"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Жонрид Абдуллахонов: Ҳамқишлоқлар

Ўқилди: 42

Ҳамқишлоқлар

(ҳикоя)

Хонада тиқ этган товуш эшитилмас, ҳатто телефонлар ҳам жирингламас, аммо икки дўстнинг суҳбати тугай демасди.
– Об-бо, Расулжон-ей, – деди Комилжон, орага тушган бир нафаслик сукунатни бузиб, – унутмабсан-а, оғайни. Сени кўриб турганимга ҳеч ишонгим келмаяпти.
– Сендай дўстимни қанақасига унутай? Ҳаётда содир бўлган кўп воқеаларни унутиш мумкин, аммо ёшликнинг энг ширин дамларини биргаликда ўтказган, қалбинг тагига яширинган эзгу тилакларинггача бир-бирингга айтиб, сўнгги тийининггача ўртада баҳам кўрган энг азиз қадрдонингни унутиб бўларканми?
– Қойил, ўзгармабсан, ўша-ўшасан… Йўқ, хиёл тўлишибсан шекил, аммо қаримабсан.
– Қўйсанг-чи, дўстим, баробар қарияпмиз, шунинг учун сезилмаётгандир.
Енгил кулишди.
– Ким билади… –  деди Комилжон ҳамон кўзлари чарақлаб, – айтмоқчи, уйландингми ё ҳалигача сўққабошмисан?
– Бир қиз, икки ўғлим бор. Каттаси тўққизга тўлди, ўзинг-чи?
Комилжон шошиб соатига қаради.
– Ўҳ-ҳў, алламаҳал бўлиб қопти-ку… Юр! –  Ўрнидан қўзғалди у, – уйга борсанг, ҳаммасини ўз кўзинг билан кўрасан.
Улар Комилжон хизмат қилаётган туман ҳокимлиги биносидан чиқиб, катта йўл ёқалаб кетишди. Расулжон дўсти яшаб турган ҳовлини тасаввур қилар экан, димоғига райҳон ҳиди уфургандай бўлди. Бир вақтлар бирга дарс тайёрлаш баҳонасида бот-бот уларникида узоқ-узоқ қолиб кетар, атрофи пахса девор билан қуршалган ҳовли ўртасидаги супада кечалари булутсиз осмонга тикилиб, чигирткаларнинг  ғовғасига, тўлиб-тошиб сайраган булбул навосига қулоқ солиб ётиш, шабада қанотига илашиб боғма-боғ эсган кимнингдир соф севги ҳақидаги қўшиғини тинглаш қанчалик гаштли туйиларди унга.
У пайтлар ниҳоятда шўх, ўйинқароқ эдилар. Аммо дарсларни ўзлаштиришда уларнинг олдига тушадигани бўлмасди. Айниқса, физика фанига бошқача меҳр қўйишганди. Дарсда олган билимлари етмаётгандай бошларини қотирган қандайдир саволларга жавоб олиш ниятида ўқитувчиларини уйида ҳам ҳоли қўйишмасди. Кейин нимқоронғи қазноққа кириб олиб, тажриба ўтказиш билан тунни ярим қилишарди. Қўшни Ҳожар холанинг мушуги думига радиотўлқин ўтказгич боғлаб қўйиб, ҳаммаёқнинг тўс-тўполонини чиқарганлари ҳам эсларида. Мушук қутуриб кетиб девордан деворга сакраб, ҳовлима-ҳовли ошиб юриб, овозини борича бақирар, учраганга ташланар, тувуқхоналарга отилиб кириб, шовқин-сурон кўтарилишига, сигир-бузоқларгача арқонларини узиб қочишига сабаб бўлган эди. Болалар қий-чув билан ҳар ёққа югуришар, хотин-халаж ваҳима кўтаришиб, айюҳаннос солишарди.
– Буни ким қилганини биламиз, – дея шанғилларди улардан бири,  – анави иккита ота безоридан чиққан иш бу!
– Ҳа-да, ўша зумрашалардан бошқа ким қиларди. Уларнинг дастидан на парранда-даррандага кун бор, на маҳаллага! Тоза жонга тегишди-ку! қачонгача чидаймиз? – дея бақиришарди бошқалари.
Ҳақиқатдан ҳам анча-мунча “ҳунар” кўрсатишиб, ҳаммага отнинг қашқасидай танилиб қолишганди-да. Бир гал қуёш нури таъсирида сув қайнатиш усулини қўллаш билан колхоз молхонасини ёндириб юборишларига оз қолди. Яна бир куни қишлоқ клуби эшигини фотоэлемент ёрдамида ўзидан-ўзи очилиб-ёпиладиган қилмоқчи бўлишади. Натижада эшик бутунлай ишдан чиқиб, кино кўргани келганлар икки соатча зал ичидан чиқолмай қамалиб ўтиришади. Охири, деразани бузиб чиқишга мажбур бўлишади.
Ўзиқайнар қозон туфайли ҳам озмунча таъзирларини ейишмаган: Комилжон онасига темир ўчоқ ясаб беради. Ўчоққа қозон осиб, ошнинг зирваги маромига етиб қайнагунча ичкари кириб кетган она қайтиб чиқса, қозон тагида бир дона чўғ ҳам қолмабди. Аммо қозон вақирлаб қайнаётганмиш. Ҳайрон бўлган она беихтиёр қўлига капгир олиб, қозонга тегизиши билан тасодифан қичқириб юборади. Капгир эса қўлидан чиқиб, анча нарига учиб тушади. Онанинг овозини эшитган қизлари, келинлари югуришиб келишади, воқеани кўриб, ҳанг-манг бўлиб қоладилар. Ўтсиз, оловсиз қозон қайнаши улар учун ҳақиқий мўъжиза эди-да. Аёллар нима қилишларини билмай ғала-ғовур кўтаришиб, ўчоқбошида гир айланишар, аммо сирнинг тагига етолмай бошлари қотарди. Қозонга эса яқинлашишнинг иложи йўқ. Чунки унда ток бор эди. Бу орада зирвакнинг суви тортилиб, қирмоч боғлай бошлайди. Кўп ўтмай тутун буруқсайди, ўчоқ устига эгилган ўрик шохларининг баргигача қора қурумга беланади.
Аёлларнинг чувур-чувирини кузатиб, қиқир-қиқир кулишаётган Расулжон билан Комилжон яширинган ерларидан чиқиб келишга мажбур бўладилар. Расулжон қўлбола трансформаторни қозон тагидан олиб ташлайди. Аёллар баттар тутақиб, “бебошлар”нинг қилмишларини бирма-бир санаб, жағлари тинмай дакки-дашном беришда давом этадилар. Расулжон билан Комилжон эса ўзларини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлашмас, фақат бир нарсага, яъни бу ишни онанинг юрагини ёриш учун атайин қилинган, деган таънага қўшилгилари келмасди ҳеч!
Хулласи калом, ўша оқшом оила кечки овқатсиз қолгани учун Расулжон минг тавба-тазарру билан отасининг калтагидан аранг қутулади.
Икки “кашфиётчи” қишлоқнинг бир бурчагидаги эски оғилхонага бориб, тун ярмидан оққанга қадар бир-бирларига ҳасрат қилиб ўтиришади.
– Баттар бўлинглар-е, бизга нима сизлар учун куйиниб… Бир умр ҳўл ўтин, тезак тутатиб яшайвермайсизларми! – жиғибийрон бўларди Расулжон.
– Физикадан хабари йўқ оми қишлоқилар қизитиш аппарати нималигини қаёқдан билишсин, – дея нолирди Комилжон ҳам, – вақти келиб, шундай пушаймон бўлишадики…
– Тарихдан маълумки, – дўстини юпатишга ўтади Расулжон, – янгилик яратган буюк кашфиётчиларни ҳеч қачон тан олишмаган. Галилейнинг тақдири эсингдами?
– Ҳали бизларнинг ҳам бошимизда кўп фожиалар бор, десанг-чи!..
– Ҳа, илож қанча. Барчамизнинг қисматимиз бир экан аслида, – хулоса қилади Расулжон.
Шундай қилиб, бир-бирларига тасалли бериб, ўзларини овутган бўлишди.
Гап бора-бора эртанги кунга умид ва эзгу ниятларга уланиб кетади. Комилжон олий ўқув юртини битириб қайтгач, киндик қони тўкилган қишлоғини энг маданиятли, ҳар жиҳатдан юксак тараққий этган масканга айлантириш ниятида эканлигини айтади. Расулжоннинг орзуси бошқача: ҳақиқий олим бўлиб етишиш учун айнан фан ва техника ривож топган марказда яшаш керак.
Бу борада узоқ тортишардилар. Ҳатто баҳс шу даражага етардики, ҳар ким фикрини маъқуллаш билан гап талашиб, сану мангача борардилар ва аразлашиб ҳам қолардилар.
Олий ўқув юритни тугатгандан кейин Расулжоннинг омади юришиб, аспирантурада қолдирилади. Ҳозир эса фан номзоди. Талай китоблари чоп этилган. Номи газеталарда чиқиб туради. Лекин, барибир у туғилиб-ўсган ва ёшлик чоғлари ўтган жойларни соғинарди. Худди ана шу соғинч ҳисси ниҳоят ўз қишлоғига бошлаб келибди.
Комилжон ҳам анча ўзгарган, хийла жиддий тортиб, бир қадар салобатли кўринарди. Кимсан – туман ҳокими. Уддаббуро, серғайратлиги билан катта-кичикнинг ҳурматига сазовор.
Расулжун ёнма-ён бораркан, атроф-теваракка суқланиб тикилар, ўша қадрдон, таниш жойларни қидирар, майсазор ариқ бўйлари, боғ кўчаларни яқинроқдан қўришга юраги талпинар, ошиқар, ҳаяжони эса муддат сайин ортиб борарди. Бироқ, қидирганларини тополмасди ҳеч. Ҳамма-ҳаммаси ўзгариб кетибди. Қаёққа қараманг, тўрт қаватли бинолар бир қолипда тушган раста-раста уйлар, кенг адил йўллар… Шаҳардан келиб, шаҳарга тушиб қолгандай сезасан ўзингни. Бу ўзгаришлар бир жиҳатдан ҳайратга солса, иккинчи жиҳатдан… Тўғриси, жонажон қишлоғининг қиёфаси бутунлай бошқача қиёфа кашф қилгани билан келишолмасди. Ахир, артилган шишадай беғубор осмон сари бўй чўзган азамат тераклар қани? Ўрикзорлар, олчазорлар, ялпиз ҳидлари анқиган ариқ бўйлари, кенг далаларга ҳаёт бахшида этган чархпалаклар, кумуш ранг жийдазорлар-чи? Сўлим боғлар ҳуснию баракотини, барқ урган қир-адирларни кўришга орзиқиб келган эди-ку? “Қишлоқдан қишлоқ ҳиди анқиб турмаса, унинг шаҳардан нима фарқи бор? Наҳотки, шуларни унутган бўлишса? Майли, бугунча меҳмонлик иззатимни сақлаб турай, эртага бу ишларинг учун сан ҳакимваччани бир доғламасам, юрган эканман”, дея иягини сийпалаб қўйди.
Эшикни енглари калта, хушбичим тикилган атлас кўйлакли жувон очди. Расулжон уни кўрган заҳотиёқ ҳайратда қотди. Кейин кўзларини пирпиратиб сўради:
– Ий-е, Нозимамисан? Оббо, сен-ей, кўзларимга ишонмаяпман… Сочларингга толбаргак тақиб, силкитиб юришларинг… Қўнғироқдай овозинг ҳам бор эди, чиройли қўшиқ айтардинг… – Шундан кейин ниманингдир фаҳмига етгандай дам жувонга, дам муғамбирона кулиб турган дўстига савол назари билан қарай бошлади, – тўхта-тўхта, тушунмаяпман ҳеч, сан бу уйга қаёқдан келиб қолдинг?
– Мен ҳам ҳайронман, дея кулиб юборди Комилжон, – ростдан ҳам қандай қилиб келиб қолдийкин? Адашганга  ўхшайди. Илгари танирмидинг бу аёлни?
Нозима ҳумор кўзларини сузиб, Расулжонга тикилиб турди-да, сўнг нозик кесатиқ билан жавоб қилди:
– Ҳамма сизга ўхшаган қатъиятсизмиди? Ҳар ишда дангаллик керак, аксинча, оғзидагини олдириб қўяди одам.
Жувоннинг бу луқмасидан фақат икковларигагина маълум бўлган шамани Расулжон фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, ногоҳ қизарди.
– Қара-я, қадди-бастинг ҳам ўша-ўша, – деди кейин ва жувонни гир айлантириб, атрофидан кузата бошлади, – чиройинг ҳам бинойидай ҳамон.
– Сизга шунақа кўринаётгандирман-да. Иккита болалик бўлган аёлнинг чиройи қолибдими?
Нозима дастурхон ёзиб, уни ноз-неъматга тўлдирди. Бу орада Расулжон айвонга чиқди, пастак хонтахтадан бошини кўтармай дарс тайёрлаётган бири етти, бири тўққиз ёшлардаги болалар билан дарров тил топишиб, чуғурлашиб ҳам олди. Комилжон эса унинг қўлидан тортиб етаклаганча, уй-жойлари билан таништира бошлади.
Уй Расулжон билган чорхари, шифти вассажуфт, нимқоронғи, даҳлиздан зах ҳиди таралиб турган икки хонали ўша кулбага асло ўхшамасди. Биридан бирига ўтиладиган кенг-кенг хоналар янгигина таъмирдан чиққан бўлса керакки, деворларидан бўёқ ҳиди анқиб турарди. Ойнаванд катта жавон тўла чинни идиш-товоқлар, сўнгги маркадаги телевизор, шаффофдай тиниқ порлаган қандиллар, ваннахона, ётоқхона, болалар хонаси… Фақат ҳовли андак торайиб қолгандай: оғилхона ўрнида улкан гараж, деразаларида қуёш шуъласи акс этган шинам равон, ҳаммом. Бир вақтлар қўлбола трансформаторларини синовдан ўтказишган темир ўчоқ ўрнида газ печка. Атрофида гул, райҳонлар қулф урган супа бузилиб, бетон ҳовуз қурилган. Анави баланд темир сўриток остига кун бўйи тангадай офтоб ҳам тушмаса керак. Лекин бундай саришта кўринишлар Расулжон учун янгилик эмас, шаҳардай жойда юриб, бунақа ҳашаматли, данғиллама ҳовли-жойларда бўлавериб, кўзи пишган. Шунинг учун Комилжон ортиқча мақтанчоқлик қилиб юрганини сезди-да, ичидан мулзам тортди.
– Кечирасан, оғайни, буларнинг сенга ҳеч қизиғи йўқлигини унутибман, – деди у, – сабр қил, эртага қишлоғимизнинг янги жойларини кўрсатаман. Ҳавас қилсанг арзийдиган бўлиб кетган ҳаммаёқ.
Расулжоннинг шартакилиги тутиб, бир чақиб олайми, деган хаёлган борди-ю, бироқ ички қандайдир огоҳлантириш ҳисси бунга йўл қўймади.
– Ҳали йўлда кўрдим янгиликларингни!
– Қалай?
– Ҳаммаси яхши. Фақат… адашиб, бошқа ёққа келиб қолгандай бўлдим. Ўзим туғилиб-ўсган қишлоғимга ўхшамай қолибди асло!
Комилжон унинг киноясига тушунди.
– Ҳеч адашганинг йўқ, дўстим, ўша ўзинг билган қишлоғингдасан. Фақат андак ўзгаргани рост. Аввал бир келган одам қайта қадам ранжида қиларкан, кўп жойларни  таниёлмай ёқа ушлайди.
Бу гапни эшитган Расулжон ўзини тутиб туролмай, ҳозиргина миясига нима келган бўлса, ҳаммасини тўкиб солишга ўтди. Кўпдан бери аламини оладиган одамини тополмай юргандай, таъна тошларини ёғдириш билан ҳаловат топа бошлади гўё. Комилжон  эса унинг қизишиб бориши боисини “менинг азиз қишлоғимни топиб бер”, дегандай маънода қабул қилиб, ўзини тутолмай куларди нуқул.
– Гапларим сенга мазаҳнамо туюлаяптими? – дея Расулжоннинг баттар жаҳли чиқарди, – ҳадеб ҳиринг-ҳирнг кулишингдан бир гап борга ўхшайди чоғи?
– Йўқ, йўқ, дўстим, беҳудага куйиб-ёнаётганигга кулаяпман, – Комилжон уни зўрлаб дастурхон ёнига ўтқазди. – Қишлоққа келдингу, аммо ҳали батафсилроқ айланиб чиқмадинг-да. Биз бош режа асосида бутунлай янги типдаги маданий қишлоқ барпо қилганмиз. Буни икки оғиз сўз билан тушунтириб беролмайман, эртага ҳаммасини бир бошдан кўрсатаман. Ҳа, азизим, қандай замонда яшаётганимизни яна бир карра кўриб, билиб қўй! Шундай антиқа даҳаларимиз борки, оғзинг очилиб, анграйиб қолмасанг – ман кафил. Сан илмгагина берилиб кетиб, бу ердаги ишлардан паққос бехабарсан ҳали. Ҳа, ўша сан соғинган мафтункор водийни ўз кўзинг билан кўрмай туриб, янги қиёфасини аниқ кўз олдингга келтиролмайсан барибир. Мана шу Нозиманинг ўзи бош бўлиб, қумлоқ ерларда бутун бир хўжалик ташкил қилди. Учи-кети кўринмас боғлар яратди.
Расулжон ялт этиб, қаршисида ўтириб чой узатаётган жувоннинг кўзларига қаради. Бу кўзларда ажиб бир жозиба барқ уриб турарди.
“Ҳа, ҳаёт шунақа экан, – дея ўйга толди Расулжон, – лекин бошқача бўлиши ҳам мумкин эди-я. Ўшанда қайсарлигим тутиб, инжиқлик қилмаганимда ана шу жувон ҳозир менинг уйимда ўтирган бўларди. Нима ҳам қилай, бошқа иложим йўқ эди-да. Ҳа, сени ташлаб, ўзим кетиб қолдим. Аммо шунча юр, деб қистадим сени, бирон институтга жойлаб қўяман, деб ўйлагандим, кўнмадинг. “Дарахт ўз томиридан узилиб, узоқ кетолмайди, – дединг, – мен шу жойда илдиз отганман, етти пуштимиз боғбон ўтган, шу касбимни тарк этиб кетсам, гуноҳга ботаман, ахир ҳар ким ўз аҳдининг ҳоқони бўлиши керак-ку?” дединг. Бу гапларингга эътибор бермагандим ўшанда. Лекин сени тушуниш учун шунча синов йўлларини бошдан кечиришимга тўғри келди. Ҳа, ҳалиги шамангда жон бор, менда қатъият етишмади ўшанда. Сени ташлаб кетдим. Лекин бу қилмишларим учун кейинчалик кечирим сўраб, таъналарингга дош беришим керак эди. Кечирардинг сўзсиз. Бундай қилмадим. Ўқиш билан бўлиб, бирор марта икки элликкина хат ёзиб юборишнинг ҳам уддасидан чиқмадим. Ўзимнинг қаерда, қандай яшаб, нима ўй-хаёллар билан юрганлигимни билдириб қўйишга ҳам бўйним ёр бермади чоғи. Қанчалар изтироб чекдинг сен. Ранжидинг, ранжитдим. Барига чидадинг. Пировард-охир, ҳижрон йилларини ортга улоқтириб, барча гина-кудуратларга хотима берганингни ҳам биламан. Ҳа, ўзингнинг ҳақлигинг билан мағрурланишинг мумкин бугун. Бунга ҳақинг бор. Мен эса таъзим қиламан сенга, ҳа, азизим, таъзимимни қабул эт! Дарвоқе, турмушинг жойидага ўхшайди. Эринг бебаҳо одам. Яхши биламан уни. Ўшанда уни ҳам андак ранжитганим бор. Кечирди чоғи. Сен ҳам кечир мени. Ўтиниб сўрайман. Бунчалик мамнунликни мен эрингчалик беролмасдим балки. Ёшликдан тузган режаларинг рўёбга чиқмаслиги ҳам мумкин эди. Энди мана, кимсан – машҳур боғбонсан!..”
Расулжон аёлнинг юзига тик боқишга ботинолмай ер чизарди. Комилжон  эса гапиришдан тўхтай демасди. Хотинининг қайси йили қанақа нишон олгани-ю, неча бор телевидениедан келиб тасвирга олиб кетишганигача оғиз тўлдириб мақтанар, кулар, завқланар, Расулжон эса ўз хаёли билан банд эди…
Эртасига тонг билан икковлон қишлоқни айлангани чиқиб кетишди. Комилжоннинг айтганича бор экан: қуёшнинг алвон жилосига бурканган яшил кенгликлар сирли эркалайди кишини. Ўша эсдан чиқа бошлаган  дамлар – беғубор, беташвиш, ўйинқароқ ёшликни қайта ёдга солади. Янги-янги орзулар уйғотади дилингда. Чор-тараф ёп-ёруғ, севги сукунатидай мулойим, жилвагар. Дилбар қиз табассумидай латофатли. Ҳар зарра гулгун яшнаб, ҳар кўкатда гўзаллик бор, ҳар ниҳолда кўркамлик. Ҳар қарич ер бахмал каби товланади.
– Кеча “қишлоғимни топиб бер”, дегандай хархаша кўтаргандинг, – дея таъна қилади Комилжон, – ҳеч ким қишлоғингни алмаштириб қўйгани йўқ. Фақат марказнигина шаҳар типида тикладик. Асли қишлоқ мана, қаршингда, дўстим. Янги жойда янгича қишлоқ яратдик.
Расулжон табиат кўркига тикилиб бораркан, вужудини қандайдир сабрсизлик ва тотли ҳаяжон чулғаб олаётгандай бўлар, қалбида эса сокин денгиз узра қуюндай отилиб кирган дайди шамол сингари нималардир жўш урарди.
– Қалай? – дея писанда билан савол ташлаб қўяди Комилжон, учи-кети кўринмас яшил водийни иккига бўлиб ўтган адил йўлда боришаркан, – заҳарли илонлару калтакесаклар базм қурган жойлар эсингдами?
– Ростдан ҳам бу ерлар қумтепаликлар эмасмиди?
– Тухум қўсанг, зум ўтмай пишадиган жазирама эди. Мана энди ўша оёғингга чўғдай ёпишиб, куйдиргувчи қумликдан асар ҳам қолдирмадик. Ҳув анави ерда Нозима бошлиқ катта боғдорчилик хўжалиги қулоч ёйган. Келган-кетганлар энг нобоп тупроқда ҳам олтин ундириш ҳавасини олибди, деб тасанно ўқишади. Газетачилар таърифини келтириб, мақташгани-мақташган. Эшитишимча, машҳур табиатшунослардан бири Нозиманинг тажрибасини ёйишга оид китоб ёзиб, чоп эттираётган эмиш. Ишқилиб, ҳар кимнинг бирон нимага ихлоси даштга тушган. Боғдорчилик жони-дили унинг.
Расулжон ичидан зил кетганини билдирмаслик учун савол устига савол берарди дўстига:
– Нозиманинг ери каттами?
– Уч минг гектар. Бир ярим миллион ниҳол ундириб берадиган кўчатхонаси ҳам бор. Катта қадамга ўрганиб қолишди-да одамларимиз. Туман бўйича тағин етти юз минг  гектар ерни мевазор қилиш мўлжалимиз бор.
Машина равон йўлдан сокин дарё узра сузган қайиқ мисол аста тебраниб борарди. Шу йўлга туташ раста-раста ишкомлар, сарвдай хушқад дарахтзорлар оралаб кўзга ташланган янги-янги ҳовлилар… Тўсатдан шинам шийпон томонда кимдир қўшиқ бошлади. Дилни қитиқловчи қўшиқнинг сўзлари содда, аммо жозибадор, мулойим бўлиб, бугунги меҳнат, эртаги бахт ва порлоқ кунлар ҳақида эди…
2002 йил.

Жонрид Абдуллахонов

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ўзбек насри, Ҳикоя

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ