"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Халқаро алоқалар ва таржима кенгаши ҳисобот йиғилиши

Ўқилди: 47

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Халқаро алоқалар ва таржима кенгашининг 2018 йилдаги фаолиятига бағишланган ҳисобот йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқаро адабий алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Жумладан, 2018 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси катта халқаро лойиҳани амалга оширди. 2018 йил 7-8 август кунлари Тошкент шаҳрида “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” халқаро конференцияси ўтказилди. Анжуманга дунёнинг 25 давлатидан қирққа яқин таржимон, шоир, ёзувчи ва адабиётшунос олимлар ташриф буюрди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Қозоғистон, Тожикистон, Озарбажон Ёзувчилар уюшмалари ўртасида, Ўзбекистонда чоп этиладиган адабий нашрлар билан бир қанча хорижий адабий нашрлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Конференция иштирокчиси Хельмут Далов немис тилига таржима қилиб, Германияда чоп эттирган “Бобурнома” китобини уюшмага совға қилди. Афғонистонлик олим Абдуллоҳ Рўйин Абулғозихоннинг “Шажараи турк” асарининг нашрга тайёрланган қўлёзмасини Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма нусхаси билан солиштириб кетди. Бу асар шу йил давомида нашр этилиши кўзда тутилмоқда.

Гумбольдт (Берлин) университети ўқитувчиси Барно Арипова Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини аслиятдан немис тилига таржима қилмоқда. Таржимоннинг айтишича, роман 2019 йилда нашрга топширилади. АҚШлик таржимон Кристофер Форт томонидан Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи инглиз тилига тўлиқ таржима қилинди. Украиналик меҳмон, Киевдаги “АДЕФ-Украина” нашриёти директори Игорь Шпак янги лойиҳа устида иш бошлаяпти: Алишер Навоийнинг “Ҳайрат-ул аброр” достонини украин тилига таржима қилдириб, нашр этмоқчи.

Шунинг баробарида ўтган йили қозоқ шоири Абай, қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов юбилейлари нишонланди, юбилей муносабати бу улуғ адибларнинг ижодига бағишланган монграфия ва мақолалар тўпламлари, уларнинг асарлари “Сайланма”си, Якуб Коласнинг “Қадрдон қўшиқлар” тўплами тайёрланиб, чоп этилди.

Таржима кенгаши аъзолари ўтган йили Озарбайжон маданият маркази ва Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган “Ҳусайн Жовид ижодини ўрганиш масалалари”, Мақсуд Шайхзода таваллудининг 110 йиллигига бағишланган “Икки эл фарзанди” номли илмий конференцияларда маърузалар билан қатнашишди.

Ўтган йили 31 май Ёзувчилар уюшмасида Хорижий тилларга ўгириш мақсадида ўзбек адабиёти намуналарини аниқловчи махсус комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда комиссиянинг иш тартиби, амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси кўриб чиқилди. Шунингдек, уюшма ижодий кенгашлари томонидан таржима учун тавсия этилган асарлар рўйхати муҳокама қилинди. Таржима қилинган асарларни хорижда нашр этиш механизмини яратиш бўйича фикрлар алмашилди.

Ёзувчи ва шоирларимизнинг асарларининг хорижий тилларга таржима қилиниши борасида қуйидагиларни айтиш мумкин:
Болгариялик таржимон Мария Филипова Зулфия Қуролбой қизи, Рисолат Ҳайдарова ҳикояларини болгар тилига таржима қилиб, “Литературен свят” нашрида эълон қилди.

Туркияда “Мустақиллик даври ўзбек адабиёти” номли тўплам нашр қилинди. Бу китобда ўттизга яқин ўзбек адибларининг асарлари ўрин олган. Китобни Ҳусейн Байдемир, Маъруфжон Йўлдошев ва Йилмаз Ўзкая нашрга тайёрлаганлар. Шунингдек, Туркияда яна Ўмер Кичикмеҳметўглу томонидан “Замонавий ўзбек ҳикоялари” номли тўплам нашр этилди. Бу тўплам Қурдош Қаҳрамонов ва Низомиддин Маҳмудовнинг кириш сўзи билан очилади. Китобга Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов каби забардаст ёзувчиларимиз қаторида Адиба Умирова, Алишер Назар каби ижодкорларнинг ҳикоялари ҳам киритилган.

Қирғизистоннинг “Ала-Тоо” журналининг 2018 йил август сони ўзбек адабиётига бағишланиб, унда Чўлпон, Уйғун, Асқад Мухтор каби ХХ аср адабиётининг намояндалари, шунингдек, Ойдин Ҳожиева, Қутлибека Раҳимбоева, Ҳалима Аҳмад, Иқбол Мирзо каби ҳозирги замон миллий адабиётимизнинг йирик вакиллари асарлари чоп этилди. Шунингдек, “Шарқ юлдузи” журналининг 2018 йил ноябрь сони замонавий қирғиз адабиётига бағишланиб, унда ҳозирги кунда қалам тебратаётган қирғиз шоир ва ёзувчиларининг асарлари ўзбек тилига таржитма қилиб босилди.

Шунингдек, Қирғизистонда Пиримқул Қодировнинг “Она лочин фарёди”, Одил Ёқубовнинг “Оққушлар, оппоқ қушлар” романи қирғиз тилига таржима қилинди. Беларусь Ахборот вазирлиги билан олиб борилган музокаралар натижасида белорус тилида чоп этилувчи “Нёман”, “Маладосць”, “Полымя” журналларида замонавий ўзбек шоир ва ёзувчиларининг шеър ва ҳикоялари чоп этилишига келишилди. Минскда “Даля гляды” ва “Благословенный миг” номли тўпламлар босилиб, унда қатор ўзбек шоир ҳамда ёзувчиларининг асарларидан намуналар белорус тилига ўгирилиб, чоп этилди.

Ўзбекистонлик ижодкорлар ўтган йили Беларусь Республикаси Иваново шаҳрида “Бадиий адабиёт – дўстлик сари йўл” мавзуида халқаро давра суҳбатида, 19-22 сентябрь кунлари Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрида ўтказилган «Ҳозирги замон сўз қудрати» мавзусидаги Евроосиё адабий форумида, 6-10 сентябрь кунлари Доғистон Республикасида “Оқ турналар кунлари” XXXII халқаро Ҳамзатов фестивалида, 4-7 октябрь кунлари Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан III халқаро “Иссиқкўл форуми”да иштирок этди.

Ўтган йил давомида 35 та таржима асарлар, 10 дан ортиқ рисола ва тўпламлар кўриб чиқилди. Жаҳон адабиётининг энг сара асарларини ўзбек тилига таржима қилиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” журналларида жаҳон ва қардош халқлар адабиётидан таржималар чоп этилди.

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ