"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Жонрид Абдуллахонов хотирланди

Ўқилди: 47

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 2019 йил 14 март куни ёзувчи, журналист ва таржимон Жонрид Абдуллахоновнинг 90 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда таниқли адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, адибнинг фарзандлари иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари ёзувчи, журналист ва таржимоннинг ҳаёт йўли, самарали ижоди ҳақида илиқ фикрларини билдиршди, адиб ҳақидаги хотираларини ёдга олишди.

Адабиётимизга ўтган асрнинг 50-йилларида бир гуруҳ истеъдодли ёш ижодкорлар кириб келди. Улар орасида Жонрид Абдуллахоновнинг ҳам ўзига муносиб ўрни бор. У 1929 йили Наманганда оддий меҳнаткаш оиласида дунёга келган.

Бешафқат уруш унинг мурғак тақдирига ҳам ўз чангалини солган. Аввалига онаси Шаҳрибону ҳамшира сифатида фронтга кетиб, йил ўтмай, ундан қорахат келган. Кўп ўтмай отаси Муҳиддин Абдуллахонов жангга кетиб қайтмаган. Бор-йўғи 14 ёшга кирган Жонрид тақдир сўқмоқларидан ўтиб, Намангандан Тошкентга пиёда йўл олади.

Жонрид Абдуллахонов аввал Ўрта Осиё Давлат университетининг журналистика факультетини, сўнг Москвадаги Олий адабиёт курсини тугатди. Бир томондан Ойдин, Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом, Ҳаким Назир, Туроб Тўла, иккинчи томондан Константин Паустовский, Степан Злобин каби адиблар унга устозлик қилдилар. Радио ва телевидениедаги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги ижодий муҳит унинг ёзувчи бўлиб шаклланишида мактаб вазифасини ўтади.

Жонрид Абдуллахоновнинг бирин-кетин “Мактабдошларим” (1952) номли биринчи шеърий тўплами, “Ҳикоялар” (1956), “Тўйга келинглар” (1960), “Тонг ёришган соҳилда” (1962) каби ҳикоялар тўпламлари нашр этилди. Уларда ёш наслларнинг, тенгдошларининг ҳаёти, муҳаббати, ташвиш ва интилишлари ўз ифодасини топди. Унинг “Гулчеҳра” (1962) қиссаси йўл хусусида, қурилиш-бунёдкорлик ҳақида эди. Адибнинг биринчи йирик эпик асари ‒ “Йўл” (1964) романи ҳам худди шу бунёдкорлик, инсон ташвишлари, ҳаёт кечинмалари ҳақида ҳикоя қилади. Шундан сўнг муаллифнинг кетма-кет “Борса-келмас” (I-II китоб, 1978-1980), “Хонадон”, “Суиқасд” (1991) каби романлари чоп этилди.

“Тўфон” ишчилар синфи ҳаётидан ҳикоя қилса, “Борса-келмас” романида Орол денгизи муаммоси, она табиат муҳофаза масалалари ўз ифодасини топган. “Суиқасд” романида эса меҳнаткашларнинг ҳаққига хиёнат қилган, жамиятни маънавий-иқтисодий инқирозга олиб келган, юлғич, порахўр ва кўзбўямачиларнинг афт-ангори фош этилган. Худди шундай ҳолат адибнинг “Тергов” (2000) романининг ҳам мағзига сингдириб юборилган. Адибнинг “Оҳ, ўша кўзлар” (2002) тўпламидан сўнгги йилларда яратган ҳикоялари, ҳангома ва хотиралари ўрин олган.

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ