаги тугул хуши бошидан айрилгулик бўлиб хурсанд бўлади.

Эртага бир кун  биров сендан неча эр қилувдингов, нечта уй солувдингов, гиламинг нечта, нечта тиллонг бор сўрамайди. Сўраса, нечта баланг бор сўрайди. Нимага тортишасанлар. Энди рўзғорни тортинглар. Хушу-хурсан ишингни қилиб юрмайсанми ўзингниям, бошқаларниям кўзини қувонтириб. Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади деган машойихлар. Жалойирниям  юзини ерга қаратма. Ўсматниям. Уч балани етти эрдан туққанлардан узоқ юр.

Энам ҳам келинчак ҳам гап кимга тегаётганини бирдай биладилар. Мен ҳам. Келинчакнинг эгилган боши янаям хам бўлади. Келинчакнинг кўзида у ерга борганимни Энага ким айтди экан деган хаёл ўтади. Энамнинг ярим эртак, ярим матал, ярми тошойна, ярми музойна, бир чеккаси тузойна гаплари давом этади:  Бир қиз бир йигитни  ёқтириб бир катта шаҳарда бир катта дарахтни соясида ўтиришганда йигитни қулоғини тортиб ўйнаган қиздек хуш-хурсанд юрмайсанми, дейдилар, Энам китоб ўқиётгандек, бироқ кўзларини юмганча ип йигирганларича. Келинчакнинг хаёли паққос тан беради. Боя йўлда келаётганда катта толни остида  ерга тўкилган сапсариқ гулларини босиб ўтаётганда, Тошкентда ўқишда юрганда “бир қиз бир йигитни ёқтириб” қолганини гуллар устида бораётган қиз йигитнинг ҳазиллашиб “қулоғини торт”ганини эслаб аввал энтикиб, ютиниб, кейин “бўлган бўлса бўптида энди” деганча ўзидан ўзи ғашиққани кўз ўнгидан ўтаркан Энамнинг олдида ҳар нарсани ўйлавермаслик кераклигига ақли етиб қолади.

– Аёлни рўзғорига меҳри ўчоқ бошини тоза тутишида, итни ялоғига қарашида билинади. Қўқиган жойга фаришта қўнмайди, дерди энамиз дейдилар Энам. — Итини ялоғини тоза тутмаганни ўчоқбошиям гўрам бўлмайди. Машойихлар бекорига олқиндига кун қолмай совунни қадрига етмайсан демаган, балажон. Энамнинг балажон дегани баробарида шу вақтгача хам бўлиб ўтирган боши ярқ этиб қаддини кўтаради. Азойи бадани кучга, ғайратга  тўлиб кетади. Бировни ёмон кўриш деган нарсаларни билмайдиган болалардек нафас олади. Энамга елка тутади. Энам елкасига ўнг қўлларини қўядилар…

Келинчак чиқиб кетарда “Яхши билмайман”, дейди. Энам; қайнанангга айт, ўргатсин. Ўргатганимдай қилиб ўргатсин. Куни кеча қачон балалик бўларканман, деб ҳу-ҳулаб, бетини ёши беш томиб, кўзи кўчага сув сепиб юрувди бугун катта хотин бўлиб қоптиларми? Бировни баласини сарсон қилишдан уялмадиларми? Дунё қайтар дунё, нима эксанг шуни ўрасан. Ҳаммаси олдингдан қайтади. Қайтмагани қолмайди. Беайб Парвардигор. Ҳаммаям… айбдор керак бўлса аввал ўзидан қидирсин. Ўзини ёқасини ҳидлагани маъқул. Энам ўргатгандай қилиб ўргатар экансиз десанг ўзи тушунади. Тушунмайгина қолсин…

Биламан, бу гаплар келиннинг қайнонаси ҳақида. Бу гапларни келин қайнонасига айтолмайди. Лекин, хабар топганини кўзлар кўзга тушганда қайнона деган илғасин деб айтаяптилар. Энам Мардонча айтганда, Мардонни тили билан айтилганда “политика” қилаяптилар. Қайнонаям уйида ўтиргани билан гапларни эшитгандан зиёд билиб турибди. Уйи тугул ҳовлисигаям сиғаётгани йўқ. Келинини ғовимизга бурилганини аллақачон унга етказишган. Энам бир киши билан гаплашаётганда гап устига бостириб келишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди. Гапларни ўғринча эшитмоқчи бўлган хаёли бузуқни Жаркўчаям рангидан билади. Суробини тўғирлаб қўяди.

Келинчак уйда бешикка белаб келган боласи ўйғониб йиғлаётгандек ўрнидан туради. Ҳали  чапу ўнги йўлга тушиб кетмаган келинлик калишиниям ўнги-чапига қарамай илдирганча жўнайди. Қўйнида янги сурпга ўралган идиш. Қулоғида Энамнинг гаплари. Эсимдан чиқмай бирор жойга ёзиб қуяй деган хаёлда бўлади. “Аёл киши эрталаб туриб, юз-қўлини ювиб, эрига икки қўллаб салом берса, эр ҳам икки қўллаб салом олса, шу вақтгача қилган гуноҳлари қўллар орасидан гувуллаб тўкилади.”

 

Дераза ортидаги эркак

Келинчак Ойқортоғнинг булбуллари китоб ўқишидан олдин туради. Қўл бетини ювиб, ҳовли-ю, бўсағани супиришга чоғланади. Ҳар турлик уйқусираган қушлар дарахт шохларида қўнишибгина ота ҳовли юзини тозалашдаги ғайрат шарпасини кўришни истаганлари билан кўзлари кўрмайди, супиргининг бир маромда бориб-келиши овозидан уйқулари қочади. Аввалига аллалагандай бўлган бўлсаям. Келинлик махси кавишини тановарига, босганда чиқарган овозига маст бўладилар. Келинчак келин бўлиб тушганда, ҳовлига кирарда, катта бўсағада оловдан айланган, куёвнинг ортидан изма-из босиб айланган ўринларга кулиб-кулиб қарайди. Биров кўрадиям деган хаёлгаям бормай куёвини орқасидан эргашган изларини оёқ учида бир-бир, бирма-бир босиб айланади. Қизиқ ўшандаги излар ҳалиям ўчиб кетмаган экан. Шунча ўтиб қайтиб кўрмаганини қаранг.

Келиннинг кўзига бўсаға бўзаламидан бошқаси, бўлаги кўринмайди. Бўсаға бўзаламаининг ўша келин келганда Жаркўчадан ажралиб ховлига кирадиган йўлакдан кейин, дарвозадан киргандаги келинни оёғига бош берган, бошига кўтарган, елка тутган неча бир йиллик бўзалам, ўша олов айланганда ерга қараганда, бошқача кўринган кафтдакгина келадиган бир парчасини илкис илғаган келинчакнинг ҳам димоғи чоғ бўлиб кетади. Бўзалам янгидан бўзлаётган, бўзланаётганди. Дугоналар топишгандек ўтира солиб ўша бир парча бошқача, бўзаламлардан айрича ўсган, баландроқ, ўсиқроқ кўкални, майсани бошини силаган бўлади. Кўрган кўз келинчак эсдан оғибди, тентак бўлиб қопти демасин деган хаёл келгандан майсанинг орасида йўқ тошу-хасларни битталаб тергандай бўлади. Елкалари узра Энанинг гаплари сирдош дугонадай эргашгани эргашган. Сочларига осилишиб олгандай ҳам. “Хотин — эрнинг жойнамози”. Одам бир вақтлар бўлиб ўтган бирор гапни эслаб, эслаган гапидан ўзи уялиб кетишини ўшанда билган. Қизариб кетган юздаги табассумининг, жилмайишининг чиройлилиги ўзига кўриниб кетиб, ўзидан ўзиям уялиб  кетади.

Табассум таҳоратни бузмаган.

Бир неча кундирки, хотинининг саҳар мардондан махси калишда ташқарига чиқиб кетишидан, ишларини қилиб бўлиб, қайтиб келиб кўзига тик қараб салом бериб икки қўллаб кўришишидан, кун бўйи тандирхонадан, ўчоқ бошидан чиқмаслигидан, итни ялоғини қайта-қайта ювишидан,  уйқудан олдин елкадаги сочни, бўйнига етмаётган сочни қайта-қайта бўйнига ўрамоқчи бўлаётган, калталик қилиб етмаганидан ўролмагач сочини учига қаричини улаб кўксини устига қўяётганидан  хавотирга тушган, дераза ортидан, уй ичидан, пардани сал суриб қараб турган эрнинг ранги-қути ўчади. Бу туришда хотини ўзини ўзи бир нарса қилиб қўймаса гўрга эди. Ўзини бир нарса қилиб қўйган келинчакларни эрини қамаб қўйишларини эшитган, кўрган. Айниқса, хотини ўзини бир нарса қилишдан олдин ёзиб кетган хатлари топилгандан кейин. Кетганнинг йил оши ўтган бўлсаям, терговга фарқи йўқ экан. Тиззаси дераза токчасига тўшалган газетага тегиб кетиб, газетага қўшилиб тушган икки буклоғлик хатга кўзи тушаркан сесканиб кетди. Очиб кўрганди совуқ тер босди. Ёзиқ таниш. Талабаликдан таниш. Бир вақтлардаги ўлдим-куйдимига сув сепган ёзиқлар. Энди бира-тўла жинжай қилади чоғи…  Аввал ўпка оғизга  келиб тиқилди. На бир ютум ҳаво ичкарига киради, на чиқади. Кейин кўз кетди. На кўз кўради, на кўрганини илғайди. Кейин қўл-оёқ бирдан бировникидай ўзи билан ўзи бўлди, қолди. Ўтиришгаям, юришгаям, ютунишгаям ақли етмади…

Худди холини ҳамма кўриб тургандек, улардан бекинаман, панага ўтаман, юраман деб кўрувди, оёқ-оёқдан ўтмади. Ўткизмади. Икки тиззасининг пасти илон сирғалиб тегиб ўтгандай, муз чўртта қирқиб кетгандай бўлди. Қотди, қолди. Бирда Айдаркўлга чўмилишда шундай бўлувди. Икки оёқ орасидан ўтган илонни ўшанда кўргандиям. Ҳозир эса ҳеч нарса кўринмаган бўлсада, қулоқлари остида хавотир вишиллаб наппар уриб ўтгандек. Йўқ, вишиллаб  тургандек. Кетмаётгандек. Кетишни хаёлигаям келтирмаётгандек. Ўнг қўлидаги хатни бир четини чап қўли билан ушламоқчи бўлиб  хатга узанганди, қўлларининг бесўнақайлиги, узундан-узунлигини, чап қўлининг билакдан нарёғини эҳ-е қайерлардан қайрилиб келаётгани, ҳали бери қоғозга етиб келиши гумондай, қўлни ўзи эмас бошқа биров бошқараётгандай икки кўзи бақрайди, қолди. Эсидан ажралаётганини илкис илғади. Қўрқувнинг кучини шунда сезди. Эсини борида ўнг қўлини йиғиштириб олмоқчи бўлганди, бунисиям бесуровдан бесуров бир нарсадек, бировникидек, қўлнинг қайрилиши кераклиги ҳақидаги хабар қўлнинг устида кетаётгандек, хабар сояси милтиллаб қўл учига етиб боргандан кейин бесуровланиб орқага бир қарагандек, қўл букилиб ўзини эплай олмай тоққа бориб урилгандек. Қўлнинг, бармоқларнинг учи тирноғининг тошга қарсиллаб урилиб оғриганиниям билди. Жони ачиб оғриди. Қизиқ. Оғриқ ҳам қолар олди, босилар олди, сўнар олди “энди оғриқниям сезмайсан, бу охирги оғриқ” дегандек бўлдиям, чоғи. Умр узуламан дегандаям. На оёқ, на қўл, на тил, на кўз, на хаёл аввалдан унга тегишли эмаслигига,  бериб қўйилган омонат эканлигига иқрорланди. Туюнди. Кўпи кетиб ози қолгандай туюлди… намози бузилиб, таҳорати синмаган сўпидай серрайди қолди…

 

Дераза ортидаги ҳаёт

Худо меҳрибон бўлди… деразани илкис ва овозсиз очган шамол бетига совуқ урди. Қўйворди. Аввал кўз кўрди. Кейин ёзиқларни ўқишга ақли етди. Хаёли илғади. Кўзи ўтди. Ақли етди. Пўст ташлаган илондай енгил тортди.

Хотини қаердандир кўчириб олган ёзиқ. “Эрта туриб бет-қўлни ювиб эрига икки қўллаб салом берганниям…” Хатни яна бош-оёқ қайта ўқиб, жойига, дераза токчасига тўшалган газета остига қўйганча  бир муддат серрайиб, кейин нимага бундай турганига ўзи ҳайрон бўлди.

Келинчакнинг тош териб ўтириши, икки тиззани ички бетларини бир-бирига  зич теккизиб, қучоқлангандагидек жипс қўштиззани букилган оёқлар бир ёнга, бўксадан юқориси бир ёнга салгина ташланган ўтириши куёв бўлмишни хонумонини куйдириб юборади. Дераза ортидаги ҳаёт кўзига жаз этиб урилади-да, бўз боладек беҳуш қилади қўяди. Ҳовлига ошиқади. Талабаликнинг телбалиги қайтиб келгандек бўлади. Худди келин келганда олов айлангандан кейин келинни азот кўтариб айвонга олиб боргандагидек кўтариб жўнайди. Бу сафар энди шипирги–пипиргиси билан қўшиб. Бу сафар энди айвонгача эмас. Бу сафар  энди нақд ўзларига ажратилган хонагача. Бу сафар энди чимилдиқ тортилган хонагача. Бу сафар энди пардаларни ўзи зич ёпади. Кунни томошадай эмас, байрамдай ўтказишни ўзлари билиб-билмай бошлайдилар. Келин-куёв аввал “ойна кўрсатар” ўйнайдилар, кейин, “келинни қўйнига тухум солар”, хўрози бор товуқни тухумни албатта, кейин “кампир қўрқитар”, кейиндан кейин махси ечар дегандек… махсисини ечолмаган, ечишга қўрқибгина турган келинни кўнглини олиш йўлида “ширин чой” тутиб, “соч сийпатар”дан кейин ҳам махсини ечишга кўндириш осонми… яна тўпиғи устида Эна берган ип боғлоқлиқ оёққа кийилган махсини… Аёлни чиройлисини жандани ичида кўр… Кўр.

Ой ёруғида, эгаси бекасини кўтариб бораётган қўшсояга кўзи тушган итнинг ўтакаси ёрилади. Итлигига бориб нима бўлаётганига ақли етмай шошган Олапар вовуллашиниям, вовулламасиниям, ялтоқланиш ё қочишиниям  билмайди. Бойқадам бўлгилари келиб кетади.   Вов деб қўйса балога қоладигандек, демаса итлиги қаерда қоладигандек. Итлик ҳурмати қаерда қоладигандек. Шунча йил ит бўлиб, ит кунини кўриб бунақасини кўрмаганди. Ҳовлининг у бошидан бу бошига бирда икки оёқлаб ирғиб-ирғиб, бирда тўрт оёқлаб сакраб-сакраб югуради. Тутагандан ичи тутайди. Ёнгандан кўзи ёнади. Итнинг кўзлари ёнганини ҳамма кўради. Фақат икки қўли билан  бетини, йиғлаётган кўзларини ёпиб олган, куёв қўлида кўтариб борилаётган келинчак кўрмайди. Итнинг ҳансирашидан кўзини ёнганини кўрганлардан зиёд кўргандай бўлади. Қўлларини бетидан олишга уялади. Ҳовлидаги дарахт шохларини қўноқ қилган бир гала товуқнинг ўртасига кириб олган хўроз бошлиқ мокиёнлару, қишлоқнинг хўрозли катаклардаги   кун ёришмаса кўзи кўрмайдиган, шабкўр товуқлар Олапарнинг ўпкаси оғзига тиқилган югур-югуридан бесаранжом бўлиб ғурт-ғуртлашади. Хўрозсиз катакларнинг дами чиқмайди. Қўшнини хўрозидан бўлсаям дон еб юрган товуқларнинг овози дадил чиқади. Қишлоқнинг тили узунлари Боғдагулнинг “Махсилик келин” отини олганидан энсалари қотади: — Нима биза махси киймай нима кийган эканмиз, деганча ғуртиллашади…

 

Боғда гуллар орасида

Ер энди кўкланаётганди…

Девонателпакка бир вақтлар беҳиштда беғам, беташвиш Одам тилаб олган тумори Ҳавонинг гули гулшан орасида, боғда гуллар орасида қувалаб, боғдаги гуллар билан адаштириб қўйиб,  бетма-бет бўлишганда қўли қўлига тегиш билан янада юқорига кўтарилишган, ўзларига аён бўлмаган куч уларни янада баландга сокин шиддат билан ирғитган, ўйнатган, қувнагандаги қўл ушлашган одамзоднинг кулгуларининг жаранги, бутоқлар ирингандаги шивири, ҳали гулчангини ҳеч ким эммаган бокира ғунчалар шамолга илакишиб чалган қўнғироғи, майсалар қўшқарсаги, паққос очилган гулларнинг чатишгандан бериги хушу-хурсанд ҳайқириғи  эшитилиб кетганидан тентирайди, довдирайди, нафас олишда кўзига бошқа жой, нафас чиқаришда бир бошқа жой кўринаётганидан… саждага боради…

Беланчак осган ой оғзининг бир чеккаси билан кулибгина қўяди. Ой беланчаги Ойқорнинг ой суратлиқ минг-минг йиллик қори билан тенг турганидан қўшбеланчакдек кўринади…

Жаркўчанинг димоғи чоғ, хурсандчилиги ҳеч бир ерга сиғмайди. Бир қўлида папалаб тозаланган бир тугун юнгни кўтарган, бир қўлида қайнонаси ювуқсизнинг кўзи тушмасин деб бир парча сурпга ўраб берган урчуқни тўғри кўтардимми, чаппа кўтардимми деган ўйда қайта-қайта урчуқ бошини кўкрагига босиб-босиб текшириб бораётган келиннинг йўлига чиққанларни путини осмондан келтиришдан тоймайди. Тановорли махси-ковуш  изларини янги изчалар босганигача, қаватида пилдирашиб из қолдиришларигача асраб қўйишига ўзи-ўзи сўз беради. Қўйнига яширади…кўкайига беркитади…ювуқсизлар назари ҳеч қачон тушмайдиган кўнглига кўмибгина қўяди…

Жаркўча елкасини босиб ўтган ҳар бир изнинг дарду дунёсини билади. Яхшисиниям, ёмониниям. Қизалоқлигида, етишмовчиликдан қизалоғи отасига мўлтираб айтолмай, отаси қизига мустариб дами ичида ироқи дўппига етишолмай ўтиб кетган болалагини эслаб, қўмсаб, ўксиниб болалари бир-бирини қўлини ушлаганча етаклашиб, қизларининг бошидаги ироқи дўппиларга қараб-қараб, атрофида бир нарса ғилтиллаб айланган кўзини болаларидан яширибгина эргаштириб, етаклаб, бети кулсада ичи тўкилиб бораётган, ота уйига меҳмонга келаётган хотинларнинг хаёлинигина кўтара олмайди. Ўзини оёқлар остига таппа ташлайди.

 

Дераза ортидаги юлдузлар

Қадим ва сокин эски таниш қорашом энади. Оқшомга ҳали бор. Юлдузлар сирларимни айтсамми, айтмасами деб икки ўйда турган дугоналардек туюлади. Юлдузлар кўзидаги ёшда юлдуз кўринадими, ўзиникидами айрит қилолмайди. Хаёли хаёлига гап қўшдими,  эригами униям билмайди: туннинг қоронғусини чиройлилигини қаранг. Боя Ойқорга салом берувди. Тоғ саломига жавоб қайтаргандай, жавобни илғагандай бўлганидан сесканиб кетди. Боя шамол тоққа қараб эсаётганди, энди тоғдан эсаяпти. Шамол тоғдан эсганда яхши бўларди, деб ўшанда хаёлидан ўтказганди-я. Дарров қайтиб келипти. Тоғ томон бир бориб келган таниш шамол рўмолидан чиқиб пешонасига тушган сочини ўйнаб эрининг бет-у кўзига урганидан, эрнинг икки қўли бандлигидан бир тутам сочни тишлаб олганиданми, иссиқ нафаслар учрашганиданми ичи ёришиб кетди.  Кўз ўнгидан Олапарнинг хурсандлигидан ҳаллослаб, оғзи очилиб, бир  қарич бўлиб чиқиб, ақли шошганидан йиғиштиролмай қолган тили, чақнагандан чақнаган кўзлари ўтади. Ҳали мағзини чақа олмаган бўлсада икки елкасида Энанинг гаплари: итнинг нияти ҳамиша яхши. Ит эгамнинг боласи кўп бўлсин, бири бўлмаса бири нон опчиқиб беради, қанча кўп бўлса шунча яхши, қўлларидан нон олиб ейман дер экан… эгарни қошига қараб қўтир итини сизлашга қолган кунни кўрсатмасин…

Таниш-нотаниш, катта-кичик юлдузлар дераза ортида тизилишганча мўралашади. Зуҳро бир тароқ ўзини, бир тароқ дугоналарини сочини тарайди. Бетма-бет тикка турғизиб қўйганча Ойни ойна қилиб олган бўлади. Юрагида вужури бор дугоналардан биронтаси бирон узоқроқ жойга тушади, чоғи. Муштарий ўша-ўша: хат-қалам юритади. Элни оғзидан эшитганини бир бўлак, кўрганини бир бошқа, ўзидан қўшганни бир қўш. Эгизаклар бежағимлигини қўймайди. Қулоғига гап кирмайди. Минг гапирганинг билан бунисидан кириб бунисидан чиқиб кетади. Бир-бири билан итолиш ўйнагани-ўйнаган. Кундузлариям бир кўзлари деразада. Хабар кутиб, хабар пойлаб. Юлдузлар ҳамма балони  билади. Уларни бир жойда туради деб ўйламанг тағин.

Ойқор келинчакдек бош-оёқ оққа ўранган, энг чиройли канизакларини ияртиб томошага чиққан бўлади. Бўй етган бўй етган қизларнинг энг даҳшати, энг чиройлиси дугоналаридан  бир қадам олдинда юргандай юради. Сузилмайман десаям ўзидан ўзи сузилиб кетаётгандай. Сузилмайман десаям сузилиб кетаверадиган чиройли қизларгаям қийинлигини ой қаердан билсин.

Ер энди кўкланганди… кўкланади… бор бўйига бўзалам тортади… тоғ-у тош, қир-у ўр, тўр-у гўр демай бўз аламини тортади… Вақту соат шошмайгина, буюрилганидай, йўриғидан адашмай мол араламайдиган, одам оёғи ойда йилда бир тегадиган бироқ, борар жойлари бўлмиш Ўсмат ота қаватидаги пасту-баландларнинг чаккаларига чечаклар тақади. Бу сафар бойчечакларни укам ва икки жўрам билан бирга кўрганман. Чечаклар бизни, биз чечакларни кўрганимиздан хурсанд бўламиз. Жўраларим таниш бойчечаклар энсаларини қитиғлаб қўйишади. Лекин, юлмаганмиз. Энамга бойчечак келганини айтишим керак. Ўтган йили айтганимда “ҳар бандасини гул вақтиям ғанимат” деб Каттасойга қарагандилар… Бу йил нима деркинлар?

             Тошкент. 2019 йил, 14 март 

                                                 

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари, Ўзбек насри, Янгиликлар, Ҳикоя

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ