"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Вафо Файзуллоҳ: “Навоий олдига қандай бораман…”

Ўқилди: 51

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси шеърият кенгаши маърузаларидан:

“НАВОИЙ ОЛДИГА ҚАНДАЙ БОРАМАН…”

(2018 йил шеърияти талқини)

Сўзимни ёш шоир Жонтемирнинг бир шеъри билан бошламоқчиман:
Сўз излайман бардошдан улкан,
Сўз излайман тасаввурдан кенг.
Тегмайдиган бирор кўнгилга,
Энг оғриқли, энг покиза, энг…
Гўдак кулгусидек жарангдор,
Ғарқ пишган узумдек бир шингил.
Пикассо суратидек рангдор,
Тамаки дудидек енгил.
Қайғудан минг карра қайғули,
Тутқун эр бўғзидаги эрк.
Даҳшатга солувчи оҳуни,
Оч арслоннинг бўкириғидек
Сўз излайман.
Сўз… (“Ёшлик” 1- сон, 32 б.)

Бу шеър билан баҳслашиш, баъзи ўринларига қўшилмаслик мумкин. Бироқ изланаётган сўзнинг тасаввурдан кенг бўлиш орзуси шеърга таърифдай сергак торттиради ва бундан ярим аср олдинги Абдулла Ориповнинг “Шеър излайман бугун Тошкент кўчаларидан” сатрини ё бўлмаса Рауф Парфининг “Бир сўз бор…” шеърини беихтиёр эсга солади. Зеро, уларда ҳам эътибор излашга-изланишга қаратилган. Ўзбек шеърияти бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолмаган. Шунинг учун ҳам 2018 йилда эълон қилинган (эҳтимол, анча олдин ёзилгандир) шеърлар билан танишган ўқувчи Колумбнинг ҳолатига тушади, дейиш қийин. Шеъриятимиз давомий ва айни ҳолда янги. Мен жиндак таскин билан ҳозирги замон ўзбек шеърияти дунёдаги энг илғор шеъриятлардан бири бўлса ажаб эмас деган фикрдаман. Бунинг биринчи сабаби бой тарихий адабий тажрибага меросхўрмиз. У минг йиллик мактабга эга аруз, қолган учдан иккиси бармоқ вазнида ва эркин шеърда ўзини ифодалаётир. Бу вазнларнинг мозийи ҳам аруздагидан кам эмас.

Унинг иккинчи ўзига хослиги айрича фикрлаш тарзи ва шунга яраша янгроқлигидир. Янги шеърнинг бир қаноти изланиш, иккинчиси иқтидорнинг ўзига хослиги. Шу маънода мен имконим қадар танишган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” журналлари, “Китоб дунёси”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Адабиёт” газеталарида аввал ёшларнинг чиқишлари борасида тўхталсам. Шулар орасида Гулрух Худоёрова, Бобур Элмурод, Шерзод Комил Халил, Мирзоҳид Музаффар, Кумуш Абдусаломова, Қандилат Юсупова,Талант Бек, Жалолиддин Бадалов, Шоҳсанам Нишонова, Олимжон Суяров, Гўзал Рўзиева, Меҳриноз Аббосова, Мадина Норчаева, Хуршид Абдурашид, Жонтемир, Гўзалой Солиҳ қизи, Дилноза Абдуҳамидова, Зумрад Машарипова, Насрулло, Асрорбек Солижонов, Нормуҳаммад Абдузоиров, Муниса Аъзамова, Рафтор Мансур, Азамат Худойберган, Мансур Жумаев, Ҳусан Мақсудларнинг ўз дунёси, сўзни ўзгача кўришлари шеърхонни бефарқ қолдирмайди.

Кумуш Абдусаломова шеърлари реал, ҳатто айрим ўринлари жуда оддий туюлади, аммо унда тадриж бор ва сатрларнинг қаеридадир ўзгача фикр портлайди. Мисол учун унинг “Ахтам девона”си шундай тугайди:

Ахтам девонанинг, Ахтам жиннининг
Таниши йўқ эди… Худодан бошқа! (“Ёшлик” , 2- сон, 54 б.)

Кумушнинг ҳаётдан топганлари янги ва маълум бир хулоса беради. Қолаверса, бу ёш шоирада басират кўзи борлигидан дарак беради.

Шоирлик кутилмаган тарзда ниманидир инкор этиб, ниманингдир бошқа томонига эътибор қаратишдир. Шоҳсанам Нишонованинг муваффақиятли бир жиҳат шу:

Мен тоғни тоғ десам бир қара,
Кўкси тўла муз-қорлигини.
Осмон, қайдан билай мен сенда,
Осмон қадар дард борлигини. (“Ёшлик” , 4- сон, 51 б.)

Ўтган йилда Мирзоҳид Музаффар шоир ва таржимон сифатида вақтли нашрларда кўп кўринди. Бу 19 ёшли йигитча туйғуларини модернча ифодалашга ҳаракат қилади. Унинг “Тонгларни ичади чанқаган руҳим” доирасида “Мени олиб кетди шоирқалб Ёмғир”ини ўқиб, Мирзоҳиднинг яхши ва янги шеърлари ҳали олдинда эканига ишонасиз.

Ҳозир Ватан мадҳида нимадир дейишни шеър деб тушунадиганлар “армияси” пайдо бўлаёзди. Бунга таҳририятлар ҳам яхшигина ҳисса қўшишди. Шунинг учун бу сохта ватанпарварликни дўндириб, икки-уч “китобча”си билан шоирликни даъво қиладиганлар анча-мунча топилади. Лекин бу ёзмаларнинг шеъриятга ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Ҳарқалай, ватан ҳақида истеъдодли ёшларнинг юракдан чиққан оҳорли шеърлари ҳам йўқ эмас. Шундайлардан бири Гулрух Худоёрованинг “Отанг ҳар кун намоз ўқиган, белбоғингнинг тўрт ёғи Ватан” мисраларини биз ҳам миллий, ҳам бадиий топилма сифатида қабул қилдик.

Шеърдаги янгиланиш қарашнинг янгиланишидан бошланади. Мен Меҳриноз Аббосованинг 4 – 5 йил олдин “Шарқ юлдузи”да эълон қилинган бир шеърида ўша ўзбекона қарашнинг янги ҳовурини кўриб қувонганман, ундан мумтоз тушунчаларимиз алангаси ловуллаб турган. Эндиги Меҳрноз назаримда ўзини бир қолипга солиб олгандай нимани ёзишни билади ва шунга мослаб янги фикр, ифода топишга уринаётгандай…: “Туғилдиму тақдирландим улуғ Ўзбекистон билан…”

Ёш шоир Жонтемир 2018 йилнинг кашфи. Шу йили унинг шеърлари адабий нашрларимизнинг барида кўринди, “Дарвеш қўшиғи” деган биринчи китоби ёруғликка чиқди ва шеъриятимизга яна бир умидли ёш шоир кириб келганидан дарак берди. Шоирликнинг биринчи ўзига хос белгиси сўз шоир талқинида янги маъно туғади. Унинг “Башорат” шеърида шуни кузатамиз.

“СЕН”дейман уни,
“СИЗ” дейди у майин товушда.
Ва биламанки бир куни,
Бу икки сўз қовушгай.
Шунда мени бурдалаб ташлар
“СЕНСИЗ” деган улкан аждаҳо…

Сўзлар қўшилди, янги сўз ва янги маъно пайдо бўлди. Парадокс: қўшилишдан айрилиш. Мумтоз шеъриятимизда ҳам кўпинча ҳар бир мисрада ана шу зиддиятнинг ёнма-ёнлиги янгиликни таъминлайди, санъатнинг кўзини очади.

Жонтемирнинг шеърларидаги бошқа бир жиҳат қотган тушунчалар қай даражададир янгиланади, маъноси чуқурлаштирилади, гоҳида эса шу пайтгача эътибор қаратилмаган тараф манзараси туман ичидан олиб чиқилади.

Муҳаббат бу аслида қимор,
Десам, кимлар йиғлади… Кулди.
Мендан олдин висолингни, ёр,
Ўзга ютиб олмаса бўлди. (“Сенинг қалбинг…”)
Ёмғирга чайилган ҳаводан
Тўйиб-тўйиб нафас олар чанг. (“Кун ботди”)

Мен Жонтемирнинг “Қачондир” шеърини “Қиёматда” деб ҳам атаса бўларкан, деб ўйладим. У кўп мутолаа қилаётгани, бу унинг ёзганларига юқаётгани ва қувват бераётгани сезилади. Дейлик у ёзади: “Аё Ҳақ деб минг Мажнун, Тарқаб кетар саросар”. Рауф Парфи эса бир шеърида “Қирқ Мажнуннинг бири мен”, деб ёзган. Ёки унинг“Муштдек изидан отнинг
Етмиш минг шаҳид нишлар”и шунга яқин маънодаги ҳадису шарифни;

“Худо билан юзма-юз Туриб сўзлашгай одам”и Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларга билдирган хушхабарнинг шеърий бир кўриниши. Албатта, ҳақиқий шеър шундай улуғ маънавият чашмаларидан ташналигини қондирмасдан, камолотга етиши душвор. Бироқ унинг айрим шеърларида Машраб, Румий, Юнус Эмро, Есенин ва Лорканинг шеърий оҳанглари таъсири керагидан ортиқроқ.

Таъсирларсиз ҳеч бир ижодн кўз очиши мумкин эмас. Муҳими, келгусида ўша таъсирлар доирасида қолиб кетмаслик. Мен ёш шоирларнинг биринчи китобчалари ичида ушбу йилда нашр этилган Шаҳноза Назарованинг “Оҳанг” китобини ҳам жиддий тўплам сифатида алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Шеъриятимизнинг тўрт-беш оқим, йўналишларга хос адабий харитасига баҳоли қудрат кўз ташлаймиз.

2018 йилда ҳам ўзбек шеърхони бошига оғир мусибат тушди. Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди. Бу улуғ истеъдодни шоирлик саодати сўнгги кунларигача тарк қилмади. Бунга унинг “Шарқ юлдузи” журналининг 2018 йил 6 сонида босилган шеърлари ва унда биринчи бор ўқиганимиз “Шукр” шеъри ҳам далолат қилади.

Бир аёлман бахт туйган, гоҳо бахтидан куйган,
Салтанатим, саройим, султоним ўзим билан.

Унинг шунга ўхшаш юзлаб улуғ оқинга хос бахшиёна, ҳақгўй, меҳр-муҳаббатли шеърлари буюк онанинг бизга, бутун туркийгўйларга қолдирган тафти совимас ёниқ васиятидир.

Ўтган йили Ўзбекистон халқ шоири, улуғ таржимонимиз Жамол Камол 80 ёшни қаршилади. Шоирнинг “Шарқ юлдузи” журналининг 9 сонида эълон қилинган туркуми, айниқса, “Улуғбек”, “Шеърият” номли шеърлари бугун шеърчилигимизнинг энг яхши намуналаридан. Жамол Камол мумтоз шеъриятимиз вазни арузда ҳам самарали ижод қилмоқда. Унинг ҳозирги арузчилардан бир фарқи ғазалларидаги бугуннинг нафаси, илҳомнинг мавжи шеърхонга тез таъсир қилади.

Оқсоқоллиги ёзганларидан сезилмайдиган таниқли шоир, олим, таржимон, 75 ёшдан ҳатлаб ўтган Абдулла Шернинг 2018 йилда янги шеърлардан иборат “Чайқалган қайиқларда” китоби “Шарқ” нашриётида чоп этилди. Адабий нашрларда ҳам янги туркумларини ўқидик. Бу шеърларнинг икки жиҳати диққатга молик. Абдулла аканинг ҳислари навқирон ва топган деталлари ўқувчини оддий ҳолатдан чиқаради. “Қиш” туркуми бунинг далили. Кейин шоирнинг талабчанлиги ва ўзидан шу ёшда ҳам қониқмаслиги ибратлидир.

Қор тилаб баҳордан, гул сўраб қишдан,
Фаслини унутган бир оввораман.
Айтинг нима қилдим, ошиб етмишдан,
Навоий олдига қандай бораман. (“ЎзАС” №51)

Фалонча анъанавий йўлда ёзади, деган бир писанда бор. Бу аслида бадиий анъананинг даражасини билмасликдан. Зеро, анъана фақат эргашиш эмас, балки мумтоз бир ҳолатда адабиётда қабул қилинган низомга етиш, ўшанинг ўлчами ва талабидан чиқмай кашфиёт қилишдир. Бир сўз билан айтганда, санъати билан ўқувчини лол этадиган маҳорат мактабига мансубликдир. У устозлар билан ижодий беллашиш ҳам. Минг йиллик анъаналарга эргашиб, ўша мумтоз уфқларни кўзлаб, маълум бир натижаларга эришилган шеърлар 2018 жавонида ҳам талайгина.

Реал ҳаёт билан уйқаш ёзадиган шоирларимиздан Абдусаид Кўчимовнинг кейинги шеърларида тарбиявий аҳамиятга молик ҳикматгўйликка интилиш ёрқин кўзга ташланади. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Онамнинг кулчалари”да миллий руҳ кучли, “Онамга ўтинларим”( бироз чўзилган бўлса ҳам)нинг реалистик ифодаси, ҳикматнинг чўнглиги ўқувчи қалбини алғов-далғов қилади. Шу йил ёзувчи сифатида бир қисса ва роман эълон қилган Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ўзига хос дилбар шеърлари билан омманинг қалбини забт этган. Унинг шоирона енгил ҳажви бугунги шеърларининг янги қирраси дейиш мумкин. Аммо ундаги самимият ҳамон ҳаммасидан ўтади. Дейлик “Қиёфалар” шеърини охирги икки мисрасигача одатий ўқиб борамиз ва шу жойда у чин, юрак шоирлигини бирдан намоён этади:

Онамнинг ўхшашин топмадим асло,
Оламда онамдек инсон кўрмадим.

Анъанавий шеъриятимизнинг хос вакилларидан Салим Ашурнинг ўтган йилги янги туркумлари ҳамишагидек руҳи енгил ва рангин. Халқона ташбеҳлари эса оҳорли.

Бугун шанба, эрта – якшанба,
Пичан чайнар шамол – кўк отим.
Кулбанинг бир кунжида нондай
Синиб ётар бўрон – қанотим. (“Бугун шанба…” “Ёшлик” 9- сон 12 б.)

Рустам Мусурмон ҳамон ўзининг халқ достонлари оҳанги ва образлаш тарзига яқин кўлвор овози ва ифодалаш услубига содиқ. Унинг “Ишончнинг қаноти – орзу ва хаёл” туркуми ушбу шаклланган услубидаги янги намуналар. Қиш оқшоми мавзуида юзлаб шеърлар ёзилган. Рустамники эса ўзбекона деталлари, айни шоирнинг ўзига хос ташбеҳлари билан шеърхоннинг тасаввурини кенгайтиради.

Қаттиқ кишнаяпти аёз – оппоқ от,
Ялтирайди сувнинг биллур ковуши.
Шамол жон ҳолатда қоқмоқда қанот,
Эшитилар қорнинг оёқ товуши. ( “Шарқ юлдузи” 1- сон 15 б.)

Шу тўрт сатрдаги тўрт эврилишни ташбеҳлар ўз зиммасига олади. Қиёслардан теварак жонланади. Бу шеърдан “Алпомиш” достонини севган ва бунақа тафаккур ва мушоҳадага кўникма ҳосил қилган ўқувчи бир бошқача сурурланади. Рустам ривожлантираётган миллий фикр тарзи, образлар ҳалқаси бошқа халқлар шеъриятида учрамайди. Шунинг учун ҳам кўнглимизнинг очқичи сифатида у жаҳон халқларини, миллатнинг фикрий ўзига хослиги сифатида қизиқтириши шубҳасиз. Шунга яраша таржима қилинса, албатта.

Сўз, шеър – туркий шеъриятда Яссавийлардан бошлаб Ҳақни таниш воситаси, комилликни гўзал бир тарзда ифодалаш имкони бўлгани учун ҳам қадрланади. Шеърий ҳикматлар Қуръони карим оятлари, ҳадису шарифлар маъносининг таъсирли ва қайноқ ёмбилари бўлиб хотирада нақшланган. Аммо бу ўзан собиқ совет даврида кўмиб ташланди. Шеъриятга алоқасиз дидактика, насиҳатбозлик деб паст назар билан қаралди. Аслида туркий шеърият мулкининг соҳибқирони ҳазрат Навоий шеърнинг улуғи маъвизатомуз бўлишини “Бадойи ул бидоя” дебочасида алоҳида таъкидлайдилар. Мустақиллик арафасида бу мактабга қайтадан асос солинди. Умуман, эътиқод эркинлигига етган собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги барча халқлар шеъриятларида шундай иймоний уйғонишни кузатиш мумкин. Жумладан, рус шеъриятининг ўзида ҳам.

Ўтган йилги шеърият хирмонида бу йўсинда кўз очган шеърлар алоҳида ёғдуланиб турибди. Уларда насиҳат оҳанги йўқ эмас. Аммо аввало шеър сифатида руҳиятимизга ёриб киради, ирфони билан кўнглимизни чарағон қилади. Ботиннинг тадқиқи бўлиб онгу шууримизни, амалимизни сарҳисобга ундайди. Афоризмларга ҳамиша эҳтиёж бор. Бу борада эса Шарқ, мусулмон шеъриятининг олдига тушадигани йўқ. Бугун ҳам бу йўлда иқтидор шиддати, иймон талаби билан қалам тебратаётганлар ичида Йўлдош Эшбек, Мирзо Кенжабек, Шукур Қурбон, Эшқобил Шукур, Муҳтарама Улуғова, Беҳзод Фазлиддин, Дилфуза Комилларнинг нашрларни зийнатлаган шеърлари бу йўналишнинг энг яхши намуналаридандир. Уларнинг руҳи юксак, ифодаси нафис. Мисол учун таниқли шоир Мирзо Кенжабекнинг “Имом Бухорий зиёратида”, “Устоз бўлмаса”, “Қуръон ўқи” шеърларидаги устувор руҳ, баланд шавқ ва оҳанг, вазмин ташбеҳлар уйғунлиги маънавий сабоқлар беради.

Қуръон нурдир, замирингни ёритгайдир,
Раҳмат, шифо: дардларингни аритгайдир,
Раббим Аллоҳ Ўзин гўзал танитгайдир,
Умрим ирфон бўлсин десанг, Қуръон ўқи. (“Ёшлик” 4- сон, 11 б.)

Фикр шеърияти, модерн шеър, сарбаст, мансур шеърлар деган атамалар қулоғимизга чалинганига ҳам ўттиз йилдан кам бўлмади. Аслида бу шеър шаклларига Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпонлар ўтган аср бошида асос солишган. Миртемирнинг сочмалари, Асқад Мухторнинг интеллектуал шеърияти бу йўлда алоҳида ёрқин саҳифалар ҳисобланади. Рауф Парфи бу йўналишни ўзига хос такомилга етказди. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида шеъриятга кирганларнинг ижодида ҳам бу оқимнинг гўзал намуналари учрайди.

Бугунги модернчи, постмодернчи шоирлар назмимизни яна ҳам рангинлаштираяпти, дейишга асосимиз етарли. Фикримни бошқаларнинг эътирофи билан бошласам. 2010 йил Москвада чоп этилган “Анор” – “Гранат” Ўзбекистон шеърияти анталогияси билан танишган рус шоир дўстим Владислав Целиёв “Ўзбек модерн шеърияти бизникига қараганда чуқурроқ экан”, дея китобдага айрим шеърларни ўзи учун ёзиб олган эди.

2018 йилга қайтайлик. Бу йўлда жиддий изланишлар олиб бориб, тобора ўзини топишга интилаётган Гўзал Бегимнинг янги шеърлардан иборат “Ёки” китоби нашрдан чиқди. Шу ўринда “Ёки”нинг муҳаррири шоира Ойдиннисонинг фикри характерли. “Гўзал Бегим анча-мунча нозик саналган дил билан ҳам илғаш мушкул бўлган энг нозик ҳисларни туйиб, уларни қоғозга тушургунча яна-да нозиклаштиришни хуш кўради”. Биз бу фикрларга шуни қўшимча қилишимиз мумкинки, унинг сарбаст шеърларини оҳанг бошқаради.

Ёки чумчуқ
ёки чумчуқ овозига монанд бир фасл
ёки томчидаги учқур ҳаракат
ёки ёмғирга тушаётган аёлнинг акси
ёки учиб кетаётган сўзлар.

Қизиғи, такрорланаётган сўз, такрорсиз ташбеҳни ортидан эргаштиради, унинг кутилмагани шеърхонни асир этади, ана шу ташбеҳ ҳаракатида фикр кўз очади. Фикрнинг бўртиб кўзга ташланмаслиги, унинг ҳисга уйғунлиги ташқи манзарадан ботиний чизгига бошлаб кетади. Реаллик идеални ўйлашга туртки беради.

Гўзалнинг бу йўсиндаги шеърлари аввало борлиқдан, жамиятдаги воқеалардан кўз очади. Уларнинг маънавий манзиллари бор. Мисол учун “Қабристонда” деган шеъри хотирани уйғотувчан. Шеърда бир ташқи ишора бўлмаса-да, беихтиёр шахсан мен “Минор” қабристонида қўшни ётган шоирларимиз Рауф Парфи билан Усмон Қўчқорни ўйлаб кетдим.

чайқалади ичимда аччиқ
қалампир суркалган бир юрак
дунё тутунларни шопириб
шеър ичади шоир қабридан
кузги шоир қабрига қўшни
шоир қабридан
дунё хотирлайди туғилган кунни (“Китоб дунёси” 21- сон 4 с.)

Маълум бўладики бу шеър ўлим ҳақида эмас, туғилиш, барҳаётлик ҳақида экан.

Фикр шеъриятининг яна бир вакили Даврон Ражабда куй ва ранг ташбеҳлари, Турсун Алида реал манзараларнинг эркин ва самимий баёни (“Бир тароват ила кечар тоғларда ёз” туркуми, “Ёшлик” 8- сон) бўртиб кўзга ташланади. Тиниб-тинчимас, изланувчан шоир Турсун Алининг бугунги шеърларига ҳаммадан кўра ўзининг мана бу сатрлари холис баҳо, холис фикрдир:

Баъзан зерикаман ўзимдан,
Йўқотиб қўяман ўзимни.
Кимдир кузатгандай изимдан
Ҳавога сочаман сўзимни. (“ЎзАС”20- сон)

Эътибор берган бўлсангиз, бу ажиб тўртлик бармоқ вазнида кўз очган. Демак, худди шундай Даврон Ражаб ва Гўзал Бегимнинг анча-мунча шеърлари уларнинг бу йўналишда ҳам ўзига хос тажриба ва маҳорат эгаси эканликларини кўрсатади. Бу эса шаклий ифодалар шоир учун нисбийлигига далилдир.

Сарбастчилар орасида шоир Шермурод Субҳоннинг ўз ўрни бор. Оддий ўқувчи унинг ёзганларига бир кўз ташласа ҳеч нарса тополмаслиги, ҳатто тушунмай талмовсираб қолиши мумкин. Аслида мўъжаз ёмғир томчисидек сезиларсиз ўқиладиган бу шеърларда ҳамиша янги нимадир шеърхонга тақдим этилади.

тонг отгач не тонг
отланамиз кўча-кўй
юмуш ортидан
шом тушгач
тушамиз
ҳовур отидан

Бу шеър анъанавий ва ноанъанавий фикр, ташбеҳ қурилишидан тикланган. Гоҳида унинг мўъжаз шеъри шу қадар кескин янграб, топқирлиги кўзимизни очади.

тонгга етиб бўлмас
на юриб
на-да югуриб
тонг меҳмондир
кутилгай холос (“Китоб дунёси” 12- сон 6 с.)

Шоир Барнобек Эшпўлатов вақтли матбуотда жуда кам кўринади. Ёзганлари эса шакл ва маънога энг эркин, энг эрка ёндашиш дейиш мумкин. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Барнобекнинг шеърлари ўзбек шеъриятида ҳеч кимникига ўхшамас бир мақомга етгандир. Унинг бир туркум шеърларини “Китоб дунёси” газетига тақдим этган шоир Турсун Али Барнобек шеър қоралаши ва унинг устида ишлаши ҳақида ўринли тўхталибди. Мана унинг икки шеъри.

Ҳадемай баҳор келадир,
Қизалоқлар,
Кутинг кечгача,
Бир қоп Эртак тутиб келадирман
Кўлдан музларни ёриб.

Тасаввурнинг гўзаллигини. Иккинчи шеър эса дағаллиги даражасида фалсафий ҳам:

Ҳаёт нима ўзи?
Мактаб,
Дорилфунунда думин тутқазмай,
Жавобини умр бўйи излашга ундаган
Уйга вазифа, холос. (“Китоб дунёси” 2- сон 6 с.)

Модерн йўналишдаги бундай эркин, оҳангни фикр босиб кетган, қофиясиз, ҳаётни ҳикоядай тасвирлаш услуби қадимий туркий тош битикларга ҳам хос. Биз эса уни япон учлик ва бешликлари, ёки француз верлибрлари таъсирида шеъримизга кириб келди ҳам дедик. Балки бу мулоҳаза учун ҳам асослар етарлидир. Энди эса мустаҳкам бир йўлга тушган модернистик изланишлар кўпроқ ўзимизнинг адабий манбаларимиздан сув ичаётганига дуч келаётирмиз. Буни Фахриёр ижодида ҳам кузатиш мумкин. Шоирнинг “Яна битта қабирғамни…” деб бошлангувчи шеъри висол ва ҳижрон ҳақида. Аммо орадаги тўсиқларнинг детали ёхуд воқеаси сифатида ўзбек халқ эртакларидаги ёлмоғизнинг баҳодирнинг йўлига ташлаган ҳийла қуролларидан рамзан ўринли фойдаланадики, дарё – ойна, ўрмон – тароқ, ва ҳоказолар бу шеъриятнинг янги бир олами бўлиб тасаввурга куч беради. Айниқса, унинг миллийлиги абсурдга эмас, тиниқ моҳиятга хизмат қилади. Шунинг учун модерн шеъриятга ҳам бегана, бизга ёт деб қарамаслик керак. Аслида ҳар қандай шеърий шакллар маънога қафас ё панжара бўлмаслиги керак.

Биз ўтган асрнинг 90 йилларидан бошлаб хориждаги замонавий ўзбек адабиёти вакилларини таништиришни бошланган эдик. Негадир кейинги йилларда бу тамоман унутилди. “Китоб дунёси” бултур ўтган аср охирларида ўз овози билан шеъриятимизга кириб келган, ҳозирда хорижда бўлган Фарҳод Арзиев, Хайруллолар ижодидан намуналар берди. Адабиётшунос Баҳодир Карим таништирган туркманистонлик ўзбек шоири Абдувоҳид Муҳаммад Сайид ижоди ҳам биз учун янгилик бўлди. Умуман, дунё адабиётини бизга, бизнинг миллий адабиётни дунёга таништиришда адабий нашрларимиз ичида “Китоб дунёси”нинг фаоллигини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Ҳар бир шеър ёруғ оғриқдир. У қанчалик кўпнинг дарди-севинчи бўлса, шунчалик тош босади. Ижтимоийлик билан шахсий дард ўртасида Хитой девори йўқ. Ижтимоий дард, муаммо аслида шахсийдан шахсий бўлиб кўз очади. Шахсий турмушда кўз очган чинлик бир куни ижтимоий аҳамият касб этади. Яхши шеър шакл ва маънода шоирнинг ўзини ҳам, ўзга ижодкорларни ҳам такрорламайди. Мен 2018 йилнинг энг яхши шеърлари сифатида Ғулом Мирзо, Нодира Афоқова, Машъал Хушвақт, Мирзо Кенжабек, Ҳалима Аҳмедова, Йўлдош Эшбек шеърларини айтган бўлар эдим.

Ғулом Мирзонинг ҳар бир шеъри ўз шакли, ғояси, ифодаси, образлаш тарзи билан кўз очади. Уларни шунинг учун ҳам бир-бирига солиштира олмайсиз. Ғуломнинг куйинишлари самимий. Назаримда, у ҳар бир шеърига шаклни, мавзуга ҳамоҳанг муҳитдан олади. Маҳаллийчилик ва худбинликдан ўртанган қуйидаги шеъри анаъанавий йўсинда кўз очган, зеро, бу элга мурожаат экан, халқона оҳанглар ўртада кўприк бўла олиши шубҳасиз:

Оҳ, биримиз Амир Темур чевараси,
воҳ, биримиз Мирзо Бобур невараси,
борми ўзи орамизда бегонаси –
фурсат қачон етгай бундай сўроқларга.

“Ниқоб театри” энди модерн йўналишида қолипга тушган бўлиб, уни Самуэль Беккетнинг драмасидай ўқишимиз керак бўлади. “Телефонсизликда” эса бугунги Ер юзи одамининг тимсоли:

Қўл телефондан
воз кечдим, гўё –
мендан кечган каби
бу дунё.

Менга эса унинг “Мумкинми”си ҳаммасидан кўра теранроқ туюлди:
Мумкинми ўзимга етмоғим?
Курашиб, енгмоғим ўзимни?
Осонми ўзимдан ўтмоғим?
Йўлингга тушмоғим Ўзингнинг?
Мумкинми, осонми, душворми?
Мен учун ўзга бир йўл борми!? (“Шарқ юлдузи”, 1- сон 61 б.)

Нодира Афоқованинг шеърларидаги устувор руҳ аввало ўзига ром этади. Мисраларида чўғдай товланадиган сўзларнинг фасоҳати у мумтоз шеъриятимизни олима сифатида ҳам теран тушунишидан бўлса керак, деб ўйладим. Аммо ҳаммасидан ҳам унинг шафқатсиз реализими, лирик кечинмаси, ўзига тенг бир шитобли оҳангда сел қилиб юракка киради. Унда бир ҳикоя сюжети жамулжам эса-да, бундай шеърларни ўйлаб ёзиб бўлмайди. Бир мисол.

Хат келди.
Ётибди дарчам рафида
Дон ахтариб келган қушлардек юввош.
Олмайман. Очмайман.
Худди қасдимга
Пайпасланар ўша токчада қуёш.
Қавжираб ётибман – мангулик бир дашт.
Кўксимни йиғидай қисар тараҳҳум.
Фақат, фақат Сени деганим-ку ҳақ.
Хатни ўқимоққа эмасман маҳкум.
Олмайман. Маҳшардай гувлайди алам.
Тентиймай шивирлаб афсундай худди:
Ахир, сени севиб бахтли бўлмадим,
Ахир, ким ҳам севиб бахтли бўлибди? (“Китоб дунёси” 3- сон 6 с.)

Бу шеър тақдирнинг сирли битигидай. Номаълумлигида қанча хаёлга ботиш мумкин. Шунда ҳам хулосасига қўшилиш, қўшилмаслик шеърхоннинг ихтиёрида қолаверади…

ХХ аср шеъриятида А. Орипов, Р. Парфининг айрим шеърлари эпик, ижтимоий юки, ҳофиза қувватининг кўлворлиги билан ушбу давр достонларидан устун туради. Кейинги йилларда Ҳалима Аҳмедова ижодида ҳам шундай жараён кузатиляпти. Унинг “Катта танаффуслар”ининг ўзи 134 мисра. Аммо шеърхон уни шу қадар ютоқиб мутолаа қилади. Бунинг биринчи жиҳати сатрлар рангин ташбеҳлардан тиклангани. Аммо шеърда бир ҳикоя мароми табиий ҳаракатланади. Образларнинг рамзийлиги уни қатламлаштиради ва маънони полифоник қуюқлаштиради. Шу ифода жараёнида катта маънолар ижтимоий муаммоларни очиб ташлайдики, фалсафий хулосага олиб бориши билан ҳам, жаҳон маънавиятидаги энг далзарб, инсон ва табиат, инсон нафси ва вертикаллашаётган олам уйғунлигида хавотирларимизни қўзғаб юборади. Азалий ва абадий ҳаётнинг саволларига жавоб, жавобларидан қониқмаслик бўлиб ақлу шууримизни ўртаб туриб, поклайди.

Айрим парчалар:

Сенинг нигоҳингда боқиб оламга,
Англадим, пушаймон на афсусдамиз.
Кўнгил сабоғидан аллақачонлар
Кетиб, ҳануз катта танаффусдамиз.

Қўрқаман, одамзот бир олма янглиғ
Сени ҳам емасми, эй она замин?
Зулматнинг акси ёруғликни ҳам эсидан чиқармайди:
Нурнинг булоғи бор ризвондайин пок,
Шу булоқ бўйида кўнгил мактаби. ( “Шарқ юлдузи”, 4- сон 62 – 63 бб.)

Ҳалима Аҳмедова мумтоз Шарқ шеъриятини кўп мутолла қилади. Шунинг учун унинг “Дард билан ман, дард билан ман, дард билан…” шеъри худди Жалолиддин Румийнинг “Девони кабир”идаги ғазалларидек оқиб келаверади. Аммо булар Ҳалиманики.
Шоирамиз назмидаги яна бир фазл, унинг овозида чираниш ёхуд сохтакорлик йўқ, ҳар бир шеърининг турткиси эса фаслларнинг ўзгаришидаги манзара ёхуд инсонларнинг хатти-ҳаракатига бир кўзгу солиш ила “мен”нинг ўзига қайтишига, энг фалсафий маъноларнинг кўз очишига табиий бир ҳолда сабабчи бўлаверади. Шунинг учун ҳам унинг шеърларида қуёш бир куни “Ҳалима қани?” деб сўроқлаб юришига ёки унинг ўзи баҳорни сўроққа тутиб “Сенга манзилимни ким берди баҳор” дейишига чиппа-чин ишонамиз. Бир сўз билан айтганда, Ҳалима Аҳмедованинг бугунги бу тарона битиклари кўнгилда мўъжизалар суратини солаётир.
Шоиримиз Машъал Хушвақт ҳам адабий нашрларда кам кўринади. Шеърлари эса ҳажман ихчам, яна тимсолий. Бироқ унинг ҳаёт мураккабликларидан ушлаган лаҳзалари ёхуд қисматларга образли баҳолари жуда катта ижодкорнинг қалбидаги тўфонлардек таассурот қолдирди менда. Бир шеърининг охирги банди:

Ҳавас билан боқар ўчоққа аёл,
Ҳавас билан боқар, танида титроқ.
Фақат тонгга яқин ош музлаб қолар,
Фақат тонгга яқин бўшайди қучоқ… ( “Кутиш”)

Бу садоқат ва хиёнатнинг тасвири кишини қанчалик даҳшатга солади. Одамзод ҳақида қайта-қайта ўйлатади. Унинг “Шоир халқи” шеъридаги чизгилар бу қисмат эгаларининг аёвсиз бир тақдирини қалбга бирма-бир муҳрлаб борар экан, у мана бу сўнгги сатр ила ушбу дунё қопқасини ёпади: “Юраги бўйнига осилган тўрва”.

Ҳар бир шоир ҳар куни дилига мурожаат қилади, уни тинимсиз тадқиқ этади. Лекин айни пайтда менга дил ҳақида Машъал Хушвақтнинг ушбу шеъридан ўтадигани йўқ: Ҳажмни қизғаниб унинг ҳам охирги бандини келтираман:

Дунё дилга душман,
Дил озор ғамдан.
Нафсим унга ғайир, бадан дўст бўлмас.
Биламан, бу дилим бошқа оламдан,
Биламан, бу дилим бу ерлик эмас. (“Китоб дунёси” 18- сон)

Мен баҳоли қудрат ўтган йили адабий нашрларимизда чоп этилган шеърларни, зеҳним, имконим етганича, кайфиятим кўтарганича таҳлилга тортдим. Энди айрим шеъриятимиздаги хасталикларнинг умумий жиҳатлари ҳақида бир оғиз.
Дардсиз ва тўқилган, сунъий ясалган шеърлар.

Ватан, халққа, улуғ сиймоларга аталган сохта бағишловлар. Бунга ёш қаламкашлар илмсизликларидан йўлиқишган бўлишса, қаламкаш сифатида шаклланганлар эса афсуски, кўра-била туриб… Улардан таъма иси келади…

Кучли таъсир ва тақлидлар… Бу ҳам фақат ёшларнинг ёзганларидагина кузатилмайди…

Тўртинчи бир хасталикка маърифий илмсизлигимиз сабабчи деб биламан.

Умр ўткинчи. У 2018 йил каби ортга қайтмайди. Биз ҳам. Лекин гўзал шеърнинг, ҳақ шеърнинг, ёруғ шеърнинг умри узоқдир. Ўтган йилимизни безаган шундай шеърлардан биридан олинган парча билан сўзимни якунламоқчиман.

Бир бахт яшар, кўзинг қамашар,
Мовий ўлка, бир нуфуз ичра.
Бир тахт яшар, кўрмаган башар,
Бир куй ичра, бир шоҳ сўз ичра
Мен эса йўқман…

Бир улкан қишлоқ бор, оққушлар қўнар –
Улкан кўллари тор, нилуфар унар,
Совуқлар гуллайди, иссиқлар кўнар,
Мен эса йўқман…

Бир жажжи шаҳар бор – бу улкан олам,
Аламдан қочганнинг бари шунда жам,
Булбуллар елкангга қўниб олар дам,
Мен эса йўқман…

Бир куйчи куйлайди, юраги биллур,
Юртдошлари уни султон деб билур,
Султонлари қулдай қулоғин илур,
Мен эса йўқман…
(Йўлдош Эшбек. Мен эса йўқман.“Ёшлик” журнали, 5- сон, 7 б.)

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Муносабат, Ўзбек адиблари, Ўзбек шеърияти, Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ