"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Маъмура Зоҳидова: Нажмиддин Кубро (баллада)

Ўқилди: 65

Нажмиддин Кубро

(баллада)

Дард чекса киши ахийри инсон бўлғай
Нажмиддин Кубро

Ўша осмонмиди, ўша ермиди,
Бугундек эдими унда ҳам Одам?
Кўзлари қора эл, кўнгли оппоқ эл,
Не учун кечмишинг тўла дарду ғам?

Урганч,
Ҳақ илми-ла ёришган пойтахт,
Етти иқлим томон таратган зиё.
Оллоҳ маърифатин ахтариб беҳад,
Унга талпинарди дилташна дунё.

Урганч,
Буюк шайхнинг номи-ла улуғ,
Шогирдлари номдор ўзидан ортиқ.
Ислом оламига Валий Кубродан
Бағдодий-у Валад, Розийлар тортиқ.

Наҳот инсон қодир ёвуз зиллатга,
Наҳот гўдак бошин кесмоққа қодир?
Наҳот бало бисёр одамиятга,
Наҳот қисмат эди балойи содир?

Қасирғалар қўпар, қай истак учун,
Бир ёнда зиёдир, бир ёнда зулмат,
Элнинг нони ярим – иймони бутун,
Ярим дил меҳр дер, ярмида нафрат.

…Севикли шогирдни дорга осдилар,
Чилвирда силкинди олтин бошлари.
Улар урфон йўлин шундай тўсдилар,
Улар синдирдилар эл бардошларин.

Беқиёс даҳонинг юзин ювди ёш,
Бало кунларидан қилди башорат:
“Шарқдан келаётир фитна олови
Ҳимоят шахдига иймон каффорат”.

Йиғилди машварат,
Бағдодий ёди,
Кўзларда ғам, ўкинч, изтироб, алам.
“Юртингизга кетинг, эй аржумандим,
Алҳол, энди тинчиб турмагай олам”.

Кибрга ботинган Хоразмшоҳнинг
Бадбин истагига эл жони қурбон.
Эркнинг йўли бирдир, зулм йўли минг,
Минг ёнда риёю бир тараф иймон.

Кипригига тиниқ маржон илгандай
Тиз чўкди оқ юзли шогирд Куброга:
“Ё устод,
Ҳар бало
Дафъига моҳир,
Нечун ўтинмайсиз бу гал Худога?”

“Ўғлонлар, бу уруш шаксиз, беомон,
Қайтаролмас уни дуо тўсиғи.
Мўғул мўр-малахдай келгай бегумон,
Менга
Шаҳид кетмоқ –
Қисмат ёзуғи”.

“Буюк шайх, илмингиз зиёси тенгсиз,
Етти иқлим аро номдор, беқиёс.
Сизга йўл бермоқда босқинчи Чингиз,
Ўзга манзилларни этинг ихтиёр”.

Эвоҳ, илм кучи неларга қодир,
Босқинчи қонхўр ҳам эгадир бошин,
Ул замон гаровга ким жон берадир,
Аммо баланд келар ғурур талоши.

“Ўғлоним, мен Урганч ерини ташлаб,
Жабрдийда элни қолдирмам асло.
Мен ёғий дафъида бўлгайман собит,
Менга ҳам тенг бўлур келгувчи бало”.

Олти юз муриднинг бари чўкиб тиз,
Шаҳар ҳифзи учун турди бехато.
“Ризо қазогадир, эркни бермаймиз”,
Этдилар Куброга бирдек иқтидо.

Ватан!
Қонтомирда ўрлар бир маёқ,
Кўҳна саҳфаларда ҳайқирар мозий.
Эй сен, кўксингни тут, юрагингни ёқ,
Урфон шаҳид бўлди, маърифат – ғозий.

Хуросону Хўжанд фитналарида
Жалолиддин сарсон, Темурмалик хор.
Эл боши қиличда, эл доди кўкда,
Кубро тадбирига шаҳар эди зор.

Эрк учун ватан деб қўзғолсами халқ
Ҳеч замон куч билан енгмагай душман.
Элни сотиб келган ўз жисмига қул
Бунда эр туғилган – ¬ эр етилмаган.

Ғазода жон олиб-жон берарда юрт,
Шумхабар етишди Хивақ Куброга
Қўрқоқ Хумортегин – нодон валиаҳд,
Шаҳар дарвозасин очмиш балога.

Топшириб ўзини Чингизга шошқин,
Сўнг демиш: “Лашкарим бари сенингдир.
Қора халқ измингда, байтулмол тортиқ,
Бу кун менинг йўлим сенинг йўлингдир”.

Нажмиддин
Куброга
Энди йўл беринг!
Қазойи мубрамга тик бораётир.
Урганч ҳавосидан сўнг насибасин
Қасос олови-ла сипқораётир.

Шиғиллаб қиличлар сўйилди бор эл,
Минг йиллик қалъалар кетди йўқликка.
Пойтахт эли ила олти юз мурид
Душманга басма-бас келдилар тикка.

Жўжию Ўқтойга ханжарин суқиб,
Валий издошлари бўлди жон талош.
Қон тотинган душман байроғин йиқиб,
Жон берди
Нажмиддин
Ҳур валийтарош.

Ана у!
Байроқни тутганча маҳкам,
Йиқилди, тириклар тутди теграсин.
Ўн чоғли чингизий оча олмайин,
Қўлларин чопдилар валий мурдасин.

Бўҳронда титради муаззам Урганч,
Муштлар маҳкам бўлди бадкор Чингизга,
Лек душман пойтахтни сувга чўктириб,
Не-не дархонларни чўктирди тизга.

Самони титратди ғазо долғаси,
Фарёдга қоришди бу жангу жадал,
Ёғий жонни олсин, юртни олмасин!
Ватан бебадалдир!
Ватан бебадал!

Беш ойлик қалқонлар қулади бир-бир.
Сувнинг юзларини бўяб кетди қон.
Ҳунарманд кимки бор этилди, асир,
Сўнг элни
Қирдирди
Ваҳший Чингизхон.

Бу эркли кунларга келдикми осон,
Кимлар шаҳид бўлди қирғинга йўлаб.
Кўксин қалқон қилиб, қурбон этиб жон,
Авлиёлар кетди омонлик тилаб.

Шундай тахирмиди тарихнинг тарҳи,
Айтсак…
Қалқир юрак титроқларимиз.
Кесилиб тўкилган бармоқлар ҳаққи –
Бугун юксакдадир байроқларимиз.

Осуда юрт узра қуёш ортидан
Сайрга отланиб булут юрингай,
Менга мовий кўкнинг қабатларидан
Хивақий Кубронинг руҳи кўрингай.

Асли,
Ватан дарди – энг буюк қийноқ,
Иймон саҳфасига
Битилган туғро.
Қаранг, юрт тоқида ҳилпирар байроқ,
Гўё
Тутиб турар
Нажмиддин Кубро!

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Ўзбек адиблари, Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ